Дўстларга сиддиқ, мард ва танти

ёки иқтидорли олим Саид Сиддиқов ҳақида дил сўзи

Одатимга кўра, бирор қаҳрамоним ҳақида нимадир ёзмоқчи бўлсам, уч-тўрт йил аввал ният қилиб у ҳақдаги маълумотларни, ҳаётий воқеликларни йиғиб юраман. Гарчи улар турли касб эгалари бўлса ҳамки, одамийлик фазилатларига кўпроқ эътибор қаратаман.

Саид ака Сиддиқовни яқиндан таниганимга ўн йилча бўлди. У ахборот технологиялари соҳасида илм қилиб техника фанлари номзодлиги диссертациясини ёқлаган, иқтидорли олимлардан бири. Ҳаётда кузатишимча, аниқ фанлар вакиллари бадиий адабиётларга, газета-журналларга кўпам меҳр қўявермайди. Шундай бўлса-да, улар орасида ҳам Саид ака Сиддиқов каби китоб ўқишга муҳаббати баландлар ҳам кам эмас. Эҳтимол, бизнинг дўстона муносабатларимизнинг мустаҳкамлигига шу фазилати сабаб бўлгандир.

Аввалроқ ёзганим раҳматли Муртазо Султоновда ҳам шундай яхши одат бор эди. У киши республика газеталарининг ҳар бир сонини эринмай ўқиб чиқарди. Ўзига ёққанлари ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини атайин муаллифнинг ҳузурига бориб айтарди. Узоқдагиларга телефон қилиб, мақоласи тўғрисидаги таассуротини билдирарди. Саид Сиддиқовда ҳам худди шундай хислат бор. Муаллифни таниса-танимаса, мақоласи яхши ёзилган бўлса бўлди, албатта, телефон қилиб миннатдорчилик билдиради. Ҳақиқий ижодкор учун ёзган асари фарзандидек гап: мақтов эшитса боши осмонга етади.

Ўтган йили кузда “Янги Ўзбекистон” газетасида “Йиғлаётган дарахтлар” сарлавҳали таҳлилий-танқидий мақолам босилган эди. Мақоладан таъсирланган Саид Сиддиқов Тошкент шаҳри марказида ўзи яшовчи даҳада ҳам қаровсизликдан қуриб бораётган дарахтлар тақдири ҳақида қайғуриб, ўз мулоҳазаларини “Янги Ўзбекистон” газетасида эълон қилди.

Ҳар кўришганда фалончининг янги китоби чиқибди, зўр ёзибди, мириқиб ўқидим, қайсидир газетада фалончининг ажойиб мақоласи босилибди, ўқидингизми, деган савол бериб одамни шошириб қўяди. У қуввайи ҳофизаси кучлилиги жиҳатидан зиёли инсонларнинг сараланган тоифасига киради, десам, хато бўлмас. Тинглаб ўтириб, гоҳида ҳайратланиб кетаман. Ақл бовар қилмайдиган даражадаги рақамларни, воқеалар йилларини, ойларини, кунларини хотирасида сақлаб қоладиган қобилиятга эга.

Таниқли ўзбек ва чет эл адибларининг асарларини шу қадар кўп ўқигани етмаганидек, уларнинг фаолияти ва ҳаётига доир маълумотларни эсида сақлаб қолиши билан ажралиб туради. У оламда нима гаплигидан хабар топиб юради, мамлакатимиз ҳаётида қандай воқеалар рўй бераётганидан ҳамиша воқиф. Кимдир оламдан ўтган бўлса, таъзиясига боради. Қайси бетоб дўстининг олдига бориб, ҳолидан хабар олиш керак — барча-барчасига улгуради. Силаи раҳм, одамгарчилик борасида ҳам ибрат. Саид акага хайрихоҳ кўз билан қараган борки, унга ҳавас қилади. Саксонга кириб кўйлагининг тугмасини қидириб топа олмай, қалтиллаб қолган чолларга қарасангиз, уларнинг олдида Саид ака ғайратли.

