“Туркистонда жадидчилик”

(Адиб Холиднинг шу номли китоби тўғрисида мулоҳазалар)

Янги Ўзбекистонда маънавий-маърифий соҳага, хусусан, жамиятда китобхонлик маданиятини юксалтиришга катта эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари эътироф этганларидек: “Дунёдаги ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ биринчи навбатда ўзининг интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир. Бундай енгилмас куч манбаи эса аввало инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти — китоб ва кутубхоналарда”.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 ноябрда қабул қилинган “Ёшлар учун минг китоб” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ёшларнинг интеллектуал ва илмий салоҳиятини оширишга хизмат қилувчи жаҳонда машҳур бўлган китобларни ўзбек тилига таржима қилиш ҳамда шу орқали уларни замонавий илм-фаннинг сўнгги ютуқлари билан яқиндан таништириб боришда, айниқса, катта аҳамият касб этмоқда. Қарорга мувофиқ, Ёшлар ишлари агентлиги жаҳонда машҳур бўлган мингта китобни танлаб олиб, ўзбек тилига таржима қилиш ва мамлакатимизда оммалаштиришга қаратилган “Ёшлар учун минг китоб” лойиҳасини фаол ва самарали тарзда амалга ошириб келмоқда.

Ушбу лойиҳа доирасида китобсевар халқимиз яқинда яна бир қизиқарли илмий асарни ўзбек тилида ўқиш имкониятига эга бўлди. Америкалик таниқли тарихшунос ва ижтимоий антрополог олим Адиб Холиднинг “Туркистонда жадидчилик” (аслиятдаги номи: “The Politics of Muslim Cultural Reform: Jadidism in Central Asia”) китоби таржимон Шарифжон Аҳмад томонидан ўзбек тилига ўгирилиб, “Академнашр” нашриётида чоп этилди.

Албатта, сўнгги саккиз йилда мамлакатимизда жадидлар фаолияти, уларнинг илмий-ижодий меросини тадқиқ этиш янги босқичга кўтарилди: кўплаб китоб, рисола, мақолалар чоп этилди, диссертациялар ёқланди, янги саҳна асарлари ва кинофильмлар тайёрланди. Айниқса, 2024 йилда ташкил этилган “Жадид” газетаси жадидларнинг нуқтаи назари ила бугунги давр муаммоларини таҳлил қилиш, уларнинг мақсад ва ғояларини ёритиш асносида юртдошларимизда Ватанга муҳаббат ва садоқат, мамлакатимиз келажагига дахлдорлик туйғуларини камол топтиришга катта ҳисса қўшмоқда.

Шу маънода, “Туркистонда жадидчилик” китоби ҳам халқимизни жадидларнинг мақсад ва ғоялари, амалий ва илмий-ижодий фаолияти билан таништиришда долзарб аҳамиятга эга.

Адиб Холид АҚШнинг Висконсин-Мэдисон университетида тарих бўйича фалсафа фанлари доктори илмий даражасини олган ва ҳозирда Карлтон Коллежи тарих куллиёти профессори ҳисобланади. Унинг илмий тадқиқотлари, асосан, Россия империяси ва Совет Иттифоқи даврида Ўрта Осиё ҳудудида юз берган диний-маданий, ижтимоий-сиёсий ўзгаришларга қаратилган. Олимнинг “Туркистонда жадидчилик” китоби илк бор 1998 йилда инглиз тилида Оксфорд университети нашриётида чоп этилган.

“Туркистонда жадидчилик” китоби Адиб Холиднинг ўзбек тилига таржима қилинган иккинчи асари саналади. 2023 йилда айнан “Академнашр” нашриётида олимнинг “Ўзбекистон таваллуди: Илк СССР даврида миллат, империя ва инқилоб” китоби таржимон Сардор Салим томонидан ўзбек тилига ўгирилиб, чоп этилган эди. Истеъдодли тарихшунос Сардор Салим илмий муҳаррир сифатида “Туркистонда жадидчилик” китобини нашрга тайёрлашга ҳам ҳисса қўшганини алоҳида эътироф этиш керак.

