Матбуот нашрлари ҳар бир хонадонда бўлса…

Бу ҳақда ўйламаган, қайғурмаган, ўзича бўлса-да, чора-тадбир изламаган нашр бўлмаса керак. Негаки, бугун оммавий ахборот воситаларининг ўрни, даражасини замон билан ҳамнафас тутиш, даврга, жамиятга мос даражада ривожлантириш осон эмас. Лекин оғир бўлса-да, қийин бўлса-да, албатта, керак. Нега дейсизми? Чунки интернет олами ниҳоятда ривож топган,  ижтимоий тармоқлар, турли сайтлару телеграм каналлари тўлиб-тошиб ётган замонда ким ҳам газета титкилар эди? Ҳатто бугун миллионларни “экранга михлаган” телеканалларни умуман кўрмайдиган одамлар кўпайиб бормоқда…

Шундай бўлса-да, биз барибир нега газета-журналлар керак, барибир асрлар давомида яшаб келган босма нашрларнинг ўрнини бошқа ахборот воситалари ҳеч қачон боса олмайди, тенг келмайди демоқдамиз ишонч билан? Бунга қандай асосларимиз бор?

Биринчидан, газета ва журналлар мазмун-моҳияти жиҳатидан мутолаа манбаи ҳисобланади. Китобнинг, театрнинг ўрнини интернетнинг тенгсиз имкониятларига алмаштириб бўлмаганидек, биз айтаётган матбуот саҳифаларини ҳам бошқа нарсалар босиб кета олмайди. Фақат ундан кўр-кўрона воз кечмасак бўлгани.

Матбуот ҳеч қачон ёпилиб кетмайди! Буни мамлакатимиз Президенти ҳам қатъий таъкидлаб келмоқда. Қолаверса, матбуот ва сўз эркинлигига эътибор берилаётгани, қўллаб-қувватланаётгани бежизга эмас. Аввал ҳам кўпдан-кўп айтганимиздек, Президентимизнинг матбуотга ишончи баланд. Шу боис мамлакатимизда сўз ва матбуот эркинлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Албатта, кечагидек ёдимизда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2023 йили Қашқадарё вилоятига қилган сафари давомида Қарши шаҳридаги Янги Батош маҳалласида жойлашган 71-ўрта мактабда бир гуруҳ зиёлилар, фахрий ҳамюртларимиз билан суҳбатлашиб, сўз эркинлиги ва очиқлик масаласида фикр билдирган эди.

Бу кўплаб интернет нашрларида ўша куннинг ўзидаёқ эълон қилинганди. Унда айтилган Президентимизнинг қуйидаги фикрларига эътибор қилинг…

“Ёпиқ давлат бўлиб (олдинги даврларда. Таҳр.) ­оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватламаганимиз учун халқнинг овозини эшитмадик”.

“Эркинлик нафаси ёқадими? Менга ёқади”.

“…Яна олдингидек, прокурор, МХХ текширувчи бўлаверсинми? Биз ниятимизга етдикми? Биримиз икки бўлдими?”

“Шунинг учун эркинлик нафасини, оммавий ахборот воситаларини дўст биламиз. Гапирсин, адолатни гапирсин. Танқид қилсин, тўғри танқид бўлсин. Шу қишлоққа, мактабга, таълимга фойдаси бўлса, нур устига нур”.

“Мен ҳар куни ўқийман, интернетни ҳам ўқийман. Ким қандай гапирганини вақтим борича, қўлимга қалам олиб, ўзимга ёзиб оламан. Барибир 10 та фикрдан 9 таси тўғри бўлиб чиқади. Бу тўғри йўналишми? Агар бизда (ОАВ) ёпиқ бўлса, сизларни ҳам ҳеч ким эшитмайди”.

Юртбошимизнинг бундай очиқ ва самимий фикрлари, албатта, барча матбуот вакилларини ҳам руҳлантирган. Лекин сир эмас, минг машаққат билан чоп этилаётган нашрлар жуда тор доирадаги одамларга етиб бормоқда. Маънавият сарчашмалари бўлган газета ва журналлардан одамлар кун сайин узоқлашяпти. Бунинг сабаби нимада, чиндан ҳам босма нашрларни халқ ўқишни истамаяптими? Ёки бу нашрларда одамларни қизиқтирадиган мавзулар ёритилмаяптими?