…Гўдаклиги Иккинчи жаҳон уруши тугаган йилларга тўғри келган болаларнинг болалиги болаликдай ўтмаган. Камбағаллик, суяги қотмасданоқ оғир меҳнат, қорни тўйиб овқат емаслик, дори-дармон етишмаслик, юқумли касалликлар. Келинг, яхшиси, қаҳрамонимизнинг болалигидаги машаққатлари ҳақида ёзиб, ҳамманинг юрагини эзмай қўя қолайлик.

Аммо мухтасар айтганда, оиладаги азоб-уқубатларни у ҳам биргалашиб тортди, туртилди, суртилди, аммо, синмади, ҳаёт мактабида тобланди.

Йигирма уч ёшида Тошкент электротехника алоқа институтини битирди. Узоқ Шарқда ҳарбий қисмда хизмат қилди. Бир муддат ўзи ўқиган институтда муҳандис, ассистент бўлиб ишлади. Илм излади. 1974-1978 йиллар давомида Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) шаҳрида аспирантурада ўқиб, техника фанлари номзодлиги диссертациясини ёқлади.

Ҳамкасби, техника фанлари номзоди, доцент Холиқ Соатов шундай ҳикоя қилади:

Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида Тошкент электротехника алоқа институтидаги — ҳозирги Тошкент ахборот технологиялари университетидаги етти юздан ортиқ профессор-ўқитувчилар таркибида илмий даража кўрсаткичи 25 фоизни ташкил этарди, холос. Кафедраларда фаолият юритаётган илмий даражали ўзбек педагоглари сони институт бўйича 40 кишидан иборат эди. Илмий даража берадиган кенгашлар фақат Москва ва Ленинград шаҳарларида бўлган. Ўзбек мутахассислари ана шу шаҳарларга бориб, уч йил аспирантурада ўқир, илмий изланишларни амалга ошириб, диссертация ҳимоя қилишга мажбур бўлган. Аспирантурага Ўзбекистондан бориб ўқиганларнинг ўртача 30 фоизигина диссертацияни муваффақиятли ҳимоя қила олганлар, холос.

Ана шундай амалиётни ижобий якунлаб, техника фанлари номзоди унвонига эришиш бахтига муяссар бўлган Саид Сиддиқов Тошкентга, жонажон институтига қайтади. У институтда педагогик фаолиятдан ташқари иқтидорли ёшларни тўплаб, конструкторлик бюросини ташкил этиб, унга раҳбарлик қилди. Ўқув қўлланмалар яратиб, доцент илмий унвонига эга бўлди. У олий ўқув юрти равнақига муносиб ҳисса қўшган устозлар ҳаёти ва фаолиятини кенг ёритган биринчи ҳужжатли асар муаллифидир. Унинг муносиб шогирдлари Тошкент ахборот технологиялари университетида фаолият олиб бормоқда.

Яхшиликни бергувчи ҳам, ёмонликлардан сақловчи ҳам Яратганнинг ўзи. Аллоҳ Саид аканинг қалбига илм нурини, шахсига олимлик мақомини жо қилган экан, бу ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган неъмат. Олим бўлиш ҳам, атрофдагиларга фойдаси тегиб турувчи одам бўлиш ҳам бир бахт, бир саодат.

Нуроний отахон ва муниса онахон учун фарзандлари иқболи-камолини кўриш Яратганнинг иноятидир. Саид ака Гулчеҳра опа билан турмуш қуриб, қўша қариётганига қарийб ярим аср бўлади. Улар Отабек ва Нодирбек ўғилларини тарбиялаб, ўқитиб, улғайтириб, ота-онаси, эл-юрти хизматларини қилиб, дуолар оладиган одоб-ахлоқли, замонавий билимли, ишбилармон даражага етказдилар. Оиласи тинч, рўзғори бут бўлса, шу хонадон аҳли бахтиёр бўлади. Саид аканинг бугунги ҳаётига, соғлом турмуш тарзига ҳавас қиламан, бу ҳақда ўзига ҳам тез-тез айтиб тураман. Қайсидир яхши хислатларига рағбат билдирсам, “Қўйинг, мени кўп мақтаманг”, дейди. Камтаринлик қилади. Зурриётлари қуршовида роҳат-фароғатда, дуогўй бўлиб, кексалик гаштини суриш ҳаммага ҳам насиб этсин, дея ният қиламан.

