Тупроғинг кўзимга сурмадай суртсам

Ўктамхон АКБАРОВА
Муаллиф ҳақида:
Ўктамхон АКБАРОВА — Фарғона вилояти, Учкўприк туманидаги Буйрак қишлоғида туғилган. 1976 йили тумандаги 1-ўрта мактабни битириб, Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетида таҳсил олган. Иш фаолиятини туман радиосида, кейинчалик туман газетасида, маҳаллий телевидениеларда олиб борган. 2018 йилдан буён Данғара тумани ҳокимлигининг “Данғара” газетаси бош муҳаррири сифатида фаолият кўрсатмоқда. Бир неча шеърий китоблар муаллифи.
ДИЛИМГА ЖО НОМИНГ
Она юртим, танти, сахий диёрим,
Бахтиёр қизингман, тилда алёрим,
Камол топдим сенда, сўлим масканим,
Тоғлар қадар кўнгли хушнуд ўсганим.
Гуллаган диёрим, гўзал бўстоним,
Дилимга жо номинг, янгроқ достоним!
Тиз чўкиб пойингга ураман бошим,
Дўстларга тортиқдир қозонда ошим,
Бағрингда оқмагай кўзлардан ёшим,
Қудратда тенгсизсан, ой-у қуёшим.
Гуллаган диёрим, гўзал бўстоним,
Дилимга жо номинг, янгроқ достоним!
Турфа миллат яшар азалий иноқ,
Бир-бирига ҳамдам, аҳил дўст, ўртоқ.
Хусумат бегона, бўлмаслар тарқоқ,
Меҳнатга, қўшиққа, билимга чанқоқ,
Гуллаган диёрим, гўзал бўстоним,
Дилимга жо номинг, янгроқ достоним!
Ўзбекми, тожикми, ёинки татар,
Қирғизми, қозоқми, билмагай хатар,
Немисми ё русми яхшилик тилар,
Равнақинг йўлида жонин ҳам тутар.
Гуллаган диёрим, гўзал бўстоним,
Дилимга жо номинг, янгроқ достоним!
Тупроғинг кўзимга сурмадай суртсам,
Боримни қўшқўллаб арзийди тутсам.
Аллоҳ меҳри тушган бебаҳо юртсан,
Туганмас хазинам, барака-қутсан.
Гуллаган диёрим, гўзал бўстоним,
Дилимга жо номинг, янгроқ достоним!
Киндик қоним томган азиз диёрим,
Қабул эт ҳурматим, қалбимда борим,
Гуллайвер, яшнайвер, Ватаним, жоним!
Тоабад сен менинг шавкатим, шоним,
Гуллаган диёрим, гўзал бўстоним,
Дилимга жо номинг, янгроқ достоним!
ИСТИҚЛОЛ
Қалбимнинг қатида янграр бир наво,
Ёр-ёрдан ўзгача, алладан бўлак.
Вужудим яйратар тонгги соф ҳаво,
Айтилгандек гўё илоҳий тилак,
Истиқлол таратган хуш наводир бу,
Кемтик диллар учун эм-даводир бу!
Борлиғим чулғаган ажиб бир ифор,
Деманг уни ўша сирли мушк-анбар.
Бўйи муаттарда ўзга бир ҳид бор,
Ундан анқир гўё субҳи санобар.
Истиқлолнинг масрур ифоридир бу,
Момолар асраган шаън-оридир бу.
Дилимдан тилимга кўчади бир сўз,
Сўзласам, танамни чулғар ҳаяжон.
Биргина шу калом қудрати тенгсиз,
У билан ёруғдир тунлар ҳам ҳар он,
Истиқлол аталган зўр каломдир бу,
Бизга бағрин очган кенг оламдир бу.
Уйқудан кўз очиб кўраман бир нур,
Қуёшдан-да ёрқин жилоси бордир.
Камалак рангида товланар шукур,
Нур ичра эзгулик, яхшилик ёрдир,
Истиқлол машъали — зиёсидир бу,
Ҳусни, латофати — ҳаёсидир бу.
Наводан кўнгиллар сув ичсин мангу,
Ифордан ҳар бир дил хўп сархуш бўлсин!
Нур ичра заволсиз отсин юрт тонги,
Илоҳий бир сўздан кўнгиллар тўлсин!
Истиқлол, сен менинг жону танимсан,
Ўзбекистон — шаъним, ғурур-оримсан!
ҚЎЛИМДАН КЕЛСАЙДИ
Қўлимдан келсайди, жоним онажон,
Меърожга элтардим тутиб кифтимда.
Тонгги шабнамдайин йўлингиз поклаб,
Меҳрингиз туярдим юрак тафтимда.
Қўлимдан келсайди, куйинчак синглим,
Мўъжиза калитин бериб қўлингга,
Дунё шодликларин шодага чизиб,
Дурдай сочар эдим юрган йўлингга.
Қўлимдан келсайди, сирдош дугонам,
Имкон эшикларин зулфини бузиб,
Жиловлаб вақт, замон, макон тизгинин,
Бахтинг солномасин битардим ёзиб.
Қўлимдан келсайди, дилбандим-қизим,
Юлдуздан гулчамбар ясаб бошингга,
Тоабад кетмасдим Ҳумо қуш мисол,
Сурмадай инардим кўзу қошингга.
Қўлимдан келсайди, ҳазрати аёл,
Қўндирардим бахтдан бошингга ҳилол.
ФАРЗАНДЛАРИМГА
Минг бир юмуш турар биринчи галда,
Ташвишсиз ўтмайди кунимиз ҳеч ҳам.
Уйдан саҳар кетиб, қайтишим қачон,
Она бўлолдимми сизларга, болам?
Қизим, бўй етганда ёнингда туриб,
Сирларингга шерик бўлолмадим мен.
Ўғлим, олисдасан, соғинчинг ўртар,
Она бўлиб хабар ололмадим мен.
Ҳуснидам, беш қизга онасан бу кун,
Юмушларинг қайнар, ололмайсан тин.
Кўмак беролмайман ўзимдан ортиб,
Болам, онагинанг урди нима жин?
Уйда-ку кам бўлдим, ишладим мудом,
Ижод заҳматидан таним бемажол.
Ёлғиз ташлаб қўйдим сени, Ҳилолим,
Вақтим бўлмади-да, ахир бемалол.
Кўрар кўзим, олов, шўх юлдузларим,
Томиримда оққан қайноқ қонимсиз.
Тунга айланади сизсиз кунларим,
Нима бўлганда ҳам менинг жонимсиз!