Ўқитувчини ким ҳимоя қилади?

Бир пайтлар ўқитувчининг ҳар бир сўзи насиҳат, ҳар бир ҳаракати ўрнак сифатида қабул қилиниб, устознинг қаршисида бошлар эгик, нигоҳлар ерга қадалган бўларди.

Аммо сўнгги пайтларда бу муқаддас зот — устозга нисбатан жамиятда куракда турмайдиган муносабат шаклланаётгани ҳеч кимга сир эмас. Ўқитувчиларга нисбатан ҳақорат ва зўравонлик ҳолатларини кўриб, эшитиб, чин маънода бу аламли манзараларга кўникиб ҳам улгурдик. Бундай ҳолатлар нафақат мактаб муҳитини, балки жамиятдаги маънавий меъёрларни емириши мумкин.

Ўйловсиз ота касофати

Бухоро шаҳридаги 34-мактабда юз берган можародан ҳамма хабар топиб бўлди. Тарқалган видеоёзувда 4-синфда таҳсил олаётган ўқувчининг отаси синф хонасига бостириб кириб, фарзандини хафа қилган бир неча ўқувчини калтаклаётгани акс этган. Зўравон ота судга тортилиб, унга БҲМнинг 5 баравари миқдорида жарима жазоси қўлланилди. Аммо қарордан норози бўлган ота-оналардан бири видеоёзувни олиб, тармоққа жойлаштирган. Натижада мактаб директори, унинг ўринбосарлари ҳамда қоровул ишдан бўшатилган. Синф раҳбаридан ариза олинган, унинг ишда қолиш-қолмаслик масаласини мактабнинг янги директори ҳал қилади.

Аслида нима бўлган? Биз ушбу воқеа юзасидан суриштирув ўтказдик.

Видео ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан кескин танқидга учради. Одамлар давангирдай бир эркакнинг ёш болалар билан тенглашгани, уларни аёвсиз калтаклаганидан дарғазаб бўлди. Ўқитувчиларнинг ҳаракатсизлигидан норози бўлганлар ҳам бор.

Дилфуза Алимова салкам ўттиз йилдан буён ёш авлодга бошланғич таълимдан сабоқ бериб келади. Шу вақтга қадар унинг синфида бирон маротаба бу каби ҳолатлар кузатилмаган, ота-оналар ундан норози бўлишмаган.

“Ўша куни аҳволим жуда ёмон эди: бошим қаттиқ оғриётган, қон босимим кўтарилганди. Шифокорга боришни ўйладим, лекин ўрнимни босадиган ўқитувчи топилмади. Дарс қолмаслиги керак. Юклама ҳам бор… Қисқаси, ўқитувчининг касал бўлишга ҳам ҳаққи йўқдек.

Кун жуда иссиқ эди. Ташқарида тўрт нафар бола ўзаро тортишиб қолган, лекин мен бу воқеадан мутлақо бехабар эдим. Шунда қўнғироқ чалинди. Ўқувчилар синфга киришди. Улар билан бирга ўқувчим Шаҳзоднинг отаси ҳам кириб келди. Ҳаммаси шу заҳоти, кутилмаганда содир бўлди.

Ростини айтсам, ўша пайтда ўзим ҳам руҳий жиҳатдан қандай аҳволда бўлганимни тўлиқ англамаганман.

Ишонинг, ҳеч ким бу ҳолат бундай кескин тус олишини кутмаганди. Воқеанинг асли нима эканини англаб улгурмасимиздан, ўша ота икки-уч нафар болани шапатилаб кетди”, — дейди 4-”Б” синф раҳбари Д.Алимова.

Муассаса собиқ директори Мурод Ҳамроевга қўнғироқ қилдик. У ҳозир баённомалар устида ишлаётгани, вақт тиғизлиги ҳақида гапириб, узр сўради. Кейинроқ ўзи алоқага чиқишини айтиб, хайрлашди. Аммо алоқага чиқмади.

