Ватан манзумаси: Муқаддас бурч ҳисси

Назаримда, эсимизни таниган чоғданоқ ҳар биримиз Ватаннинг ҳимоясида эканимизни ҳис қила бошлаймиз. Аслида Яратганнинг хоҳиш-иродаси билан гўдаклигимиздаёқ қалбимизда онага, Ватанга муҳаббат туйғуси пайдо бўлади, мустаҳкамланади. Уни ҳимоя қилиш эса муқаддас бурч эканини тушунамиз.
Ҳар биримиз ўз оиламиз, туғилиб ўсган қишлоғимиз, шаҳримиз, бир сўз билан айтганда, Ватанимиз ҳақида гап кетса, эътиборсиз бўлолмаймиз, негаки, киндик қонимиз тўкилган гўша — ота макон, она юртни ардоқлаш ва улуғлаш табиатимизда, бутун онгу шууримизда мужассам. Ватанни асраб-авайлаш, севиш, уни ҳимоя қилиш шу азиз макондаги ҳар бир фарзанднинг, жумладан, ижод аҳлининг, журналистларнинг ҳам муқаддас бурчидир.
Тўғри, журналист ҳарбийлар каби қўлига қурол олиб, Ватанни қўриқламайди, аскар сингари постда турмас. Аммо ўткир қалами билан юртини ҳимоя қилади. Шу ўринда айтиш мумкин, журналистлар ҳам Ватан ҳимоячиларидир. Дунёда юзага келган нотинчликлар, авж олаётган қарама-қаршиликлар ана шу муқаддас бурчга садоқат масъулиятини ошириш баробарида ҳар биримизни, айниқса, медиа соҳа вакилларини ахборот хуружлари катта таҳдидлардан бирига айланиб бораётган бугунги кунда янада огоҳ ва ҳушёр бўлишга ундайди.
Таъкидлаш жоиз, кейинги йилларда Давлатимиз раҳбарининг ғояси билан мамлакатимизнинг мудофаа қобилиятини янада ошириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, ёшларимизни юксак ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган чуқур мазмунга эга таъсирчан маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилаётгани эътиборга молик.
Куни кеча пойтахтимиздаги “Туркистон” санъат саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг ғояси билан “Ватан манзумаси” номли адабий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
“Янги Ўзбекистон армияси — мамлакат таянчи, халқимиз фахри!” деган эзгу ғоя асосида ташкил этилган ушбу кеча дастурида истиқлол йилларида юртимиз тинчлиги ва унинг сарҳадлари дахлсизлигини ҳимоя қилиш йўлида қаҳрамонларча ҳалок бўлган мард ва жасур ҳарбийларнинг хотирасига бағишланган “Миллат фидойилари” хотира ёдгорлиги ҳамда Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида мардона курашган ҳамда фронт ортида меҳнат қилган ватандошларимизнинг тенгсиз жасоратини мадҳ этувчи “Хотира нури” композицияси барпо этилишининг маънавий ҳаётимиздаги аҳамиятини очиб беришга алоҳида эътибор қаратилган.
Муҳташам “Туркистон” саройи фойесида ташкил этилган ҳарбий қурол-яроғлар макетлари, бадиий адабиётлар кўргазмаси тадбир иштирокчилари учун мавзунинг ўзига хос муқаддимаси вазифасини ўтади. Таъкидлаш лозимки, ушбу маърифий дастур аниқ ғоя ва сюжет ҳамда театрлаштирилган бадиий композициялар асосида тайёрлангани билан кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда.
Адабий-маърифий кечага мамлакатимиз пойтахти, шунингдек, Тошкент ва Сирдарё вилоятларидаги оммавий ахборот воситаларида фаолият олиб бораётган журналистлар ҳам таклиф этилди.
