Китоб – офтобдан қалблар нурланар

Ҳазрат Алишер Навоий китобни беминнат устозга тенглаб, билим ва маънавий юксакликка эришишнинг энг асосий манбаи, деб таърифлайдилар.
Ҳурматли Юртбошимизнинг “…ҳаммамиз учун айни пайтда жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган масала, яъни китобхонликни кенг ёйиш ва ёшларимизнинг китобга бўлган муҳаббатини, уларнинг маънавий иммунитетини янада оширишга қаратилган ишларимизни янги босқичга олиб чиқиш вазифаси турибди” деган фикрлари моҳиятида ҳам башарият илму маърифати, маънавият тарихида ёрқин юлдуз каби қолган аждодларимизнинг китобнинг баркамол авлод шаклланишидаги беқиёс ўрни, аҳамияти ҳақидаги фикр-хулосалари давлатимиз ички сиёсатидаги энг долзарб масалалардан экани эътироф этилган.
Дунё ҳамиша ўзгаришда, янгиланишда, тараққиёт сари кашфиётлар бўлаверади. Фақат инсонлар онгини эзгуликлар, ҳаёт тарзини хайру баракотлар билан тўлдиришга хизмат қиладиган китоблар ҳеч эскирмайди, янги-янги авлодлар бундай китобларни мисоли қалбларида асраган каби эҳтиёт қиладилар, келажакка энг улуғ мерос сифатида қолдирадилар.
Зеро, файласуф Цицерон айтганидек, “Кичкина бўлса ҳам, боғинг ва кутубхонанг бўлса — сен бошқа ҳеч нарсага муҳтож эмассан”.
Якунланаётган йилда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳам республикамиз ўқувчи-ёшларига мазмун-моҳияти жиҳатидан ибратли ва қизиқарли ҳамда шунга муносиб равишда замонавий дизайнга эга бўлган сифатли китоблар етказиб беришга ўзининг ҳиссасини қўшди.
Маълум қилинганидек, 2023 йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган танловда уюшма “Аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, баркамол шахсни тарбиялашда китобхонлик маданиятини ошириш” лойиҳаси бўйича ғолибликни қўлга киритган эди. Лойиҳа доирасида “Китобхон болалар” туркумида Ориф Тўхташнинг “Шалола”, Абдураҳмон Акбарнинг “Оқ қовуннинг боласи”, Муҳаббат Йўлдошеванинг “Учар ҳаммом”, Исоқжон Нишоновнинг “Сеҳргарнинг узуги”, ҳаммуаллифларнинг “Болаликнинг қўлидан тутиб” номли китоблари “O‘zbekiston nashriyoti” давлат унитар корхонасида; “Дунё даҳолари” туркумидаги “Стив Жобс – компьютерга жон берган одам”, “Муҳаммад Али – барча даврларнинг буюк боксчиси”, “Леонардо да Винчи – замонасидан илгарилаб кетган ақл соҳиби”, “Моцарт – мусиқа даҳоси”, “Альберт Эйнштейн – серқирра даҳо” номли китоблар эса “ASAXIY BOOKS” МЧЖда, бу ўн номдаги китоблар ҳаммаси бўлиб 10 000 нусхада чоп этилди.
Ушбу китобларнинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларда бўлиб ўтган тақдимотлари, айтиш мумкинки, жонкуяр ўқитувчилар ва китобсевар болажонлар учун ҳақиқий байрамга айланиб кетди.
Китобларнинг дастлабки тақдимот тадбири, аввал ҳам хабар қилинганидек, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Китобсевар миллат” шиори остида бўлиб ўтди. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Республика Журналистлар уюшмаси ҳамкорлигида ўтказилган бу тадбирда журналистлар, шоир ва ёзувчилар, пойтахт ахборот-кутубхона марказлари мутахассислари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда ёш китобхонлар иштирок этдилар.
“Ўзбекистон” нашриёти бош муҳаррири Муҳиддин Омон олиб борган ушбу дастлабки тақдимотда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджонов, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева; ижодкорлар Ориф Тўхташ, Заҳро Ҳасанова ва бошқа зиёлилар мамлакатимизда ёшлар маънавиятини юксалтириш, китоб ва китобхонликни кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратиб келинаётганини алоҳида таъкидладилар. Ижодкорлар, кутубхона ходимлари бу янги нашрлар, шунингдек, китобхонлик бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдирдилар.
— Бугун тақдимоти ўтказилаётган ўн номдаги китоблардан ўрин олган шеърлар, ҳикоя ва эртаклар мазмунига мос ёрқин, чиройли расмлар билан бойитилиб, болалар эътиборини ўзига жалб қиладиган замонавий дизайнда, сифатли чоп этилган, — деди “Тонг юлдузи” газетаси бош муҳаррири Феруза Адилова. — Чунки бугунги ўқувчи-ёшларнинг талаб ва қизиқишлари кенг қиррали, замон билан ҳамнафас.
Ҳақиқатан ҳам, айни китобларнинг ҳар бири бетакрор ғоявий мазмуни ва шунга муносиб безаклари билан ёш ўқувчи диққатини тортади. Айниқса, “Дунё даҳолари” туркумида тайёрланган китоблар орқали физик олим Альберт Эйнштейн, рассом, ихтирочи, ёзувчи, мусиқачи Леонардо да Винчи, “компьютерга жон берган одам” Стив Жобс, “чарм қўлқоп қироли” деб шарафланган Муҳаммад Али, дунёга машҳур бастакор Моцарт ҳаёти, уларнинг фаолияти билан боғлиқ маълумотлар билан танишиш болажонларнинг илму фанга, спортга, санъатга бўлган қизиқишлари, муҳаббатларини орттиради; ўз соҳасида жаҳоншумул эътибор қозонган бу машҳур шахсларнинг ҳаётий ибрати ёш қалбларни мақсад сари дадил қадам ташлашга ўргатади.
Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда республикамиз вилоятларининг нуфузли илм масканларида “Китобсевар миллат” шиори остида бўлиб ўтган, юқорида номлари қайд этилган ўнта китоб тақдимотларида жойлардаги Президент мактаблари, ихтисослаштирилган мактаблар ўқитувчи ва ўқувчилари вакиллари, ОАВ ходимлари, вилоят ҳамда шаҳар-туман ахборот-кутубхона марказларининг раҳбарлари, зиёлилар, жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Нукус шаҳридаги Президент мактабида “Китобсевар миллат” шиори остида ўтказилган китоблар тақдимотида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори, сенатор Абдусаид Кўчимов, “Янги Ўзбекистон” ва “Правда востока” газеталари бош муҳаррири Салим Дониёров ҳам иштирок этиб, кейинги йилларда Президентимиз ташаббуслари, ғамхўрликлари билан мамлакатимизда китобхонликни тарғиб этиш, барча ҳудудлардаги ўқувчи-ёшларни илмий, ғоявий-бадиий жиҳатдан етук китоблар билан таъминлашга қаратилган қатор тадбирлар ўтказилаётгани ва уларнинг ижобий самаралари ҳақида гапирдилар.
— Китоб – руҳиятимиз озуқаси, у билан дўстлашиш киши қалбини эзгу мақсадлар билан юксалтиради, шунингдек, унга жаҳонни танитади, яхшиликлар йўлида ҳамроҳлик қилади, эзгуликка етаклайди, — деди Хива тумани ахборот-кутубхона маркази раҳбари Малоҳат Рўзметова. — Кейинги йилларда Юртбошимиз раҳбарлигида китобхонликни кенгайтириш ва уни рағбатлантириш учун амалга оширилган тадбирлар натижасида китоб ўқишга қизиқувчан, бу бебаҳо илму маърифат, маънавият чашмаси билан дўстлашган болалар сони кескин ортиб боряпти. Уларнинг маънавий эҳтиёжларини қондиришда янги китоблар бизга сув ва ҳаводек зарур, қадрли.
Эътиборли жиҳати шундаки, барча тақдимот тадбирлари иштирокчилари, айниқса, устозлар, китоб ва китобхонлик тарғиботчилари, маънавият фидойилари, ўқувчилар юзида таълим даргоҳлари кутубхоналарига, ахборот-кутубхона марказларига янги китоблар кириб бораётганидан хурсандлик, миннатдорлик туйғулари яққол акс этиб турарди.
— Ёш авлодга таълим-тарбия беришда китобларнинг ўрни беқиёс. “Аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, баркамол шахсни тарбиялашда китобхонлик маданиятини ошириш” лойиҳаси бўйича ўсмир болаларга китобларни нашрга тайёрлашдан олдин мутахассислар билан маслаҳатлашдик. Бу ёшдаги фарзандларимизнинг имкониятлари, билим даражаси, қизиқишлари, ўзига хосликларидан келиб чиқиб бадиий асарлар, машҳурлар ҳаётига оид китоблар танланди, — деди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов. — Нафақат вилоятлар марказларида, балки шаҳар-туман ахборот-кутубхона марказларида ҳам айни китобларнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Демак, юртимизнинг энг чекка ҳудудлари болажонлари ҳам янги бадиий нашрлардан хабардор бўлдилар, уларни олиб ўқишлари учун имконият яратилди. Илму маърифат тарқатишдек хайрли ишга ҳисса қўшганимиздан жуда хурсандмиз.
10 000 нусхадаги китоблар республикамиздаги Президент мактаблари, махсус ихтисослаштирилган мактаблар, ахборот-кутубхона марказлари, ижод мактабларига ва оилавий болалар уйларига туҳфа этилди.
“Ҳеч қайси мебель китобчалик мафтункор эмас”, деган эди дунёга машҳур адиблардан бири. Ўйлаймизки, китоблар хонадонларнинг, таълим даргоҳларининг энг бебаҳо бойлиги, қалбларнинг устози-дўсти бўлади. Тақдим этилган ҳар бир китобни бир ўқувчи, айтайлик, бир ҳафта давомида ўқиб чиқса ҳам, бу китоблардан минг-минглаб ёш авлод нур-зиё олади, ақлу шуури ва тафаккури бойийди, маънавияти юксалади, тенглар ичра тенг бўлиб қаддию қадрини тиклаётган Янги Ўзбекистонга муносиб фарзандлар камол топади.
Муҳтарама УЛУҒОВА,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси
масъул ходими.