“Like” учун… жонига қасд қилиш телбалик эмасми?

Сир эмас, бугунги кунда интернет ва ижтимоий тармоқлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган. Айниқса, ёшлар орасида “like” (ёқтириш) тушунчаси нафақат мулоқот воситаси, балки гўёки янги турдаги “наркотик” — диққатни, вақтни ва ҳатто ҳаётнинг ўзини эгаллаб олмоқда. Ушбу “like”лар ортида ёшлар ҳақиқий қадриятларини йўқотиб, руҳий ва маънавий бўшлиққа дуч келмоқда.

Авваллари ёшлар кўпроқ ҳақиқий дўстлар билан юзма-юз учрашиб, самимий суҳбатлар қиларди. Бугун эса “like” олиш уларда ўзининг қабул қилинишини баҳолаш мезонига айланган. Ижтимоий тармоқларда йиғилган ҳар бир “like” вақтинча қувонтиради, ўзини қадрли ҳис қилишга ундайди. Аммо бу фақат вақтинчалик ҳис — “like” қарамлиги ҳосил бўлиб, уни доимий излаш ёшларнинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Масалан, сўнгги йилларда Ҳиндистонда юз берган бир воқеа буни кескин тасдиқлайди. Ёш қиз ўзининг ижтимоий тармоқлардаги постига етарли “like” келмагани учун руҳий босим остида қолиб, ҳаётига нуқта қўйишга мажбур бўлди. Бу ачинарли воқеа ёшлар орасида рақамлар ортидан қувишнинг, юзаки қадрга эришиш истагининг қанчалик хавфли эканлигини кўрсатади.

“Like”га қарамлик бир қатор муаммоларни келтириб чиқаради:

  • Реал ҳаётдаги муносабатлар заифлашади, дўстлик юзаки бўлиб қолади. Ёшлар кўпинча ўз ҳақиқий юзини яшириб, бошқалар учун қаҳрамон образини яратишга мажбур бўлади.
  • Кўп вақт ва куч ижтимоий тармоқларга кетади, бу эса ўз-ўзини ривожлантириш учун имкониятларни камайтиради.
  • Пост ёки сурат етарлича “like” олмаса, айрим ёшлар ўзларини паст баҳолаб, ўзига бўлган ишончни йўқотиш хавфини сезади.
  • “Like” олиш учун доимий янги контент яратиш ва бошқалар билан солиштириш ёшларни руҳий зўриқишга солади, стресс ва тушкунликка олиб келади.

Бу муаммони ҳал қилиш учун ёшлар, ота-оналар, таълим муассасалари ва жамият биргаликда ҳаракат қилиши керак. Ёшларни ижтимоий тармоқлардан оқилона фойдаланишга ўргатиш, уларнинг руҳий соғлиғи ва маънавиятини мустаҳкамлашга эътибор қаратиш зарур. Айниқса, ёшларда вақтини ҳақиқий қадриятлар, билим олиш, китоб ўқиш, газета-журнал мутолаа қилиш, спорт ва ижодга йўналтириш кўникмаларини болаликдан шакллантириш керак.

“Like” фақат вақтинчалик рақам эканини англаш жуда муҳим. Ҳаёт эса бундан анча кенг ва мазмунли — унда ҳақиқий инсоний алоқалар, тажрибалар ва орзулар бор. Ёшлар ўз ҳаётининг бошқарувчиси бўлиб, рақамлар ортидан қувиш ўрнига, чинакам бахт ва маънавий бойликни топишга интилишлари лозим.

Шаҳризода МУСАЕВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 − 1 =