Сиз ҳам қалбингизда жадидлик туйинг

Зикрилла НЕЪМАТ ВАФОИЙ

Муаллиф ҳақида:

Зикрилла Неъмат ВАФОИЙ — 1961 йили Бухоро вилоятида туғилган. 1989 йилда ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини, 2001 йилда эса Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясини тугатган. Узоқ йиллар Ўзбекистон Республикаси ИИВ тизимларида меҳнат қилган.

Шоирнинг “Иккимизнинг ёниқ ишқимиз”, “Юртим навоси”, “Ватан ва муҳаббат”, “Қайтар дунё”, “Остонадан бошланар Ватан”, “Муҳаббатсиз яшаб бўлмас”, “Спитаменнинг сўнмас қўшиғи”, “Муҳаббат меҳроби”, “Соғинч сарчашмаси”, “Эзгулик ўлкаси”, “Онам эккан райҳонлар” (Сайланма), “Ватан ҳақида қўшиқлар”, “Мухаммас гулшани”, “Қалбим қалъаси”, “Қалдирғочлар қайтган кун”, “Мангу қўшиғимсан, Ватан”, “Вафо байтин битайлик”, “Дилда ишқнинг марваридгули”, “Навоийдан наво истаб”, “Бухорони соғинмай бўлмас” сингари йигирмадан зиёд китоблари нашр этилган.

Шунингдек, болаларга аталган “Беш баҳо олган куним”, “Марди майдонлар юрти”, “Жирафа нечун хафа?!”, “Айиқнинг набираси”, “Аълочилар алифбоси” китоблари чоп этилган.

Шоир таржимон сифатида ҳам самарали фаолият кўрсатиб, машҳур рус шоирлари – Сергей Есенин, Михаил Лермонтов, белорус шоирлари – Якуб Колас, Игорь Бордулин, молдаван  шоири – Павел Боцу, авар шоири Расул Ҳамзатов, грузин шоирлари –  Григол Абашидзе, Георгий Леонидзе, қозоқ шоирлари – Абай, Ўлжас Сулаймон,  туркман шоири  Ота Отажонов шеърларидан ўзбек тилига ўгирган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

ВАТАН УЧУН БИРЛАШАЙЛИК

Мозийлардан аёндирким, тўзган элнинг ҳоли войдир,

Аҳиллигу бирдамликдан безган элнинг ҳоли войдир,

“Айрилганни айиқ ейди, бўлинганни бўри”, дерлар,

Эртасидан умидини узган элнинг ҳоли войдир,

Шундай экан, аё дўстлар, Ватан учун бирлашайлик,

Боболардан мерос, қадим чаман учун бирлашайлик!

 

Айтинг, буюк Хоразмшоҳ давлатини кимлар еди?

Ким: “Ҳар қалъа, ҳар бир қўрғон ўзича жанг қилсин!” деди?

Бу ўз фойдасин кўзлаган нокасларнинг иши эрди,

Йўқса, хоқон Жалолиддин, Куброларни тинглар эрди.

Аждодлардан қолган аччиқ сабоқларни англашайлик,

Юрт тупроғи деган — дурри Адан учун бирлашайлик!

 

Буюк Турон бирлашганда, ёвлар писиб юрар эди,

Темур бобом зарбасидан қонлар қусиб юрар эди,

Тўхтамиш-у Боязидлар қилмишидан афсус чекиб,

Олисларда Чин-Мочинлар кўзин қисиб юрар эди.

Шижоатда Соҳибқирон лашкарига тенглашайлик,

Мулки Турон деб аталган чаман учун бирлашайлик!

 

Миллатим деб курашганлар “босмачи” деб аталганда,

Ўз жонини асраб кимлар ғанимларга сотилганда,

Миқ этмасдан бир чеккада мўлтираб жим кузатган ким,

Элнинг ёруғ Чўлпон, Фитрат, Усмонлари отилганда?!

Ул кафансиз кетганларнинг оҳ-фарёдин тинглашайлик,

Ҳар зарраси жондек азиз Ватан учун бирлашайлик!

