Жилғалар ҳақида орзу

Чопиб бораётган вақт Ўриклисойнинг сувларига ўхшайди гўё. Шошқин, тошқин, ўйноқи… Оқ салла кийган боболардек виқорли Зомин тоғлари бағридан оқиб тушаётган сойнинг азим қўшиқларини тинглаш, бу баҳаво табиат қўйнида шеърлар ёзиш, ҳикоялар битиш бахти, мана, йигирма саккиз йилдирки, республика ёш ижодкорларининг Зомин семинари иштирокчиларига насиб этиб келаётир.
Бундан йигирма йиллар муқаддам азим тоғлар бағрида кечган семинарда кўрганимиз, ўрганганимиз қанчалик кўп бўлган бўлса, билмаганимизни билиш, адабиётнинг ёруғ ва муаззам йўлига кириш ёш қаламкашдан нечоғлиқ улкан тараддуд талаб этишини ҳис этганмиз. Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Усмон Азим, Азим Суюн, Муҳаммад Юсуф каби устозларнинг сабоғини тинглаш, Иқбол Мирзо, Фарида Афрўз, Салим Ашур, Зебо Мирзо, Сирожиддин Рауф каби навқирон шоирларнинг ўз овозларидан янгроқ шеърлар тинглаш саодатига ҳам муяссар бўлганмиз. Зомин семинари натижаси ўлароқ, бугун адабиётимизда Шодмонқул Салом, Гулжамол Асқарова, Муҳиддин Абдусамад, Озода Бекмуродова, Шуҳрат Ориф, Носиржон Жўраев, Дилрабо Мингбоева, Беҳзод Фазлиддин каби кўплаб ўрта авлод вакиллари етишиб чиқдики, улар бугун адабиётимизда ўз йўлига эга бўлган ижодкорлардир.
Семинарнинг бу йилгисида ҳам юздан ортиқ қалби адабиётга ошуфта ёшлар иштирок этишди. Уларнинг назму насрда, публицистика ва таржимаю болалар шеъриятида ёзганлари, изланишлари ҳакамлар назаридан ўтказилди. Машғулотлар давомида ёш иштирокчилар устозларнинг тавсиялари, фикрлари, маслаҳатларидан баҳраманд бўлишди.
Вақт — олий ҳакам. Орадан яна ўн йил ўтар, йигирма йил кечар. Шеърларини бир қучоқ гулдек тутиб, ҳаяжон ичра шеър, ҳикоя ўқиган сингилларимиздан Зулфияхоним, Раъно Узоқова, Ойдин Ҳожиева, Ҳалима Худойбердиева, Саида Зуннуновалар, кўзи чақноқ, қалби уйғоқ укаларимиздан сўз заргарлари чиқар, бу жилғалар бир ажиб дарёларга дўнар, балки… кун келиб Одил Ёқубов, Шукур Холмирзаев, Тоғай Мурод, Хайриддин Султон, Шавкат Раҳмон, Рауф Парфи, Усмон Азим, Сирожиддин Саййиддек яна сўз заргарлари чиқар. Бу жилғалар бир ажиб дарёларга дўнар, иншооллоҳ!
Наргиза АСАДОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар
уюшмаси масъул ходими.
ҲАЁТИМДА ИЗ ҚОЛДИРГАН ЗОМИН
Зомин семинари ҳақида қачон эшитганим ёдимда йўқ. Лекин унинг иштирокчиси бўлишни истаганим, эл севган шоир ва ёзувчилар билан учрашишни орзулаганимга анча бўлди. Не бахтки, бу йилги Зомин ёш ижодкорлари семинарида ижод мактаблари ўқувчилари ичида қатнашиш бахтига мушарраф бўлдим. Уч кун Зомин тоғлари орасида кечган семинар ижодий фаолиятимда катта бурилиш ясади, десам, янглишмайман.
Семинарнинг энг илҳомли дақиқаларидан бири — севимли шоиримиз, устоз ижодкор Сирожиддин Саййид билан мулоқот бўлди. Устознинг “Адабиёт — бу юрак касби. Қалбингизда оғриқ бўлмаса, қоғозда жонли сўз туғилмайди”, деган гаплари ижодкорларнинг қалбига чуқур таъсир қилди. Жиззахдаги якуний учрашувда иштирокчиларнинг кўзида ўзгариш, қалбида эса янги орзулар ёниб тургани аён эди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва бир қанча ҳомий ташкилотлар томонидан барча иштирокчиларга эсдалик совғалари топширилди.
