Ватанга садоқат ва муҳаббат
ёки “Дунё шеърияти” антологияси ҳақида айрим мулоҳазалар
Кейинги йилларда мамлакатимизда, бир томондан, ўзбек адабиётининг энг яхши асарларини хорижий тилларга, иккинчи томондан, жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига таржима қилишни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, самарали ижод қилаётган моҳир таржимонларни муносиб рағбатлантириш, бадиий таржиманинг савиясини янада ошириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2024 йилда бадиий таржима соҳасида Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот таъсис этилгани бежиз эмас.
Бу ҳақда фикр юритганда, шунингдек, юртимизда “Туркий адабиёт дурдоналари” деб номланган 100 жилдлик китоблар туркуми нашр этилганини таъкидлаш лозим. Ушбу туркумга Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркманистон ва Венгрия давлатларидан жами 450 дан зиёд мумтоз ва замонавий шоир, адиб ва мутафаккирларнинг асарлари киритилган. Ўз навбатида, МДҲ давлатларида биринчи бўлиб Ўзбекистонда нашр этилган “Рус адабиёти дурдоналари” мажмуаси рус адабиётининг олтин даври — Пушкин замонидан то ХХ асрнинг охиригача бўлган йилларда яратилган энг яхши асарларни ўзида қамраган.
Бундан ташқари, Москванинг “Ладомир” нашриёти томонидан 2021-2022 йилларда ўзбек мумтоз шеъриятининг барча даврларига оид буюк вакиллари ижодини ўз ичига олган икки жилдлик “Ўзбек шеърияти антологияси” чоп қилинган бўлса, 2024 йилда “Замонавий ўзбек шеърияти антологияси” нашр этилди. Учта китобнинг барчаси Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда дунё юзини кўрди.
Ўз навбатида, Янги Ўзбекистоннинг тизимли ва изчил асосда яратилаётган бундай беқиёс маънавий бисоти яқинда яна бир ноёб китоблар туркуми ҳисобига бойиди. Бу ўринда таниқли шоир ва моҳир таржимон, маҳоратли журналист Карим Баҳриев таржима қилган ва тузган “Дунё шеърияти” номли уч жилдлик антология назарда тутилмоқда.
Ушбу муҳташам тўпламни варақлар эканман, даставвал, бундан 38 йил илгари, 1987 йилда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида чоп этилган “Аср овози. Озод инсон ҳақида қўшиқ” номли китоб хаёлимга келди ва бу бежиз эмас. Назаримда, ана шу икки китоб ўртасида муайян боғлиқликлар бор.
Биринчи боғлиқлик — “Аср овози” китоби ХХ аср Европа, Осиё, Африка ва Америка прогрессив шеъриятидан ўзбекчага таржима қилинган сара шеърларни ўзида жамлаган эди.
Ўз навбатида, “Дунё шеърияти” антологиясига сўзбоши ёзган устоз — Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров таъбири билан айтганда, “Беш қитъа, 144 мамлакатнинг ҳар биридан ҳеч бўлмаса бир шоирнинг бир гўзал асари бор бу китобда”.
Иккинчи боғлиқлик — “Аср овози” китоби озодлик, тинчлик, ижтимоий тенглик, инсонпарварлик каби ўлмас ғояларни тараннум этувчи асарларнинг энг яхши намуналари тўплами сифатида ўз даври маънавий-маърифий ҳаётида ниҳоятда таъсирчан воқеа бўлган эди.
Фикримча, “Дунё шеърияти” антологиясига киритилган шеърларда ҳам ҳаёт ва мамот, озодлик ва мутелик, Ватанга муҳаббат ва садоқат, эрк, бурч ва инсонийлик каби ғоялар устувор эканлиги яққол сезилиб турибди.
Учинчи боғлиқлик — “Аср овози” китобини нашр этишга халқимизнинг энг пешқадам ва демократ зиёлилари, хусусан, яқиндагина Ўзбекистон Президенти Фармонига кўра “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланган атоқли ўзбек шоири Рауф Парфи бош-қош бўлганлигини яхши эслайман. Карим Баҳриев ҳақли ёзганидек, “ўзбек сўз санъатининг кейинги ярим асрини Рауф Парфи ижодисиз тасаввур этиш асло мумкин эмас”.