Албатта, бу саволларга бирданига ва тўлиқ жавоб бериш қийин. Лекин жуда керак. Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, бугун матбуот нашрларининг ўрни, аҳамияти йўқолган эмас. Одамлар ҳали ҳам аввалгидек газета-журналларни ўқишни исташади. Бироқ фақатгина истак билан иш битмайди. Қолаверса, барча нашрларни ҳам ўқишли, бугунги давр талабига жавоб беради деб бўлмайди. Буни ҳам тан олиш керак. Айрим ҳамкасбларимиз хафа бўлишмасин-у, босмадан чиқаётган айрим туман, вилоят ва ҳатто республика миқёсидаги нашрларни қўлга олиб, ҳафсалангиз пир бўлади. Нетонгки, бирорта юракни жизиллатадиган мақола ҳам, хабар ҳам йўқ! Демак, матбуот нашрлари ўз ўқувчиларини топадиган, қизиқтирадиган даражада бўлиши шарт. Нима учун  интернет тармоқлари кенг ривож топган қатор илғор мамлакатларда бугун 100 минглаб ададда газета ва журналлар чоп этилмоқда? Уларда мажбурлаб обуна қилиш борми ё? Йўқ, албатта. Сабаби, ўша нашрларни ўқиса бўлади. Иккинчидан, соҳага эътибор ҳамда ривожланиши учун маълум шарт-шароитлар, имкониятлар йўли ишлаб чиқилган.

Кўп йиллик кузатувларимиз, матбуот нашрларида фаолиятимиз давомида ишонч ҳосил қилган айрим масалалар борки, улар бугун ўзининг ечимини кутмоқда. Катта йиғилишлардан бирида Президентимиз “Болаларимизни телефон тарбиялаяпти”, дея куюнчаклик билан фикр билдирган эди. Чиндан ҳам шундай. Бугун ҳатто бошланғич синф ўқувчисининг қўлида “Ғунча” эмас, балки шапалоқдек телефон.

Тўғри, телефон ҳам керак. Интернет ҳам. Аммо фарзандларимизнинг билим, ахборот, маънавий бойлик оладиган бор манбаси фақат электрон қурилмалардан ҳам иборат бўлмаслиги керак-да.

Маълумки, телефон ёки интернет тармоқлари фақатгина керакли маълумотлар, тасвирлар эмас, балки бузғунчи ва тарбияга, ахлоққа зид нарсалар билан тўлиб-тошган “қути”дир. Ундан кейин, кун давомида телефон ва интернетга муккасидан кетиш нафақат маънавий, балки тиббий жиҳатдан ҳам зарарли эканлигини мутахассислар бежиз айтишмаяпти.

Шундай экан, фарзандларимизни, албатта, болалар нашрларига қайтаришимиз зарур. Ўқитувчиларни, барча зиёлиларни, каттаю кичикни матбуот нашрлари мутолаасига қайтармоқ керак. Албатта, бу жуда қийин. Лекин имконсиз эмас. Шубҳа йўқки, қачонки болалар, ўсмирлар ўз нашрларни ўқиб, ўрганишса, бунга рағбат берилса,  катта бўлган болалар келажакда ҳам, яъни вояга етганларида ҳам нафақат газета-журналларни, балки китобларни-да ўқийдиган бўлишади. Ҳозиргидек фақат телефонга термулиб ўтиришмайди.

Бугун-чи, юртимизда 10 мингга яқин мактаблар бўла туриб, уларда бир неча миллионлаб болалар таълим олишаётганига қарамай, болалар нашрларининг адади мактабларимиз сонига ҳам етмайди. Демак, айрим мактабларга битта ҳам болалар нашрлари етиб бормаяпти! Бошқа газета-журналларнинг бориши ҳам шу аҳволда.

Назаримизда, матбуотдан ёшларнинг узоқлашиб кетишига ана шу нарсалар сабаб бўлмоқда. Шу боис, айрим таклиф ва мулоҳазаларимизни қайта-қайта ўртага ташлашдан эринмаймиз.

  1. Бугунги кунда аксарият босма нашрларнинг адади, жойларга етиб бориши, етказиб берилишида жуда катта муаммолар мавжуд. Бунинг сабаби босма нашрларга обуна уюштириш масаласида мақбул ечим топилмади.

Юқорида айтилганидай, ўрта мактабларда болалар нашрларига ўқувчиларни обуна қилиш мутлақо издан чиқди. Мустақиллигимиздан олдин “Ғунча”, “Тонг юлдузи”, “Гулхан” каби нашрлар 100-200 минг нусхадан зиёд чоп этилган бўлса, уларнинг бугунги тиражи юқорида айтганимиздек, жуда кам.

Бизнинг фикримизча, ечими: мактабларимизда бугун 5 миллиондан зиёд ўқувчилар таълим олмоқда. Ёшига қараб болалар нашрларига ҳар битта синфда камида 5 нусхадан обуна қилишни йўлга қўйиш лозим. Шунда ушбу нашрларнинг йиллик обуна нархлари ҳозиргига нисбатан камида 10 баравар арзонлашади. Яъни жуда арзимас нархда бўлади. Кўпчилик  оғринмай фарзандини уларга обуна қилишига умид қилсак бўлади. Ўқитувчиларнинг ҳам аксарияти бугун нашрларнинг номини ҳам билишмайди. Энг муҳим газета-журналларни фарзандларимизга таълим-тарбия берадиган инсонлар албатта олиши керак эмасми? Ёки тиббиёт ходимлари, олий таълим, иқтисодиёт ва бошқа кўп минг сонли соҳада ишлаётган юз минглаб юртдошларимиз ҳам матбуот нашрларидан жуда-жуда узоқдадирлар.

