Журналистга хат

(Тележурналист Саодат Ўрмоновага)

Салом, Саодат синглим!

Дам олиш кунлари “Youtube”дан  кўрсатувларингизни томоша қилдим. “Томоша” дейишим унчалик ўрнига тушмади-ёв. “Кўрдим ва тингладим” десам маъқул.  Лекин “кўрсатув тингланмайди, кўрилади, томоша қилинади”, деб гина қилишлари тайин. Менинг назаримда, қулоқ билан тинглаш бўлгани каби кўз билан ҳам тинглаш бор. Бу фикрий, қалбий  назар билан боғлиқ жараён.

Кейинги йилларда кўрсатувларда турли хил эффектлар, ҳар хил бежамалар  олдинга чиқди. Бу нарсалар керак, албатта. Фақат улардан тўғри фойдалана билиш шарти билан,  “маъно келини”ни ўзига хос либосларда  кўрсатиш учун керак, бемаънилик қўғирчоғини намойиш қилиш учун эмас. Зеро, нодонни зар тўнга ўраб қўйганингиз билан у ақлли бўлиб қолмайди, шунчаки зар чопон кийиб олган нодонга айланади, холос.  Гап шундаки,  мазмун ва моҳият чекинди. Мен мазмун ва моҳият деганда, кераксиз гап сотишлару, “сохта донолик”ни назарда тутаётганим йўқ. Бир пайтлар  чала журналистларнинг “Ёзда кунлар иссиқ бўлади, деган эди буюк донишмандлардан бири” каби  серхитоб сафсаталарини шу қулоқларим билан кўп эшитганман. (Ё, тавба! Ёзда кунларнинг иссиқ бўлишини беш яшар гўдак ҳам билади-ку. Бунга донишмандларни аралаштириб нима қиласан?) Бу ўринда мен мазмун деганда, тобора танқис бўлиб бораётган оддий, ҳаётий моҳиятни, инсоний  кечинмаларни, фикрни  айтяпман.

Саодат, менга сизнинг кўрсатувларингиз ёқади! Нимаси билан? Табиийлиги, самимияти билан, ҳар хил олди-қочдилару ёлғон-яшиқ мулозаматлардан, арзимас шуҳрат таъмаидаги майда илинжлардан узоқлиги билан ёқади. Сиз кўча-кўйда бировлар бармоғини нуқиб кўрсатиб, “ие, фалончи-ку” дейишларидан фахру ифтихор қилиб, кибрланадиганлар тоифасидан эмассиз. Ҳолбуки, танилиш бошқа-ю, тан олиниш бошқа. Кўрсатувларингизни кўриб ўтириб, самимиятингизга қойил қоламан.

Оҳангароннинг Гўштсой қишлоғидан Саттор бобога сиз савол беряпсиз: “Сизни ҳозир машинага ўтирғизиб, Тошкентга олиб кетсак, бир ойча туриб келасизми?” Чол  жавоб беряпти: “Менга Маккатилло ҳам, жаннат ҳам шу ерда, қишлоғимда”. Оқсоқол бу гапни юракдан айтди. Шунинг учун ҳеч бир иккиланишсиз унга ишонасиз. Ватан ҳақида кўп гапирамиз, ясама гапларни тўқишга ҳам устамиз…  Лекин тарозига қўйиб кўрсак, бизнинг бир қоп гапимиздан бобонинг шу бир жумласи оғир келади.

Сиз яна савол берасиз: “Кампирингизга “сени яхши кўраман” деб ҳеч айтганмисиз?” Саттор  бобо эса,  не дерини билмай, қимтиниб жавоб беради: “Йў-ўқ… айтмаганман. Лекин… кампиримсиз бир кун ҳам яшай олмайман”. Баъзи хорижий фильмларда, кейинги пайтларда ўзимизнинг баъзи фильмларимизда ҳам  эркак ва аёлнинг бир-бирига тинимсиз “Сени севаман” деб такрорлашларини,  ҳатто уйидан чиқиб машинада кетаётганда телефон қилиб, салом ва хайр ўрнига ҳам шу гапни тўтидай қайтаришларини, лекин озгина синов келиб қолса, бир-бирларини итдан олиб итга солишларини, “севгижон”ни аро йўлга ташлаб қочишларини кўрамиз. Кейин нима бўлади? Кейин сақичдай чайналиб адо бўлган бу иборани туфлаб ташлашади. Аслида юрак томирларидан қондай сизиб чиқиши  керак бўлган “Мен сени яхши кўраман” деган гап ҳам  тул, тумсо сафсатага айланиб қолади.