Бир сўз билан айтганда, семинар ҳаётимда ўчмас из қолдирди. Бу семинар менга фақат билим эмас, балки янги тажриба, янги дўстлар, таржимонликда теран фикрлаш ва ижодга бўлган муҳаббатни ҳадя этди. Шу ўринда юртимизда ёшларга шундай имкониятлар эшиги очиқлигини кўриб, шу юртнинг фарзанди эканимдан фахр ҳисси жўш урди. Дўрмондан бошланиб, Жиззахда якунланган бу саёҳат қалбимда абадий из қолдирди. Ҳар бир устоз, ҳар бир шеър, ҳар бир сўз мени ўзгартирди. Бу семинар мени кўз билан эмас, юрак билан кўриш, қалам билан эмас, қалб билан ёзишга даъват этди.
Мухтасархон АБДУРАШИДОВА,
Исҳоқхон Ибрат ижод мактаби ўқувчиси.
КИТОБ БЎЛСА ДЎСТИМИЗ
Олисдаги ўрмонда
Юрган экан олмахон.
Саёҳатга борувдим,
Кўриб қолдим ногаҳон.
Қулоғида зираги,
Думчасида кўзмунчоқ.
Қўлларида саватча,
Оёқларида бошмоқ.
Саватга гул тераркан,
Ўйнаб қўшиқ айтаркан.
Яшил арча тагида,
Тилла ёнғоқ чақаркан.
Буни кўриб бирпасда,
Ҳанг-у манг бўлиб қолдим.
Вой тавба деб, қўлимга
Бир тилла ёнғоқ олдим.
Тилла ёнғоқ менинг ҳам
Кўзларим қамаштирди.
Ишонинг, у ҳам мени
Йўлимдан адаштирди.
Чўчиб уйғониб кетсам,
Ҳартугул, тушим экан.
Ўқиётган китобим
Ҳамон қўлимда экан.
Уйқу бирам ширин-эй,
Тушларим-чи ажойиб.
Тиллолар кўрсам баъзан,
Кўз очсам бўлар ғойиб.
Аммо бир нарса аниқ,
Осон топилмас олтин.
Меҳнат қилиш керак, бил,
Ғайрат қилиб олмай тин.
Бунда китоб ўртоқдир,
Дўстим, унутма шуни.
Ўқиб, излансанг зарни,
Ўнгда кўрасан уни.
Зуҳрахон ИЛЁСОВА
ТОҒ ШАМОЛИ
Бир ҳур шамол бўлдим, тоғнинг шамоли,
Қуёшни етаклаб боряпман Ҳаққа.
Фасллар юзининг гардини артиб,
Руҳим кўкка туташ, ўзим тупроққа.
Бир ҳур шамол бўлдим, тоғнинг шамоли,
Димиққан даштларга олиб келдим нур.
Кумуш ҳаволарга кетгум қовушиб,
Оний лаҳзаларда яшамоқ шудир.
Умриниса АБДУЛЛАЕВА
Қачондир кўзингнинг оқи қораяр,
Япроқлар сарғаяр нопармон кузда.
Шамолнинг сасига рақсга тушган
Сочинг ифорида кетарман ўздан.
Қачондир дилингда улғаяр севги,
Кўзингдан ўпади ўтли бўсалар.
Юзингга тикилиб шодликдан масрур
Кулгичингни кўрсам, бир газ ўсаман!
Элёр ҲАЙДАР
Ўртамизда Қизилқум
Ўтдай қизиб ётади.
Бу чўлдан ким ялангбош,
Оёқяланг ўтади?
Ҳаюуу, чўллигул!
Қум кўчади воҳага,
Туям кўзин очирмас.
Ким севади ана шу
Ёрини ҳеч қочирмас!
Ҳаюуу, учди гул!
Кўзларимнинг ёшидан
Асли бағри қон чўлнинг.
Қумлар оқмас — “ёрим” деб
Қилгани фиғон чўлнинг.
Ҳаюуу, кетди гул!
Оҳиста юр, эй карвон,
Қайсим қайтиб кетади.
Ўғли билан уйида
Лайли уни кутади.
Ҳаюуу, ёнди гул!