Табиийки, биз ўзаро қиёслаётган шу икки китобнинг бир-биридан фарқ қиладиган жиҳатлари ҳам етарли. Ушбу фарқлардан учтасига қисқача тўхталаман.
Биринчи фарқ — “Аср овози” китоби собиқ совет замонида нашрга тайёрланган ва чоп этилган. Шунинг учун, истаймизми-йўқми, ўша китобга киритилган шеърлар ҳам, шоирлар ҳам, айни шоирлар мансуб мамлакатлар рўйхати ҳам қайсидир маънода “цензура”дан ўтказилган. Бунда имкон қадар китобнинг шўролар тузуми сиёсатига жавоб бериши талабидан келиб чиқилгани аниқ.
Аксинча, “Дунё шеърияти” антологиясини тузиш, таржима қилиш ва нашр этиш жараёнлари ҳеч қандай “цензура”сиз амалга оширилганига ишонаман. Бу борада Карим Баҳриевга ҳеч ким қайси мамлакат, қайси шоир ва қайси шеърларни таржима қилиш ёки таржима қилмаслик юзасидан қандайдир “мажбурий йўриқ”, “раҳбарий кўрсатма” бермаганлиги тайин ва шунинг ўзи ҳам бугунги кунда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, хусусан, сўз ва ижод эркинлиги амал қилаётганидан далолат беради.
Иккинчи фарқ — бундан салкам қирқ йил олдин чоп этилган “Аср овози” китобидаги шеърларни турли шоир ва таржимонлар ўзбек тилига таржима қилган. Содда қилиб айтганда, шеърий таржималар тўплами ҳашар йўли билан тайёрланган. Айни ҳолат эса китобнинг бадиий савияси қайсидир жиҳатдан бирмунча пасайишига олиб келган.
Ўз навбатида, “Дунё шеърияти” антологиясининг таржимони ва тузувчиси битта ижодкор — Карим Баҳриев. Бу омил, ўз навбатида, тўпламдаги шеърлар ягона адабий дид ва шеърий таъб, яхлит маданий-маърифий ёндашув, якдил дунёқараш ва нуқтаи назар асосида сараланишига олиб келганки, натижада тўпламнинг сифати ва савияси ижобий томонга ўсган, деб ўйлайман.
Учинчи фарқ — “Аср овози” китобига ҳеч қандай сўзбоши ё сўнгсўз берилмаган. Тўплам шеър билан бошланади ва шеър билан тугайди (мундарижани ҳисобга олмаганда).
“Дунё шеърияти” антологиясининг 1-жилди эса, ҳали қайд этганимиздек, машҳур адабиётшунос, таржимон ва адиб Иброҳим Ғафуровнинг “Мумтоз гармония. Карим Баҳриев таржималари” сарлавҳали кириш мақоласи билан бошланган. Устоз Иброҳим ака, бир томондан, ҳозирги замон жаҳон ва ўзбек адабиёти ҳамда таржимачилиги илғор тенденцияларини зукколик билан талқин этса, иккинчи томондан, “Дунё шеърияти” антологияси саҳифаларидан жой олган муайян шеър, шоир ва ўша шоир мансуб мамлакат адабиётини теран таҳлилга тортади, учинчи томондан, айни муаззам тўпламни тузган ва таржима қилган шогирди Карим Баҳриевнинг ижодий камолот чўққисини эгаллаш жараёнлари билан китобхонни пайваст таништириб боради.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, “Дунё шеърияти” антологияси чиндан ҳам жиддий китоб бўлиб, учта салмоқли жилд ва 1 минг 440 бетдан иборат жуда катта ҳажмга эга. Унда 144 та мамлакатнинг 494 нафар шоири ижодидан намуналар жамланган.
Одатда, насрий асарни ўқишга нисбатан шеър мутолааси муайян вақт ва оралиқ танаффусларни тақозо этади. Шунинг учун “Дунё шеърияти” антологиясини ўқишда давом этяпман. Ҳозир дастлабки таассурот ва мулоҳазаларимга мухтасар тўхталаман.
Биринчи мулоҳаза. “Дунё шеърияти” антологияси камина давлат тузилиши ва ҳуқуқий тизими ҳақида тегишли маълумотларга эга бўлган ҳолда, адабиётидан деярли бехабар бўлган бир қатор мамлакатлар халқлари шеърияти намуналари билан ўзбек тилида танишиш имконини берди.
