Нафсини тиёлган мардларнинг марди
Муаллиф ҳақида:
Омонуллоҳ МУТАЛ — 1949 йилда туғилган. Тошкент политехника институти (ҳозирги Тошкент давлат техника университети)нинг кимё-технология факультетини тамомлаган. “Олий мартаба”, “Хива хонлиги Оллоқулихон даврида”, “Ҳикматли дунё”, “Ҳисобли дунё”, “Эзгулик боғи”, “Саломим етказинг”, “Эзгулик боғидан насимлар” сингари ўнга яқин китоблари нашр этилган.
“Дўстлик”, “Эл юрт ҳурмати” орденлари билан тақдирланган. Тарих фанлари номзоди.
Омонуллоҳ МУТАЛ
ЯССАВИЙ БОБО
Туркистонга интилар дунё,
Қўним топган бунда бир сиймо,
Турбатидан таратар зиё,
Ҳазратимиз Яссавий бобо.
Амир Темур айлаган обод,
Мир Алишер ёдлаган бот-бот,
Ким йўқласа кўнглин айлар шод,
Улуғ зотдир Яссавий бобо.
Оллоҳга қул, Расулга уммат,
Фикри-зикри, айтгани ҳикмат,
Ожизларга кўрсатар ҳиммат,
Буюк зотдир Яссавий бобо.
Бежиз эмас исми Қул Аҳмад,
Қалбин Оллоҳ забт этган фақат,
Шони ўчмас абадул абад,
Ҳазратимиз Яссавий бобо.
Бунда ўзбек, қозоқ жамулжам,
Бўлмагайлар бир-биридан кам,
Аҳилликдан хурсанддир Хожам,
Султонимиз Яссавий бобо.
Туркистонга интилар дунё,
Қўним топган бунда бир сиймо,
Турбатидан таратар зиё,
Улуғ бобом Яссавий бобо.
ҚАРДОШИМИЗ
Тяньшандайин алпқомат қирғиз,
Чўнг бобоси донишманд Манас.
Адибларнинг сараси Чингиз,
Башарият қилади ҳавас.
Олатовнинг яйловлари кенг,
Арчалари яшнар минг йиллаб.
Бунда ўзбек қирғиз билан тенг,
Яшайдилар бир-бирин қўллаб.
Ўтмиши бир, икки халқ эгиз,
Оғир кунлар бўлган елкадош.
Қирққа бўлиб ейишган майиз,
Синовларга беришган бардош.
Ҳар иккиси бу кун мустақил,
Нурли йўлга қўйдилар қадам.
Дўстликларин, Раббим, мангу қил,
Бир-биридан бўлмасинлар кам.
Тяньшандайин алпқомат қирғиз,
Чўнг бобоси донишманд Манас.
Адибларнинг сараси Чингиз,
Башарият қилади ҳавас.
* * *
Ўзбек ва қозоқнинг илдизи бирдир,
Яйлови, қири бир, дарёси Сирдир.
Тили бир, дили бир, эътиқоди бир,
Навоий Абайга устоздир, пирдир.
Ўртада Туркистон, Яссавий бобо,
Ҳикматлар сочганда ёришар само.
Дўстона тотувлик урф бўлган юртда
Офтоб кулиб чиқиб, яйрайди сабо.
“Тошкент нон шаҳри” деб тан олган башар,
Остона кундан-кун гуркираб яшнар.
Ўзбегу қозоқнинг иқболи баланд,
Бир-бирин қўллашиб абадий яшар.
Ўзбек ва қозоқнинг илдизи бирдир,
Яйлови, қири бир, дарёси Сирдир.
Тили бир, дили бир, эътиқоди бир,
Навоий Абайга устоздир, пирдир.
ТЎРТЛИКЛАР
Билмаган нарсангни билгандан сўра,
Ҳаётда пишиқ бўл, бўлма хом, ғўра.
Билимдон, оқкўнгил, камтарин бўлсанг,
Дунёда ҳар кимса сен учун жўра.
* * *
Ўнгингдан қўймасин, юрмагин чапга,
Лақма бўлиб қулоқ осма ҳар гапга.
Яхшию ёмонни фарқлай ола бил,
Қўшилиб кетмагин дуч келган сафга.
* * *
Ушбу ҳикмат менга бобомдан қолғон,
Эзгуликка бўлса дуруст гоҳ ёлғон.
Рост гап сабаб бўлса низо, жанжалга,
Гунг бўлгин, солиб юр оғзингга толқон.
* * *
Шошилма, шоширмоқ шайтоннинг иши,
Йўлда кўп қоқилар шошқалоқ киши.
Табиат мукаммал тўрт фасли билан,
Кузда унум қайда, бўлмаса қиши.
