“Оҳангароншифер”нинг қадди яна тикланадими?

Бир пайтлар мамлакатга машҳур бўлган “Оҳангароншифер” акциядорлик жамияти бугун аянчли аҳволга тушиб қолди. Бу ҳақда аввал ҳам “Hurriyat” мустақил газетасида танқидий-таҳлилий мақолалар эълон қилинган эди.

Аҳвол эса ижобий томонга ўзгармади.

“Оҳангароншифер” акциядорлик жамияти 1992 йил февралда ташкил топган. Унгача Оҳангарон цемент заводида шифер ишлаб чиқарилиб келинган. Шифер цехи узоқ йиллар давомида цемент заводидан гоҳ ажралиб, гоҳ бирлашиб фаолият кўрсатиб турган. Дастлаб Ураимқул Ирисқулов шифер цехини ижарага олади. Корхона “Оҳангароншифер” ижара корхонаси деб ном олади. Шу вақтда бир ярим мингга яқин киши ишларди.

2002 йил 24 январида корхона директорлигига ёш, серғайрат мутахассис Исмоил Исматовни олиб келишди ва у қисқа муддат мобайнида ишласа-да, ижобий ўзгаришлар қилди.

Ўша йилларда “Оҳангароншифер” АЖнинг довруғи бор эди, кўпчилик бу корхонада ишлашни орзу қиларди.

Бироқ Ирисқулов ҳам, Исматов ҳам кимларгадир ёқмай қолди, шекилли, иккаласи ҳам турли сабаблар билан ишдан олинди. Завод таназзулга тушиб қолди.

1992-2010 йилларда “Оҳангароншифер” акциядорлик жамияти иш ҳақи бўйича Навоий шаҳридаги “Қизилқумцемент” акциядорлик жамиятидан кейин иккинчи ўринда турарди.

“Оҳангароншифер” акциядорлик жамияти жамоа шартномасида корхонада ўртача иш ҳақи мамлакатда белгиланган энг кам иш ҳақининг 15 баробаридан кам бўлмаслиги лозим деб ёзилган. Ишчилар катта маош олишарди.

2010 йилдан буён эса корхонада ўртача иш ҳақи икки-уч миллион сўмдан ошмади.

Кўнгилсизликлар 2018 йил 22 августидан бошланди. “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси “заводни кўтаради” деб ишончли бошқарувни эндигина ташкил этилган “MEGA GOLDEN HOUSE” МЧЖга топшириб юборди.

Ҳолбуки, 2018 йилнинг учинчи чораги бўйича корхона фойда билан чиққанди.

Бироқ негадир 2018 йил зарар билан якунланди, деб таъкидланди.

2019 йил фойда олиш у ёқда турсин, зарар миқдори янаям кўпайди.

Ўша йилнинг февралида заводнинг 54 фоиз давлат улуши “Ўзқурилишматериаллари” АЖдан Ўзбекистон давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда Давактив) ихтиёрига ўтказилди.

Бироқ завод ёмғирдан қочиб қорга тутилгандай бўлди.

Давактив ишончли бошқарув тўғрисида “MEGA GOLDEN HOUSE” МЧЖ билан тузилган шартномани бекор қилмади.

Ниҳоят, 2020 йилнинг 5 февраль куни “MEGA GOLDEN HOUSE” МЧЖ билан тузилган шартномани ноилож бекор қилишди.

Ўша пайтдаги Оҳангарон шаҳрининг ҳокими Одилжон Жўраев елиб-югуриб, корхонани оёққа турғизиш ишларини бошлаб юборганди. У бошқа ишга ўтгач, ишлар чала қолиб кетди…

“MEGA GOLDEN HOUSE” МЧЖ эса Оҳангарон туманлараро иқтисодий судига “Оҳангароншифер” АЖни банкрот деб эътироф этиш тўғрисида ариза бериб қўйган экан.

2020 йил март ойи сўнгида коронавирус пандемияси бошланди. Пандемия даврида бирорта корхона банкрот қилинмаслиги керак эди, афсус, Оҳангарон туманлараро иқтисодий суди 2020 йил 6 июль куни “Оҳангароншифер” АЖни банкрот деб эътироф этди.