Иккинчи мулоҳаза. Шу пайтгача асосан прозаик, яъни носир сифатида таниган Редярд Киплинг, Гюнтер Грасс, Жеймс Жойс, Мигель Анхел Астуриас, Хорхе Луис Борхес, Жуброн Халил, Бертольд Брехт, Тудор Аргези, Акутагава Рюноскэ, Эрнест Хемингуэй каби машҳур ёзувчиларни ҳассос шоирлар мақомида ҳам ўзим учун кашф этдим.
Учинчи мулоҳаза. Нафақат шоиру ёзувчилар, балки тарихда шафқатсиз сиёсати билан ном қолдирган айрим шахслар ҳам шеър ёзганлиги факти, ростини айтганда, ақл бовар қилмайдиган воқелик, деб ўйлаш мумкин. Масалан, “Дунё шеърияти” антологиясида Сталин шеърларининг ўзбекча таржимаси билан танишиш, ўз навбатида, шеъриятнинг нақадар жумбоқли олам экани ҳақида фикрлашга ундайди.
Тўртинчи мулоҳаза. “Дунё шеърияти” антологиясидаги қамровнинг бемисллиги китобхонни табиий равишда ҳайрат ва ҳаяжонга солади. Эътибор беринг: 3 та жилдда 5 та қитъа, 9 та йирик минтақа, 144 та мамлакатнинг 494 нафар шоири қаламига мансуб 1 мингта шеър (!) ва 13 та шоири номаълум шеър, шунингдек, фольклор намуналари, халқ қўшиқлари ва баётлар жамланган.
Қиёс учун: ўша 1987 йилги “Аср овози” китоби эса 4 та қитъа (Европа, Осиё, Африка, Америка), 32 та давлатнинг 48 нафар шоири битган 268 та шеърдан иборат. Бу шеърларни 20 дан ортиқ таржимон — машҳур халқ шоирларидан тортиб, ҳаваскор қаламкашларгача бўлган ижодий жамоа таржима қилган. Бинобарин, “Дунё шеърияти” антологиясидаги мингдан ортиқ шеърни фақат битта таржимон ўзбекчалаштирган!
Шу ўринда “Дунё шеърияти” антологиясининг мазмун-моҳиятини янада мукаммаллаштириш юзасидан айрим таклиф ва тавсияларни ҳам билдирмоқчиман.
Биринчи таклиф. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 июнда қабул қилинган “Бадиий таржима соҳасида Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, ўзбек адабиётининг энг яхши асарларини хорижий тилларга, жаҳон адабиётининг сара намуналарини ўзбек тилига таржима қилишни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида бадиий таржима соҳасида Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот танлови эълон қилинган. Бинобарин, “Дунё шеърияти” антологиясини, улгурилса жорий йилги, бўлмаса, кейинги танловга тақдим этиш керак, деган фикрдаман.
Иккинчи таклиф. “Дунё шеърияти” антологияси 1 минг нусхада чоп этилган ва бу миқдор 38 миллионлик нуфусга эга китобхон халқимиз учун жуда камлик қилади. Шунинг учун, биринчи навбатда, вилоятлар марказларидаги ахборот-кутубхона марказлари, олий ўқув юртлари ва ижодий мактабларнинг кутубхоналарига ушбу тўплам етказиб берилиши ўринли, назаримда.
Учинчи таклиф. Янги Ўзбекистон ёшлари, яъни мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоиздан ортиғи лотин имлосига асосланган ўзбек алифбосида ёзади ва ўқийдилар. Шу маънода, “Дунё шеърияти” антологияси лотин алифбосида ҳам чоп этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Тўртинчи таклиф. Ушбу антологиянинг ана шу янги нашрини тайёрлашда ҳозирги нашрда ўтиб кетган айрим техник нуқсонлар, имловий хатолар, айниқса, баъзи сўзларда юмшоқ “ҳ” билан қаттиқ “х” фарқланмаган ҳолатлар тузатилиши лозим.
