Тизимли фикрлаш – инсон салоҳиятини шакллантиради

Юртимизда дунёга келаётган ҳар бир чақалоқ — янги инсон Ўзбекистон диёрида пайдо бўлиши ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун мамлакатимизда мавжуд шарт-шароитлар таъсирида улғаяди.

Агар инсон камол топиши учун зарур бўлган моддий ва маънавий компонентларнинг ҳар бирини алоҳида бир тизим деб оладиган бўлсак, чақалоқнинг онаси, табиат, атроф-муҳит, медицина, маҳалла, оила ва яна кўпгина тизимлар — оламлар чақалоқнинг улғайишида катта таъсир қилади.

Айтайлик, ҳар бир пайдо бўлаётган инсоннинг ўзи бир олам бўлса, ривожланишида унга бошқа оламлар ўз кўрсаткичлари орқали таъсир қилади ва шу ташқи таъсирларнинг қанчалик яхши уюштирилганига қараб, келажакда у комил инсон бўлишига имконият пайдо бўлади.

Адабий мушоҳадамизда ва инсонларнинг ўзаро суҳбатида олам тушунчаси кўп ишлатилади. Биз фараз қиладиган борлиқни бир олам деб қабул қиламиз. Жонли борлиқни эса ташкил этувчилар бор. Улар — борлиқнинг танаси, ичидаги жараён ва қувват (руҳ). Борлиқ танасининг тузилишини унинг тизими орқали таҳлил қиламиз. Борлиқ тизими орқали борлиқ ичидаги асосий борлиқни ташкил қилувчи борлиқларни кўрамиз. Яъни олам ичида оламларни кўрамиз. Яна энди фикримизда асосий олам ичидаги ҳар бир оламнинг танаси, унинг ичидаги жараёни ва жараённи юритувчи қуввати кўринади. Шу тарзда тизим фикрлар оламлари ичига кириб бораверади.

Тизимларнинг қанчалик яхши уюштирилиши, катта тизимларнинг шакллантирилиши, уларнинг қанчалик амалга оширилиши республика аҳамиятидаги катта масалаларнинг ечимига олиб келади. Шу баҳонада тизимли фикрлаш ва унинг услуби ҳақида фикрлаймиз.

Шундай қилиб, тизим ўзи нима деганда, уни хаёлимиз англай оладиган борлиқ — оламнинг танаси — материалистик тузилиши деб ифодаласак, аниқроқ бўлади. Тизим ичида жараён содир бўлади. Тизим ва унинг ичида ҳам яхлит борлиқ бор, десак, ҳар бир борлиқни ўзига яраша бир олам дейиш мумкин.

Алишер Навоийнинг ғазалида айтилгани каби:

Ўн сакиз минг олам ошуби агар бошиндадур,

Не ажаб, чун сарвинозим ўн сакиз ёшиндадур.

 

Донишмандлардан бирининг фикрича, коинотда оламлар кўп, оламлар ичида ҳам оламлар ва уларнинг ташқарисида ҳам оламлар айланади. Баъзи оламлар бир-бирига халақит бермай ва кўпгина оламлар бир-бирига таъсир этиб айланаверади. Бир-бирини ўзгартириб боради.

Ҳар бир олам ичидаги оламларни ва унинг ташқарисидаги оламларни аниқлашда, уларнинг бир-бирига таъсирини билишда тизимли фикрлаш ёрдам беради.

Энди тизимли фикрлаш ўзи нима, унинг услуби қандай? Тизимли фикрлаш хусусиятларидан бири борлиқ ичидаги борлиқларни топиш, яъни оламлар ичидаги оламларни таҳлил қилиб, ечим топишдир. Ҳар бир оламнинг физикавий тузилиши тизим, унинг ичида эса жараён содир бўлади. Танланган борлиққа (оламга) таъсир қиладиган кўрсаткичлар асосида унинг чиқиш кўрсаткичларининг ўзгаришини аниқлаш ечим топишга асос бўлади. Оламнинг тизимли ҳолатини физик кўрсаткичлари белгилайди. Оламдаги ўзгаришлар эса, асосан, тизим ичидаги жараён кўрсаткичларига боғлиқ. Кўрсаткичлар ичида биз ўзимизга кераклиларини аниқлаймиз, гоҳида чала ташхис қўямиз, гоҳида меъёридан ошиб кетамиз.