Кейинчалик апелляция ва кассация шикоятларини кўриб чиққан Тошкент вилояти иқтисодий судининг 2020 йил 22 октябрдаги ва ҳатто Бош прокурор муовини С.Ортиқованинг протестига ҳам қарамай, Олий суд 2020 йилнинг 11 декабрь куни биринчи инстанция судининг қарорини ўзгаришсиз қолдирди.

Суд бошқарувчиси сифатида Беҳзод Нуруллаев тайинланганди.

Бироқ Давактив директори муовини Тўлқин Набиев ва банкротлик департаменти бошлиғини кредиторлар танлаган номзод қизиқтирмасди. Нуруллаевнинг суд бошқарувчилик аттестатини бекор қилишди ҳамда “ўзимиз номзод берамиз” дейишди ва Т.Набиев 2020 йил 23 декабрда янги суд бошқарувчисини тайинлашга эришди.

2021 йил 11 майида эса мазкур судда “Оҳангароншифер” АЖга тугатиш бошқарувчиси тайинланди.

Бу вақтга келиб корхонада олти юздан зиёд киши меҳнат қиларди ва корхонанинг умумий қарзи 18 миллиард сўмдан ошган эди.

Ишчилар қувониб, янги раҳбаримиз зўр экан, у заводни банкротликдан чиқарар, ойлигимизни оширар экан деб, уни олқишлашарди.

Янги раҳбар ва унинг шерикларининг ниятини ишчи-ходимлар қаердан ҳам билсин?

Орадан икки ой ўтиб, 13 июль куни раҳбар Оҳангарон туманлараро иқтисодий судининг қарори билан вазифасидан озод этилса-да ва парда ортидаги ҳомийлари туфайли 7 сентябрда вазифасига тикланди.

Шундан сўнг иқтисодий иш Ўрта Чирчиқ туманлараро иқтисодий судига ўтказилди.

2021 йилнинг 24 ноябрида Ўрта Чирчиқ туманлараро иқтисодий суди “Банкротлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 91-моддасига зид равишда Давактивнинг илтимосномасини рад этган ҳолда давлат улуши 54 фоиз бўлган “Оҳангароншифер” АЖни кредиторларнинг “илтимоснома”сига асосан ташқи бошқарувга ўтказиб, мавжуд қонунчиликни қўпол равишда бузди.

Ҳолбуки, ташқи бошқарувга ўтиш учун корхонанинг тўловга қобилиятлилигини текшириш лозим эди ва амалда эса бирорта кредиторнинг ҳам қарзи узилмаган ва қарз кўпаяётганди.

2021 йилнинг 23 декабрида эса Хуршид Равшанов “Банкротлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 106-моддасига зид равишда, яъни ташқи бошқарувга ўтиш режасини биринчи ва иккинчи гуруҳ кредиторлари тасдиқлаши шарт бўлгани ҳолда ва бунга зид равишда ташқи бошқарув режасини тасдиқлаш учун овоз бериш ваколатига эга бўлмаган учинчи гуруҳ кредитори бўлмиш Тошкент вилояти солиқ бошқармасининг овози билан ташқи бошқарув режасини тасдиқлаб юборди.

2021 йилнинг 23 декабрида кредиторлар йиғилишида ғалати равишда кредиторлар рўйхатида “WIZIL WATER” МЧЖ пайдо бўлди. Тез орада корхона 19 миллиард сўм қарзга кириб кетди.

Энг қизиғи, 2023 йилнинг 6 март куни бўлди. Ўрта Чирчиқ туманлараро иқтисодий суди раиси “кредиторлар келишди” деб “Оҳангароншифер” АЖда банкротлик ишини иш юритишдан тугатди. Энди корхонанинг умумий қарзи 40 миллиард сўмга етганди. Кредиторлар қарзи узилмаганди.

Давактив банкротлик тугади деб 2023 йилнинг 27 апрелида “Оҳангароншифер” АЖ бош директорлигига танлов эълон қилди. Мақсуд Мустафоев танловда ғолиб бўлди.

Яна бир ташвишли ҳолат: сўнгги беш йилдан бери “Оҳангароншифер” АЖ Кузатув кенгаши фаолият кўрсатмайди.

