Ҳақиқатни айтиш эҳтиёжи

Мен яхши мухбирларни қадрлайман. “Яхши мухбир” деганда гапнинг тўғрисини ёзадиган қаламкашларни назарда тутаяпман.

Лекин “Тўғри гап туққанингга ёқмайди” деган мақол беҳудага айтилмаганини ҳам яхши биламан. Зеро, тўғри гап ўзимга ҳам ёқмайди — оғир ботади. Лекин бу дунёда тўғри гапсиз яшаб бўлмас экан. “Дўст ачитиб гапирар” деган мақол тўғри бўлса ҳам, ота-она, дўст-биродарнинг сенга берган дакки ва танбеҳлари одамга барибир малол келади. Аммо тўғри гап керак, жуда керак. Шундагина ҳаёт йўлимиз ёруғ бўлади.

Ҳақиқатни кўпинча қабул қилиш қийинлиги, кимдир камчилигимизни айтса, сира ёқмаслиги… балки бу бизнинг ожизлигимиздандир. Эҳтимол, шунинг учун одам умрбод комилликка интилар. Лекин бундай муҳташам ва мунаввар манзилга етишган одамлар кўп бўлмаганлигини тарихий китоблардан ўқиб билганимиз бор ҳақиқат. Бундай пайтларда ўзимизга таскин берамиз: “Ҳар тўкисда бир айб!”

Одам боласининг, яъни бизнинг тўғри гапни эшитишга тоқатимиз йўқ экан, ундай бўлса, нега тўғри гапларни ёзадиган мухбирларни яхши кўрамиз? Чунки одамзоднинг ҳақиқатга бўлган эҳтиёжи то қиёматгача қонмаса керак. Шунинг учун ҳақиқатнинг — тўғри гапнинг поёни йўқ. Яъни ҳақиқатни айтишдан, уни ёзишдан ҳеч қачон тўхтамаслик керак — қўрқмаслик, чўчимаслик шарт. Зеро, ҳақиқатни айтиш ҳаммага эмас!

Кўряпсизми, эл бошига кўтарадиган мухбир бўлиш қанчалар мушкул. Маълумотларга  қараганда, ҳозир мамлакатимизда 5 минг бўлмаса ҳам, 4 мингга яқин журналистлар ёзганларини газета ва журналларда чоп этиш билан машғул. Ҳозирги пайтда мактаб ўқувчиларигача шеър ёзиб, китоб чиқаришга киришиб кетишди. Демоқчиманки, мустақиллигимиздан сўнг барча оммавий ахборот воситалари ва нашриётларнинг эшиклари қалам аҳли учун ланг очилди: шўро замонида ҳар 3-4 йилда бир китоб чиқарадиган адибларнинг айримлари ҳозир бир йилда 5-6 та китоб чиқармоқдаки, буни фақат олқишламоқ керак. Ва ниҳоят, худди хорижий юртлардаги сингари мамлакатимизда ҳам китоб ёзиб, уни чоп этиш тижорат мақомига эришди.

Бу — яхши-ю, лекин… лекини бор-да. “Бемаза қовуннинг уруғи кўп бўлади” деган гаплар ҳам бежиз айтилмаган-да. Очиқ айтаман, айрим “китоб”ларни қўлимга олсам, беихтиёр шу қўлларим оғрийди. Уларда на мазмун бор, на савия. Шунинг нимасини китоб деб чиқаришди экан деб дилим озор чекади. Демак, маънавият масаласи тижорат бўлиши маъқул эмас. Озгина назорат, тартиб керак экан. Яна бу майли, бу китоб экан десангиз, қатор газеталарни қўлимга олиб (ўқиб эмас), бўёққа эмас, қоғозга ичим ачийди. Газетхон, яъни бизга ўхшаган фуқаролар худди қушга ўхшайди. Биласиз, қуш хуши тутган дарахтга қўнади: биз ҳам кўнглимиз хуш кўрадиган газетани сотиб оламиз ва унга обуна бўламиз.