 

Бирлашинг деб жон куйдирар, бу кун бедор Юртбоши ҳам,

Бирлашганнинг олам аро мудом баланддир боши ҳам.

Англаб Ҳақнинг даъватини, асраб азиз халқ бахтини,

Бир тану жон бўлмоғи шарт юртнинг кекса-ю ёши ҳам.

Ватан меҳри бўлсин малҳам жон-тан учун, бирлашайлик.

Юракларда ёнган оташ, гулхан учун бирлашайлик!

 

Устозмисиз ё шифокор, олиммисиз ёки деҳқон,

Ким бўлсангиз ҳам юракда юртим дебон жўш урсин қон,

Шунда бир боққа айланиб, чаман-гулбоққа айланиб,

Гуллаб-яшнар бизлар суйган янги, азиз Ўзбекистон.

Ҳар қадамда қучилган шон ва шаън учун бирлашайлик,

Нондек азиз, жондек азиз Ватан учун бирлашайлик!

 

Дунё ҳамон қалқиб турар, ёвузлик ҳеч тинган эмас,

Ҳамма жойда ҳам Бахт кулиб, Тинчлик гули унган эмас.

Шу онларда лоқайд яшаш гумроҳликдир, лек, минг шукр,

Халқим деган ботирларнинг қалбида ўт сўнган эмас.

Тўлқинланиб бу кун мисли Аму Сирдек сирлашайлик,

Мулки Турон деб аталган чаман учун бирлашайлик!

Боболардан мерос, буюк Ватан учун бирлашайлик!

 

ЖАДИД БОБОЛАРИМИЗ

(қўшиқ)

Зафарларга чорлагай бизни ҳамон,

Ул жонфидо — жадид боболаримиз.

“Илму маърифатга интилинг!” — дебон,

Айлар нидо жадид боболаримиз.

 

Мен ҳам буюк боболарнинг зурёди,

Бўғзимдадир Беҳбудийлар фарёди.

Нажот мудом илму маърифатда деб,

Чорлар ҳануз Авлонийлар авлоди.

 

Танийсизми сиз Мунавварқорини?!

Мактаб — китоб деб тиккандир борини.

Ёвлар уни ёвузларча отдилар,

Тингламасдан дилдаги оҳ-зорини.

 

Халқ қилай деб онгсиз, шўрлик авомни,

Бедор ўтказмишлар не-не оқшомни.

Қаро тунда қатл этмишдир ғанимлар,

Буюк Чўлпон ила Фитрат бобомни.

 

“Ҳақ олинур, берилмас!” деб ўтганлар,

Золим замон ёқасидан тутганлар.

Бўзсув бўйларида нур бўлиб кезар,

Истиқлол деб, жонин фидо этганлар.

 

Сиз ҳам қалбингизда жадидлик туйинг,

Ватанни севсангиз, улардек суйинг!

Эрк деб ўтган боболарим ҳаққига,

Ҳеч бўлмаса, бир дуо айлаб қўйинг!

 

Абдурауф Фитрат нидоси

Айтсам, дилда арзим кўпдир, кечир, она Бухоро,

Сендан жуда қарзим кўпдир, кечир, она Бухоро!

 

Ёвлар сени таладилар, ёндирдилар, отдилар,

Шундан дилда дардим кўпдир, кечир, она Бухоро!

 

Темурларинг қучган шонлар ёғийгаму кетдилар,

Дардинг кўп, лек ҳамдард йўқдир, кечир, она Бухоро!

 

Ёвлар ҳатто минорларинг тўпдан ўққа тутмишлар,

Бу кун ризқинг қон ва ўқдир кечир, она Бухоро,

 

Мачитлардан азон эмас, янграр халқ оҳ-нидоси,

Ҳар қадамда талотўпдир, кечир, она Бухоро!

 

Онам каби йиғлаб тунлар тушларимга кирарсан,

Ҳаёт сен-чун нақ тамуғ*дир, кечир, она Бухоро!

 

Худди сендек қонлар ютар Самарқанду Тошкент ҳам,

Ҳайт, дегувчи бир мард йўқдир, кечир, она Бухоро!

