Британиялик ёзувчи Прю ЛИТ: Ўзбекистон бўйлаб сафарим ҳақиқатан ҳам мен учун умр бўйи татийдиган саёҳат бўлди

Буюк Британиянинг энг қадимий босма нашрларидан бири – “The Times” газетасида “Прю Лит: 85 ёшда Ипак йўли бўйлаб саёҳатим” сарлавҳали мақола чоп этилди.

 Нашрда британиялик таниқли ёзувчи Прю Лит Ўзбекистонга  қилган уч ҳафталик саёҳати таассуротлари ҳақида муштарийларга ҳикоя қилиб берган.

Эътиборлиси, муаллиф Ўзбекистонга саёҳатининг илк дақиқалариданоқ очиқлик ва меҳмондўстлик муҳитини ҳис қилганини таъкидлаган. “Ўзбекистонлик чегарачи бизни пайқаб қолгач, дарҳол ёрдамга шошилди. Бундай муносабат бутун Ўзбекистон бўйлаб саёҳатимизга ўзига хос кайфият улашди. Самимийлик, бошқаларга ёрдам беришга тайёрлик, хушчақчақлик каби чин инсоний фазилатларни барча жойда ҳис қилдик”, – деб ёзган у.

Муаллифга кўра, кўплаб британияликлар сингари у ҳам аввал Ўзбекистонни харитада ҳам кўрсата олмаган ва юртимизда форс, юнон ва рус цивилизациялари уйғунлашганини билмас эди. Аммо Хива, Бухоро ва Самарқанд каби шаҳарларимиз унга жуда жозибали туюларди.

Маълум қилинишича, британиялик ёзувчининг саёҳати Хива шаҳридан бошланган. Ва у турмуш ўртоғи билан  Ичан-қалъа ичида жойлашган “Ферузхон” меҳмонхонасига жойлашган.

“Ушбу меҳмонхона бир вақтлар мадраса бўлган ва бу ерда таҳсил оладиган талабалар яшаган жойлар ўрнига замонавий, шинам хоналарга эга меҳмонхона бунёд этилган. Биз учун шаҳарнинг асосий диққатга сазовор жойи Хиванинг энг машҳур икки минорасидан бири, қурилиши тугалланмаган Калта Минор бўлди. 1852 йилда минорани қуришга буйруқ берган Амин хон вафот этганидан кейин унинг қурилиши тўхтаб қолган. Сиз  охиригача тугалланмаган минорага чиқиб шаҳарни томоша қилишингиз мумкин.

Муаллиф Хивадаги саёҳатини якунлаб, Бухорога отланганини, йўлда эса қовунларни татиб кўрганини ва уларнинг тилни ёрар  даражадаги ширин таъмини алоҳида қайд этган.

Прю Лит Бухоронинг диққатга сазовор жойлари – Лаби Ҳовуз майдони, Насриддин афанди ҳайкали, Мир Араб мадрасаси, Калон масжиди ва минораси, Арк қалъаси ҳақидаги тарихий маълумотларни ўқувчилар эътиборига тақдим қилган.

“Бухоро ўзининг салқин, ёпиқ, гумбазли бозорлари билан машҳур. Бу ерда заргарлик, ёғоч ўймакорлиги буюмлари, ипак, гилам, кийим-кечак ва барча турдаги озиқ-овқат бозорларини учратишингиз, барча жойда сувенирларни харид қилишингиз мумкин”, дейди у.

Британиялик саёҳатчи журналист Бухорода таниқли миниатюрачи ва хаттот Давлат Тошев устахонаси билан танишганини ва у ердан иккита миниатюра асарларини харид қилганини ёзган.

Мақолада ўзбек миллий таомлари тарифига алоҳида ўрин берилган.

“Биз Бухородан чиқиб, Буюк ипак йўлининг маркази, романтиклар, шоирлар ва саргузаштларни хуш кўрадиганларни ўзига оҳанрабодек тортадиган, Александр Македонский Роксанага ошиқ бўлган шаҳар – Самарқандга бордик. Лекин Самарқанд нафақат романтик шаҳар, балки XIV асрнинг иккинчи ярмида Марказий ва Ғарбий Осиёнинг улкан ҳудудига ҳукмронлик қилган Амир Темур мамлакати пойтахтидир”.

Материалда Самарқанд шаҳридаги қадимий  обидалар, хусусан, Амир Темур мақбараси, Регистон майдони, Шоҳизинда ансамбли ва бошқа қадимий мажмуалар  ҳақида  ҳам таъкидланган.

Бундан ташқари, муаллиф Тошкент ва Фарғона водийси бўйлаб қилган саёҳатини алоҳида эътироф этган.

“Ўзбекистон ҳудудларининг қадимий архитектураси, шаҳарсозлик тажрибаси, боғлар, ўзбек рассомчилик ва кулолчилик мактаби менда чуқур таассурот қолдирди. Бу ҳақиқатан мен учун умр бўйи татийдиган саёҳат бўлди. Шунингдек, мен 85 ёшимда ҳам уч ҳафта давомида экскурсиялар ва саёҳатларга дош бера олганимдан жуда хурсандман”,– деб ёзган Прю Лит ўз хулосасида.

“Дунё” АА,

Лондон шаҳри

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × five =