Шу ерда янада оғирроқ гап айтаман: шахсан ўзим яхши кўрадиган журналистларни санай кетсам, уларнинг саноғини 15-20 нафардан ошира олмайман. Ваҳоланки, мен бу масалада “оқ” билан “қора”нинг фарқига бораман. Умр бўйи қўлимдан газета, журнал, китоб тушган эмас. Демоқчиманки, худди илгаригидек, ҳозир ҳам газета-журналларнинг аҳволини, адабий жараённи бир ўқувчи сифатида ва ўз имкониятим даражасида баҳолай олсам керак. Нимасини айтайин, газета-журналлар қанчалик кўп бўлгани билан, одам ўқиб ҳузур қиладиган, кўнгли таскин топадиган нашрлар кам, жудаям кам.

Мен баъзан ҳайрон қоламан, ёлғончи одамни синамоқ учун ҳам алдасангиз, жаҳли чиқади. Демак, одам боласи табиатан эзгуликка, ёруғликка мойил экан-да. Билсангиз, бангидевона ҳам гуллайди. Аммо бу гулга, масалан, асаларининг қўниб турганини тасаввур қилиш қийин. Битта-яримта эси паст асалари шундай қилган тақдирда ҳам уядаги қўриқчи асаларилар ҳалиги “эси паст” арининг бошини узиб ташлайди…

Ҳозир дунёни бангидевона босиб кетди — мен информацион хуружларни назарда тутиб, шундай демоқдаман. Бу хуружлар бизнинг миллий қадриятларимизга таҳдид солмоқда. Агар биз маънавий оламимизда бўшлиқ қолдирсак, ҳалиги бангидевонанинг уруғлари ана шу жойга тушиб, тез орада гуллайди ва шу тариқа миллий қадриятларимиз завол топади. Кўнглимиздаги маънавий оламни боғу бўстонга айлантириш эса маънавият аҳлининг, оммавий ахборот воситаларининг миллий вазифасидир.

Минг афсуски, бугун ижтимоий тармоқларни – матбуот деб ҳисоблайдиган, оддий бир телеграм очиб олган кимсани – ахборот агентлиги қаторига қўшадиган оддий одамлар десак, катта-кичик амалдорлар ҳам йўқ эмас. Савия, аҳвол шу даражага тушиб қолди. Хўп, интернет замони экан, лекин ҳақиқий ОАВнинг ўрнини билишимиз керак эмасми? Тармоқлар, турли телеграм каналларида берилаётган ёлғон-яшиқ, юзакилик, ҳаёсизлик, андишасизлик, саводсизлик қачондан ва қачонгача бизга керак бўлади? Одамларни, ёшларни қай йўлга, қай манзилга олиб боради шу нарсалар?

Ўйлаб кўрайлик ва кеч бўлмасдан кўзимизни каттароқ очайлик. Қачонки, қўлида телефони бор кимсанинг бари – журналист бўлиб қолавермайди. Блогер деганларининг барчаси ҳам матбуот деган муқаддас соҳанинг нималигини билаверадиганлар эмас. Кеча бир ишнинг бошини тутмаган, мактабда фақат 2 баҳо олган ғирт саводсиз, тутуруғи йўқ айрим кимсалар бугун ўзидан “блогер” ясаб олишган. Кўза кунда эмас, кунида синади деганларидек, уларнинг кўпининг аста-секин асл башаралари намоён бўлмоқда, албатта.

Фақат  “Оммавий ахборот воситаларининг тиши ҳам, тирноғи ҳам” бўлиши керак. Уларда бугунги кундаги улкан ютуқ ва муваффақиятлар билан бир қаторда авж олган коррупцион жиноятлар, таниш-билишчилик ва юзакичилик, лоқайдлик каби иллатларни очиқ-ойдин фош қилиш талаб этилади.

Тоштемир ТУРДИЕВ,

Денов туман маънавият-маърифат

бўлими раҳбари,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 4 =