Биз қачон китобга дўст бўламиз?

Қачонки болалар ўз нашрларини мутолаа қилса, оилаларда эса
газета-журналларни ўқиш маънавий эҳтиёжга, анъанага айланса…
Китоб ва китобхонлик аҳамияти хусусида оммавий ахборот воситаларида кўп гапирилади, мунтазам баҳс-мунозаралар олиб борилади, китоб мутолаасига даъватлар баланд янграйди. Китоб тарғиботи бўйича турли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Яқинда, аниқроғи, 21-27 апрель кунлари мамлакатимиз узра “Ўзбекистон — китобхонлар юрти” шиори остида V Республика “Китобхонлик ҳафталиги” ўтказилди. Ҳафталик доирасида бир қанча хайрли маърифий тадбирлар амалга оширилди, минглаб китоблар ёшларга тақдим этилди ва ҳоказо.
Давлатимиз раҳбарининг “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастури тўғрисида”ги қарорлари ушбу масала давлат сиёсати даражасида долзарб эканлигидан далолат. Яна бир муҳим ҳужжат Президентимизнинг 2023 йил 28 ноябрь куни қабул қилинган “Ёшлар учун минг китоб” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридир. Бу қарор ёшларнинг интеллектуал ва илмий салоҳиятини оширишга хизмат қилувчи яна бир муҳим қадам бўлди. Мана бир неча йилдирки, “Ёш китобхон” мусобақаси довруғи халқимиз, ёшлар орасида энг севимли танловлардан бирига айланди. Танловда биринчи ўринни эгаллаган ғолибларга Президент совғаси — автомобиллар топширилади. Ўтган йили танловда иккинчи ўринни забт этганларга 75 миллион, учинчи ўрин соҳибларига 50 миллион сўмдан берилди. Бу йилги “Ёш китобхон” танловининг республика босқичи якунида энг билимдон ёшлар аниқланди, Президент совғаси — “BYD Chazor” электромобили ва пул мукофотлари ўз эгаларига топширилди. Бу танловга монанд тадбирлар ҳамма мамлакатларда ҳам ўтказилмайди.
Ҳа, китоб башариятнинг энг яхши кашфиёти. Аждодларимиздан виқорли сарой-қалъалар, тошдаги битиклар, Шашмақом тароналари-ю оғзаки достонлардан ташқари, бизга китоблар олами мерос қолди. Дарҳақиқат, атоқли адиб Антон Чехов айтганидек, “Китоблар қаршисида жамики нарсалар нурсиз бўлиб туюлади”. Китобга нисбатан инсоннинг энг яқин дўсти, тафаккур қаноти, китоб бу — офтоб, ақл қайроғи, билим сарчашмаси каби сўзларни айтишга ўрганиб қолганмиз. Мавлоно Жомий китобга шундай ташбеҳ берган:
Китобдан яхшироқ дўст йўқ жаҳонда,
Ғамхўринг бўлгай у ғамгин замонда.
У билан қол танҳо, ҳеч бермас озор,
Жонингга юз роҳат беради такрор.
Бу ҳикматли сатрларга шак-шубҳа йўқ. Китоб шарофати ила дунё узра машҳур бўлган буюк сиймолар қадимий юртимиздан кўп чиққан. Кўҳна заминимизда Илк Ренессанс, Иккинчи Ренессанс ҳам китоб, билимнинг қудрати туфайли юз берган. Шу боисдан Президентимиз Шавкат Мирзиёев Янги Ўзбекистон шароитида Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ҳақида сўз юритганда китоб ва китобхонликнинг аҳамияти, натижадорлигига алоҳида урғу беради.
Аммо, таассуфлар бўлсинки, республикадаги китоб савдоси, тарғиботи ҳолати ҳамда аксар хонадонлардаги китобга бўлган муносабатлар таҳлилидан келиб чиқадиган хулосамиз шулки, биз ҳали китобхонлар мамлакатига айланишимиз учун кўп заҳмат чекишимизга тўғри келади.
Бунинг учун кўп омилларга эътибор беришимиз зарур.
Келинг, яхшиси, Финляндия китобхонлик маданиятига бир назар соламиз. Аҳолиси 2023 йил ҳолатида 5 584 миллион нафарни ташкил этган ушбу мамлакатда бир йилда қарийб 10 миллион дона болалар китоби сотиларкан. Болалар ва ўсмирлар учун чоп этилган китоблар миқдори катталар адабиётидан бир неча баробар кўп. Муҳими, китобларнинг аксарияти илк нашр ҳисобланади. Ота-оналар фарзандларини кичик ёшидан китоб ўқишга ошиқ қиладилар, дунёга эндигина келган болага оиласига маҳаллий кутубхонадан гўзал, жозибали иллюстрацияга эга китоблар тўплами, шунингдек, “Мен китобхон боламан!” футболкаси армуғон этилади. Маълумотларга қараганда, 70 фоиздан кўп ота-оналар ўз фарзандлари билан овоз чиқариб китоб ўқиркан. Юқорида айтганимиздек, ҳар йили ушбу кичкина мамлакатда қарийб 10 миллион адад болалар китоби сотилади. Болалар ёзувчи ва шоирлари учун давлат томонидан грантлар ажратилади, турли хил танловлар эълон қилинади. Энг қизиғи, бу борада рассомлар иши биринчи ўринда туради. Халқ оғзаки ижоди, эртаклардан, замон фан ва технологияси янгиликларидан бохабар ва фантазияга бой рассомлар томонидан аввал бўлажак китоб учун суратлар яратилади, ундан кейин ёзувчилар расмларга қараб ўз матнларини ёзади. Дунё болалар адабиёти ривожига катта ҳисса қўшган Маури Куннас ҳам суратларга қараб, миясида тафаккур ҳосил бўлганини, сўнгра асарлар ёзганини эътироф этган. Фин халқининг қаҳрамонлари ҳаёти, эртаклари болалар адабиётининг рангин оламининг асосий қисмини, “мағзи”ни ташкил этаркан. Сўнгги пайтларда интернетнинг таъсири туфайли, болалар адабиётига эътибор бироз сусайганини инобатга олиб, фин адиблари болаларни китобхонликка фаолроқ жалбу жазм этиш мақсадида болалар ҳажви (юмор)га катта эътибор беришаётган экан. Китобларнинг полиграфик сифати, ранг ва қоғози ҳам фин ноширлари учун биринчи ўринда туради.
