Фидойилик билан яратилган мўъжиза

“Навоий кон металлургия комбинати” АЖ

4-гидрометаллургия заводи ишга туширилганига 15 йил тўлди

Улкан бунёдкорлик, қудратли техникалар кучи, моҳир қурувчилар, муҳандис-мутахассислар ва ишчи-ходимларнинг фидокорона меҳнати ортидан 11 ойда қад ростлаган 4-гидрометаллургия заводи фойдаланишга топширилганига ҳам 15 йил тўлибди.

Мазкур завод Навоий кон-металлургия комбинати бош директори Қувондиқ Санақулов бошчилигида кўплаб фидойи инсонларнинг қўлни-қўлга бериб, кечани-кеча, кундузни-кундуз демасдан кўрсатган жасорати туфайли бунёд бўлган. Республикамиз тоғ-кон саноатида ўхшаши бўлмаган технологияга асосланган ва шунга мос тарзда асбоб-ускуналар билан жиҳозланган замонавий ишлаб чиқариш тармоғининг барпо этилишида 4 минг нафардан зиёд ишчи-хизматчилар, қурувчилар жонбозлик кўрсатишди.

Корхона ишга туширилгани билан юзлаб янги иш ўринлари яратилди. Ишлаб чиқариш кўрсаткичлари йил сайин ўсиб бормоқда.

Зармитанда бунёд этилган 4-гидрометаллургия заводининг ғоят қисқа муддатда қуриб битказилиши мамлакат металлургия саноати тарихида муҳим воқеа сифатида ёдда қолди.

Муҳим мажмуа қурилишида, айниқса, Зарафшон қурилиш бошқармаси қурувчилари ўзларининг юксак касбий маҳоратлари ва яратувчанликларини намоён этдилар.

Қурилиш ва монтаж жараёнларида турли бўлинмаларнинг ўзаро самарали ҳамкорлиги, юқори профессионаллик ва фидокорлик намуналари кўрсатилиб, янги ишлаб чиқариш объектининг барпо этилиши миллий саноат тараққиётида алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Завод директори Нусратилло Ҳайитовнинг таъкидлашича, “Зармитан” саноат майдонидаги конлардан қазиб олинган маъданлар аввал қайта ишлаш учун 80 километр узоқликдаги “Маржонбулоқ” олтин ажратиш цехига ташилган. Бу қўшимча вақт ва меҳнат талаб қилар, катта сарф-харажатларни келтириб чиқарар эди. Мазкур муаммони бартараф этиш мақсадида замонавий 4-гидрометаллургия заводини барпо этиш лойиҳаси ишлаб чиқилган. Заводнинг ишга туширилиши Жанубий кон бошқармаси учун янги имкониятлар, маҳаллий аҳоли учун қўшимча иш ўринлари яратишда муҳим қадам бўлди. Ҳозирги кунда комбинатда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ҳажмининг қарийб 7 фоизи айнан мазкур завод ҳиссасига тўғри келади.

Айни пайтда завод ҳудуди ва унга туташ майдон тўлиқ ободонлаштирилиб, манзарали дов-дарахтлар ва турфа гуллар билан безатилган. Бу яшиллик ҳар бир ташриф буюрувчининг руҳини кўтариб, дилини шодлантиради. Бу, шак-шубҳасиз, маъмурий хўжалик бўлими ишчи-ходимларининг меҳнати ва масъулият туйғусининг аниқ ифодасидир.

Заводнинг лойиҳавий қуввати йилига 1,8 миллион тонна маъданни қайта ишлашга режалаштирилган эди. Жамоанинг фидокорона меҳнати, юқори малакаси, ташаббускорлиги, шунингдек, кўплаб рационализаторлик таклифлари самараси туфайли корхонанинг қайта ишлаш ҳажмини 2 миллион тоннадан оширишга эришиляпти.

Кенг қамровли геологик тадқиқотлар натижасига кўра, “Зармитан” саноат майдони олтин конларида мавжуд захиралар заводнинг камида 2070 йилга қадар узлуксиз ва барқарор ишлашини таъминлаш учун етарли ҳисобланади.

Ҳар бир ходим ва ишчи-хизматчи ишга масъулият билан ёндашиб, ҳаракат қилмоқда. Ягона мақсад йўлида жипслашган жамоа юқори натижаларга эришмоқда. Ўтган 2024 йилнинг тўққиз ойида заводда 1,532 миллион тонна маъдан қайта ишланган бўлса, жорий йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 1,553 тоннани ёки 101,3 фоизни, тайёр маҳсулот ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 101 фоизни ташкил этмоқда. Бу завод фаолиятида барқарор ўсиш ва самарадорликни яққол кўрсатмоқда.

