Дастингдан дод, телефон!
Ҳар замоннинг ўз муаммоси бор. Авваллари одамлар тирикчилик, қорин ғамидан ортишмаган, дейишади. Айни фарзандларни ўқитиб, камол топтириб, қарийб беш юз йил деганда бир мустақил бўлган Ватан шаънини оламга ёядиган пайт келганида эса, бутун бир авлод тилсиз-жағсиз телефон деган балога қул бўлиб ўтирибди.
Ҳа, замон ўзгарди, техника, технологиялар ривожланди. Дунёнинг нариги бурчидан туриб, одамлар бир-бири билан ҳол-аҳвол сўрашадиган тараққиёт даврида яшаяпмиз. Ўша зорманданинг яхши ва қулай томонлари жуда кўп. Аммо шу билан бирга бутун инсониятни ўзига муте қилиб олди. Эрталаб кўз очиб, Аллоҳнинг берган кунига шукур, дейиш ўрнига юз-қўлимизни ювмасдан “Instagram”га ким “story” қўйди экан?” деб қўлимиздаги қутичани ковлаштирамиз.
Нафақат уйда, жамоат жойларида, автобусда, поездда, самолётда, ҳатто олий таълим ўчоқларида, дарсда ўтирганимизда ҳам пинагимизни бузмай ана шу матоҳнинг ҳукмига бўйсунамиз.
Ҳеч бир одам ўйламайдики, ахир олтин билан тенг вақтимиз кулдай ҳавога совурилмоқда. “Дод дастингдан, телефон!” деворгинг келади. Уйда оналар фарзанд тарбиясини унутишди, овқат тайёрлаш пайтида ҳам аҳвол шу, ётса ҳам, турса ҳам қўлда телефон!
Эй, одамлар, кўзларингизни очсангиз-чи! Ҳой талаба тенгдошлар, бир зум қулоқ тутинг! Ахир ота-онангиз емай-ичмай, яхши кийинмай, сизларни ўқитиш учун не машаққатлар билан миллион-миллион сўмларни контрактингиз учун тўлаб, илм олишга жўнатган! Сиз-чи, телефон қулига айланиб бўлдингиз. Ахир бу аҳволда қандай қилиб касб эгаси бўласиз?
Бошини эгиб ўтирган бир йигитни кўрдим. У ҳам сизга ўхшаб қутичага тикилиб ўтирар, хаёли ўзида эмасди. Жимгина кузатдим. Бир пайт ғалати овозда “топдим!” деб юборди. Ҳамманинг нигоҳи унда. Шу йигит бирор илмий кашфиёт қилди-ёв, деб кузатишда давом этдим. Нимадир бўлди чоғи, у янада аянчли овозда: “Уҳ, жоним кетди!” деди.
Четдан қараганда, бу соғ одамнинг ҳаётимас, дунёдан узилиш ҳам шунча бўладими?
Эътибор қилсангиз, телефон қувватсизланиб, ўчиб қолса, одам ҳам ўчади.
Хўш, нима қилишимиз керак? Наҳотки ўша матоҳнинг яхши томонларидан ақл билан фойдаланишга иродамиз етмаса?! Ахир айрим одамларнинг кайфияти “батарея” даражасига қараб ўзгарадиган бўлиб боряпти. Ниҳоятда оғриқли масала. Бу мутеликдан қутулишнинг бирор чораси борми? Нима дейсизлар, замондошлар?!
Китоб, газета-журнал йўқ! Ўқиб нима қиларди. Бариси телефонда бор. Аслида каттаю-кичикнинг ақли хушини ўғирлаган, соғни касал, касални телбага айлантираётган телефон балосидан қутулиш, ундан меъёрида, керагида фойдаланиш шунчалар қийинми?
Мен эса сизларга: “Ҳайқиринг, ҳайқиринг одамлар, олтин авлодимизни тилсиз ёвдан қутқариш учун бирлашинг, дейишдан ўзга чорам йўқ! Ҳа, ҳайқиринг! Озод тафаккур, ёрқин келажак учун ҳайқиринг!
Шаҳзода ҲАЛИМОВА,
Ўзбекистон Журналистика ва
оммавий коммуникациялар
университети
3-босқич талабаси.