Тизимли фикрлаш асосида таҳлил қилиш яхши натижа беради. Масалан, келажак ўн йил ичида қадимий Ўзбекистон еридаги халқлар учун Ренессанс бўлиши режалаштирилди, мақсад қўйилди. Шу мақсад бўйича бутун халқ, ҳаммамиз порлоқ келажакка интилмоқдамиз.

Ер куррасида улуғ донишмандларнинг фикрлари билан тараққиёт содир бўлган. Ўзбекистонда ҳам Ренессансга интилиш энг яхши ғоялардан биридир. Ер юзида олдинги ренессанслар натижасида аҳолининг маълум гуруҳларида илмли инсонлар сони кўпайган бўлса, охирги 100 йилликда мамлакатлар орасида ва ҳар бир мамлакат ичида ақллар кураши кучайди. Билимли инсонларнинг кўпайиши билан ривожланган давлатларда ишлаб чиқариш унумдорлиги бир неча баробар ошиб кетди. Ўз вақтида АҚШнинг собиқ президенти Билл Клинтон барча АҚШ аҳолиси олий маълумотли бўлади, деган фикрни олға сурган эди. АҚШ қаторида ёппасига аҳолининг билимини кучайтиришга интилган Сингапур, Япония, Хитой ва бошқа кўпгина мамлакатлар ишлаб чиқариш унумдорлиги баландлиги билан алоҳида ажралиб туради.

Ана энди ўйлаб кўрайлик, Ўзбекистонда туғилиб, улғаяётган кичик инсоннинг камол топиши учун жамики шарт-шароитлар мавжудми? Болалик оламидаги кўпгина тизимлар яхши ишлайдими? Албатта, мамлакатимизда мактаб ўқувчиси даражасига келадиган инсонлар, ёш болалар учун чиройли ишлар қилиняпти. Мактабгача тарбия тизими билан бирга бошқа тизимларда ҳам олға силжиш кўзга ташланяпти. Мактабгача тарбия тизими ҳамда бошқа оламлар: оила, маҳалла, спортга оид маданий ва маърифий тўгараклар таъсирида инсон шаклланмоқда.

Ўсиб келаётган янги авлод учун мамлакатимизда ўзига яраша оламлар шакллантирилган. Тизимлардан бири — мактаб тизими. Ўрта таълимга узлуксиз таълимда катта ўрин берилиб, уни ривожлантириш чоралари кўрилмоқда. Ўрта таълимга таъсир этадиган барча компонентларни таҳлил қилиб, муҳимларини аниқлаш, улардаги жараёнларни бошқариш асосида ўрта таълимга эга бўлувчи инсонни яхшироқ даражага етказиш мумкин.

Ана шуни ташкил қилишда мактаб тизимига катта талаблар қўйилмоқда. Маҳалла ва тумандаги, яна ўқувчининг атрофини ўраб турган кўпгина тизимлар таъсири тўғри ташкил этилса, ёш инсоннинг ўрта мактабни битиришида яхши натижа бўлади.

Тизимларнинг қанчалик яхши уюштирилиши, катта тизимларнинг шакллантирилиши, уларнинг қанчалик амалга оширилиши республика аҳамиятидаги катта масалаларнинг ечимига олиб келади.

Президентимиз томонидан Ренессанс мақсадининг амалга ошишида ёшлар кучи катталиги муҳим аҳамиятга эга эканлиги, ёшларга эътибор бошқача бўлиши кўп маротаба таъкидлаб ўтилди. Ёшларнинг ривожланишига тизимли фикрлашнинг қандай таъсири борлиги ҳақида сўз юритишда тизимли фикрлаш тушунчасига ва услубиётига устувор эътибор берилиши зарур.