Ҳар қандай замонавий саноат корхонаси ўз стратегик мақсадларини харажатларни оптималлаштириш, таннархни пасайтириш, ишлаб чиқариш ҳажми ва суръатини ошириш, энг муҳими — юқори сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлаш орқали амалга оширган ҳолда шакллантиради. Навоий кон-металлургия комбинати бу борадаги долзарб вазифаларга ўз вақтида эътибор қаратиб, бу соҳада муайян натижаларга эришмоқда. Бунинг ёрқин мисоли сифатида 4-гидрометаллургия заводи фаолиятини келтириш мумкин. Албатта, ҳар бир ишлаб чиқариш тармоғида замонавий, тежамкор технологиялар муҳим роль ўйнайди. Бунга асосланган тармоқлар узоқ вақт бир маромда ишлайди, кутилган натижани беради.

4-гидрометаллургия заводида қўлланилаётган илғор ва юқори технологик жараёнларни бугун ёшлар ва мутахассислар муваффақият билан бошқариб келаётгани миллий кадрлар салоҳиятининг ортиб бораётгани ва уларнинг энг замонавий ишлаб чиқариш тизимларини ўзлаштиришга тайёр экани қувонарли ҳолдир. Заводда малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Шу мақсадда корхона қатор нуфузли таълим муассасалари, жумладан, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ҳамда унинг тасарруфидаги техникум ва касб-ҳунар мактаблари, Тошкент давлат техника университети билан ўзаро самарали алоқалар йўлга қўйилган. Мазкур ҳамкорлик жараёни талабаларнинг назарий билимларини амалий тажриба билан мустаҳкамлашга, шунингдек, уларни ишлаб чиқариш муҳитига аста-секин мослаштириш ва касбий фаолиятга тайёрлашга хизмат қилмоқда.

Айни пайтда заводда 480 нафар раҳбар ва мутахассис ходимлар фаолият юритмоқда. Улардан 200 нафарга яқини — 35 ёшгача бўлган ёшлар, 62 нафарини эса хотин-қизлар ташкил этади.

Кейинги йилларда заводга НДКТУ, ТДТУ ва бошқа олий таълим муассасаларидан 16 нафар ёш мутахассис ишга қабул қилинди.

Ўтган 15 йил тарих учун қисқа муддат бўлса-да, завод учун бу ривожланиш ва тараққиётнинг муҳим босқичи бўлди. Шу даврда жамоа саъй-ҳаракатлари натижасида умумий ҳисобда 26,9 миллион тонна маъдан қайта ишланди.

Сўнгги йилларда заводда амалга оширилган рационализаторлик ишлари ва илғор таклифлар натижасида ишлаб чиқариш жараёнлари янада самарали ва замонавий технологиялар асосида йўлга қўйилди. Хусусан, майдалаш, гравитация ва оҳак эритмаси тайёрлаш участкасида 6-концентраторнинг, тайёр маҳсулотлар участкасининг бойитилган маҳсулотни жадал цианлаш тугунидаги 3-реакторнинг ишга туширилиши маъданни қайта ишлаш жараёнида туб ўзгаришларга олиб келди. Бу ўзгаришлар натижасида маъдандан олтинни катод чўкмаси кўринишида ажратиб олиш самарадорлиги сезиларли даражада яхшиланиб, дастлабки йиллардаги 35 фоизлик кўрсаткич 43 фоизгача кўтарилди.

Ишлаб чиқаришнинг барқарорлигини таъминлаш ва энергия ресурсларидан тежамкор фойдаланиш мақсадида электр таъминоти тизимида “Захирани тезкор автоматик улаш (БАВР)” қурилмаси жорий этилди. Ушбу инновацион ечим асосий технологик ускуналарнинг иш вақтини узайтириш, тегирмонлар тўхташининг олдини олиш ҳамда ускуналардан фойдаланиш самарадорлигини оширишда катта аҳамият касб этмоқда. Завод жамоасининг ташаббускорлиги, мутахассисларнинг билим ва тажрибаси билан уйғунлашган бу каби техник янгиланишлар иқтисодий самарадорликни янада оширишда муҳим омилга айланмоқда.

Энергия самарадорлигини ошириш ва экологик барқарорликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар изчил давом этмоқда. Хусусан, қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш мақсадида умумий қуввати 1000 кВт бўлган қуёш электростанцияси ишга туширилди. Мазкур имкониятдан самарали фойдаланиш натижасида ўтган даврда 2,035 миллион кВт соат электр энергияси ишлаб чиқилди, бу эса 2,035 миллиард сўм маблағни тежашга олиб келди.

Корхона эҳтиёжлари учун сув иситишга мўлжалланган 65 дона қуёш гелиоқурилмалари фойдаланишга топширилди. Ушбу замонавий қурилмалар орқали йил давомида жами 246,6 минг кВт соат электр энергиясини тежашга эришилмоқда.

