Коррупция — келажакка таҳдид

Ана шундай ғоя асосида Янги Ўзбекистон ёшлари қалбидан жой оладиган тизим яратилса…

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 5 март куни коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилишда белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш доимий вазифамизга айланган.

Юртбошимиз мазкур видеоселектор йиғилишида ислоҳотлар ҳал қилувчи босқичга кираётган ҳозирги вақтда юртимизда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича ишларга баҳо бериб, келгуси вазифаларни аниқ белгилаб олиш зарурлигини таъкидлаган эди.

Дарҳақиқат, ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов — бу коррупциядир. Буни дунё тажрибаси ҳам тўлиқ тасдиқлайди. Коррупция шундай ёвуз иллатки, у халқнинг давлатга, Конституция ва қонунларга ишончига путур етказади, барқарор ривожланиш ва хавфсизлик учун жиддий таҳдидга айланади. Ислоҳотларимиз натижадорлиги, аввало, садоқатли, фидойи ва коррупцияга тоқатсиз янги авлодга бевосита боғлиқ. Бу ишда фикри тоза ёш авлодни тарбиялаш устувор вазифага айланиши лозимлиги айтиб ўтилди. Бу борада олий таълим даргоҳларининг ректорлари талаба ва ёшларнинг коррупцияга қарши лойиҳалари, стартап ва инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тизимини йўлга қўйиши зарурлиги, “Коррупция — келажакка таҳдид” деган ғоя асосида Янги Ўзбекистон ёшлари қалбидан жой оладиган тизим яратилса, айни муддао бўлиши таъкидланди.

Президентимиз томонидан 2019 йил 27 май куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида жамоатчилик ва етакчи экспертларни, шу жумладан, хорижий экспертларни жалб этган ҳолда, дастлабки босқичда капитал қурилиш ва олий таълим соҳаларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга оширишни ташкил этиш вазифаси белгиланган эди.

Шундан сўнг олий таълим тизимида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилди. Жумладан, БМТнинг Тараққиёт дастури кўмагида КПМГ (Италия) халқаро аудиторлик компанияси мутахассислари экспертлари томонидан 2020 йил 11 майдан коррупцияга қарши курашиш “комплаенс-назорат” тизимини тажриба тариқасида жорий этиш ишлари бошланди.

Халқаро экспертлар томонидан тизим фаолиятига доир 35 дан ортиқ меъёрий ҳужжатлар ўрганилди ва такомиллаштирилди. Шунингдек, хорижлик мутахассислар томонидан олий таълим тизимида коррупция ҳолати эҳтимоли бўлган (коррупциявий рисклар кузатилаётган) қуйидаги 7 та турдаги йўналишлар белгилаб берилди:

– олий таълим соҳасида коррупцияга қарши курашиш бўйича умумий ташкилий-амалий чора-тадбирлар;

– олий таълим муассасаларига қабул жараёни;

– таълим бериш ва талабалар билимини баҳолаш жараёнини такомиллаштириш;

– талабалар ўқишини кўчириш, ўқишни тиклаш, хорижий давлатларда берилган таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификация қилиш ҳамда таълим ташкилотларини аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказиш;

– олий таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш;

– профессор-ўқитувчиларнинг ижтимоий ҳимояси ҳамда уларга қўйиладиган талабларни такомиллаштириш;

– таълим тизимида бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини таъминлаш.

2020-2021 ўқув йилидан бошлаб, коллеж ва техникумлар, академик лицейлар, иккинчи мутахассислик, ўқишни кўчириш ва магистратурага ҳужжат топшириш жараёнлари тўлиқ электрон шаклда вазирликнинг махсус платформалари орқали амалга оширилмоқда. 2021 йилдан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда ҳар бир олий таълим муассасасида коррупцияга қарши курашиш “комплаенс-назорат” тизимини бошқариш бўлимлари ташкил этилди.

