Юксак номга сазовор инсон

Академик Акмал САИДОВ ҳақида сўз

Академик деган юксак даражага эришиш — бу албатта осон эмас. Бундай бахт ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди. Академиклар миллатнинг фахри, ғурури, халқнинг юзи, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Ўнинчи йилдирки, мамлакатимизда илм-фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларни дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳолда ривожлантириш — Янги Ўзбекистоннинг асосини ташкил қилмоқда. Бунинг учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган, имкониятлар эшиги очилмоқда.

Маълумки, Давлатимиз раҳбари минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича янги ташаббусларни илгари сурди. 2025 йил 16 ноябрь куни Тошкентда Президентимиз раислигида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи маслаҳат учрашуви ғоят катта тарихий аҳамиятга эга воқеа бўлди. Маслаҳат учрашуви якунида қабул қилинган ҳужжатлар ва илгари сурилган ташаббусларда барқарор, хавфсиз ва фаровон Марказий Осиёни барпо этишдек умумий мақсад ўз тажассумини топгани таҳсинга сазовор, албатта. Дарвоқе, бу глобал учрашув, яъни минтақавий ўзига хослик ва халқаро-ҳуқуқий объективликнинг якунлари ҳақида ўзининг чуқур ғоя-фикрларини ифода қилган ЎзР ФА академиги Акмал Холматович Саидов ўтган йили Россия Фанлар академиясининг ижтимоий фанлар бўйича хорижий академиги этиб сайланди.

Акмал Саидов асли янгийўллик. 1958 йилда таваллуд топган. У Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг ҳуқуқшунослик факультетини имтиёзли тамомлаб, собиқ Иттифоқ Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти аспирантурасида ўқиди ҳамда 1984 йили номзодлик диссертациясини ёқлади. 1990 йилда юридик фанлари доктори илмий даражасини олди. 1993 йилда халқаро ва қиёсий ҳуқуқ профессори илмий унвонини олди.

Дастлаб ЎзР ФА Фалсафа ва ҳуқуқ институтининг катта илмий ходими, сектор мудири ва директори, Ўзбекистон Ёшлар ташкилотлари қўмитаси раиси, Президент ҳузуридаги Жаҳон муаммолари институти директори ва Тошкент давлат юридик институти ректори лавозимларида самарали фаолият юритди. У Ўзбекистоннинг илк дипломатларидан саналади. 1994-1996 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси, шунингдек, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ҳузуридаги доимий вакили сифатида фаолият кўрсатган. Парижда Амир Темурнинг 660 йиллик ва Мирзо Улуғбекнинг 600 йиллик юбилейларини ташкил этишда ташаббускорлик кўрсатган.

Таниқли олим, закий инсон Акмал Холматович 1996 йилдан буён Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори бўлиб ишламоқда. 1997 йилдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига бир неча бор сайланиб, парламент таркибида фаол иш олиб бормоқда. 2000 йилдан буён у Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси, 2020 йилдан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритди. 2020-2023 йилларда дунё парламентларининг асосий халқаро органи ҳисобланувчи Парламентлараро иттифоқнинг вице-президенти этиб сайланди.

Мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ Акмал Саидов Ўзбекистон миллий ҳуқуқ тизими асосларини шакллантиришда фаол иштирок этиб келади. У 1990-1992 йилларда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий комиссиясининг аъзоси сифатида сайлов қонунлари, демократик институтлар (Омбудсман, референдум, фуқаролар мурожаатлари), нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари тўғрисидаги қонунларнинг ташаббускори ва ижодкорларидан бири бўлди. 2022 йилдан бошлаб Конституциявий комиссия раиси сифатида Янги Ўзбекистоннинг янгиланаётган Конституцияси лойиҳасини тайёрлаш, унинг умумхалқ муҳокамаси, турли хил экспертизадан ўтказиш ва такомиллаштириш ишларида бевосита иштирок этди.