 “Болалар уришганда, катталар ўртага тушмасин!”

30 апрель… Ўша кун ўқувчилар учун дарслар одатдагидек бошланганди. Мактабга бир киши келиб, ўғлининг шу мактабда ўқишини айтиб, унинг устозини кўришни хоҳлаётганини билдирган. Қоровул уни синфга бошлаб борган. Кейин эса ўз жойига қайтган. Бир неча дақиқадан сўнг синфда шовқин ва қий-чув кўтарилган. Бу ҳолатни эшитган қоровул яна синфга қайтади. Айни пайтда вазият таранглашган, ота ўзини идора қилолмаган. Воқеалар ривожи бундай тус олишини на синф раҳбари, на бошқалар кутмаганди. Улар масалани ўзаро муҳокама қилиш ниятида бўлишса-да, отанинг қаттиқ асабийлашгани ва зўравонликка мойиллиги ҳаммани ҳайратга солди.

Қоровул ўша пайт раҳбарият мажлисда бўлганини айтади. У синф раҳбари ҳақида илиқ фикрлар билдириб, уни вазмин, болаларни севувчи, масъулиятли шахс сифатида таърифлайди. Бир одамнинг ўйловсиз ҳаракати сабабли бу каби устознинг йиллар давомида тўплаган обрўсига путур етаётганидан хафа бўлади.

Жанжалкаш ота ҳақида билишга ҳаракат қилдик. Маълум бўлишича, у бозорда улгуржи савдо билан шуғулланади, асосан, сабзавот сотади. Яқинда хотини билан ажрашган. Ўғли унинг қарамоғида қолган. Икки йил аввал Шаҳзод бошқа мактабдан шу мактабга кўчирилган.

Дилшод исмли ўқувчи ҳам ўша можарода бўлган. У болалар уришгани тафсилотларини айтар экан, Шаҳзоднинг отасига “Ўғлингиз оғзи қон, ҳушсиз ётибди”, деган ваҳимали хабарни етказмаганини иддао қилди. Онаси Гулойим Жўраева ҳам суҳбатга қўшилиб, бу воқеа сабаб мактабнинг ва устозларнинг ёмонотлиқ бўлгани, уларга нисбатан кескин чоралар қўлланилганини танқид қилди.

— Бу иш ошиб тушди. Болалар уришади, кўп ўтмай ярашади. Аммо ота-оналар бундай вазиятларда жаҳл билан эмас, ақл билан ёндашиши керак, — деди у.

Телефон орқали боғланганимизда, Шаҳзоднинг отаси Бекзод Шукуров гаплашишни истамади. “Алоқа йўқ, гапларингиз эшитилмаяпти. Кейинроқ ўзим қўнғироқ қиламан”, деди ва телефонни ўчириб қўйди.

Можарода иштирок этган болалар — Шаҳзод, Бурҳон, Самир ва Шехран — доим ошна бўлиб юришган, кўпинча бирга ўйнашган.

Устозлари отаси болани талтайтирганини, қўлига қимматбаҳо телефон ва кўп пул бериб қўйганини айтишади. Тенгдошлари ҳар куни ўзлари билан 5-10 минг сўм олиб келишса, у 50-100 минг олиб келган. Отага бир неча бор эътирозлар қилинса-да, у бунга парво қилмаган. Бу ҳаракатларини ўғлини ўзига қаратиб, онасидан узоқлаштириш учун қилаётганини айтган. Бу эса боланинг хулқига таъсир ўтказмай қўймади. Унинг ўзини тутиши, муомаласи ўзгарди. Тенгқурларини менсимайдиган, уларни ҳақорат қиладиган одат чиқарди. Тегмаганга тегиб, индамаганни сўкиб юргани учун бошқалар билан тез-тез зиддиятга бориб юрарди.

Боланинг хулқида салбий ўзгаришлар вужудга келишида, энг аввало, отанинг ўзи ҳиссадор эканлиги аёнлашди.

“Бизга адолат керак!”

