Уюшманинг тирик тарихи

Бугунги кунда оммавий ахборот воситаларида юзлаб изланувчан ва фидокор ижодкорлар фаолият юритмоқда. Улар орасида ярим асрдан буён ўз ҳаётини журналистика соҳасига бағишлаган, касбига садоқат билан хизмат қилиб келаётган инсонлар ҳам кам эмас. Ана шундай фидойилардан бири — Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси бош мутахассиси Лариса Суреновна Арутюновадир.

Лариса Арутюнова 1952 йили Тошкент шаҳрида туғилган. 1973 йили республика рус тили ва адабиёти институтини тамомлаб, меҳнат фаолиятини шу даргоҳдаги кутубхонада бошлаган.

1974 йил 13 декабрь эса унинг ҳаётида бурилиш нуқтаси бўлди — ўша куни у Ўзбекистон Журналистлар уюшмасига ишга қабул қилинди. Ушбу сана, Лариса Суреновнанинг таъбирича, “бахтли ва унутилмас” бўлиб, Журналистлар уюшмасидаги узоқ ва мазмунли йўлини бошлаб берган.

— Илк суҳбатдан сўнг ишга қабул қилиндим. У пайтдаги уюшма раиси Зиёд Есенбоев (Аллоҳ раҳмат қилган бўлсин) жуда билимдон, талабчан инсон эди. Биринчи иш кунимни меҳмонхонада журналистлар семинарида рўйхатга олувчи сифатида иш бошлаганман. Ҳеч кимни танимасдим, лекин чин дилдан меҳнат қилдим, — деб эслайди Лариса опа.

Шундан буён ярим асрдан зиёд вақт ўтди. Лариса Суреновна эса шу кунга қадар ушбу ташкилотда ўз касбига садоқат билан хизмат қилиб келмоқда. Журналистларни аъзоликка қабул қилиш, фахрийлар билан ишлаш, уларга муносиб эътибор кўрсатиш каби масъулиятли вазифалар айнан Лариса опанинг зиммасида.

— Ярим аср давомида бир ташкилотда фаолият юритиб келаётган Лариса опа уюшмамизнинг нафақат фахрига, балки энг садоқатли кишисига, устозига айланган, — деди айни пайтда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. бўлиб ишлаётган Холмурод Салимов.

Дарҳақиқат, уюшмада консультант сифатида иш бошлаган Л.Арутюнова Журналистлар уюшмасининг вориси бўлган Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларини демократлаштириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси бош мутахассиси, раис ўринбосари сингари масъул лавозимларда ҳам самарали меҳнат қилди. Ҳар доим билимдонлиги, ташаббускорлиги, самимийлиги билан ҳамкасбларининг ҳурматини қозониб келмоқда.

2004 йилдан буён у Ўзбекистон Журналистлар уюшмасида бош мутахассис вазифасида фаолият юритмоқда. Уюшма томонидан ташкил этиладиган ҳар бир тадбирда — ижодий учрашувлар, семинарлар, танловлар ва фахрий журналистлар билан мулоқотларда фаол иштирок этади.

— Сиз бизнинг тирик энциклопедиямизсиз. Лекин қуруқ ва зерикарли эмас, балки илиқ, ҳаётга тўла, ҳазил-мутойиба ва меҳр-оқибатга бой энциклопедия. Сиз тинглай оласиз, тушунасиз, йўл кўрсатасиз, ёрдам берасиз ва буларнинг барчасини табиий, ўзига хос назокат ва сабр-тоқат билан амалга оширасиз, — деди устоз журналист Раҳимжон Султонов. — Йиллар давомида раҳбарлар, технологиялар, талаблар ва замон ўзгарди. Аммо Сиз ўзгармадингиз. Ҳамиша бошқаларга йўл кўрсатувчи, ишонч бағишловчи маёқ бўлиб қолдингиз.

— Лариса Суреновна, ҳеч муболағасиз, ўзбек журналистикасининг тирик тарихи, — деди фахрий журналист Лутфилло Кабиров. — Барча пленумлар, қурултойлар, аъзолик гувоҳномалари унинг қўлидан ўтган. Қаерда, қачон, нима сабабдан нима бўлганини аниқ айта олади.

Унинг қалбидаги самимият ва касбга бўлган муҳаббат барча ишида намоён. У журналистларнинг дардига қулоқ тутади, янги авлод вакилларига маслаҳат беради, ижодкорларнинг қўлидан тутиб, уларга илҳом бағишлайди.

Самарали меҳнати давлатимиз томонидан ҳам муносиб тақдирланиб, у 2002 йилда “Шуҳрат” медали, 2022 йилда эса I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан мукофотланган.

Лариса опа иш бошлагандан буён ўтган эллик йил давомида уюшма фаолиятида эсда қоларли воқеалар кўп бўлган.

Айниқса, унинг хотирасида алоҳида ўрин эгаллаган тадбирлардан бири — 1982 йилдаги Журналистлар съезди. Унда барча таниқли муҳаррирлар, етакчи ОАВ раҳбарлари қатнашган эди.

— Бу анжуман катта шиддат ва масъулият билан тайёрланган, жуда тантанали руҳда ўтган, — дея эслайди у.

1991 йилдаги сайлов конференцияси эса кескин тортишувлар ва ҳаяжонли баҳслар билан ёдда қолганини таъкидлайди.

— Айрим номзодлар фақат бир-иккита овоз фарқи билан ғолиб чиққан эди ўшанда, — дейди Лариса Арутюнова.

Унинг таъкидлашича, бугунги кунда қаламкашлар орасида ҳаммаслак ва замонавий технологияларга мослашганлари бор, аммо ёш журналистларни тайёрлашда олий билимгоҳлар ҳануз етарли даражада иш олиб бормаяпти. Чунки кадрлар тайёрлашда барибир самарадорлик кўнгилдагидек эмас деб ҳисоблайди у.

— Илгари журналистлар эҳтиёткор, фикрини ифода қилишда анча тортинишарди. Ҳозир эса имкониятлар кенг, интернет бор, цензура йўқ. Аммо шу билан бирга, мутахассислик даражаси, таҳлил қобилияти пасайиб бораётгани ачинарли ҳолат, — деди у.

Доимо шундай уйғоқ қалблик, касбга садоқат, инсонларга меҳр ва меҳнатга ихлос тимсоли у. Лариса Суреновна шахсан меҳнатининг мазмунини эл-юрт хизматидан топган, аниқ мақсад ва адолатли сўз билан яшаётган аёл. Унинг ҳаёти ва фаолияти бугунги ва эртанги авлод журналистлари учун ибрат намунаси десак асло хато бўлмайди.

Гулзайнаб ЗУЛҲАЙДАРОВА,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси бош мутахассиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 + 14 =