Аёл – меҳр тимсоли, жамият таянчи

Абдурауф Фитрат келажак авлодларнинг онгсиз, иродасиз, тарбиясиз, нодон ва жоҳил бўлмасликлари учун хотин-қизлар ўқимишли, соғлиқни сақлаш ва болалар тарбиясидан хабардор бўлишлари зарур деб билади. У тарбияни жуда муҳим ижтимоий ҳодиса деб билган ва унда “Оиладаги мушкул вазифа гўдак таваллудидан сўнг, эр-хотин зиммасига тушадиган фарзанд тарбиясидир”, — дея уқтиради. Фитратнинг жамиятда хотин-қизларнинг билим олиши ҳақидаги қарашларидан “Биринчи тарбия бу — тарбиянинг энг муҳими ҳисобланади, унинг таъсири одам табиатига мустаҳкам ўрнашади”, — деган фикрлар бугунги кунда ҳам ўз қийматини йўқотган эмас.

“Дунёнинг ярми аёллар, қолган ярми уларнинг тарбияланувчисидир!”, – дейди Шайх Али Тантовий. Хотин-қизлар масаласи, уларнинг таълим олиши, ўсиши ва ривожланиши учун бугунги кунда катта имкониятлар яратилган ва яратилиб келинмоқда. Хотин-қизларга бўлган эътибор бир неча асрлар олдин ҳам бўлган ва бу масала бугунги кунга келиб ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Садриддин Айний фикри ҳам долзарб: “Агарда хотун киши тарбият топган, саводли бўлса, фарзандини ҳам тарбият қилиб, тараққийлик одами қиладур”. Бу тарбияда, айниқса, болалар билан кўпроқ шуғулланувчи она ҳал қилувчи аҳамиятга эга ҳамда онанинг бола тарбиясига эътиборсизлик билан қараши фожиали оқибатларга олиб келиши мумкинлиги жадидлар томонидан эътироф этилган.

Дарҳақиқат, бугунги кунда юртимизда хотин-қизларнинг ўрни, уларнинг жамият ҳаётидаги нуфузини ҳар томонлама ошириш, уларнинг таълим олиши, иш билан таъминлаш ва мавқеини ошириш борасида қатор самарали ишлар олиб борилмоқда.

XIX аср охири — XX аср бошларида ўлкадаги маънавий ҳаётга назар ташлайдиган бўлсак, ўша даврда оммалашган отинчилик қизлар учун бошланғич таълим вазифасини ўтади. Уларга бибиотинлар ва бибихалифалар дарс берди. Мактаб йилларида қизлар ўз устозлари билан “Ҳафтияк”, Қуръоннинг 2-3 сурасини ўрганганлар. “Қизлар учун илм олиш мутлақо ортиқча, уларга уйда тикиш-бичиш ва тўқишни ўргатинг, ўқиш ва ёзиш қизлар учун эмас”, — деган жамоатчилик фикри адабиётларда келтирилади. Кам сонли қизлар ўқиш ва ёзишга ўргатилган, асосан, кундузги ибодат ва намоз учун таҳсил берилган. Туркистондаги мактабларда қизлар кўпроқ форс ва турк адабиётини ўрганиб, ёзувга кам эътибор берганлар. Мактаб тугагач, уларнинг таҳсил олиши ҳам тугатилган ва ёш турмушга бериб юборилган. Буларнинг барчаси XIX аср охири — XX аср бошларида Туркистон мактаб-маорифининг ўзига хос хусусиятларидан бири эди. Таълимга алоҳида эътибор қаратилиши аёлларни ҳам, албатта, четлаб ўтгани йўқ. Жадидлик ҳаракатининг бошланиши ва Туркистонга таълим кўникмаларининг кириб келиши нафақат эркаклар ва аёллар тарбияси, балки уларнинг салоҳиятли бўлиши учун ҳам катта аҳамият касб этди.

Исмоилбек Гаспирали “усули жадид” мактабини очиб, маориф тизимини ислоҳ этиш борасидаги ғояларини “Таржимон” газетасида эълон қилиб, маориф тизими олдида ҳал этилиши керак бўлган вазифалардан бири — қизлар маорифига ҳам алоҳида тубдан ёндашиш кераклигини таъкидлаган. Жадидлар оила ва жамиятда ўқимишли аёлнинг ўрни, мавқеи ўзгача эканлигини тушунтиришга ҳаракат қилганлар. Бу ҳақда манбалардан билиш мумкин: “…хотинларни ўқитмоқ ва уларнинг қўлларини жило бермак ва эрлари бирла яхши муомала қилмак, болаларни яхши тарбияламакни билмак хусусида таълим албатта зарурдир”.

