Оқаётган дарё

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети профессори, Франциянинг

Академик “Пальма” ордени соҳиби Жамолиддин Ёқубов ҳақида мухтасар сўз

Давлатлараро дўстлик ришталарини доимо мустаҳкам боғлашда илм-фан фидойилари, ижодкорлар ғоят муҳим ўрин тутади. Албатта, биринчи галда давлат раҳбарларининг муносабатлари, ўзаро дипломатик алоқалар рисоладагидек бўлиши зарур. Ўзбекистонимизнинг халқаро майдонда нуфузи тобора ортиб бораётгани, хусусан, Франция билан дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари бугун янги босқичга чиққани ҳар биримизга ғурур бахш этади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг яқинда Францияга давлат ташрифи ва Елисей саройидаги тадбирлар икки мамлакат тарихи зарварақларига зарҳал ҳарфлар билан битилгани баайни ҳақиқат.

Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Эммануэль Макрон юзма-юз учрашиб, икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган келишувлар ва қабул қилинган тарихий ҳужжатларни амалга ошириш бўйича келгусидаги чора-тадбирларни муҳокама қилиши, музокаралар якунида икки мамлакат ўртасида Дўстона ва ўзаро манфаатли шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларациянинг қабул қилиниши келажак сари қўйилган муҳим қадамлар сифатида муносиб баҳоланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Франция Республикасининг олий мукофоти — Фахрий легион ордени билан тақдирлангани эса дўст ўзбек ва француз халқларига бирдек ғурур бахш этди,  – десак хато бўлмас.

Ўзбекистон ва Франция ўртасида 1992 йил 1 март куни дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён олий таълим муассасалари ўртасида ҳам илмий ҳамкорликлар кенг йўлга қўйилган. Бундай илмий ҳамкорликларни янада такомиллаштиришда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети “Француз тили назарий фанлар” кафедраси профессори, филология фанлари доктори Жамолиддин Ёқубовнинг ҳам самарали хизматларини эътироф этилса арзийди. Одамохунлиги, инсонпарварлиги, самимийлиги билан ҳамкасблари, юзлаб шогирдлари қалбини забт этган устоз кўринишидан оддий, камтарин юзидан ҳамиша нур ёғилиб туради.

Андижондаги ўрта мактаблардан бирини аъло баҳоларга тамомлаган Жамолиддин Ёқубов интилганга толе ёр, деганларидек, ўқишга астойдил интилиб, йигит Тошкент давлат чет тиллар педагогика институти француз тили факультети талабаси бўлди. Ушбу даргоҳни 1978 йилда имтиёзли диплом билан тугатди. Кўп ўтмай уни мазкур институтнинг француз тили факультети грамматика кафедрасига ўқитувчи лавозимига таклиф этишди.

Ёш авлодга француз тилидан сабоқ бериш билан бир қаторда ўз устида ҳам ишлашни канда қилмаган ёш мураббий 1981-1983 йилларда М.Ломоносов номидаги Москва давлат университетида малака ошириш билан бирга аспирантурага ўқишга кирди ва 1991 йилда “Ҳозирги замон француз тилида нореал маъносининг ифодаланиш йўллари” мавзусида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ёқлади. Шу тариқа Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети “Француз тили назарий фанлар” кафедрасининг илмий салоҳияти яна бир илмий даражали мураббий ҳисобига ошди, десак муболаға бўлмайди.

Илмий даражага эга бўлган изланувчан мураббийгина талабаларга ҳақиқий илм беришга қодир бўлади. Негаки, бундай мураббийлар илмий изланишдан асло тўхтаб қолмайди. Жамолиддин ака талабаларга француз тилини пухта ўргатар экан, ўзи ҳам илм қасри сари интилишдан тўхтамади. “Мантиқ ва лингвистикада модаллик категориясининг ўзаро муносабати” мавзусидаги докторлик диссертацияси устида астойдил ишлади. Ниҳоят, 2005 йили Ўзбекистон Миллий университетининг ихтисослашган Илмий кенгашида “Мантиқ ва тилда модаллик категориясининг ифодаланиши” мавзусидаги докторлик диссертациясини ҳам муваффақиятли ҳимоя қилди.