Заводда намунали меҳнати ва ишлаб чиқариш ривожига қўшган муносиб ҳиссаси учун 25 нафар ишчи-ходим турли даражадаги “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони билан тақдирланган.

— Саноат тармоқлари, айниқса, металлургия соҳаларида сув нафақат ишлаб чиқариш жараёнларини таъминлаш, балки саломатлик ва экологик хавфсизликни сақлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Гидрометаллургия заводларида сув технологияларнинг бир қисми бўлиб, унинг сифат ва миқдори ишлаб чиқариш самарадорлигига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади, — дейди завод директори Н.Ҳайитов. — Шу сабабли, сувдан тежамкорлик билан ва қайта ишлаш усуллари орқали фойдаланиш устувор вазифалардан бирига айланган. Бугунги кунда ишлаб чиқариш саноатида сув ресурсларини сақлаш ва самарали бошқаришга қаратилган инновацион технологиялар жорий этилмоқда. Саноатда сувни қайта ишлаш, чиқинди сувларни тозалаш ва қайта ишлатиш, янги сув тежаш усулларини қўллаш каби чоралар асосий ўрин тутади. Заводимизда ҳам бу масалага жиддий эътибор қаратилиб, сув ресурсларини тежаш бўйича бир қатор муҳим амалий ишлар қилинмоқда. Яқин вақтларгача завод эҳтиёжлари учун, асосан, Тўсинсой сув омборидан суткасига 7,5 минг кубометр сув олиб турар эдик. Сувдан самарали фойдаланишнинг янгича усули топилди. Завод атрофидаги “Ғужумсой” кони шахта сувларидан суткасига ўртача 2 500 ва “Зармитан” кони шахта сувларидан суткасига ўртача 1000 кубометр сув уч босқичли тиндиргич орқали 4-ГМЗ технологик жараёнлари эҳтиёжи ҳамда Зармитан саноат майдони боғларини суғориш учун олинмоқда. Шахталардан чиқадиган чиқинди сувдан оқилона фойдаланиш эвазига Тўсинсой сув омборидан суткалик олинадиган сув ҳажмини 4 минг кубометргача туширишга эришилди. Сувни тежаш мақсадида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 3,151328 миллиард сўм миқдорида иқтисодий самарага эришилди.

Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида инсон қадри, унинг фаровон ҳаётини таъминлашга қаратилган эзгу мақсад мужассам. Ана шундай юксак эътибор ва ғамхўрлик самарасини Заркент қўрғони мисолида яққол кўриш мумкин. Дарвоқе, замонавий шаҳарлардан асло қолишмайдиган Заркент қўрғони барпо этилди. Саноатнинг кириб келиши натижасида ҳудуд таниб бўлмас даражада ўзгарди. Бу жойларга асфальт йўл, ичимлик суви ва табиий газ тармоқлари олиб келинди. Қир-адирлар кўкаламзорлаштирилиб, замонавий боғу роғларга айлантирилди, дашт бағрига замонавий инфратузилма кириб келди. “Аквапарк” мажмуаси, замонавий спорт комплекси, “Кончи” маданият уйи, “Ёшлар” кафеси каби ижтимоий иншоотлар қад ростлади. Қисқа муддат ичида бу ерда кончилар ва ёш мутахассислар учун барча қулайликларга эга замонавий ётоқхоналар, кўп қаватли уй-жойлар барпо этилди.

Бугун кончилар ва уларнинг оила аъзолари учун барча имкониятлар мавжуд. Ишлаб чиқариш ва қурилиш ишларининг ҳажми янада ортиб, ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини янада оширмоқда. Бу тарихий ўзгаришлар нафақат Заркент қиёфасини, балки маҳаллий аҳолининг дунёқараши, турмуш тарзи ва ҳаётга бўлган муносабатини ҳам тубдан ўзгартирди. Шубҳасиз, бу тараққиёт замирида кон саноати фидойиларининг тинимсиз меҳнати, тунни тонгга улаб сидқидилдан қилаётган хизматлари мужассам.

Қир-адирлар бўйлаб Заркент сари йўл олсангиз, қаршингизда жаннатмонанд бир гўша намоён бўлади. Бу ердаги фаровон ҳаётни кўриб, ҳар қандай юртдошимизда фахр туйғуси уйғонади.

Ўтган қисқа муддат ичида завод улкан тараққиёт ва ривожланиш йўлини босиб ўтди. Бу ютуқлар, олға сурилган вазифалар ва матонат билан олиб борилган меҳнат корхона тарихининг ёрқин саҳифаларига муҳрланди. Бугунги кунда завод жамоаси янада улкан марраларни забт этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Улар зиммаларига юклатилган вазифаларни муваффақият билан ўз вақтида бажариб, мамлакат тараққиётига ҳиссаларини қўшишда давом этмоқдалар.

Дилдора КАРИМОВА,

“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ

матбуот маркази мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × five =