Расул Ҳамзатовдан совға олган элдошимиз

Абдиқул Маматов шўролар замонида — 1973-1975 йилларда йигитлик бурчини Доғистонда ўтаган. Уларнинг ҳарбий қисми туркий дунёнинг машҳур шоири Расул оға Ҳамзатовнинг дачаси билан ёнма-ён жойлашган экан. Кунлардан бир куни аскарлардан бир нечтасини машҳур шоир ҳашарга чақирибди.

Дачада ишлар саранжомлангач, Расул оға аскарларга зиёфат берибди. Хайр-хўшлашув чоғида Абдиқулни ёнига чақириб, акуланинг тишини совға қилибди.

— Совғани эҳтиёт қил, ўғлим. Ўғирлатиб қўйма! — дея тайинлабди.

Афсуски, шоир айтгани содир бўлибди. Совғани кимдир “шимо” қилибди. Абдиқул роса афсусланибди.

Орадан икки йил ўтгач, 1975 йилда Абдиқул бир ташкилотга хизмат машинаси олиб келиш учун Россияга боришига тўғри келибди. Қайтишда Махачқалага, Расул оғанинг хонадонига энибди. Шоирнинг дарвозасини тақиллатиб, Расул оғани сўроқлабди. Оиласидагилар шоир сафардалигини, эртага қайтишини маълум қилибди. Абдиқул хизмат қилган қисмига бориб, бир кеча меҳмон бўлибди. Эртасига Расул оғанинг уйига борибди. Шоир уни танибди. Абдиқул бўлган воқеани сўзлаб берибди.

— Мен ҳозир “Журавли” (“Турналар”) қўшиғининг тақдимотига шошиляпман. Сенга яна бир совға берайин! — деб ижодхонасини безаб турган буғу (олен) шохини совға қилибди.

— Ҳозир бу совға шахсий кутубхонамнинг энг нодир экспонатларидан, — дейди фахрланиб Абдиқул биродаримиз.

— “Турналар” қўшиғига юртимизда, Чирчиқ шаҳрида ҳайкал ўрнатилган, — дедим мен.

— Йўғ-э! Яхши айтдингиз. Бехабар эканман. Албатта, “Турналар” зиёратига бораман! — деди Абдиқул Маматов.

  1. Абдиқул Маматов “Ёрқин келажак” нодавлат нотижорат ташкилотининг асосчиси. Янгиер шаҳридаги кутубхонаси жуда машҳур — халққа очиб қўйилган. Элдошларимиз маънавиятини юксалтиришда кўп ва хўп ишлар қилмоқда. Сирдарёга келган хорижлик ва маҳаллий меҳмонлар, албатта, у кишининг хонадонига бир қур қўниб ўтадилар.

М.АҲМАД

Суратда: Абдиқул Маматов ва кутубхона деворига Расул Ҳамзатов совға қилган буғу шохи мана шундай илиб қўйилган.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × four =