Уйли бўлиш — минг йиллик эпопеями?

Бир замонларни билмадиг-у, ҳозир уй-жой сотиб оламан деганга бу иш муаммо эмас. “Ойнаи жаҳон” ҳам, радио мурватини бурасангиз ҳам, ижтимоий тармоқларга кўз ташласангиз ҳам бир хил манзара: “Марҳамат, замонавий, шинам хонадон соҳибига айланинг! Атиги 1 м2 учун 15 миллион сўмдан тўласангиз бас! Ёхуд уйнинг бошланғич тўлови сифатида “атиги” 10 минг АҚШ доллари тўланг-да, қолганини 5 йилда фалон сўмдан тўлаб боринг!”
Ҳа, ҳамма гап ана шу “атиги” деган суммада!
Хўш, пули бўлмаган бечоралар, зўрға ойлик-маошига кун кечириб юрган мардуму мардумалар нима қилсин? Қандай қилиб уй сотиб олсин? Бунинг имкони борми? Ёки ушалмас орзуми?
Кредит анча-мунча одамни қора терга ботиряпти, десам нима дейсиз? Кимлардир мени ваҳимачига ҳам чиқарар балки? “Танаси бошқа — дард билмас”лар: “Ҳаммасига ўзи айбдор. Биров уни мажбурлабдими, олмасин эди”, дейди. Айблаш осон. Ҳукм чиқариш ундан-да енгил.
“Яшашга қўясанми, йўқми?!”
Аслида, булар азбаройи зериккандан ёзилмаган, балки кўп сонли инсонларнинг дил оғриғи бу. Ижтимоий тармоққа кирсангиз, у ер ҳам “кредитимни ўз вақтида тўлай олмадим, банк уйимни олиб қўйди. Энди қаерга бораман?”, дегувчиларнинг “оҳ-воҳ”ларига макон бўлиб ётибди.
Хўш, нима қилсин? Кредит олмай деса, имкони йўқ, уй-жой қилолмайди. Олса, 1,5-2 миллион маош билан минг йилда ҳам орзу-ҳавасларини юзага чиқара олмайди. Тўлай олса-ку, 15-20 йилда амаллаб, “бақувват қадамлар” билан қутулиб олар. Тўлай олмаса, ҳолига маймунлар йиғлайди. Бир қарич ерни эса аукционсиз ололмайди. Чўнтаги йиртиқлар бу кўчага йўлолмайдиям.
Яширмайман, мен ҳам шундайларнинг бириман. Ҳар ойнинг 2-санаси каминани “қарз болғаси” билан қарши олади! Шу санагача пластикка пул тушмаса, балогардон кафиллар (сўнгги пайтларда матбуот журналистининг маошга ёлчиганини кўрмадим). Сизни ўртага олиб “чўқиш навбати” кафилники:
– Яшашга қўясанми, йўқми? Кредитингни тўлаб қўйсанг, ўласанми?!
Булардаям айб йўқ.
Фоизлар фожиаси: жавобсиз саволлар
Яхшигина маошга эга кишиларга бунинг юки сезилмаслиги мумкин. Лекин аҳолининг катта қисми ойликка яшайди. Ва улар учун ҳар ой 3-4 миллион сўм ипотека тўлаш — оғирлик эмас, балки турмуш мувозанатига зарба берган тепкига ўхшайди.
Бир оила бошлиғи ўз иш ҳақидан 70-80 (баъзан 100) фоизини ипотека тўловига сарфлар экан, оиланинг бошқа эҳтиёжлари борлиги уни гангитиб қўяди. Улар қандай яшайди? Бозор-ўчар қилмайдими? Касал бўлмайдими? Кийинмайдими? Меҳмон кутмайдими? Коммунал тўлови-чи? Чироқ ўчиб қолса, нима қилсин? Фарзандини боғчага, тайёрлов курсларига, спорт тўгаракларига қўймасинми? Сиз ҳар куни гўшт ерсиз, улар жиллақурса ойда бир маротаба бўлсаям тансиқ таом ейишга ҳақлими, йўқми? Гапларим эриш туюлаяптими? Демак, “қорни тўқнинг қорни оч билан нима иши бор?”, деган гап бекорга айтилмаган экан.
Фақат молиявий эмас, ижтимоий муаммо ҳамдир
Ипотека кредитлари фақат шахсий эмас, балки миллий даражадаги муаммога айланмоқда. Яхши яшашга интилиш — табиий. Лекин уни амалга ошириш учун фақат банклар ва хусусий қурилиш компанияларига суянган тизим — адолатли бўлолмайди. Бундай шароитда “уйли бўлиш” ташвиши бир авлоднинг энг оғир муаммосига айланиб қолади.
Ипотека бу ҳолатда турмушни яхшилаш воситасига эмас, балки уни абгор қилиш механизмига айланиб қолаётгандек. Бу жараёнлар камбағалликни қисқартириш йўлида қилинаётган бошқа амалий ишларга соя солмайдими?
Ташқаридан нимани ўрганиш мумкин?
Туркияда, бир неча йил олдин ўқилган бир мақолада айтилишича, давлат томонидан қурилаётган кўп қаватли уйлар нисбатан арзон ва ҳар бир квартиранинг майдони 100 квадрат метрдан кам эмас. Бундай уйлар, асосан, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига ва ҳатто қочқинларга берилади. Туркия фуқароси эса, имкони бўлса, бу уйларда яшашни хоҳламайди — янада кенг, шароитли уйга интилади.
Қозоғистон, Россия каби қўшниларимизда ҳам ипотека давлат кўмаги билан амалга ошириладиган дастурлар асосида берилиши ҳақидаги маълумотларга кўзим тушганди. Яъни, банк фоизи тўлиқ эмас — қисман фуқарога, қисман давлат ёки маҳаллий ҳокимиятга юкланади. Бу орқали тўловлар енгиллашади, фуқаро муаммога ботиб қолмайди.
Нима қилмоқ керак?
Ипотека — фақат молиявий эмас, балки ижтимоий масала. Шунинг учун унинг ечими ҳам комплекс ёндашувни талаб қилади:
– давлат томонидан субсидиялашган ипотека дастурлари яратилиши керак;
– кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли учун махсус уй-жой қурилишлари йўлга қўйилиши лозим (бундай уйлар қурилаяпти, лекин уларда яшаётганлар кимлар, бу уйларни ўз эгаларига топшириш тизими шаффофми?);
– банкларнинг фоиз сиёсати давлат назоратида бўлиши лозим;
– кредит ҳисобига яшаётган (улар ижарадаги одамларга ўхшашади, қарзини тўлолмаса, банк уларнинг ковушини тўғрилаб қўяди) фуқароларнинг турмушини енгиллаштирадиган ҳуқуқий-иқтисодий механизмлар ишлаб чиқилиши керак.
Умид — қонун ижодкорларидан
Мамлакатимизда депутатлик институти бор. Лекин улар халқ ичида юриб, мана шундай ҳаётий муаммоларни қандай кўтаряпти? Уй-жой масаласини чуқур ўрганиб, парламент муҳокамаларига олиб чиқиш, манфаатлар мувозанатини таъминлайдиган қонунлар ишлаб чиқиш — шунинг учун керак депутатлар.
Ҳар бир чиқарилган қонун қаердадир бир оиланинг тақдирини ҳал қилади. Ана шундай қонунларни, ислоҳларни кутмоқда бу юрт инсонлари.
Ҳамзабек ТУРДИЕВ,
журналист.