Бугунги кунга келиб, жадидларимиз тамал тошини қўйган аёллар масаласи ва уларни зиёли қилиш, ўқитиш, жамиятда етук шахс сифатида шакллантириш давом этиб келмоқда. Хотин-қизларимиз оилада, жамиятда, фанда, спорт ва яна бошқа турли хил соҳаларда ўзларини кўрсатиб келишмоқда. Бу учун давлатимиз ва муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан қатор имкониятлар, грантлар, хотин-қизлар учун субсидиялар жорий этилгани ҳам бежизга эмас. Гендер тенглиги, ҳақ-ҳуқуқларнинг тенглиги асосида бугунги кунда аёл депутатлар, аёл сенаторлар, аёл президентларнинг етишиб чиқаётганлиги бунга яққол далилдир. Илм-фандаги ихтиролар аёллар номи билан аталаётгани, жаҳон ареналарида Ватанимиз байроғини эркаклар билан баравар аёлларимиз ҳам кўкларга кўтараётгани бу, албатта, фахр туйғусидир.

Аёлларнинг жамиятдаги ўрни жуда муҳим ва кўп қирралидир. Улар оиланинг таянчи, фарзандлар тарбиячиси, илм-фан, санъат, сиёсат, иқтисод ва бошқа кўплаб соҳаларда фаол иштирок этувчи кучдир. Ўтмишда аёллар нафақат уй-рўзғор ишлари билан шуғулланган, балки жамият ривожига ҳам катта ҳисса қўшган. Замонавий даврда эса аёллар таълим олиб, ўз касбига эга бўлмоқда, раҳбарлик лавозимларида ишламоқда, тадбиркорлик билан шуғулланмоқда. Улар тенг ҳуқуқлилик асосида жамиятнинг ҳар бир жабҳасида фаол. Аёлларнинг меҳри, сабр-тоқати ва ижодкорлиги жамиятда барқарорлик ва тараққиётнинг муҳим омилларидан биридир. Аёлларни қадрлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш эса соғлом ва фаровон жамият қуришнинг асоси ҳисобланади.

Бугунги кунда аёлларнинг, хусусан, хотин-қизларимизнинг ҳар жабҳада эркаклардан қолишмаслигини ва аёллар ҳам жамиятнинг бир бўлаги эканлигини, аёл ҳам Ватан учун тиргак ва унинг истиқболи йўлида бор куч, меҳнатини аямаслигини яна бир карра амалда Диёра Келдиёрова — замонавий Ўзбекистон спортининг фахрли вакилаларидан бири исботлаб берди. У аёллар спорти ривожига катта ҳисса қўшаётган, ёш йигит-қизларга илҳом бахш этувчи чинакам намунадир. Осиё чемпионатлари ва жаҳон миқёсидаги кўплаб мусобақаларда совринли ўринлар эгаллаган. 2021 йилги Токио олимпиадасида ҳам иштирок этган. 2022 йил Осиё чемпионатида олтин медалга сазовор бўлган. 2024 йилги Париж олимпиадасида чемпионликни қўлга киритиб, Ўзбекистон номини дунёга машҳур қилди. Диёра нафақат спортчи, балки кўплаб ёш аёллар учун ирода, қатъият ва ватанпарварлик тимсолидир. У спорт орқали аёлларнинг ҳам кучли, ақлли ва иродали бўлиши мумкинлигини исботлаб берди.

Аёл — жамият таянчи, меҳр ва қудрат тимсоли. Унинг жамиятдаги ўрни эркаклар билан тенг бўлиши тараққиёт гаровидир. Аёлларни қадрлаш, уларнинг имкониятларини кенгайтириш жамиятнинг энг муҳим вазифасидир. Аёл фақатгина оила бекаси эмас, балки жамиятнинг фаол, кучли аъзосидир.

Шуҳрат ХУДАЙБЕРГАНОВ,

Урганч давлат педагогика институти

магистратура бўлими бошлиғи,

педагогика фанлари бўйича

фалсафа доктори (PhD), доцент.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × three =