“Туркистонда жадидчилик” китобининг муқовасиданоқ ўзига хос рамзий ифодалар бошланади ва шунга монанд китобхонни ўзгача кайфият қамраб олади. Муқовадаги оч қизил ранг маърифатпарвар жадидларнинг қатағон исканжасида тўкилган қонига ишора қилса, оқ, қора ва тўқ қизил рангдаги ромбсимон миллий нақшлар жадидчилик ҳаракатининг мавҳум, ҳали тадқиқ этилмаган жиҳатларини ифодалагандек бўлади. Гўё тарихий хотирасиз келажак ҳам бўлмаслигини таъкидлаб туради.

Китоб саҳифалари буюк жадид Абдурауф Фитратнинг 1908 йилда Бухорода икки нафар ҳаммаслак дўсти ила тушган сурати билан бошланади. Бу орқали китобни нашрга тайёрловчилар XX аср бошларидаги жадидларнинг қиёфасини китобхонлар тасаввурида аниқроқ гавдалантиришни мақсад қилган бўлсалар керак.

Адиб Холид ушбу китобини отаси — Холид Латиф ҳамда онаси — Назокат Латифга бағишлаганини қайд этган. Муаллиф бу қарорини, биринчидан, ота-онасига бўлган самимий эҳтироми билан, иккинчидан, унинг Туркистон жадидлари фаолиятига қизиқишига отасининг Совет Иттифоқи мусулмонлари ҳақидаги китоби катта туртки бергани билан изоҳлаган.

Яна бир мулоҳаза: таржимон Шарифжон Аҳмад китобдаги “Central Asia” атамасини “Марказий Осиё” эмас, айнан “Ўрта Осиё” деб таржима қилгани ҳам бежиз эмас, назаримизда. Сабаби халқаро ҳуқуқда “Марказий Осиё” атамаси Совет Иттифоқи парчаланган давр — XX асрнинг 90-йилларидан бошлаб қўлланилган. “Туркистонда жадидчилик” китобида Россия империяси ва Совет Иттифоқи даврида жадидлар фаолияти таҳлил қилингани учун таржимон “Ўрта Осиё” атамасини ишлатишни тўғри деб ҳисоблаган.

Китоб муқаддима, саккиз боб ва хотимадан иборат.

“XIX асрда маърифат ва жамият” деб номланган биринчи бобда Ўрта Осиё минтақаси давлатларининг Россия империясига мустамлака бўлиши сабаблари сиёсий-ижтимоий, маданий-маърифий жиҳатдан асослаб берилган. Муаллиф: “Рус истилосига қадар Ўрта Осиёда кузатилган техникавий тараққиётнинг паст даражаси жаҳон иқтисодиётидан маҳдудлашувнинг яққол мисолидир”, — дея фикр билдирган (61-бет).

“Колониал жамият барпоси” номли иккинчи бобда Ўрта Осиёнинг Россия империяси томонидан босиб олиниши тарихий манбалар асосида изчил таҳлил қилинган. Шунингдек, Чор Россияси босқинидан кейинги ижтимоий ўзгаришлар, шаҳарсозлик, маданий ва диний ислоҳотлар, мустамлакачилар зулмига қарши исёнларнинг келиб чиқиш сабаблари атрофлича ёритилган.

Китобнинг учинчи боби “Жадидчилик сарчашмаси”, тўртинчи боби “Панд-насиҳатлар сиёсати”, бешинчи боби “Таълим — халос” деб номланган. Ушбу бобларда Туркистонда жадидчиликнинг тамал тоши Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Исмоилбей Ғаспирали томонидан қўйилгани, жадидларнинг асосий мақсади — илм-маърифат орқали халқ онгини юксалтириш, Ўрта Осиё халқларини дунёнинг энг илғор жамиятлари қаторига қўшиш бўлгани таъкидланган. Жадидлар нашр этган газета ва китоблар батафсил таҳлил қилинган. Уларнинг фаолиятида панд-насиҳат орқали кишиларга таъсир кўрсатиш устувор бўлгани қайд этилган. Янги усул мактаблари, жадид дарсликлари ва ўқув қўлланмалари ҳақида мушоҳада юритилган.

