“Тупроғи зар, маъданим маним…”

ёки “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси,
Олий Мажлис Сенати аъзоси Абдулла ХУРСАНОВ билан суҳбатдан кейинги ўйлар
Ўтган йилнинг кузи эди. Олмалиқ кон-металлургия комбинатида бўлгандик. Яхши меҳмон тўй устига борганидек, ўша куни комбинатнинг ташкил топганига етмиш беш йил тўлгани муносабати билан ўтказилаётган тантанада қатнашдик. Комбинат ҳовлисида юзлаб ишчи-хизматчилар, чет эллик ҳамкорлар ва биз каби журналистлар тантана дастурхони атрофида ўтириб, таъсирли воқеалар гувоҳи бўлгандик. Комбинат раҳбари гоҳ меҳнат фахрийлари олдига борар, гоҳ ёш мутахассислар ўтирган жойда уларга илтифот кўрсатар, қатор оралаб юрарди. Ўша куни энг оддий ходимлар — фаррошдан тортиб боғбонгача мукофот олди.
Гарчи бу байрамга комбинат раҳбарининг бир ишораси билан машҳур хонанда-ю созандалар келиши мумкин бўлса-да, аммо комбинат раҳбари маҳаллий хонандалар пилигини бир парда кўтариб қўйибди. Саҳнада олмалиқлик санъаткорлар. Улар куй-қўшиқлари билан байрамга файз киритишган эди.
Насиб этса, яна келиб мақола тайёрлаш ниятида Олмалиқдан хуш кайфиятда Тошкентга қайтгандик…
2025 йил 13 июнь тонгида таҳририят режасига кўра Олмалиққа йўл олдим. Тошкентдан Фарғона водийсига олиб борадиган Олмалиқ автомагистрал йўлидан қирқ йилдан бери водий вилоятларига, туғилган юртим Ўшга бориб қайтаман. Конлар қазиб олишдаги тараққиёт шиддати Қамчиқ довонига чиқувчи йўлнинг йўналишини тез-тез ўзгартириб туради. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев иқтидорга келгач, кейинги тўққиз йилда бу қадим йўллар кенгайди, равон бўлди. Атрофларига экилган дов-дарахтлар бўй кўрсатиб турибди. Халқаро автомагистрал жаҳон йўл қурилиши андозаларига мос келадиган даражада қайта қурилди. Тошкент-Олмалиқ йўлининг икки тарафида паст-баланд қияликлар бағрига экилган юз минглаб дарахт ниҳоллари улғайиб, ўрмонзорларга айланаётир. Қисқа икки-уч йил ичида яратилган яшилликка — яшил маконларга қараб кўзлар қувнайди. Олмалиқнинг қаҳрамон кончилари тоғу тошлар қаъридан ажратиб олган олтинлару қимматбаҳо маъданлар узоқ-узоқларга бу азим йўллардан “сафар”га кетади.
Йўл бўйларидаги адоғи кўринмайдиган боғларга нигоҳ ташлаб борарканман, хаёл узоқларга олиб кетди. Самарқанд шаҳри атрофидаги қадимда Соҳибқирон Амир Темур бобомиз яратган боғлар роппа-роса ўттиз беш йил аввал вилоят ҳокими бўлиб ишлаган Пўлат Абдураҳмонов томонидан тикланган эди. Шу тўғрисида “Совет Ўзбекистони” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) газетасида “Яхшидан боғ қолади” деб номланган публицистик мақолам босилганди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятида биринчи раҳбар бўлиб ишлаган йилларида йўл бўйларидаги “Темур боғлари”га янаям катта эътиборда бўлгани кўпчиликка маълум бўлса керак. Айниқса буни бутун Самарқанд аҳли яхши билади. Бугун Тошкент-Ўш йўлининг Ўзбекистондан ўтувчи ҳамма манзилларида ана шундай гўзал боғлар яратилди. Яшилликни кўрганимда илҳомим жўшиб кетадиган ижодкор янглиғ ҳеч иккиланмай бу боғларга “Мирзиёев боғлари” деб ном бергим келади. Самимий сўзларимни ўқиётган азизлар, яхши биласиз, ўн йил аввал магистрал йўллар ёқаларидаги катта-катта майдонлар чўл бўлиб қақраб ётарди. Бугун шу йўлларнинг икки томонидаги боғларни кўриб ақлингиз шошиб қолади, боғбонларига қараб боғбон бўлгингиз келиб кетади. Шубҳа йўқки, кўчат экиб боғу ўрмонлар яратган борки, албатта, ажрини олади.
