Жавоҳирлар хазинаси

Китоб — ҳаёт ҳикматларини ўргатувчи жавоҳирлар сандиғи. Китобга бўлган меҳр-муҳаббат эса, албатта, болаликдан уйғонади.
Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббуснинг тўртинчиси – Ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишда, келажагимиз бўлган азиз болажонларимизнинг маънавий дунёсини бойитиш, замонавий техника-технология ривожланган бир пайтда китобга бўлган қизиқишини ва меҳрини ошириш мақсадида 101 йиллик тарихга эга “O‘zbekiston” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Эртаклар яхшиликка етаклар” рукни остида “Акылдуу чабан”, “Тумшуғидан илинган тулки”, “Тулкичанинг саргузаштлари”, “Олтин тарвуз”, “Хурмача полвон”, “Тўғрисўз Аҳмад”, “Саводхон жўжа”, “Нилснинг ёввойи ғозлар билан ажойиб саёҳати” каби китобларнинг тақдимот маросими ўтказилди.
Болажонларимиз дунёқарашининг шаклланишида эртакларнинг хизмати беқиёс эканлигини инкор этиб бўлмайди. Кичкинтойлар эртакларнинг сеҳрли оламига сайр қилиш орқали мурғак тафаккурларида ҳақиқий ҳаёт ҳақида тасаввур қилиш билан биргаликда жажжи қалбларида эзгуликка муҳаббат ва ёвузликка нафрат ҳиссини туядилар.
Эртаклар йиллар ўтса-да, асрлар ўтса-да ўзининг бебаҳо қийматини йўқотмайдиган маънавий озуқадир.
Тақдимотни “O‘zbekiston” нашриёт-матбаа ижодий уйининг бош муҳаррири Азимбой Бобониязов нашриётнинг 101 йиллик тарихи, кўплаб чоп этилган китобларнинг китобхонлар эътирофига сазовор бўлаётгани ҳақида сўз юритиб очиб берди. Шунингдек, нашриёт директори Хушнуджон Маҳмудов “Акылдуу чабан”, “Тумшуғидан илинган тулки”, “Тулкичанинг саргузаштлари”, “Олтин тарвуз”, “Хурмача полвон”, “Тўғрисўз Аҳмад”, “Саводхон жўжа”, “Нилснинг ёввойи ғозлар билан ажойиб саёҳати” каби китобларни тайёрлашда меҳнати сингган илм аҳлини муборакбод этиб, келгусидаги ишларида куч-қувват тилади. Болалар адабиётига бағишланган ушбу маросимда Қирғиз Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси маданият атташеси Албина Сувонкулова, Ўзбек-Қирғиз дўстлик жамияти раиси Зуҳриддин Исомиддинов, Ўзбекистондаги Қирғиз Республикаси миллий маданий марказидан Анора Жабборовалар ўзбек халқ эртакларининг энг сараларидан тўплаб, қирғиз тилига таржима қилинган “Акылдуу чабан” китобининг нашр этилиши қирғиз тилида таҳсил олувчи болажонларимиз учун ёзги таътилга муносиб совға бўлганини таъкидлаб ўтишди. Шунингдек, тадбир давомида “Тумшуғидан илинган тулки”, “Тулкичанинг саргузаштлари”, “Олтин тарвуз”, “Хурмача полвон”, “Тўғрисўз Аҳмад”, “Саводхон жўжа” каби китобларнинг муаллиф ва тўпловчилари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини иштирокчилар билан ўртоқлашдилар. “Акылдуу чабан” китобининг таржимони Бурулой Душанованинг таъкидлашича, бу китоб мамлакатимизда яшаётган турли миллат ва элат вакиллари орасида бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва тотувлик ришталарини янада ривожлантириш, жумладан, қирғиз халқининг маънавий мероси, маданияти, урф-одатлари, анъаналарини ёш авлодга етказишда хизмат қилади.
Ўзбек халқ эртакларидан ташкил топган “Олтин тарвуз” китобининг тўплаб, нашрга тайёрловчиси Лаълихон Игамова, “Нилснинг ёввойи ғозлар билан ажойиб саёҳати” китобининг таржимони Очил Тоҳир ўз маърузаларида “Эртаклар болажонларимиз қалбига эзгулик уруғини қадайди, улар орқали яхшиликнинг ғалабасига, дунёда муҳаббат ва адолат устувор бўлишига ишонтиради. Садоқат, ватанпарварлик, ҳалоллик, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат каби туйғуларни шакллантиради. Биз таржимонлар эртакларни болажонларимиз учун қайси тилдан таржима қилсак ҳам ўзимизнинг миллий менталитетимизга мослашга ҳаракат қиламиз. Сўз жавоҳирларини танлаб, барчага бирдек тушунарли бўладиган сара сўзлардан фойдаланамиз. Токи улар эртакларни ўқиётганларида қийинчилик туймасинлар, маъносини англаб етишлари осон бўлсин”, деб ёш таржимонларга ўз маслаҳатларини бериб ўтдилар.
Тадбир давомида турли хил музокаралар ва фикр алмашишлар бўлиб ўтди. Тақдимотда иштирок этаётган барча меҳмонларга “O‘zbekiston” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан чоп этилган китоблар совға қилинди. Инглиз ёзувчиси Френсис Бекон таъкидлаганидек “Китоб замонлар денгизида саёҳат қилаётган ва ўзининг қимматбаҳо юкини авлодлардан-авлодларга ташиётган ҳикмат кемасидир”. Умид қиламизки, ушбу тақдимоти ўтказилган китоблар ҳам узоқ йиллар давомида келажак авлодларимизга маънавий озуқа беришда беқиёс хизмат қилади.
Махмуда ЯКУБДЖАНОВА,
“O‘zbekiston” нашриёт-матбаа ижодий уйининг бош муҳаррир
ўринбосари.