Азиза Рамазонова — жабрланган ўқувчилардан бири Бурҳонжоннинг онаси, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимаси. Судда фақат у иштирок этган. Унинг сўзларига қулоқ тутдик.

— Болам билан боғлиқ ҳолат юзасидан тарқалган “уч нафар бола урибди” деган даъво мутлақо асоссиз, — дейди А.Рамазонова. — Профилактика инспекторлари 7-8 нафар гувоҳ ўқувчи билан алоҳида суҳбатлашиб, воқеа тафсилотини аниқлашган. Маълум бўлишича, Шаҳзодни Самир исмли бола ҳақоратли сўзлар сабаб урган. Аламига чидолмаган Шаҳзод Дилшод исмли ўқувчига отасига қўнғироқ қилдирган. У эса: “Ўғлингиз ҳушсиз ётибди, оғзидан қон оқяпти”, деб чақирган. Шу тарзда воқеа бошланган. Аммо мактабга келган ота вазиятни аниқлаштирмасдан болаларни калтаклаган.

— Судда нега фақат ўзингиз қатнашдингиз?

— Аниқ сабабини билмайман, аммо, менимча, бошқа ота-оналар атай четлатилган. Судья видеоёзувни кўргач, аввалига қаттиқ ғазабланганди. У зўравон отага боласини қолдирмаслик, уни бувиси тарбиясига бериш кераклигини айтди. Аммо кейинчалик у профилактика инспектори ва ўша ота таниши билан суҳбатлашгач, муносабати ўзгарди ва зўравонга фақат 5 БҲМ миқдорида жарима тайинланди. Ахир видеода жиноят мотиви яққол кўриниб турибди-ку!

— Тиббий экспертиза хулосасидан норози экансиз?

— Ҳа. Боламни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига олиб борганмиз. У ерда “юмшоқ тўқималар шикастланиши” ташхиси қўйилган. Экспертиза шу асосда хулоса чиқариши керак эди. Аммо “балоям урмаган” қабилида ижобий хулоса берилди. Бошқа ота-оналар судга чақирилмагани ҳам мен учун оғриқли бўлди.

— “Жазо берилди, бўлди. Тағин нима керак?” дейдиганлар бор. Жавобингиз?

— Менинг устозларга ҳеч қандай даъвоим йўқ. Аммо болаларни ваҳшийларча урган ота муносиб жазога тортилиши шарт. Пулдор одамга жарима кор қилади, деб ўйлайсизми? У шунчаки пул тўлаб, қутулиб кетса, эртага яна шундай қилмаслигининг кафолати йўқ.

Болам ҳозир ҳам кечалари қўрқиб уйғонади. Бошқа болалар ҳам руҳий зарба олган. Менга адолат керак. Болаларнинг ҳуқуқлари тикланишини истайман! — деди Азиза Рамазонова.

Онанинг гапларида жон борга ўхшайди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг безорилик ҳақидаги қарорида жуда аниқ таъриф бор: “Безорилик — жамоат тартибига қарши қаратилган жиноят бўлиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасликда ифодаланган ҳаракатлар шахсни уриш-дўппослаш, унга енгил тан жароҳати етказиш ёки ўзганинг мулкига анча миқдорда шикаст етказиш ёхуд уни анча миқдорда нобуд қилиш билан боғлиқ ҳолда содир этилади. Унинг барча оқибатлари бир вақтда мавжуд бўлиши шарт эмас”.

Яна шундай қўшимча қилинади: “Судлар безорилик жинояти билан маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланмиш майда безориликни бир-биридан фарқлашлари керак”. Шунинг ўзиёқ воқеага жиноий баҳо бериш учун етарли, дейиш мумкин.

Дардингни қудуққа айт, муаллим!