Хулласи калом, Олмалиқ кон-металлургия комбинатига етиб бордим. Сим қоқсам, комбинат раҳбари йўлда экан, тез орада идорага келишини айтди.
Очиқ чеҳра билан “ассалому алайкум-ва алайкум ассалом”дан сўнг у “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг, яъни ўзининг хизмат хонасига таклиф қилди.
Абдулла Хурсанов билан танишмасимдан аввал уни мансаб мақомотига кўра, қўл етмас баландда юрадиган, ҳукумат раҳбарлари назаридаги расмий мулозим бўлса керак, деб тасаввур қилгандим.
Олиб киришимга рухсат беришса ҳам, одатимга кўра, қўл телефонимни қабулхона бекасига қолдирдим. Бошқарув раиси мен тақдим этган “Hurriyat” газетасини варақлаб кўздан кечирди. Иш столи устидаги бошқа газеталарга ишора қилиб, оммавий ахборот воситаларидан кўнгли тўлмаётганини дангал айтди. У оғриқли ярага туз сепгандай бўлди.
— Телевидение ва газеталарда бирёқламалик кучайиб кетди, — деди у. — Бугун жамиятдаги маънавий таназзул ҳақида журналистлар бонг уриши керак-ку! Одамлар соғлиғини ҳам ўйламайди, ёшу қари бирдай интернетга ёпишиб олишган. Кўпчилик ёшлар билимда олдинга, ахлоқда эса орқага қараб кетмоқда. Чет тилларни билади, аммо ҳалол-ҳаромни ажрата олмайди.
Унинг иддаоларини тинглаб ўтириб, Ўзбекистон Қаҳрамони — устоз Иброҳим Ғафуровнинг: “Ҳали пешонасига чизиқ тушмай суханидан манманлик келадиган ёшлар кўпайиб кетди”, дегани ёдимга тушди.
Абдулла Хурсановнинг жамиятдаги бу каби иллатларга бефарқ эмаслиги суҳбатимизнинг дастлабки дақиқаларидаёқ аён бўлди.
— Айрим аёлларда ҳаё, ибо, эркакларда ор қолмаяпти, улардан тарқаладиган зурриётлар қандай бўлади? — деди у. “Шундай ҳолатларни кўпроқ ёритинглар”, дегандай менга юзланди.
— Бизнинг минг йиллик урф-одатларимиз, маънавий бойликларимиз унут бўлмоқда. Буларни, албатта, матбуот кўтариб чиқиши керак. Айрим болалар боғчаларидаги кўзбўямачиликларни қаранг. Набирам пойтахтдаги боғчага қатнайди. Биласизми, эътибор қилсам, кейинги ойларда унинг таълим-тарбиясида орқага қараб кетиш сезилиб қолди. Мудира ва тарбиячилардан суриштирсам, улардаги мактабгача таълим-тарбия услублари комбинатимиздаги болалар боғчаси даражасидан анча паст экан. Уларни болалар боғчаларимизга таклиф этдим. “Келинглар, кўринглар, ўрганинглар”, дедим. Бола тарбияси ўта муҳим масала, бу муқаддас соҳада кўзбўямачилик қилиш гуноҳ.
— Яқинда ижтимоий тармоқларда бир хонанданинг ўта қиммат нархдаги автомашина сотиб олгани муҳокама қилинди, — деди у сўзида давом этаркан. — Муносабат билдирганлар орасида унга ҳавас қилиб олқишлаганлар ҳам кўп. Савияси енгил, олди-қочди қўшиқлар айтиб, одамларни “ром” этиб бўлган бу қўшиқчи ойдан тушганми? Шунча маблағни жамият учун фойдалироқ ишга сарфласа бўлмайдими? Қўшиқчиларга маънавий-маърифий йўл-йўриқ кўрсатишга ваколатли соҳа бошида турганлар қаёққа қарамоқда?
— Яқинда комбинатимиз томонидан 500 та ишчи ўрни яратмоқчи бўлган тадбиркорга 200 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ берилди, — деди у. — Битта автомашина қайда-ю, беш юз киши иш жойли бўлгани қайда? Шу беш юз кишининг ойлик маошига камида мингдан ортиқ одамнинг қозони қайнайди.
— Жудаям оғриқли муаммони кўтардингиз, менинг назаримда ҳам, илмдан узоқлашиш, китоб ўқимаслик, ахлоқсизлик, дабдабали ҳаётга кўр-кўрона тақлид қилиш кучайиб бораётганга ўхшайди, — дейман суҳбатдошимга.
Ҳар яхшиликнинг асоси иймондир. Бутун билим ва тажрибаси, маҳорати, қалб қўрини ўз ишига бахшида этиб, фидокорона меҳнат қилаётган ўн минглаб одамларга раҳбарлик қилаётган Абдулла Хурсановнинг жамиятимиздаги оғриқли муаммоларга муносабатини тинглаб жуда таъсирландим.
