Сероблигида увол, танқислигида азиз

Тошкентнинг шароитлари яхши. Ичимлик суви сероб. Аммо жўмраклардан сув бекорга оқиб ётганини, кимдир ичимлик сувига машинасини юваётганини, яна кимдир томорқасини суғораётганини кўрганимизда, қишлоғимдаги сув муаммоси ёдимга тушади.
Ҳа, мен туғилиб ўсган қишлоқда сувнинг қиймати – бебаҳо. Бундан беш йил олдин маҳалламизда ичимлик суви тармоғи йўқ эди. Сув муаммоси аҳолини жуда қийнарди. Шундай вақтлар ҳам бўлганки, ҳатто оқар сувларни тинитиб истеъмол қилганмиз. Имконияти етарлилар тоза ичимлик сувини сотиб олар ёки ўзлари келтирар эди. Қолганлар эса мажбурлигидан ариқ сувларидан ичарди.
Ҳатто қўшнилар туз ёки хамиртуруш сингари бир-биридан сув сўраб турган вақтлар ҳам бўлган.
Кейинчалик қишлоғимизда ўзгаришлар юз берди. Маҳаллаларимиз обод бўлди. Тоза ичимлик суви келди. Ҳозирги кунда одамлар зилол сувни тежаб-тергаб, исроф қилмасдан фойдаланмоқда.
Улар сув қадрини яхши билишади.
Шаҳарда сув эрта-ю кеч чиқиб туради. Балки, шунинг учун ҳам унинг қадри билинмас. Гарчи бизнинг қишлоғимизда ичимлик суви тармоғи бўлса-да, лекин унда икки кунда бир марта сув берилади. Шу боис бизда сувнинг ҳар томчиси қимматлидир. Балким, бизда ҳам сув тўхтовсиз чиқиб турганида унинг қадрига етишмасдими? Айтишади-ку, олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ деб.
Ҳа, ҳаёт учун, аввало, ҳаво, сув зарур. Дейлик, кимгадир сувсиз саҳрода яшаш шарти билан жуда кўп олтин-у тиллолар берилса, у бой бўлиши мумкин. Аммо яшай олмаслиги аниқ. Чунки сувнинг ўрнини ҳар қанча олтин, дуру жавоҳир босолмайди.
Аллоҳнинг инсонларга ато этган бебаҳо неъмати – сувдан тежаб фойдаланайлик, кўзимизни очайлик, уни увол қилмайлик!
Сурайё ЎРИНБОЕВА,
ЎзМУ талабаси.