Йўқлаб келган ёмғирга
Куйган дилим тутаман.
Уни кўрган янтоқни
Кўзларимга суртаман.
Ҳаюуу, ўлди гул!
Ва сўнгида шу чўлнинг
Менда кўнгли бор эмиш.
Истасам, ҳар саксовул
Минг Мажнунга дор эмиш!
Ҳаюуу, рози гул!
Хон қизига ярашгай
Ёрим шу деб керилиш!
Хоразмни севганга
Қизилқумнинг ўзи ишқ!
Ҳаюуу, бахтли гул!
Комила ҚАМАР
ХАЁЛИМГА ЧИҚАСАН ЭГА
Юрагимни қувнатар ҳайрат,
Тонглар ошиқ бўлдим маҳлиё.
Нигоҳимни ғашлатган сурат,
Энди сенга боқмайман қиё.
Ёнингда жим ўтиб бораман,
Маъюслигинг тортади нега?
Хаёлларда яккаш қоламан,
Хаёлимга чиқасан эга.
Нари буриб сендан юзимни,
Варақлайман
китобимдан бет.
Мавзусисан
ҳар бир кунимнинг,
Ботқоқликка тортма, интернет.
Ниҳола АБДУМАЛИКОВА
ТУРКОНА
Қанотим ёқишга уста қуёшнинг,
Этагида саросар кезиндим,
Юрагим ўтидан чиққан кўз ёшнинг
Қатра томчисида исиндим…
Тушларимга кўчгандек умрим,
Дунёсига келавердим тор…
Ўйимдаги ранго-ранглик
сим —
Сиёҳликка айланди якбор!
Титраб кетди асрий таворих,
Гарданимда кўҳна азим бурч,
Ҳисларимга санчилар оғриқ,
Томиримда момомерос куч!
Мен Тўмарис марди майдонда!
Ойбарчинман кокиллари дор!
Қалдирғочман жуссаси майда,
Юрагида дунёлари бор!
То тонггача тебратиб бешик,
То тунгача кашта тўқийман,
Қадрим қадар қаддим ёй, эгик,
Мен онаман! Мен — Ватан, иймон!
Аёл деб аталган китобнинг
Сабр-бардош бобида кездим,
Шууримга сингишди ёдинг,
Она, сенга айландим, сездим…
Тандирдаги оловдек ёндим,
Ғурурим синдирдим ўтиндек…
Ўчоқ кулларидек соврилавердим,
Онам, сабринг экан метиндек!
Бу турмушнинг муштлари оғир,
Тоғораси эски ва чуқур,
Чакки ўтган томида ғир-ғир
Айланади ўйларим қурғур!
Орзуларим кирлардек тўп-тўп,
Ўз қўлимда ювиб, силкийман…
Дунё, мендан нолийверма кўп,
Темурларни туққан Туркийман!
Латофат АМИРОВА
ТИЛАК
Ватан — тупроғингга сочилиб кетсам,
Кузакда сепилган буғдой мисоли.
Кўкламда кўкариб, бўй чўзиб ўссам,
Ҳосилдан уюлиб тўлса хирмонинг!
РИЗҚ
Қояда ўрмалар бир тўп чумоли,
Шу азим қоядан ризқин тергали.
Хулоса қилишга шошилма ҳали,
Чумолихўр еди — чумоли қани?
ЧИЗГИ
Туман тунда кетаётиб йиқилди,
Кўзёшлари шабнам бўлиб тўкилди.
Раҳми келиб унга гувоҳ майсанинг
Япроқлари маъюсгина букилди.
ИҚРОР
Сен келдинг — тунларим ёришиб кетди,
Қишларим кўкламга қоришиб кетди!
Бир келдинг — мудраган ҳисларим ёриб,
Шодликдан юрагим увишиб кетди!
Абдулла МУҲАММАД
АЛЛА
Қумсоатнинг зарраларидай
Тўкилдим-у, ўлмадим, болам!
Шамолларга учди ҳисларим,
Аёзларда сўлмадим, болам.
Тиланганим тиллолар эмас,
Яқин бўлди дилдан йироқлар.
Бугун гуллар назм чорбоғи,
Таним ёриб чиқди титроқлар.
Ҳаёт ўйин, ҳаёт кўпкари,
Кўзларингдек ёп-ёруғ ўйлар.