Ўйлашимча, бизда болалар адабиёти тарғиботига эътибор юксак даражада эмас. Бу борада алоҳида тизим шакллантирилса, фақат миллатимиз маърифати йўлида жуда фойдали тизим бўларди. Қани энди, Туркия мамлакатидагидек, бизда ҳам анъанавий болалар китоблари ва нашрлари ярмаркаси ташкил этилса, айни муддао бўларди. Тўғриси, нашр этилаётган китоблар сифати билан ҳам ўзимизни мақтай олмаймиз.
Журналистика факультетларига ҳужжат топширган абитуриентлар билан ўтказилган ижодий суҳбатлар жараёнидан шу хулосага келдикки, кечагина мактаб партасидан туриб, журналист бўлиш ниятида бўлган ёшларимизнинг кўпчилиги мактабда таҳсил олаётган чоғларида бирор-бир болалар нашрини кўрмаган, номини ҳам билмайди ва табиийки, уларни ўқимаган, журналистикага бўлган “завқлари” эса ижтимоий тармоқлар таъсири остида шаклланган. Мана шу ҳам ёшларимизнинг матбуотга бўлган муносабатига оид оддий индикатор, кўрсаткич!
Ҳолбуки, аҳолида, айниқса, болалар ва ўсмирларда китоб мутолаасига завқ ва ҳавас уйғотишни, назаримизда, энг аввало, бошланғич синфлардан бошлаб, уларни болалар нашрлари билан ошно қилишдан бошлаш керак. Буни бугун журналистика ва адабий ижод борасида улкан ютуқларни қўлга киритган, элимизнинг фахрига айланган ўнлаб машҳур журналист ва ёзувчи-шоирларимиз таржимаи ҳоли, ибратли ҳаёти, ижод лабораториясидан билса бўлади. Уларнинг ҳар бири адабиётга бўлган завқни, энг аввало, болалар учун газета ва журналлардан олганликларини, илк ижод намуналарини ҳам айнан шу нашрлар имтиҳонидан ўтказиб, кейин адабиётнинг катта йўлига қадам ташлаганликларини фахр билан эслайдилар.
Афсуски, сўнгги йилларда китобхонлик маданияти хусусида сўз юритганда, болалар нашрларини тилга олмаймиз, китобхонлик айнан болалар ва ўсмирлар нашрларининг мутолаасидан бошланиши кераклигини унутиб қўямиз. Биз ушбу мақоламизни “Китобга қачон дўст бўламиз?” саволи билан бежиз бошламадик.
Ўзимнинг ҳаётий тажрибамдан англаганманки, болалигимда буюк адибларнинг асарларининг мутолаасига ўтишдан олдин, болалар нашрларида уларнинг кичик-кичик ҳикоялари, лавҳаларини ўқишдан бошлаганмиз. Зеро партамизда, синфимиз деворларида, кутубхоналар столларида биринчи болалар ва ўсмирлар жозибаси бор газета ва журналларни кўрар эдик. Оиламизда камида 5 та газета ё журнал, уларнинг орасида камида иккита болалар ва ўсмирлар нашрлари почта орқали кириб келарди. Ўқитувчи, синф раҳбарлари дарсни болалар нашрларида эълон қилинган ҳикоя ва ибратомуз мақолалар, шеърларнинг ҳозирги тилда айтганда, “анонс-рекламаси”дан бошлашарди.
Бугун-чи? Бугун хонадонларимизни қўйиб туринг, айрим мактабларимизга болалар газета ва журналларининг ҳаттоки бир нусхаси ҳам етиб бормаётганини яхши биламиз. Бу жуда аччиқ ҳақиқат! Бу ҳолатнинг оқибатида 38 миллион нафарга яқин аҳолиси бор, шу нуфуснинг аксариятини ёшлар ташкил этадиган мамлакатимизда болалар газета ва журналлари: “Тонг юлдузи”, “Ғунча”. “Класс!”, “Гулхан” нашрларининг тиражи бугунги кунда 5 минг нусха атрофида чоп этилади. Бу рақам, бу кўрсаткичдан болалар нашрлари, адабиёти қамровини билиб олиш, англаш қийин эмас! Ишонинг, бугун ўз газета ва журналини ўқимаган болалар эртага катта нашрлар, машҳур ва атоқли адибларимизнинг асарларини ўқишга мойиллик, кайфият ҳосил қилмайди.
Хулосавий савол: биз қачон китобга дўст бўламиз? Қачонки болаларимиз ўз нашрлари мутолаасини одатга, оиламизда эса анъанага айлантирсак, албатта китобхон миллатга айланамиз!
Шоқаҳҳор САЛИМОВ,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси.