Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!

ёхуд Бибихоним ЎзЖОКУда

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, Наврўз умумхалқ байрами сифатида аҳилликбирдамлик, меҳроқибат каби инсоний фазилатларни кучайтириш ва одамларни ватанпарварликмеҳнатсеварликтинчликпарварликмиллатлараро тотувлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади. Бугун Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳудудида йиғилганлар яшариш ва янгиланиш айёми бўлган Наврўзи оламасл миллий ва  ардоқли байрам завқларидан  ғоят шодландилар.

Университет ҳовлисидаги  миллатнинг чин ватанпарвари,  ҳақиқат ва қатъият бобида тоғдек саботли олим, журналистлар ва тилшуносларнинг устози, раҳматли Омонилла Мадаев номи билан аталган мўъжазгина боғда Олий Мажлис Сенати аъзоси,  Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимовни миллий либосларда бир-биридан гўзал, кўзларидан ёшлик ва қувонч балқиб турган йигит-қизлар қуршовида учратдик.

Тантанага келган меҳмонлар ўн беш давлатнинг миллий бурчаклари,  халқ ўйинлари, куй-қўшиқлар, оҳанглар сеҳридан гулгун ёниб рақсга тушаётган ёшларга қараб завқ олишаётир.

Университет ректори, профессор Шерзодхон Қудратхўжанинг табрик сўзлари олқишлар билан кутиб олинди. Боғ тўридаги кошона саҳнага маликаларга хос шоҳона  либосда қизлар эъзозида темурий малика Бибихоним кириб келди. Соҳибқирон Амир Темур сиймосида саҳналаштирилган кўринишлар намойиш этилди. Қарсаклар,  гулдурос қарсаклар,  ҳайратли нигоҳлар…

Бу йил университетнинг файзли боғи ўртасига икки туп гужум ҳам экилибди. Гулларга бурканган, гужумлари бор бу боғлар бағрида эзгу ниятли инсонларни бирлаштирувчи Наврўзлар, байрамлар ўтиши нақадар ярашиқли!

Зиё нурлари балқиб турган бу даврада Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ артисти Муножот Йўлчиева ижросида ажойиб куй-қўшиқлар янгради.

Дорилфунунда ўтган Наврўз шукуҳига бағишланган маънавий-маданий тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот котиби Шерзод Асадов иштирок этди.

Гавҳар ДИЛМУРОДОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − 14 =