Жумладан, 2021 йилдан Фарғона политехника институти (ҳозирги Фарғона давлат техника университети) коррупцияга қарши курашиш “комплаенс-назорат” тизимини бошқариш бўлими ўз фаолиятини бошлади ва бўлимнинг намунавий низоми ишлаб чиқилди. Университет профессор-ўқитувчилари, ходимлари, талаба-ёшларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни ва коррупцияга қарши ижтимоий-психологик иммунитетни шакллантириш, коррупцияга қарши курашиш жараёнида жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш мақсадида бўлим негизида талаба-ёшлар клуби ташкил этилди ва Коррупцияга қарши курашиш бўйича талаба-ёшлар клуби фаолияти тўғрисидаги намунавий низом ишлаб чиқилди.

Бундан ташқари, жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш мақсадида ҳар бир факультет декани томонидан талабалар билан суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг 105 нафари “Талаба-ёшлар клуби”га аъзоликка қабул қилинди. Умумий рўйхат ва маълумотномалар шакллантирилиб, аъзолар базаси ташкил этилди. Ҳозирда шу клубга аъзо талабалар билан ҳамкорликда факультетларда коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилди.

Шу билан бирга институтда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, коррупцион ҳолатларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида талабаларнинг мурожаатларини электрон қабул қилиш учун “Биз коррупцияга қаршимиз” номли “Фарпиантикоррупция” телеграм боти, ишонч телефон рақамлари, QR-код орқали мурожаатларни электрон шаклда йўллаш ва шахсий қабуллар орқали коррупцион ҳолатлар тўғрисида аноним хабар бериш имконияти яратилди. Шунингдек, Фарғона давлат техника университети ректорига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш учун расмий веб-сайти (fstu.uz)да мурожаатлар учун алоҳида бўлим яратилди. Хабар берган талабанинг шахси қатъий сир тутилиши кафолатланди.

Университет меҳнат шартномаларига барча профессор-ўқитувчи ва ходимлар учун коррупцияга қарши курашиш бўйича бандлар киритилди, агарда институт билан меҳнат муносабатларига киришган шахслар коррупция, манфаатлар тўқнашуви, таниш-билишчилик, маҳаллийчилик ва шунга ўхшаш бошқа коррупцион ҳолатлар содир этадиган бўлса, у билан тузилган меҳнат шартномаси бир томонлама бекор қилиниши белгилаб қўйилди.

Университетда коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича 25 дан ортиқ меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш бўйича йил давомида 80 дан ортиқ профилактик тадбирлар ўтказилди.

Таълим муассасасида фаолият юритаётган барча раҳбар ходимлар, профессор-ўқитувчилар ва ишчи ходимларнинг коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунлардан хабардорлиги ва коррупцион ҳолатларга йўл қўймаслик тўғрисида кафолат хатлари ҳамда ходимлар ўртасида манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича йиллик декларациялар олинди.

Коррупцион ҳолатлар юзасидан содир бўлиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг олдини олиш, ўқув жараёни ва талабаларга хизмат кўрсатиш, академик фаолиятни ташкил этиш ҳамда таълим жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, тизимда бюрократик тўсиқлар юзага келишининг олдини олиш, шунингдек, қарор қабул қилиш жараёнини оптималлаштириш мақсадида талабаларга хизмат кўрсатиш маркази регистратор офиси ташкил этилди. Ушбу марказ етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг илғор тажрибалари асосида таълим жараёнларида ўқитишнинг кредит-модуль тизими бўйича талабаларга 55 турдаги таълим хизматларини кўрсатиб келмоқда.

Молиявий-хўжалик фаолиятини доимий назорат қилиб бориш ҳамда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида электронлаштирилган тизимдан кенг фойдаланилмоқда. Жумладан, “Узасбо” тизими орқали биржа савдолари, товар (иш, хизматлар) айланмаси, ходимларга ойлик маош, талабаларга стипендия тўланиши масофадан туриб доимий назорат қилиб борилмоқда. Тендер, танловлар махсус платформалар орқали онлайн ўтказилмоқда.

Шубҳасиз, Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш натижасида олий таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, коррупцион ҳолатларга қарши курашиш бўйича қилинаётган ишлар ўз натижасини бермоқда.

Энг муҳими ана шу.

Илҳомжон МАЖИДОВ,

Фарғона давлат техника университети

Коррупцияга қарши курашиш

“Комплаенс-назорат” тизимини

бошқариш бўлими масъул ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five + 13 =