Ватанга муҳаббат эстафетаси

Ҳар бир халқнинг, давлатнинг халқ ва давлат сифатидаги обрў-эътиборини, жаҳон майдонидаги ўрнини белгилаб берувчи муҳим мезонлар бор, албатта. Бу мезонлар сирасида байроқ ўзига хос мазмун-моҳиятга, залворга эга. Унда халқнинг руҳий қувватини, ўзлигини намоён этадиган маънавий бир қудрат бор. Бугун юртимизнинг барча гўшаларида, идора ва ташкилотлар пештоқида, уйларнинг тепасида ҳилпираб турган байроқлар нафақат кўзимизни қувнатади, балки бизнинг ўзлигимиз ҳақида бонг уриб туради гўё. Унинг ҳар бир ҳилпираши Ватанни асраб-авайлаш, унинг тупроғини муқаддас деб билиш ҳақидаги хитоб бўлиб туюлади менга.

Давлатимиз байроғи қабул қилинган кун муносабати билан юртимизда ташкил этилган “Бир Ватан, бир эл, бир байроқ” шиори остидаги байроқ эстафетаси чиндан ҳам барчамизни шу ҳаётбахш ғоя атрофига жам этди: биз бир байроқ остида бир Ватан, бир эл бўлиб бирлашдик! Биз катта куч эканимизни янада тийранроқ ҳис қилдик!

Лойиҳа доирасида Хоразм вилоятида бўлиб ўтган тадбирлар шукуҳи ҳамон тарк этгани йўқ. Тарк этмайди ҳам! Байроқни қўшни қорақалпоқ қардошларимиздан қабул қилиб олиш учун вилоятимизнинг бир гуруҳ нуронийлари, фаоллари, ижодкорлари, санъаткорлари, ёшлари шу йилнинг 9 ноябрь куни эрталаб Юртбошимизнинг ташаббуслари билан барпо этилган Амударё кўприги томон ошиқдик. Автобус ва машиналарнинг деразаларидан мағрур ҳилпираб турган юртимиз байроғини кўриб, йўловчилар, пиёдалар бир зум тўхтаб қолдилар, уларнинг нигоҳлари беихтиёр бу сурурли лаҳзаларга қадалди. Ёш-у катталар бу жараённи қўлларидаги телефонларга расм ва видеоларга олаётганини кўриб, уларнинг ўзидан ҳам кўпроқ қувондим. Уларнинг бу ҳаракатида Ватанга бўлган муҳаббат жўш урар эди! Байроғимизда маънавий қудрат билан бирга сеҳрли куч ҳам бор. Бу қудрат, бу сеҳр кишини бир зумда ўзлигига қайтара олишига ишондим!

Кўприкка яқинлашганимизда қорақалпоқ қардошларимиз давлатимиз байроғини баланд кўтариб, кўприкнинг нариги томонидан биз томонга қараб келаётганини кўриб, дилларимиз бир энтикди. Мана байроғимиз! Уни қабул қилиш фурсати энди бизда! Олға, Хоразм!

Хоразм вилоят ҳокимининг ўринбосари С.Салаев бошчилигидаги делегациямиз байроғимиз ҳузурига ошиқди. Уни қорақалпоқ элидан қабул қилиб олар эканмиз, дилларимиз яна бир энтикар эди. Байроқни олиб, елкамизда шу улкан вазифа билан воҳамизга қайтдик. Вилоятимизда икки кун давомида ўтган эстафета тадбирлари мафкуравий куч ўлароқ элдошларимизни фахр-ифтихор туйғулари ила ўз атрофига бирлаштирди. Гурлан, Янгибозор, Урганч, Хива, Туркманлар овули жойлашган Улли ҳовли ҳудудлари оша ўтган байроғимизга боқиб, ғурур-ифтихор билан ҳаётга қараш шарафини юракдан ҳис қилдик. Шундан сўнг 11 ноябрь куни байроқни биздан Саримой чегарасида Бухоро вилояти қабул қилиб олди. Бу ҳол байроқнинг шунчаки ҳудуддан-ҳудудга ўтиши эмас эди. Асло! Бу Ватанга бўлган меҳру муҳаббатнинг, юртга бўлган садоқатнинг, келажакка бўлган ишончнинг одамлардан-одамларга, юраклардан-юракларга ўтиши эди! Байроқни қабул қилиб, уни бошқа бир ҳудудга топшириш, байроғимизни бутун мамлакатимиз бўйлаб олиб ўтиш тантанаси замирида ана шу маъно мужассам, аслида. Ҳа, бу Ватанга муҳаббат эстафетаси бўлди! Биз бир-биримизга шу муҳаббатни улашдик. Муҳаббатки, Ватан ишқи ҳар кимни бемор айласин. Муҳаббатки, юрт ишқи ҳар кимни бедор айласин! Зотан, инсон учун Ватан бир, эл бир, байроқ биттадир!

Байроқнинг ҳар толасидан кўҳна Турон кўрингай,

Турку Ҳазар, Салжуқийлар ҳам Қорахон кўрингай,

Хоразмшоҳ, Темурийу шонли Усмон кўрингай,

Ғазнавийлар, Ғарбий, Шарқий Хун хоқон кўрингай,

Уйғур, Авар, Олтин Ўрда, Эфтал замон кўрингай,

Буюк ўн тўрт туркий элни қучган даврон кўрингай.

 

Ҳилпираган жонимдир у, унда иймон кўрингай,

Ҳавас билан боқиб турган жумла жаҳон кўрингай,

Тупроғини севганларнинг қалби уммон кўрингай,

Ватан деган ҳар кимсанинг боши осмон кўрингай,

Улуғ байроқ сувратида Ўзбекистон кўрингай!

 

Қўлдан-қўлга эмас, асли дилдан-дилга ўтгай у,

Шараф билан, ғурур билан тилдан-тилга ўтгай у,

Шону шавкат рамзи бўлиб элдан-элга ўтгай у,

Ўз байроғин кўтармоққа яраган эл ўлмагай,

Улуғ йўлга чиққан карвон ҳеч байроқсиз бўлмагай!

 

Қутлуғ байроқ остида биз бир халқ бўлиб тургаймиз,

Юртнинг ори учун бир саф, бир аҳд бўлиб тургаймиз,

Ўзбекистон деган буюк давлат бўлиб тургаймиз: —

Ватан бирдир, эл ҳам бирдир, битта эрур байроқ ҳам! —

Замондошим, байроғингни ўпгил, кўзларингга сурт,

Байроқ билан юксалгайдир миллат, Ватан, она юрт!

Сайёра САМАНДАР,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

“Шуҳрат” медали соҳибаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 − three =