Камбағалга боққан бой

Халқимизда “Бой – бойга боқар, сув сойга оқар” деган мақол бор, биласиз. Аммо камбағалга боқадиган бойлар ҳам борлиги ҳайратимизни оширди. “Mikrosoft” компанияси асосчиси, дунёнинг энг бой кишиларидан бири Билл Гейтс бу йил октябрда етмиш ёшга киради. Унинг бойлиги бир юз беш миллиарддан бир юз олтмиш саккиз миллиардгача баҳоланади.
У яқин йигирма йил ичида, яъни 2045 йил охиригача бутун бойлигининг 99 фоизини хайрия ишларига сарфлаб, “Gates Foundation” фондини ёпмоқчи. У бундай қарорга келишига XIX аср саноатчиси, америкалик тадбиркор, йирик пўлат ишлаб чиқарувчи Эндрю Карнегининг “Инжил бойликлари” эссесини ўқиши сабаб бўлганини айтади.
Эсседа “бой бўлиб ўлиш шарманда бўлиб ўлишдир”, деган мисраларни ўқигач, бу жумла ҳақида узоқ фикр қилади. “Одамлар “у бой бўлиб ўлди”, дейишмайди. Пул йиғишни бас қилиб, хайрияни кучайтираман, деярли ҳамма бойликларимни камбағалликка, касалликларга ва тенгсизликка қарши курашга сарфлайман”, деган хайрли ишга қарор қилади.
Интернетдаги шу ҳақдаги хабарни ўқиб, қани эди, бизнинг ўзбекистонлик бойлардан ҳам Билл Гейтс каби саховатли ишларга бор давлатини сарфлайдиган бойлар чиқса, дея яхши ният қилдим.
Ғиёсиддин АСРАНОВ,
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети
халқаро журналистика факультети талабаси.