Мустафоев корхонага бош директор этиб тайинланганда заводда тўрт юзга яқин киши ишларди. У акциядорлар йиғилиши қарорини бажариш учун икки юзга яқин кишини ишдан бўшатди.

Шундан сўнг ҳам “Оҳангароншифер” акциядорлик жамияти 2023 йил 3 ноябрдан кейин фаолият кўрсатмади, яъни ишламади ва ишчилар 2023 йил март ойидан бери иш ҳақини ололмай сарсон бўлишмоқда.

Мустафоев корхона технологиялари эскирибди деб заводни ишлатишдан бош тортди ва иш ҳақи ўрнига ноқонуний равишда, яъни акциядорлар йиғилиши қарорисиз корхонадаги темир кассеталар, поддонларни кимларгадир сотиб юборди.

Тўғри, бугун шифер ўрнини босувчи маҳсулотлар турлари кўпайган, шифер савдоси суст. Бироқ “Оҳангароншифер” АЖнинг шифер маҳсулотлари жуда танқис эди, айтайлик, кунига йигирма минг дона шифер ишлаб чиқарилиб сотилса, бир миллиард икки юз миллион сўмдан ошади. Корхонада бундан ташқари ишлаб чиқариладиган турли ўлчамдаги ноёб асбоцемент қувурларининг бозори чаққон эди.

Қўшимчасига заводни модернизациялаш ва сифатни яхшилаш уддаланмади.

Мустафоев заводни юргизиш у ёқда турсин, ботқоққа ботирди, тамоман касодга учратди.

Оҳангарон туманлараро иқтисодий суди банкрот деб эътироф этиш аризасини ўрганиб, “WIZIL WATER” МЧЖнинг аризасини рад этди ва “Оҳангароншифер” АЖ қасддан касодга олиб келинган, жиноят аломатлари мавжуд деб Оҳангарон шаҳар прокуратурасига ажрим чиқарди. Шаҳар прокуратураси жиноят иши қўзғатмади.

Ишчилар сарсон бўлди, саргардон бўлди. Шаҳар ҳокимлиги ҳам шаҳар прокуратураси раҳбарлари ҳам мадад сўраб келишларга “биз акциядорлик жамияти ишига аралаша олмаймиз” деб ўзларини чеккага олишди.

Ўтган йил июль ойида Оҳангарон шаҳрининг янги ҳокимига “Оҳангароншифер” АЖнинг раҳбари Мустафоев ваъда бериб, ўн кундан кейин заводни ишлатаман деганди. У янги ҳокимни болани лақиллатгандек алдаб юборди.

2025 йилнинг 3 февраль куни заводни юргиза олмаган, аниқроғи, юргизишни хоҳламаган Мустафоев 97 нафар ишчини ҳам “ойлик топиб бера олмаяпман” деб улар билан меҳнат  шартномасини бекор қилди. Хуллас, бугун заводнинг номи қолди, холос!

2025 йил 1 май куни вилоят иқтисодий судининг тафтиш инстанцияси судида негадир биринчи инстанция ва кассация суди қарори бекор қилиниб, ишни қайтадан кўриш учун яна биринчи инстанция судига юбориш ҳақида қарор чиқарилди.

Хуллас, яна сарсонгарчилик…

Ишчилар қийин аҳволда қолишди: кимдир Россияга, яна кимдир Туркияга иш қидириб кетган. Кимдир ошхонада идиш-товоқ ювяпти, кимдир пиёз ўтаяпти.

Мажбурий ижро бюроси Оҳангарон шаҳар бўлимининг 2025 йил 12 июндаги хатида таъкидланишича, МИБнинг мазкур бўлими иш юритувида 31 миллиард сўмлик солиқ бўйича, тўрт миллиард сўмлик иш ҳақи бўйича ижро ҳужжатлари мавжуд.

Хуллас, бугунги кунда заводнинг умумий қарзи олтмиш миллиард сўмдан ошди.

Куни кеча умидбахш хабар тарқалди…

“Оҳангароншифер” АЖнинг 54 фоиз давлат улуши аукцион савдосида сотилганмиш.

Буни эшитгач, ишчилар кўнглига ёруғлик тушгандай бўлди. Ишқилиб, инсофлироқ одам сотиб олган бўлсин-да!

Озод ХУШНАЗАРЗОДА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 2 =