 

Нажот сўраб, маъюс бўзлаб бордим Гўри Амирга,

Ғам ўтидин қалбим чўғдир, кечир, она Бухоро!

 

Энди минг бор маломатлар ёғилса-да бошимга,

Ҳақ йўлидан қайтиш йўқдир, кечир, она Бухоро!

 

Юртим, сени ҳур кўрай деб, жонин тиккан Фитратман,

Сен деб ўлсам, армон йўқдир, кечир, она Бухоро!

 

ҚОДИРИЙНИНГ ҲОВЛИСИДА

Ҳовлисининг саҳнида ҳамон

Хаёл суриб турар Қодирий.

Бизга ҳануз “Ўткан кунлар”дан

Сабоқ бериб турар Қодирий.

 

“Дард чекмоққа қодирликни сиз

Қодирийдан ўрганинг!” дебон.

Марғилонда йиғлайди бир қиз

Отабегин кутганча гирён.

 

Қодирийни билмаган авлод,

Истиқлолнинг қадрини билмас.

Ишқда бағрин тилмаган ҳар зот,

Отабекнинг дардини билмас.

 

Ким ўқимас “Ўткан кунлар”ни

Меҳроб надир, чаён не, билмас.

Ким билмаса Мирзо Анварни,

Инсоф надур, иймон не, билмас.

 

Ўз динин пок тутмаса одам,

Меҳробидан кетмас чаёнлар.

Даласида минг ер чопса ҳам,

Бойимайди “Обид кетмон”лар.

 

Ҳар бир юрак ёниб, гулдираб,

Ҳақиқат-чун қилмас экан жанг.

Ҳар кўчадан мўйловин бураб,

Чиқиб келар “Тошпўлат тажанг”!

 

Кўнгилда орзу-ҳаваслар

Оқиб кетган каби нақ сувга.

Ўз тарихин билмаган каслар

Айланадир Калвак Махсумга.

 

Қалбга нурдек инар шу асно,

Мозийлардан таралган саслар.

Орамизда бўлмасин асло,

Қодирийни билмаган каслар!

 

Ҳовлисининг саҳнида ҳануз

Хаёл суриб турар Қодирий…

 

БОЛАЛИГИМ

Қайда қолдинг, о, беғубор болалагим?!

Қалбимдаги лайли наҳор — болалигим.

Сени ўйлаб ўйга толиб қолдим бу кун,

Ортга қайтмас сирли баҳор — болалигим!

 

Қишлоқ ичра қум-тупроқлар кечар эдик,

Ариқ сувин ҳовуч-ҳовуч ичар эдик,

Оқшом чоғи боқиб ою юлдузларга,

Орзуларнинг осмонида учар эдик.

 

Саҳар туриб онам кулча, нон ёпарди,

“Уйғон, болам!” деб пешонамдан ўпарди.

Она қадрин билмай ҳар ён чопардик биз,

Шу тахлитда ой ўтарди, йил ўтарди.

 

Шу тахлитда ўтиб борар умримиз ҳам,

Тарк айламиш бизни булбул, қумримиз ҳам.

Йилдан-йилга сочимизга қўниб қиров,

Сўниб борар кўзлардаги нуримиз ҳам.

 

Биз учирган ул варраклар қайда энди,

Юракдаги гулдираклар қайда энди?

Сўзимиз — ўқ, чорловимиз чақмоқ эди,

Нола чеккан ул юраклар найда энди.

 

Қайда қолдинг, о, беғубор болалагим?!

Қалбимдаги лайли наҳор — болалигим.

Сени ўйлаб, ўйлар суриб қолдим бу кун,

Ортга қайтмас фасли баҳор — болалигим!

Юракдаги мангу алёр — болалигим!

 

 

ҚЎРҚИНГИЗ

(Яссавиёна)

Эй сиз, халқнинг ҳаққини туя қилиб еганлар,

“Халқим, халқим!” деб туриб, асли халқум деганлар,

Нафсиламрин айтсам, нафсига қул бўлганлар,

Азиз халқнинг нафрату сазосидан қўрқингиз,

Қодир Ҳақнинг муқаррар жазосидан қўрқингиз.