Жадидларнинг миллат тўғрисидаги мулоҳазалари, миллатни бирликка ва огоҳликка даъват этиш борасида амалга оширган саъй-ҳаракатлари, жамиятдаги турли гуруҳлар ўртасида вужудга келган тарқоқликнинг туб моҳияти ва пировардида Ўрта Осиё халқларининг Совет Иттифоқи таркибига киритилиши билан боғлиқ кескин воқеа-ҳодисалар китобнинг “Миллат тасаввури” номли олтинчи ҳамда “Миллатга етакчилик” номли еттинчи бобида таҳлил қилинган.

“1917: Тугунлар ечилажак замон” деб номланган саккизинчи бобда 1917 йилнинг февраль ва октябрь ойларида рўй берган икки инқилобнинг Ўрта Осиёдаги жадидчилик истиқболларига таъсири ёритилган. Бу даврдаги ижтимоий тартибсизликлар, сиёсий беқарорлик, жадидларнинг панд-насиҳатдан сиёсий-амалий фаолиятга ўтиши, Қўқон Мухториятининг ташкил этилиши ва парчаланиши, Бухоро ва Хивадаги қўзғолонлар асл манбаларга таянган ҳолда тадқиқ этилган.

Китобнинг “Хотима” қисмида эса “советлар Ўрта Осиёси” таҳлил қилиниб, 1938 йилда жадид арбобларининг оммавий қатл қилиниши билан минтақада жадидчилик ҳаракати ҳам тугатилгани таъкидланган.

Ушбу илмий китоб бир қатор ўзига хос хусусиятларга эга:

биринчидан, америкалик муаллиф томонидан Ўрта Осиёдаги жадидчилик ҳаракати совет ёки минтақа давлатларининг бугунги миллий мафкураларидан холи тарзда, объектив ёритилган;

иккинчидан, китобда ўзбек, форс, рус тилидаги манбалар билан бир қаторда, инглиз ва турк тилидаги адабиётлар, Ғарб давлатларида жадидлар бўйича амалга оширилган тадқиқотлар натижаларидан моҳирона фойдаланилган;

учинчидан, муаллиф Ўрта Осиё давлатларига Россия империясига қарши курашишда ўша даврдаги қудратли империялар Англия ёки Усмонли турклар империяси нима сабабдан кўмак бермаганини Ғарб манбалари асосида изоҳлаган ва ўзбек тарихшунослари учун янгилик бўлган нуқтаи назарларни ҳам баён этган;

тўртинчидан, муаллиф мазкур тадқиқотни узоқ йиллар давомида амалга оширгани, тадқиқот доирасида МДҲ ва Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистонга ҳам келиб, яшаб, манбалар билан ишлагани асарнинг мағзи тўқ бўлишига хизмат қилган;

бешинчидан, китобнинг аксарият бобларида жадидлардан олинган иқтибослар эпиграф сифатида келтирилгани илмий матнни бадиийлик бўёқлари билан безаган ва асарнинг таъсирчанлигини оширган.

Шу билан бирга, китобда жадидларнинг давлат ва ҳуқуқ, Конституция ва давлат тузилиши ҳақидаги қарашлари деярли ўрганилмагани, мазкур йўналиш муаллиф эътиборидан четда қолганини китобнинг бир камчилиги дейиш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, Адиб Холиднинг “Туркистонда жадидчилик” китоби жадидлар фаолиятига доир тарих ҳақиқатининг янги қирраларини кўрсатгани билан ҳам аҳамиятли. Китоб мамлакатимизда инсонпарвар ва демократик ислоҳотлар фаол амалга оширилаётган бугунги шароитда икки ҳисса фойдали деб ўйлайман. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, “Жадидларнинг ғоя ва дастурлари Янги Ўзбекистонни барпо этиш стратегияси билан ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳангдир”.

Акмал САИДОВ,

академик.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen + 2 =