Бешинчи таклиф. “Дунё шеърияти” антологияси матнидаги аксарият ўзбек китобхонлари учун нотаниш бўлган хорижий ва халқаро атама ва тушунчаларга қисқача изоҳли луғат берилгани маъқул. Масалан, 1-жилдда (69-бет) “бупати” деган сўз мавжуд бўлиб, у бир жойнинг ўзида икки хил —“бупати” ва “буппати” шаклида ёзилган. Сўзнинг маъносини Интернет ёрдамида билиб олиш учун дастлаб қайси шакли тўғри эканини аниқладик. Маълум бўлдики, Индонезия шоири Тавфиқ Исмоил шеърида қўлланган “бупати” тушунчаси — рожа, яъни зодагоннинг ҳудуддаги ноиби, мустамлакачи ҳокимиятнинг ваколатли намояндаси, деган маънони англатар экан.
Айтмоқчимизки, ҳозирча ўзбек китобхонларининг ҳаммаси ҳам нотаниш сўзларни интернетдан билиб олиш имкониятига эга эмас ёки бунга вақт ажратгиси келмайди. Бинобарин, “Дунё шеърияти” антологиясида бундай сўзларнинг мўъжазгина изоҳли луғати берилиши ўқувчига анча қулайлик туғдиради.
Олтинчи таклиф. “Дунё шеърияти” антологиясига киритилган ҳар битта шоир ҳақида мухтасар маълумот берилса, айни муддао бўлур эди. Ҳозирги ҳолатда эса айрим, жуда саноқли шоирларнинг ҳаёти ва ижоди хусусида қисқа маълумот тақдим этилган, холос.
Еттинчи таклиф. “Дунё шеърияти” антологиясида географик атамалар ўрнатилган мезонлар бўйича қайд этилиши ўринли бўлар эди. Айтайлик, китобнинг охирги муқовасидаги “9 бўлга” дегани — Осиё, Африка, Яқин Шарқ, Европа, Кариб ҳавзаси, Океания, Шимолий Америка, Марказий Америка ва Жанубий Америкадан иборат 9 та минтақани англатишини ҳамма ҳам тушунавермаслиги мумкин.
“Дунё шеърияти” антологиясида Белоруссия — Беларусь шаклида ёзилмагани ҳолда, Молдавия — Молдова тарзида битилгани ёки Лўбнонни — Ливан тарзида, Қибризни — Кипр шаклида ёзилгани ҳолда, Болгариянинг — Булғористон, деган тарзда берилгани ҳам китобхонни бир қадар саросимага солмасдан қўймайди. Яна бир мисол: Китобда Корея Республикаси — “Жанубий Қурия” деган шаклда ёзилган бўлса, Шимолий Корея — “Корея Халқ Демократик Республикаси” деган расмий номи билан қайд этилган. Аслида, бу ўринда корейс халқи вакиллари яшайдиган иккита Корея давлати ҳақида сўз бормоқда.
Саккизинчи таклиф. “Дунё шеърияти” антологиясида қайси шеърлар қандай тилдан таржима қилинганлиги, ҳеч бўлмаганда, мундарижада аниқ кўрсатилса, яхши бўларди. Нима учун? Чунки, масалан, 1-жилдда 5 нафар Ўзбекистон намояндаси шеърларидан намуналар берилган бўлиб, ўқувчида улар ўз асарларини қайси тилда ёзган экан, деган табиий савол туғилади. Агар Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Нажмиддин Кубро асарлари — форс-тожик тилидан, Бердақ шеъри — қорақалпоқ тилидан, Собит Мадалиев шеърлари рус тилидан таржима қилингани кўрсатилса, бундай саволга ўрин қолмайди. Бу — биринчидан.
Иккинчидан, келгусида мазкур “Дунё шеърияти” антологиясидан нафақат шеърият ихлосмандлари баҳра олиши, балки уни адабиётшунос ва таржимашунос олимлар атрофлича тадқиқ этишига ҳам ишонаман. Шундай экан, тил ва таржима борасидаги аниқлик тадқиқотчиларнинг қиёсий ўрганишларида анча енгиллик туғдиради.
Тўққизинчи таклиф. “Дунё шеърияти” антологиясининг тақдимотини хорижда ҳам ўтказиш керак, деб ҳисоблайман. Бундай муҳим қадам, ўз навбатида, ўша хорижий мамлакатларда ҳам миллий адабиётимизга бўлган эътибор ва қизиқиш янада кучайишига туртки бўлади.
Мухтасар айтганда, “Дунё шеърияти” номли уч жилдлик антология мамлакатимиз маънавий-маърифий ҳаётида том маънода эзгу иш бўлди.
Акмал САИДОВ,
академик.