Янги Ўзбекистонимизнинг иқтисодий пойдеворига залворли ҳисса қўшаётган қудратли жамоани адолат ва сидқи ихлос билан бошқараётган, виждони уйғоқ замондош билан дилдан суҳбат қураётганимдан хурсанд бўлиб кетдим. Комбинат раҳбарларидан бир гуруҳи, ҳатто зиммасига алоҳида муҳим вазифалар юкланган ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ҳам иштирок этган бир неча соатлик мулоқотимиз маънавият дарси каби фойдали бўлди, деган хулосага келдим.
Корхона раҳбарининг тавсиясига кўра “Металлург” маданият саройи директори Заҳириддин Маҳмуталиев комбинат кон ва корхоналари фаолияти билан таништирадиган бўлди.
— Тушлик вақти бўлиб қолди, бирор салқинроқ жойда овқатланиб олсак бўлармиди? — деди у.
— Ишчи-хизматчилар ошхонаси бор экан-ку, ўша жойда тамадди қилиб олаверамиз, вақтимиз ҳам зиқ.
Ишчилар ошхонасида шаҳарнинг олди кафеларидан ҳам мазалироқ ва хилма-хил таомлар тайёрланган экан.
— Комбинатимиз раҳбари Абдулла Хурсанов жуда камтарин инсон, ўзи ҳам шу жойда ҳамма билан бирга овқатланади, — деди Заҳириддин.
Бизни кутиб турган, чет элда ишлаб чиқарилган, тоғ-кон ҳудудларида ҳаракатланишга мўлжалланган махсус автомобиль воситасида юқорилаб бориб, ясси жойда тўхтадик. Заҳириддин тележурналист экан. Тўрт юз эллик метр чуқурликдан хомашё ортилган залворли автомашиналар ҳаракатини кузатиб турибман. Ҳамроҳим кондаги ишларни ширали оҳангда маҳорат билан гапириб бермоқдаки, худди кончилар ҳақидаги қизиқарли лавҳани тинглагандек бўласан, киши.
Унинг айтишича, Олмалиқ кон-металлургия комбинати мис-молибден, полиметалл ва олтин таркибли маъданларни қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича Ўзбекистонда ва Марказий Осиёда етакчи саналади. Мис маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича эса дунёдаги ўттизта йирик корхона сафига кирар экан.
Олмалиқ кон-металлургия комбинати меҳнат жамоаси томонидан 2025 йил январь-май ҳолати бўйича 193 740 000 долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилиб, режа 103,1 фоизга бажарилди.
Ўтган беш ойда 17 458 тонна мис маҳсулотлари, 9 496 тонна рух маҳсулотлари, 141 тонна кадмий, 3 326 тонна мис купороси хорижга жўнатилди.
Рений экспортида белгиланган режа салкам тўрт баробар ортиғи билан бажарилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
ОКМК экспорт географияси йил сайин кенгайиб бормоқда. Ҳозирда комбинат маҳсулотлари 19 та давлатга экспорт қилинмоқда. Ўтган йили Гвинея, Сенегал, Сербия, Жанубий Африка Республикаси, Португалия каби давлатларга мис катанкаси ва мис купороси экспорти бошланди.
Комбинат томонидан жорий йилнинг беш ойида товар маҳсулотлари ишлаб чиқариш вазифаси 115,5 фоизга бажарилди.
Мис хомашёсини қайта ишлашда ўсиш суръати қайд этилди. Ушбу йўналишда Мис бойитиш фабрикаси ва 2-Мис бойитиш фабрикаси меҳнат жамоалари ҳам улкан ютуқларга эришмоқда.
Мис катоди ишлаб чиқариш вазифаси 118 фоизга, рух ишлаб чиқариш эса 105,5 фоизга бажарилишига эришилди.
Шунингдек, Ангрен, Чодак кон бошқармаси ва Ковулди кони меҳнат жамоалари олтин таркибли маъданларни қазиб олиш ва уларни қайта ишлаш, концентратда 1-ва 2-металл каби вазифаларни ҳам ошиғи билан бажарди.
Мис купороси, селен, теллур, перренат аммоний, палладий кукуни каби маҳсулотлар ишлаб чиқариш вазифалари ҳам тўлиқ бажарилиши таъминланди.