Лекин Саттор бобо ўзи билан 65 йил бирга яшаган, ҳаётнинг оғир-енгилини бирга кўриб-кечирган, 11 фарзандни бирга тарбиялаб улғайтган, қаҳатчилик йилларида бир дона қурут билан бир кунни кечирган, хуллас, доимо ёнида йўлдоши бўлган кампирига бу гапни айтмаган экан. Буни изоҳлаш ҳар кимнинг ўзига ҳавола.  Биров ундоқ дер, биров бундоқ дер. Кимдир “Чоли тушмагур 65 йиллик умр йўлдошидан шу икки сўзни қизғанибди-да” деб айбситар. Лекин бир нарсани унутмаслик керак, 90 яшар чол гарчи бирор марта айтмаган бўлса-да,  бу эзгу гапни яшаб ўтган. Бу  шундоқ кўриниб турибди. Асли унинг юраги, ҳаёти шу сўзларга айланиб бўлган.

Саодат синглим, сизнинг кўрсатувларингизда мен элимизни кўраман, соддадил, бағрикенг, инсоф-имонли, самимий одамларимизни учратаман. Уларнинг қизиқ суҳбатларини мириқиб эшитаман. Бундай одамларни ич-ичимдан соғинганимни ҳис этаман. Гўё 20 дақиқалик кўрсатув вақтида кўрганим – бу одамлар менга азалдан танишдай туюлади, уларни кўпдан бери биладигандайман, бундан кейин ҳам улар билан қадрдон бўлиб қоладигандайман. Уларнинг 20 дақиқалик суҳбати баъзи хусусий каналларда  берилаётган 100 сериялик сериаллардан кўра 100 карра фойдалироқ эканини ҳам сезаман. Оддий ва самимий одамларда гап кўп, Саодат.  Чунки Ҳазрати Хизр ҳам, фаришталар ҳам улар билан бирга.

Сохтагарчиликлардан анча безибман. Бундай пайтда сизнинг қаҳрамонларингизни эшитгим келади. Баъзида йўқ бўлиб кетяпти дейилган фазилатларни улардан топаман.  Ҳа, мен бу одамлар тимсолида кейинги пайтларда кам кўриниб қолган меҳр-оқибат, андиша, ҳаё, диёнат, имон туйғуларини кўргандай бўламан. Яхшига яхши йўлиққанидай, самимийга самимий йўлиқар экан. Сизнинг ўзингиз жуда самимий бўлганингиз учун шундай одамлар йўлингизда учраб қолаётган бўлса ажабмас.

Паркентнинг Жудуруқ қишлоғидаги Раҳмонберди Суяров, Марварид Суярова оиласи ҳақида кўрсатув тайёрлабсиз.  Ўзингиз ҳам бу жараёнда шу қишлоқнинг аёлига айланиб улгурдингиз. Йилқи соғдингиз, пишкак билан қимиз пишитдингиз, қурут қилдингиз…  Бу оила ҳаётининг ўзи бир ибрат мактаби деса бўлади. Раҳмонберди билан Марвариднинг ҳаётини кузатиб, гапларини тинглаб, аслида бахт ҳам оддийликда эканини англайсиз. Уларнинг гурунгларини қайта-қайта эшитдим. Тўймадим. Самимий гурунгларга сувга чанқагандай чанқаган эканман.

Ижодингизга, ҳаётингизга файз ва барака тилаб қоламан.

Дуойи салом билан

Эшқобил Шукур.

07.07.25.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 − twelve =