Яхшидан эзгу ном қолади

Иккинчи жаҳон урушининг ғалаба билан тугаганлигига 80 йил бўлса-да, инсоният бошига тушган энг қонли уруш саналган бу тўқнашувнинг асорати ҳали-ҳамон унутилгани йўқ.

Ўзбекистон халқи жанг майдонларида, фронт ортида жасорат ва матонат кўрсатиб, фашизм устидан ғалабага муносиб ҳисса қўшди. Урушда 1 миллион 950 мингдан ортиқ ўзбекистонликларнинг 538 мингдан кўпроғи ҳалок бўлди, 158 мингдан ортиғи бедарак йўқолди, 60 мингдан зиёди ногирон бўлиб қайтди. Кўплаб ҳамюртларимиз эса кўкси тўла орден ва медаллар билан она юртимизга қайтиб келиб, тинч меҳнат билан шуғулландилар.

Иброҳим Одилов меҳнат фаолиятини 1930 йилда Каттақўрғон ёғ-мой комбинатида маданий-оқартув ишлари бўйича мудир вазифасида бошлаган. 1937-1939  йилларда шаҳардаги муаллимлар тайёрлаш билим юртида таҳсил олиш баробарида Каттақўрғон халқ маорифи бўлимида услубият хонаси мудирлиги вазифасини ҳам бажарди.

У Иккинчи жаҳон урушининг энг қизғин палласи кечаётган 1943 йилда фронтга жўнайди. Лейтенант Иброҳим Одилов взвод командири вазифасида Болтиқбўйи мамлакатларининг қатор шаҳарлари ва аҳоли пунктларини, Польша пойтахти Варшавани душмандан озод қилишда қатнашади. Германия шаҳарларини эгаллашда қаҳрамонлик намуналарини кўрсатгани учун “Қизил юлдуз”, I даражали “Улуғ ватан уруши” орденлари ва бошқа жанговар медаллар билан тақдирланади.

Уруш тугагач, ўзи таълим олган Каттақўрғондаги педагогика билим юртида география фанидан дарс беради. 1947 йилда эса рутубатли уруш йиллари ва кейинги йилларда банкда кассир вазифасида ишлаб, ука ва сингилларига мустаҳкам таянч бўлган Розахон билан турмуш қурди.

“Халқ маорифи аълочиси” Иброҳим Одилов туман халқ маорифи бўлими мудири, туман ижроия қўмитаси раиси лавозимларида ҳам самарали меҳнат қилди.

Иброҳим ота ва Розахон ая чорак аср бирга яшаб, қўша қариб, ўн нафар фарзанд кўрдилар. Розахон болалар боғчасига мудиралик қилди. Маҳалладошлари ташвиш-ғамлари кўйида жон чеккан онахон ҳамшаҳарлари ўртасида алоҳида ҳурмат қозонди.

Яхшидан боғ қолар экан. Эзгу ном қолар экан. Ўн нафар фарзандларию ўнлаб набираларини тарбиялаб, ўқитиб, улғайтириб элга қўшган Иброҳим ота ва Розахон ая оламдан ўтиб кетган бўлса-да, зурриётлари уларнинг ишларини давом эттиришмоқда.

Ҳамидулло ХУШВАҚТОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen − three =