Ушбу дастур ўтган йиллари бўлиб ўтган тадбирларга монанд тарзда ташкиллаштирилган бўлса-да, бу йилги чиқишлар, намойишлар аввалги йилларга ўхшамаган ўзига хос жиҳатлари билан алоҳида ажралиб турди. Уни томоша қилган одам тинчлик энг бебаҳо неъмат экани, у ўз-ўзидан таъминланмаслигини, осойишталикни сақлаш учун шу юртнинг ҳар бир фарзанди бирлашиши, аҳил-иноқ, Ватанга садоқатли бўлиши, Ватанни онани севгандек севиши, ўз онасини ҳимоя қилгандек ҳимоя қилиши лозим ва шартлигини яна бир бор теран англаши шубҳасиз. Қолаверса, юртимиз тинчлигини сақлаш нафақат ҳарбийларимиз, балки ҳар бир ватандошимизнинг муқаддас бурчи экани, агар барчамиз бир тану бир жон бўлсак, осойишталигимизга ҳеч ким рахна сололмаслигини ҳис қилади.
…Давлатимиз мадҳияси янгради. Саҳнага ҳарбий хизматга чақирилган ёш аскарлар ўз сардорлари бошчилигида чиқиб келди. “Ватан манзумаси” дастуридан ўрин олган куй ва қўшиқлар, саҳна кўринишлари ҳарбий хизматчиларнинг ҳам жисмоний, ҳам ақлий ва маънавий жиҳатдан камол топиб, мард ва профессионал аскарларга — чинакам Ватан ҳимоячиларига айланишига хизмат қилиши қувончли, фахрлидир.
Кечада Ўзбекистон Қуролли Кучларидаги замонавий ўзгаришлар, “Халқ билан армия — бир тану бир жон” деган эзгу ғоя, кўп миллатли халқимизга хос ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик туйғуларининг миллий армиямиз ҳаётида ёрқин намоён бўлаётгани чуқур мазмун билан очиб берилган.
Аскарларнинг ҳаяжонли ва масъулиятли ҳарбий фаолияти, дунё ҳамжамиятидан муносиб ўрин топиб бораётган жонажон Ўзбекистонимиз мустақиллигини, чегараларимиз дахлсизлигини муносиб ҳимоя қилиш учун зарур ҳарбий билим ва кўникмаларни, хусусан, замонавий ахборот технологиялари, сунъий интеллект асосларини ўрганиши, замонавий қурол-аслаҳаларни бошқариши, хорижий тилларни эгаллаши таъсирчан лавҳаларда намоён бўлди.
Дастур давомида таниқли бахшилар томонидан ижро этилган она Ватанни улуғловчи термалар, буюк аждодларимиз — мард ва жасур саркарда Жалолиддин Мангуберди ҳамда Соҳибқирон Амир Темур монологлари, ўзбекона орият ва ғурур тараннум этилган, жадид маърифатпарварларининг юрт тараққиётига эришиш йўлидаги интилишлари акс эттирилган саҳна кўринишлари, таниқли ижодкорлар ва истеъдодли ёш шоирларнинг шеър ва қўшиқлари, ҳарбий жамоаларнинг чиқишлари ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.
Айниқса, мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари томонидан ижро этилган жанговар чақириқ, “Янги Ўзбекистон армияси”, “Мен посбонман”, “Армия ва тарбия” сингари қўшиқлар ва бошқа бир қатор қизиқарли мусиқий-хореографик чиқишлар томошабинлар томонидан олқишлар билан қарши олинди. Шунингдек, “Ниҳол” мукофоти совриндори Саидносир Йигиталиев, истеъдодли хонандалар Шуҳрат Дарё, Ғайбулла Турсунов, Мадина Файзуллаева, Ўтемис Жуманиязовлар ижро этган қўшиқлар даврага файз киритди.
Янги тарихимиз саҳифаларида ҳаммамиз доим ҳурмат ва миннатдорлик билан эслайдиган шундай инсонлар борки, улар мустақиллигимиз ҳимояси йўлида, шарафли хизмат бурчини ўташ чоғида жон фидо этган чинакам қаҳрамонлардир. Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг ана шундай мард ва фидойи юртдошларимиз хотирасига бағишланган “Барҳаёт ўғлонлар” деб номланган шеъри қалбларни ларзага солди.