Акмал Саидов асосий вазифалари билан бирга олий таълим муассасаларида халқаро ва қиёсий ҳуқуқ, ислом ҳуқуқи, инсон ҳуқуқи назарияси ва амалиёти фанларидан дарс бериб келади. У халқаро ва қиёсий ҳуқуқ профессори сифатида ўз илмий мактабини яратган. Унинг раҳбарлигида ҳозирги кунга қадар 50 дан ортиқ фан номзоди ва фан докторлари илмий ишини ёқлаган. Аллома олим томонидан юртимизнинг йирик олий таълим муассасаларида халқаро ҳуқуқ, ҳуқуқшунослик, ислом ҳуқуқи, инсон ҳуқуқлари назарияси ва амалиёти, ЮНЕСКОнинг инсон ҳуқуқлари, демократия, бағрикенглик ва халқаро кафедраларига илк бор асос солинган. Етук олим Самарқандда ЮНЕСКОнинг Марказий Осиёни ўрганиш халқаро институти ташкил этилишида ҳам ўз ҳиссасини қўшган. Халқаро қиёсий ҳуқуқ академиясининг мухбир аъзоси, Конституциявий ҳуқуқ халқаро ассоциациясининг ҳақиқий аъзоси, Франция Қиёсий қонуншунослик жамиятининг хорижий аъзоси, Осиё ва Тинч океани минтақаси юристлари халқаро ассоциацияси ва Россия Халқаро ҳуқуқ ассоциацияси аъзоси, шунингдек, Сорбонна университетининг фахрий профессоридир. Академик Акмал Саидов қиёсий ҳуқуқшунослик, халқаро ҳуқуқ, конституциявий ҳуқуқ, инсон ҳуқуқлари халқаро ҳуқуқи, давлат ва ҳуқуқ назарияси тарихи, ислом ҳуқуқи бўйича 30 дан ортиқ илмий асарлар ҳамда ўқув қўлланмалари, 350 дан зиёд рисола ва илмий мақолалар муаллифидир. Домланинг дил битиклари АҚШ, Буюк Британия, Австрия, Франция, Италия, Ҳиндистон, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Германия, Польша, Бельгия, Россия, Украина, Қозоғистон ва бошқа давлатларда нашр қилинган. У 200 дан ортиқ халқаро илмий анжуманларда қатнашган.

Машҳур олим миллий ва халқаро ҳуқуқнинг ўзаро муносабатлари ҳамда халқаро ҳуқуқни ўрганиш билан фаол шуғулланади. Шу муносабат билан унинг “Общепризнанные права человека” (Москва, 2002), “Международное право прав человека” (Москва, 2002), “Международное право и избирательное законодательство Республики Узбекистан” (Тошкент, 2004) монографиялари амалиётга жорий қилинган. Акмал Саидов “Амир Темур ва Франция”, “Амир Темур — дунё илм-фани кўзгусида”, “Атторшунослик” каби бир қатор йирик ҳажмдаги китоблар муаллифидир.

Айниқса, ўзбек китобхонини Ғарбнинг юрист-адиблари ижоди билан таништириш Акмал Саидовнинг маънавий-маърифий фаолиятида алоҳида ўрин тутади. Бу йўналишда олимнинг “Шекспир ва юриспруденция” (Тошкент, 2011), “Данте — юрист” (Тошкент, 2011), “Иммануил Кантнинг фалсафий-ҳуқуқий мероси ва замонавий юриспруденция” (Тошкент, 2012), “Ҳофман немис ва ўзбек юристи нигоҳида” (Тошкент, 2013), “11 француз юрист-адиблари” (Тошкент, 2013), “Кафка — юрист” Тошкент, 2013), “Гёте как юрист” Тошкент, 2014) каби бир қанча асарлари ўзбек, рус, инглиз, француз ва немис тилларида нашр этилган. У Имом Термизийнинг “Сунани Термизий”, Бурҳониддин Марғинонийнинг шоҳ асари — “Ҳидоя” китобларини ўзбек тилида чоп этиш ташаббускори ҳамда масъул муҳарриридир.

Ҳозирги пайтда фарзандларимиз севиб мутолаа қилаётган Эрнст Теодор Амадей Ҳофман қаламига мансуб “Ҳофман эртаклари” китоби, Антуан де Сент-Экзюперининг “Кичкина шаҳзода”, Виктор Гюгонинг “Клод Гё” каби сара асарларининг ўзбек тилида нашр этилишида ташаббускор бўлди. Акмал Саидовнинг хизматлари ҳукуматимиз томонидан муносиб эътироф этилган. У 1998 йилда “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони, 2002 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени, 2006 йилда “Дўстлик” ордени, 2017 йилда “Эл юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган.

Акмал Саидовнинг ваъзхонлик тили ва маърузалари равонлиги ҳам таҳсинга лойиқ. Устоз журналист Аҳмаджон Мелибоев таъкидлаганидек: “Равон нутқ, таъсирчан талаффуз — инсоннинг ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайдиган маънавий бойлиги. Ўз тилида, шу билан бирга бошқа тилларда мукаммал сўзлай оладиган, фикрини тиниқ ифода этишга қодир кишилар фазилат бобида комилликка яқин турадилар”.

Мен ҳам бунга Россия Фанлар академиясининг хорижий академиги Акмал Холматович билан мулоқотда амин бўлдим.

Ўттиз йилдан буён Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази раҳбари — Россия ФА хорижий академиги тўғрисида таниқли шоир, сенатор Абдусаид Кўчимов “Бугуннинг раҳбарлари” шеърида ушбу теша тегмаган сатрларни унга бағишлагандек гўё:

 

Раҳбар — миллат шарафи.

Раҳбар — миллат кўзгуси.

Оқил раҳбар, чин раҳбар,

элнинг сарбадоридир.

Ношудлар бир кун сўзсиз

сомон каби тўзғуси,

Ботир эрлар эл-юртнинг

ифтихори, оридир…

 

Карим НОРМАТОВ,

профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen − eighteen =