Бугунги кунда фидойи олим ва мураббий илмий-педагогик фаолиятини жамоатчилик ишлари билан муштарак тарзда олиб бормоқда. У ЎзДЖТУда ташкил этилган “Ёш олим” маҳорат мактаби фаолларидан биридир. Бу мактабдан етишиб чиққан ўнлаб иқтидорли ёшлар турли фан олимпиадалари ғолиби бўлдилар.

Жамолиддин Ёқубов 2007-2009 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссиясида филология фанлари бўйича эксперт кенгаши аъзоси сифатида кўплаб диссертацияларни холисона баҳолашда фаол иштирок этган бўлса, 2007-2013 йилларда республикамизда филология фанлари йўналишида мавзуларни тасдиқлаш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш раиси котиби сифатида самарали фаолият кўрсатди.

Олим сифатида дунё кўрган киши дунё билан бўйлашади, деган гап бежиз айтилмаган. Француз тили бўйича йирик мутахассис олим сифатида Жамолиддин Ёқубов 2010 йили 1 октябрдан 25 декабргача Париж шаҳридаги Сорбонна университетида уч ой мураббий сифатида тажриба алмашди.

Сорбонна университетининг магистратура бўлимида таҳсил олаётган талабаларга уч ой давомида “Француз тили назарий грамматикасининг долзарб муаммолари” фанидан маъруза ўқиган. Бу даргоҳда амалий ва назарий грамматика предметларидан дарс бериш билан бирга, курс, битирув малакавий ишларига ва магистрлик диссертацияларига илмий раҳбарлик ҳам қилган. Франциялик профессор-ўқитувчилар ўзбекистонлик ҳамкасби фаолиятига муносиб баҳо бериб, Сорбонна университети “Сертификат”и билан тақдирлаган.

— Париж шаҳридаги Сорбонна университетида маъруза ўқиган пайтларим Ўзбекистондаги газета-журналлар билан таништириб, улардаги  айрим қизиқарли мақолаларни таржима қилиб берганимда, француз ёшларида катта қизиқиш уйғотарди, — деди Жамолиддин ака. — Айни пайтда ўзбекистонлик талабаларимиз ҳам амалий машғулотларда Франция вақтли матбуот нашрларини иштиёқ билан мутолаа қиладилар.

Яна бир қувончли мужда: илм-фан ютуқлари, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини таълим жараёнига изчил татбиқ этиш, жумладан, француз тилини илғор инновацион педагогик технологиялар асосида ўқитиш ва ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссаси учун Жамолиддин Ёқубов Франциянинг Академик “Пальма” ордени билан мукофотланган. Илм-фан чўққиларини забт этганлиги, француз тилини ўқитиш ва ривожлантиришга ўзининг катта ҳиссасини қўшганлиги учун тақдим этилган бу орден ўзбек олимининг илмий-педагогик фаолиятига бўлган катта ҳурмат, эътибор ва баҳодир.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети француз тили назарий фанлар кафедрасида фаолият кўрсатаётган фидойи олим 4 та дарслик, 4 та ўқув қўлланма, 4 та монография, 250 дан ортиқ илмий мақолалар муаллифи ҳисобланади. Кўплаб ўқув дастурлари ёзиб, ўқув жараёнига тақдим этган фидойи устоз Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Бухоро давлат университети, Урганч давлат университети, Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университетида ҳам ўриндошлик, соатбай асосида бўлғуси француз тили мутахассисларига шу халқаро тилдан сабоқ бермоқда.

Изланувчан олим Жамолиддин ака 2014 йилдан ҳозирги кунга қадар хорижий тилларни ўрганишни оммалаштиришни самарали ташкил этиш мақсадида Версал академиясининг Сержи-Понтуаз университети билан халқаро алоқаларда фаол иштирок этмоқда. Франциядаги Версаль академиясининг Таълим ва ўқитувчилик олий мактаби (“ESPE”), Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети билан ҳамкорликда “ERASMUS” + халқаро мобилити кредит лойиҳаси дастури асосида 2020-2022 йилларга мўлжалланган кредит мобиллик халқаро лойиҳасини амалга оширишда у етакчи мутахассис сифатида ушбу лойиҳага раҳбарлик қилди.

Оққан дарё оқаверади, деганларидек, профессор Жамолиддин Ёқубов каби мураббийлардан таҳсил олаётган интеллектуал салоҳияти юксак ўзбек ёшлари ҳам ҳар соҳада дунё билан бўйлашаверади.

Рухсарой ҲАМДАМЖОН қизи.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine − 6 =