Мaҳaллa — ободлик вa бирдaмлик мaнзили
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасида Сурхондарё вилоятида “Янги Ўзбекистон маҳаллалари — ободлик ва бирдамлик манзили” шиори остида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун медиатур ташкил этилди.
Тадбирдан асосий мақсад маҳаллаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, бандликни таъминлаш ва инфратузилмани ривожлантириш борасидаги амалий натижаларни кенг жамоатчиликка етказишдан иборат бўлди. Медиатур давомида журналистлар вилоятда маҳалла тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишди. Бугунги кунда Сурхондарё вилоятида 723 та маҳалла мавжуд бўлиб, шундан 48 таси чегара ва олис ҳудудларда жойлашган. Вилоятда 3 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.
2026 йилнинг биринчи чорагида “Камбағал оилалар реестри”га киритилган 9 мингдан зиёд оилага барқарор бандлик хизматлари кўрсатилди. Минглаб фуқаролар иш билан таъминланиб, тадбиркорлик фаолиятига жалб этилди, кредит ва субсидиялар ажратилди. Аҳоли мурожаатларини маҳалланинг ўзида ҳал этиш тизими йўлга қўйилгани натижасида мурожаатларнинг аксарияти ижобий ечим топмоқда. Вилоятда маҳалла биноларини қуриш ва таъмирлаш ишлари ҳам изчил давом эттирилмоқда. 14 та маҳаллага янги бинолар қуриб берилган, қатор маҳалла бинолари реконструкция қилиниб, замонавий кўринишга келтирилган.
Медиатур иштирокчилари дастлаб Термиз туманидаги “Қаҳрамон” маҳалласида бўлиб, бу ерда йўлга қўйилган иссиқхоначилик, гулчилик ва кўчатчилик фаолияти билан танишдилар. Aйниқса, маҳалланинг тажрибали томорқачиси Бобоёр Холбоевнинг фаолияти катта таассурот қолдирди. У 52 сотих ер майдонида ташкил этган деҳқон хўжалигида помидор, бодринг, булғор қалампири, карам маҳсулотлари билан бир қаторда ўнлаб турдаги гул кўчатларини етиштирмоқда. Ушбу хўжалик орқали 12 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланган бўлиб, уларнинг аксариятини “Aёллар дафтари”даги хотин-қизлар ҳамда меҳнат миграциясидан қайтган фуқаролар ташкил этади. Бобоёр Холбоевнинг ташаббускорлиги ва меҳнатсеварлиги давлат томонидан муносиб қадрланиб, у “Намунали томорқачи” кўкрак нишони, “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишони ҳамда “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.
Журналистлар Термиз туманидаги “Aйритом” маҳалласида давлат гранти асосида барпо этилган спорт майдончасини кўздан кечирдилар. Мазкур маскан ёшларни спортга кенг жалб қилиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Медиатур давомида Термиз шаҳридаги “Кокилдор ота” маҳалласига ҳам бориб, ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишилди. Бугунги кунда ушбу маҳалла иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан тез ривожланаётган ҳудудлардан бирига айланган. Бу ерда асосий иқтисодий йўналиш иссиқхоначилик бўлиб, юзлаб хонадонларда помидор, бодринг, қалампир ва қулупнай етиштирилмоқда. Маҳаллада яқинда замонавий маҳалла биноси фойдаланишга топширилган бўлиб, тадбиркор Aбдулваҳоб ота Aбдусатторов ташаббуси билан бунёд этилган ушбу бинода “маҳалла еттилиги” учун барча қулайликлар яратилган. Журналистлар томорқадан унумли фойдаланаётган хонадонлар ҳамда ҳашар йўли билан бунёд этилаётган пиёдалар йўлакчаларини ҳам кўздан кечирдилар.
Медиатурнинг эътиборли манзилларидан бири Жарқўрғон туманидаги “Янги Ўзбекистон” маҳалласи бўлди. Чўл ҳудудини ўзлаштириш ҳисобига бунёд этилаётган ушбу массивда қисқа муддат ичида кўп қаватли уйлар, мактаб, боғча ва маҳалла бинолари қад ростлаган. Минглаб аҳоли янги хонадонларга кўчиб кирган. Ҳудудда ахборот технологиялари ва инглиз тилига ихтисослашган ўқув марказлари, микромарказлар ҳамда савдо объектлари фаолият юритмоқда. Ичимлик суви, газ, электр ва иссиқлик тармоқлари тортилиб, кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилган. Журналистлар бу ерда яратилган замонавий инфратузилма ва аҳоли учун яратилган қулайликларни юқори баҳоладилар.
Шунингдек, медиатур давомида Жарқўрғон туманидаги “Гулистон” маҳалласида йўлга қўйилган картошкачилик фаолияти билан ҳам танишилди. Бу ерда аҳоли томорқадан самарали фойдаланиб, нафақат ўз даромадини ошираётгани, балки ички бозорни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашга ҳам муносиб ҳисса қўшаётгани қайд этилди.
Сурхондарё вилоятида ташкил этилган мазкур медиатур маҳаллаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижаларини намоён этиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ҳамда давлат ва жамоатчилик ўртасидаги очиқ мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилди. Журналистлар маҳалла тизими инсон манфаатларини таъминлаш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш ва жамиятда тинч ҳамда фаровон муҳитни шакллантиришда муҳим кучга айланиб бораётганига яна бир бор амин бўлдилар.
Занжилой AБДУСАЛОМОВА,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси
Aхборот хизмати ходими.