Ўзбекистоннинг структуравий тизими билан ундаги жараён яхлит бир олам. Унинг ичида ҳам кўп оламлар айланяпти. У оламларнинг бир-бирига боғлиқлигини аниқлашда кўп поғонали тизимли фикрлаш ёрдам беради. Республика катта олам сифатида катта тизим бўлса, унинг ичида кичикроқ оламлар ва кичикроқ тизим ичида янада кичикроқлари ва уларнинг орасида янада кичикроқ тизимлар кўрилади. Ҳар бир тизимнинг ўз жараёнлари бор. Жараёнлари орқали оламларнинг бир-бирига боғлиқликлари ва ривожланиш ечимлари топилади.

Шу жиҳатдан инсоннинг билим ва таълим-тарбия олиш тизимининг ўзи — катта масала. Унинг атрофида ва ичида ташкил қилинган тизимлар қанчалик тўғри бўлса, чиройли ишласа, инсон яхшироқ ривожланади, атрофдаги оламларга фойда келтиради. Инсон ўзининг ички оламида яхши ҳаракат қилиб, ташқи (муҳит) оламлар билан биргаликда ижобий кўрсаткичларини ривожлантирса, комил инсон томон йўналади.

Бош мақсад — ёш инсоннинг ўз олами ва атрофида айланаётган оламлар таъсирида яхши ривожланишидир.

Ҳозирги давр — балоғатга етаётган ёш авлод, олий билимгоҳларда таълим ва тарбия олаётган, бирорта жойда яхши иш қилаётган авлоднинг тизимли давридир. Ҳозирги авлодни тўлдирадиган бундан кейинги авлод — болалар олами турибди. У ҳам мавжуд борлиқ, бир олам.

Республикамизда тизимли фикрлаш таъсирида яхши ўзгаришлар бошланди. Энг катта ечимлардан бири — аҳолининг билимини оширишга эътибор кучайтирилди, унга ажратилаётган маблағлар кўпайтирилди, мамлакатимизда Учинчи Ренессанснинг пойдевори барпо этилмоқда. Охирги йилларда халқимизда билим олишга интилиш — мактабгача таълим, мактаб ва олий билимгоҳларга интилиш кучайди, шунингдек, докторантурага конкурслар ҳам кескин ошди. Бунинг натижасида мамлакатимизда Ренессанс бўлади ва тўғри ташкил қилинган тизимлар ўз ижобий таъсирини кўрсатади.

Шу билан бирга, республикамизнинг миллий даромади ўсиб бориши баробарида мактабларда аҳолининг билим олишига ажратилаётган маблағлар сарфига халқнинг ўзи янада эътиборни кучайтириши кераклигига диққат қаратиш керак. Бу борадаги ечимлардан бири — маҳаллаларда мактаб жамғармаси ва тафтиш комиссияси ташкил қилишдир. Жамғарма маблағлари таълим масканига энг малакали ўқитувчиларни таклиф этишга йўналтирилиши мумкин. Шу орқали ҳар бир маҳалла мактаблари энг яхши ўқитувчиларни жалб қилиш бўйича рақобатлашса, бу пировардида ёшларнинг билим олиши ва тарбиясида тезда ижобий ўзгаришларга олиб келади.

Давлатимиз раҳбари 30 июнь куни мамлакатимиз ёшлари билан ўтказган йиғилишдаги нутқида “Ишончим комил, биз кўп миллатли бутун халқимиз билан, сиз, азиз фарзандларим билан улуғ мақсадларимизга, албатта, етамиз! Янги Ўзбекистонни барчамиз биргаликда, албатта, барпо этамиз!” деб алоҳида таъкидлаб ўтди. Ана шундай улуғ мақсадга эришишда ёшларнинг билимини оширишнинг муҳим воситаси бўлган тизимли фикрлашни ривожлантиришнинг ҳам алоҳида аҳамияти бор.

Асқар АРТИКОВ,

техника фанлари доктори,

профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 2 =