 

Токай кўпнинг ҳақидан ҳазар қилмай яшарсиз,

Ўзингиздан ўзгани назар илмай яшарсиз,

Ҳатто етим ҳақини очкўзларча ошарсиз,

Ахир халқнинг нафрату сазосидан қўрқингиз,

Қодир Ҳақнинг муқаррар жазосидан қўрқингиз.

 

Гўёким Сусамбилга йўл олган зўр уюрсиз,

Шўрлик ўзга отларга қовоғингиз уюрсиз,

Бу кетишда жаҳаннам оловида куюрсиз,

Азиз халқнинг нафрату сазосидан қўрқингиз,

Қодир Ҳақнинг муқаррар жазосидан қўрқингиз.

 

Ҳар кун янги бир найранг ўйлаб, бошни қашийсиз,

Халқ мулкин чумолидек токай уйга ташийсиз?!

“Ҳой, бас қилгин!” деганни топиб, бошин ғажийсиз,

Ахир халқнинг нафрату сазосидан қўрқингиз,

Қодир Ҳақнинг муқаррар жазосидан қўрқингиз.

 

Ҳар банданинг ризқини ҳалол берсин, соф берсин,

Ҳар кимса ўз виждонин олдида ҳисоб берсин,

Ўтинчим шул, Аллоҳим сизларга инсоф берсин,

Азиз халқнинг нафрату сазосидан қўрқингиз,

Қодир Ҳақнинг муқаррар жазосидан қўрқингиз.

 

ЯНГИ ОЙ

Янги ой чиқмиш бу тун, олтин ўроғи титрагай,

Шуъласин айлаб фусун, ишқим чироғи титрагай.

 

Йўқ, ҳилолмас кўкдаги, ёримнинг тилло сирғаси,

Ёрнинг ўзи қайда деб, кўзим қароғи титрагай.

 

Янги ой чиққан кеча дерлар тилак қилмоқ керак,

Истагим — ёр васли деб кўнглим сўроғи титрагай.

 

Соғиниб ул сарвинозни, йўлларига термулиб,

Жисму жоним куйдириб, нозу фироғи титрагай.

 

Оҳларим оташидин мулки Ажамга ўт кетиб,

Даҳри дуннинг Рум ила Шому Ироғи титрагай.

 

Бошим узра ялтираб мисли Дамашқ шамширидек,

Қасди жон айлаб бу дам ҳижрон яроғи титрагай.

 

Қийма-қийма бўлди қалбим бевафо ёр ҳажридан,

Кўкда оймас, бу кеча қалбим қуроғи титрагай.

 

Тонггача кўз юммадим, Зикрилло, ёр васлин кутиб,

Ой-ку ботди, аммо дилда ёр фироғи титрагай.

 

ЖАФО БЎЛГАЙ

Азалдин оҳу жайронлар кўзу қоши қаро бўлгай,

Бу кўзларнинг қаролиғи бир кун бошга бало бўлгай.

 

Мудом шайдир этарга сайд, ҳусн аҳлин неча сайёд,

Алар пайконидин, оҳким, неча диллар яро бўлгай.

 

Қаро кўзлар фироғинда ёнар ишқ аҳли андоқким,

Бамисли Лайлисиз Мажнун мудом мотамсаро бўлгай.

 

Менам Мажнун каби, Лайлим сенинг ишқингда ёнгайман,

Висолингсиз менга оламки, дашти Карбало бўлгай.

 

Ёйиб тундек қаро сочинг, кулиб ёнимга келгил, ёр,

Ки, сунбул сочларинг атри менга мушки соро бўлгай.

 

Санамлар ичра, эй сен, Шоҳсанам ёрим, ўзинг айтгил,

Ғарибингга нечун бунча ахир жабру жафо бўлгай.

 

Оқармиш сочларим буткул сенинг дарду фироқингдан,

Ўзинг айтгил, қачон, жоним, Вафоийга вафо бўлгай.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × two =