Шунингдек, дастур давомида тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Мард аскарга совға” туркумида нашр этилган янги китобларнинг тақдимоти ҳам ўтказилди.
Қарийб бир ярим соат давом этган тадбир дастуридан ўрин олган ранг-баранг чиқишлар — эл суйган санъаткорларнинг Ватанни, онани, аёлни, дўстликни, табиатни мадҳ этувчи куй-қўшиқлари, устоз ҳамда навқирон шоир ва шоираларнинг оила, элу юрт, тинчлик, севги-муҳаббатга оид одамни ўйга толдирадиган чуқур маъноли, қалбларни жунбишга келтирадиган шеърлари, ҳарбийларимиз фаолиятига доир мазмунли, кўтаринкилик, фахр-ифтихор бахш этувчи лавҳалар — барча-барчаси томошабинга завқ-шавқ бериш баробарида чуқур ўйга толдиради, фикрлашга, мушоҳада қилишга ундайди.
— Бундай маърифий кечалар кўпроқ ўтказилиши керак, деб ўйлайман. “Ватан манзумаси” дастури менга мамлакатимиз аҳлининг кучли инсоний туйғулари намойишидек таассурот уйғотди, — деди “Жамият” газетаси бош муҳаррири Мақсуд Жонихонов. — Шуни назарда тутганда, маърифий уйғонишлар юз бераётгандек. Бу ерга зиёлилар, хусусан, медиа соҳа вакилларининг таклиф этилгани, шунингдек, залда ўғил-қизларимизни, Ватан ҳимоясида бўлган ҳарбий либосли йигитларимизни кўриб, тадбирнинг аҳамияти катта эканини чуқурроқ ҳис қиласиз. Зотан, бундай маърифий дастурлар иштирокчиларни Ватан муқаддаслигини теранроқ англашга ундайди, ҳар бир инсонда Ватанга садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлайди.
Юртга садоқат ҳақида гап кетганда, бир маълумот ёдга тушади. Тарихдан маълумки, Буюк Хитой девори қурилганидан кейин ҳам Чин юртига ташқи душман томонидан кўп бора юришлар қилинган. Уларнинг ҳеч бири Буюк девор (баландлиги 6-10, кенглиги, 5,5-6,5 метр) устидан ўтиб мамлакатга бостириб кирмаган, эҳтимолки, бунинг уддасидан чиқа олмаган. Аммо ҳар бир неча юз метр оралиғидаги Хитой девори дарвозаларида турувчи соқчиларнинг сотқинлиги туфайли ёв чегарадан ўтишга муваффақ бўлган. Нега бундай бўлганлигини ўрганиш жараёнида масъуллардан бири жавоб берган экан: “Биз Буюк Хитой деворини ҳар жиҳатдан бақувват қилишга жудда катта кучимизни сафарбар этибмизу, аскарларимизнинг маънавиятини, ватанпарварлигини юксалтириш, уларда юртга садоқат туйғусини шакллантиришга етарлича эътибор қаратмаган эканмиз”.
Ҳа, ҳарбийларда, ҳар бир ватандошимизда Ватанга садоқат туйғуси юқори бўлиши — жуда муҳим, керак бўлса барчасиданда муҳимроқ! Шу боис, ҳозирги кунда нафақат юрт посбонларида, балки барча соҳа вакилларида, аҳолида бу туйғуни мастаҳкамлаш долзарб аҳамият касб этмоқда. Шундан келиб чиқилса, “Ватан манзумаси” каби адабий-маърифий кечаларнинг ўрни жуда баланд.
Таъкидлаш жоизки, ушбу адабий-маърифий тадбир намойиши пойтахтимизда муваффақият билан давом этмоқда. Яқин кунларда “Ватан манзумаси” дастурлари Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда, шаҳар-туманларда, таълим муассасалари ва маҳаллаларда ҳам намойиш этиш режалаштирилган.
Холмурод САЛИМОВ,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси раиси в.б.,
Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги
Жамоатчилик кенгаши аъзоси.