Юрагимни едирмам ғамга,
Болам, ҳали қиламиз тўйлар!
Оҳ! Болам-а, кўксим тумори,
Жаҳолатнинг кўксини ўйгум.
Оналарнинг фарёди тутган
Дунёсини аллалаб қўйгум.
Ёвга сочим дор этиб осгум,
Бармоқларим бурдалар хавфни,
Болам, юртга боққан балога
Туғиб бергум енгилмас Алпни!
Сен, дилбандим, жилмай, қувонгин,
Жоним нисор, умрим эртаси.
Мен шеър айтай, энди ухлама,
Уйғон, болам, илҳом эркаси!
Алла айтар Зомин тоғлари,
Япроқчалар бошингга соя,
Қара, бизни имлаб турибди,
Олқор ўпган муҳташам қоя.
Андижонга қайтамиз, қизим,
Севинч деган байроқни олиб.
Ватан деган жаннатий юртда,
Болам, бугун Оналар ғолиб!
Болам, бугун Оналар ғолиб!
Моҳинурхон ТУРСУНОВА
ТИПРА ВА ТИКАН
Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонларда бир ўрмонда Типра деган ҳайвон бор экан. Унинг икки кўзи кўзмунчоқдек қора, бурунчаси узун ва ранги кулранг экан. У бир куни қўзиқорин теришга чиққан экан. Қўзиқоринларни териб бўлгач, уйига қайтиб кетаётса, қаршисидан айёр Тулкивой чиқибди. Унга ташланиб, емоқчи бўлибди. Аммо қаёқдандир Бўривой келиб, Тулкивойнинг боплаб адабини берибди. У аранг қочиб қутулибди. Шунда Типра Бўривойга:
— Сиздан миннатдорман, Жаноб. Агарда сиз бўлмаганингизда, аллақачон асфаласофилинга равона бўлар эдим. Шунақа-да ҳаёт ўзи: кучли ҳайвонлар кучсиз, заиф ҳайвонларнинг устидан доимо ғалаба қозонган, — дебди.
— Мен билан дўст бўласанми? — деган таклифни айтибди Бўривой.
— Ҳа, майли, сиздек ҳимоячи дўстим бўлса, “йўқ” демасдим, — дебди.
Шундай қилиб, иккаласи бир умрга дўст бўлиб қолишга қасам ичишибди. Бўривой Типрани елкасига ўтқазиб, қўзиқоринларни унинг қўлчасига тутқазиб, уйига элтиб қўйибди. Типра Бўривойдан жуда миннатдор бўлибди.
Бир неча ҳафтадан сўнг эса бизнинг Типра туғилган кунини нишонлабди. Унинг уйига барча қариндошлари, ўртоқлари келишибди. Аммо Бўривойдан дом-дарак йўқ экан. Туғилган кунни нишонлаш мақсадида келганлар бир-биридан ажойиб совғаларни олиб келишибди. Типра эндигина дўстининг келмаганидан хафа бўлиб ўтирган экан, эшик очилиб, қўлида қизил қутичани кўтарганча Бўривой кириб келибди:
— Дўстим Типра, туғилган кунингга кеч қолганим учун узр. Мана бу сенга. Туғилган кунинг муборак бўлсин! Дунёдаги энг эзгу ва яхши тилакларни сенга тилайман, — деб қўлидаги қизил рангли қутичани узатибди. Типра у қутичани олиб, очиб қараса, ичида тиканли чопон бор экан. Туғилган кунни нишонлашга ташриф буюрган меҳмонлар ҳам ҳайрон бўлишибди, ҳам хандон отиб кулишибди. Шунда Бўривой:
— Мана шу чопонни кийиб ол! Зеро, менинг дўстимга ҳеч бир ёвузнинг қўли тегмасин. Сенга озор беришолмасин. Зиён етказишмоқчи бўлганларнинг ўзлари зиён кўрсин! — дебди.
Унинг ҳақиқий дўстлигига ҳамма қойил қолибди. Типра эса уни маҳкам қучоқлаб, йиғлаб юборибди. Сўнг кўйлагига шу тиканларни қадаб қўйибди ва умуман эгнидан ташламабди.
Шу-шу, унга ҳеч ким зиён-заҳмат етказа олмас ва унинг исми эса энди Типра эмас, Типратикан экан.
Мадина УСМОНОВА