  1. Республика нашрларининг аксарияти бугунги кунда 3 минг ёки 5 минг ададда чоп этилмоқда. Бу эса мамлакатимиздаги саноқли ташкилот ва корхоналаргагина газета ва журналлар амаллаб етиб бораётганини билдиради. Энг ачинарлиси, миллионлаб одамлар, миллионлаб хонадонларга газета-журналлар етиб бормайди. Оддий одамлар, пенсионерлар газета-журнал ўқиш имкониятига эга эмас. Ҳатто бутун бошли маҳалла, қишлоқлардаги 1000та хонадон ўрганиб кўрилганда, уларнинг ҳеч бирига 1 нусха ҳам бирор номдаги газета-журнал етиб бормаётганини кўриш мумкин.

Сабаби: нашрларнинг бугун ўртача обуна баҳоси 600 минг сўмдан 1 миллион 500 минг сўмгача. Бу нархга эса кўпчиликнинг обуна бўлиш истаги бўлса-да, иқтисодий имконияти етмаслигидан далолат беради.

Бизнинг шахсий фикримизча, ечими: юртимиздаги барча хонадонлар хоҳишларига кўра, ўзлари истаган нашрларга маҳаллалар кўмагида обуна бўлишлари мумкин. Бунда “Маънавият саватчаси” ташкил этилиб, мамлакатимиз сиёсатини, маданиятини, маънавиятини ёритадиган ҳамда адабий-бадиий нашрларни етказиш имкониятлари шакллантирилса, хайрли иш бўлар эди. Шунда ушбу нашрларнинг ададлари ҳам бир неча юз минг нусхага ошиб, обуна нархлари эса кескин арзонлашиши турган гап.

Демак, “Ҳар бир хонадонга — газета ва журнал” лойиҳасини рўёбга чиқариш мумкин бўлар эди.

  1. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Мактабгача ва мактаб таълими, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, бошқа тегишли вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда босма нашрларнинг мутолаасини йўлга қўйиш бўйича бир дастур ишлаб чиқилса мақсадга мувофиқ бўлмайдими?

Юқоридаги мулоҳазалардан келиб чиқиб, бугунги одамлар қайсидир маънода маънавий-маърифий воситалардан, тўғрироғи, матбуот сарчашмасидан мосуво бўлиб қолганлиги сабабли, ўзларини турли ижтимоий тармоқлардан баҳраманд бўлишга мажбур бўлаётгандек таассурот уйғотади. Чунки маънавий бўшлиқни матбуот нашрлари эмас, ижтимоий тармоқлар эгаллаб бормоқда.

Шу ўринда яна бир таклиф: мамлакатда Маънавият ва маърифат марказига давлатимиз томонидан жуда катта маблағлар ажратилган бўлиб, аслида, маънавий бўшлиқни тўлдирувчи матбуот нашрларининг обунасига маълум даражада кўмак бериш вазифаси ҳам ана шу Марказ зиммасига юкланса, ўринли бўлар эди.

Матбуот нашрларининг ўрнини, нуфузини ошириш учун у обуначиларга ўз вақтида етказиб берилиши эса жуда муҳим масала. Ҳозирги пайтда, афсуски, нашрлар бир ҳафтада ҳам обуначига етказиб берилмайди. “Ўзбекистон почтаси” ва “Матбуот тарқатувчи” АК тузилмалари тўлиқ ислоҳга муҳтож бўлиб қолган.

Яна шундай таклиф борки, бугун матбуотда эълон қилинаётган материалларга эътибор, жавобгарлик, жавоб бериш мажбуриятини тиклаш керак. Негаки, матбуот – давр кўзгуси экан, унда акс эттирилган танқидий-таҳлилий чиқишларга муносабат билдирилиши, чора-тадбир кўрилиши шарт. Йўқса, қанча гапирилмасин, қанча муаммолар, камчиликлар олиб чиқилмасин, бари дарёга отилган тошдай изсиз кетаверади. Минг афсуски, бугун кўпгина  вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар ОАВда эълон қилинган материалларга жавоб беришни “унутиб” қўйишган. Сабабларидан бири уларга ҳам кўпгина нашрлар умуман бормайди.

Юқоридаги мушоҳадалардан келиб чиқиб, мамлакатимизда Юрт эгаси — Президентимиз матбуотни ўқиётган, интернет тармоқларини кузатаётган экан, бундан барча катта-кичик амалдорлар ҳам тегишли хулоса, ибрат олишларига умид қилишга ҳақлимиз.

Қани эди, матбуот бугунгидек фақат ташкилот ва корхоналардагина эмас, ҳар бир хонадонларда ўз ўқувчисини топса…

А. ПАРДАЕВ,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six + three =