Саид ака ўзаро суҳбатларимизда волидаси Бувисора она ҳақида кўп гапиради. Онасидан олган ибратли ҳаёт сабоқларидан сўзлайди. “Силаи раҳми бор инсонсиз”, десам: “Онам шундай эдилар”, дейди. Онасини эсласа, лаблари титраб, кўзлари намланади: “Онам етти ёт бегоналарни ҳам худди туғишганларидек кўрарди. Уларга яхшилик қилиб завқланадиган эди”, дейди…

Кейинги пайтларда у: “Қачон Ўшга борасиз, мени ҳам бир оборасиз-а”, деб қолади. Сабабини билдим. Аравонда яшаб ўтиб кетган узоқроқ қариндош опаси бўлган экан. “Қабрини зиёрат қилиб, ундан қолган бола-чақаларини бир йўқлаб қўйишим керак”, деди.

Қаҳрамонимизнинг олтмиш йиллик қадрдон дўсти, меҳнат фахрийси Абдувоҳид ака Жўрабоевнинг айтишича, Саид ака — ахборот технологияси соҳасини яхши биладиган олим, қатъиятли ва тўғрисўз, дўстларига сиддиқ, ҳақ гапни ҳамсуҳбати юзига холис айта оладиган мард инсон.

Яна бир қадрдонларидан таниқли адиб, устоз Хуршид Дўстмуҳаммад Саид Сиддиқов ҳақида ёзаётганимни эшитиб, у ҳақда бир шингил ёзиб юборибди. Мақолани Хуршид аканинг қалб сўзлари билан якунласак тўғри бўлар:

“Саиджон ака билан бизни Шодмон Отабек таништирган. “Ўзи технар бўлса ҳам, ёзувчилардан кўра кўпроқ китоб ўқийди”, деб айтгани ёдимда. Чиндан ҳам Саиджон ака ашаддий китобхон одам экан. Техника фанлари номзоди, энг замонавий ахборот технологиялари мутахассиси. Талабалик, диссертация ёзиш кезларида Москва, Ленинград мактаблари об-ҳавосидан баҳра олган. Сўнгги йилларда оила аъзолари баҳона бир оёғи она Ватанда, бири гоҳ Лондон ё Бокуда.

Бирон марта сафардан қуруқ қўл билан қайтмаган, ҳар доим китоб ҳадя қилади. Бу билан биз дўст-улфатларни янги-янги китобларни ўқишга даъват этади.

Қизиқмаган мавзуси йўқ ҳисоби. Жамият, тараққиёт, ислоҳот, шахс, тафаккур ва албатта, адабиёт муаммоларига ўзининг шахсий муаммосидек, шахсий дардидек ёндашади! Кўнглида туғилган саволларни, албатта, ёзиб юради ва ҳар сафар дийдорлашганда ўша саволларга жавоблар излайди. Ҳаддан ташқари интизомлилиги, хотирасининг пишиқ-пухталиги билан ажралиб туради.

Дунёни, одамларни идрок этишда салбийдан кўра, ижобий нуқтаи назарга эга. Некбин. Мутойибага мойил.

Дўстлар сафида бундай инсон бўлишининг ўзиёқ бошқаларга кўтаринки кайфият бағишлайди, ўзингизга бўлган талабчанликка одатлантиради.

Илоҳим, умри узоқ бўлсин Саид акамизнинг!”

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − nine =