Президентимиз ташаббуси билан комбинатда “Ёшлик-1” конини очиш учун олиб борилаётган ишлар салмоғини кўриб, хаёлимга шу фикр келди: “БУ КОН — БАҒРИ МАЪДАНЛАРГА МАКОН БЎЛГАН ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЯНГИ КОНИ. КОН-МЕТАЛЛУРГИЯ САНОАТИ ТАРИХИГА ЗАРҲАЛ ҲАРФЛАР БИЛАН ЁЗИЛАЖАК ЯНГИ САҲИФАСИ!”
Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов “Тупроғи зар, маъданим маним, Ўзбекистон Ватаним маним” дея бежизга куйламаган эди. Чиндан ҳам ҳар қарич тупроғида зарлари бор.
3-мис бойитиш фабрикасидамиз. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида мисли кўрилмаган ишлар бажарилибди. Ўттиз гектардан ортиқ майдонга шу кунга қадар 28 минг 606 туп арча, қайрағоч, тут, деворгул, павлония, тол, садақайрағоч, бодом, гилос, олхўри, ёнғоқ, олма, ўрик, шафтоли, беҳи, айлант каби мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиб ундирилибди.
— Аввалига тайёр кўчатлар ўтқазилаётган эди, — деди ҳамроҳим. — Бошқарув раисининг қатъий топшириғи билан энди қаламчалардан кўчат тайёрлашга ўтилди. Гуллар эса уруғидан кўпайтирилмоқда. 35 минг тупдан кўпроқ қаламча ўтқазилган эди, деярли ҳаммаси тутиб кетди. Оддий ишчи-хизматчилар ҳам боғбонлик сирларини ўрганишмоқда. Айтишга осон, бир туп дарахт экиб кўкартиришнинг ўзи бўлмайди! Тоғу тошлар бағрига қадалган дарахтлар, худо хоҳласа, гўзал боғлар бўлади, деган умиддамиз. Бу боғлар ҳақида достонлар ёзилса арзийди.
Тоғларда боғ яратган боғбонлар орзуни куйга солган машшоқлар каби қадрлидир. Уламолар таъбирича, дарахт барглари-ю кўкат япроқлари ҳам салавот айтар экан.
Тоғ-тошлар бағрини ёриб экилган гўзал манзара ҳадя этувчи кўчатлар орасига боғбон сув тарамоқда. Сув эса шаббодани қошига чорлайди, япроқларни ўйноқлайди. Атиргулу райҳон ифорига маст бўлган майин еллар димоғимизни қитиқлаб атрофга шошилади. Бу мис бойитиш фабрикалари ҳудудларидаги гўзал манзарадан бир лавҳа, холос.
Комбинат корхоналари билан яқиндан танишиш жараёнида шунга гувоҳ бўлдимки, бошқарув раиси Абдулла Хурсановга Аллоҳ яшилликни севгувчи, боғу бўстонлар, гулу гулзорлар яратишга ошиқ қалб ато этган экан. Салкам ярим асрлик ижодий фаолиятим давомидаги тажрибамдан шуни англадимки, табиатга меҳри бор фазилатли кишиларгина одамларга ҳам меҳрибонроқ бўлар экан.
Комбинат касаба уюшмаси томонидан ходимларнинг ижтимоий ҳимояси учун амалга оширилган хайрли ишларни ёзсак, газетамизнинг бир нечта саҳифалари ҳам етмайди. Абдулла Хурсанов каби инсон қадрини улуғлайдиган, одамларга меҳр-шафқат улашиб завқланадиган, шавкатли вазифаларини астойдил уддалайдиган замонамиз қаҳрамонлари бор бўлсин!
Айнан шу фазилат Президентимиз Шавкат Мирзиёев айтаётган, истаётган, қўллаб-қувватлаётган фазилат эканлигини таъкидлаш лозим.
Исмда ҳам гап кўп, ҳикмат кўп дейишади. Абдулла — Аллоҳнинг қули, суюкли бандаси дегани экан. Олдиндан айтиб қўяверай, у киши билан суҳбат давомида болаликдаги машаққатлари-ю, илм излаганлари, қурилишлардаги ютуқлари, устозлари, ҳаёти давомидаги мўъжизавий воқеалар ҳақида самимий сўзларини тинглаб, жуда-жуда таъсирландим.
Ижодий сафар чоғида комбинат ишчи-хизматчилари, инженер-мутахассислари билан бўлган суҳбатлардан сўнг жамоадаги маънавият вакиллари, кон-металлургия соҳасининг пешқадам вакиллари ҳақида ҳам келгусида кўп ҳикоялар битишни дилимга тугиб қўйдим.
Ҳаммамизга, хусусан, олмалиқлик маъдан қазувчилар, жасоратли инсонларга ҳам яхшиликлар, хайрли амаллар рўёби насиб этаверсин!
Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси.