Бу йил “Олтин қалам” кимларга насиб этади?

Мамлакатимизда медиа соҳаси вакиллари ўртасида ўтказиладиган турли ижодий танловлар кўплигига қарамасдан, қўлига қалам тутган ҳар бир ижодкор борки, “Олтин қалам” соҳиби бўлишни орзу қилади. Чунки “Олтин қалам” танловининг нуфузи баланд, бу мукофот ижод майдонида юксак эътироф рамзига айланиб улгурган десак хато бўлмаса керак.

Журналистика соҳасида “Олтин қалам” XVIII Миллий мукофоти учун халқаро танлов Ташкилий қўмитасининг маълумотларига кўра,  жорий йилги танлов учун 500 дан зиёд ОАВ вакиллари 4 мингга яқин ижодий ишларини топширган. Хусусан, телевидение йўналишида мамлакатимиздаги давлат ва нодавлат телеканалларида фаолият олиб бораётган 98 нафар журналист ўз материалларини тақдим этган бўлса, радио йўналишида 26 нафар, босма ОАВ йўналишида эса энг кўп — 178 нафар, интернет нашрлари йўналиши бўйича 75 нафар, “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун” номинациясида ҳам ҳар йилгидан кўпроқ — 40 дан ортиқ давлатдан 100 нафарга яқин журналист қатнашишни ихтиёр этган. “Публицистик жанрдаги энг яхши китоб учун”, “Энг яхши фоторепортаж учун” каби рағбатлантирувчи ўринлар учун топширилган ижодий ишлар ҳам салмоқли рақамларни ташкил этган.

Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг 2022 йил 27 июнда қабул қилинган “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида журналистлар ўртасида ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танловни демократик тамойиллар асосида янада очиқ ва шаффофлик билан ўтказиш вазифаси белгиланган.

Шунга кўра “Олтин қалам” XVIII Миллий мукофоти учун халқаро танлов Ҳакамлар ҳайъати таркибига ҳар бир йўналиш бўйича устоз журналистлар, медиа соҳанинг таниқли вакиллари киритилганини айтиш керак.

Куни кеча “Олтин қалам” XVIII танлови Ҳакамлар ҳайъатининг йиғилиши бўлиб ўтди. Танловга топширилган ижодий ишларни ҳакамлар ҳайъати аъзолари баҳолашга киришди.

Ижодий ишлар Ҳакамлар ҳайъати томонидан адолат мезонлари асосида холис ва ҳаққоний баҳоланишига ва “Олтин қалам” ўзининг муносиб соҳибу соҳибаларини топишига шубҳа йўқ. Демак, жорий йилнинг май ойи бошида тантанали тарзда ўтказилиши кўзда тутилган “Олтин қалам” танловининг тақдирлаш маросимида ҳар йилгидек энг муносиб ижодкорлар ғолиб ва совриндорлар сифатида эътироф этилади.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси

Ахборот хизмати.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 5 =