Шу ўринда Бухоро вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига бориб, мазкур воқеа юзасидан уларнинг муносабатини ўрганишга ҳаракат қилдик. Бошқарма раҳбари Ҳамза Эллиев айни пайтда “ZOOM” орқали йиғилишда иштирок этаётгани маълум бўлди. Шунга қарамай, масъуллар орқали журналистнинг шахсияти, қайси нашр номидан келгани ва материал мақсади ҳақида маълумот олиб, саволларимизга жавоб қайтаришга тайёр эканлигини билдирди.

— Бухоро шаҳридаги 34-мактабда содир бўлган воқеа ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлди. Бошқарма томонидан мактаб масъулларига нисбатан кескин чоралар кўрилди. Бу қандай асосланади?

— Бола тақдири — бизга халқ томонидан ишониб топширилган масъулият. Унинг таълими, тарбияси ва хавфсизлиги учун жавобгарликни биз ўз зиммамизга олганмиз. Шу масъулиятга хиёнат қилган ҳар қандай шахсга кескин чора кўриш — бизнинг бурчимиз. Бу ҳолат мактаб маъмурияти томонидан жиддий эътиборсизликка йўл қўйилиши оқибатида юзага келган.

— Ҳар қандай тизим ўз кадрларини ҳимоя қилиши керак. Акс ҳолда, ходимлар кимга суянишни билмай қолади.

— Албатта, биз ҳам ўқитувчини ҳимоя қиламиз. Лекин бу ҳимоя у масъулиятини англаган, ўз бурчини сидқидилдан бажараётган ҳолдагина бўлади. Агар ўқитувчи ёки маъмурият ўз вазифасини бажаришда бепарво бўлса, биз, аввало, ўқувчининг манфаатларини ҳимоя қиламиз.

Таълим муассасасида ҳар бир бола ўзини хавфсиз ва ҳимояланган ҳис этиши шарт. Бу борада мактаб раҳбарияти ва ҳар бир педагог ходим тенг даражада жавобгар ҳисобланади. Шунинг учун таълим тизимида масъулиятсизликка йўл қўйган ҳар қандай ходимга нисбатан кескин жазо чоралари қўлланилиши муқаррардир.

Кимдир директорга, унинг ўринбосари ёки ўқитувчига ачинар. Улар “бекорга ишдан олинди” дейишлари мумкин. Лекин шуни унутмаслик керак: гап болалар тақдири ҳақида кетяпти. Шу боис биз бу ерда болаларни ҳимоя қилдик.

— Шу билан бирга, ишдан олиш мавжуд муаммони ҳал этади, дейиш қийин. Бундай чора келажакда бу каби ҳолатлар такрорланмаслигига кафолат бера оладими?

— Албатта, беради. Чунки бу барча мактаб раҳбарлари ва ўқитувчиларга сабоқ бўлиши керак. Улар доимо ҳушёр ва масъулиятли бўлиши шарт.

Саволлар кўп…

Ўқитувчини эмас, болаларни ҳимоя қиламиз, деган баландпарвоз жавоб, очиғи, ўйлантириб қўйди. Тўғри, болани ҳимоя қилиш — ҳар қандай тизимнинг бош мақсади бўлиши керак. Аммо шу ерда бир савол туғилади: болани кимдан ҳимоя қиляпсиз, жаноб? Ўқитувчиданми?

У ҳолда ўқитувчи кимга суянади? Уларни ким ҳимоя қилади? Хўп, таълим бошқармаси устозларни ҳимоя қилмас экан, буни тушундик. Уларга тиргак бўла оладиган мактаб директори, ўринбосарлар ва жамоат бирлашмаси ҳисобланган касаба уюшмаси бор-ку, ҳар қалай, деб турсак, не ажабки, улар ҳам ёппасига ишдан олинган экан. Педагог дардини кимга айтсин унда?

Хуллас, гўё арининг уяси ковлангандек. Адолат тарозиси бузилгандек. Бир томонда — суднинг қароридан норози ота-оналар, иккинчи томонда — айбсиз айбдорга айланиб, ҳаловатини йўқотган мактаб ўқитувчилари.

Ҳамзабек ТУРДИЕВ,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen − eight =