Янги Ўзбекистон — маърифат, тотувлик ва бағрикенглик макони
Бугунги кунда дунё харитасида “Янги Ўзбекистон” номи фақатгина янги давлат бошқаруви ёки иқтисодий тараққиёт рамзи сифатида эмас, балки маърифат, тотувлик ва бағрикенглик тимсоли сифатида ҳам таралмоқда. Бу юрт асрлар давомида илму маърифатнинг бешиги, улуғ мутафаккирлар ва донишмандлар Ватани бўлиб келган. Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Хоразмий, Беруний, Аҳмад Яссавий, Бурҳониддин Марғиноний, Алишер Навоий каби сиймолар тарбия топган заминда ҳозир ҳам маънавият нурлари сўнмаган. Ўтмишдан мерос бўлган бағрикенглик, инсоф ва ҳамжиҳатлик анъаналари янги даврда янги мазмун касб этмоқда. Ўзбекистон заминида турли миллат ва дин вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил-иноқ ҳаёт кечириб келмоқда.
Ўзбекистонда бугун 130 дан ортиқ миллат ва элат, шунингдек, 16 та диний конфессия вакиллари бир оила аъзоларидек аҳил ва тотув ҳаёт кечирмоқда. Бу кўп миллатли ва кўп конфессияли жамиятдаги барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик анъаналари юртимизнинг кўп асрлик маънавий тажрибасидан озиқланмоқда. Мамлакатда фаолият юритаётган 2369 та диний ташкилотнинг 2171 таси исломий, 198 таси эса ноисломий конфессияларга тегишли экани бу муқаддас заминда ҳар бир инсоннинг эътиқод эркинлиги ҳурмат қилиниши ва қонун билан ҳимоя қилинаётганидан далолатдир.
Сўнгги саккиз йилда 130 та янги диний ташкилотнинг давлат рўйхатидан ўтказилиши, жумладан, 3 та олий ва 1 та ўрта махсус ислом таълим муассасаси, 102 та янги масжид ҳамда 24 та ноисломий диний ташкилотнинг фаолият бошлаши бу соҳага нисбатан янгича, одилона ва очиқликка асосланган муносабатнинг ёрқин ифодасидир. Бу рақамлар ортида энг муҳими мамлакатдаги миллатлар ва динлар ўртасидаги ўзаро ишонч, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаётган Янги Ўзбекистоннинг инсонпарвар сиёсат фалсафаси мужассам.
Шунингдек, 2025 йил 25 февралда қабул қилинган “Фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси” мамлакатда диний эркинлик соҳасидаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Мазкур концепция мамлакатда виждон эркинлигининг конституциявий кафолатларини ҳаётга татбиқ этиш, фуқароларнинг динга ишончи ёки ишонмаслик ҳуқуқини таъминлаш, шунингдек, диний ташкилотлар фаолиятини соддалаштириш ва мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадам бўлди. Бу билан давлат ва дин муносабатлари замонавий демократик талаблар асосида янги мазмун касб этди.
Бундан ташқари, жамият ижтимоий ҳаётида барча диний конфессияларнинг иштирокини таъминлаш, уларнинг мамлакат ривожидаги масъулиятини ошириш борасида ҳам кенг ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги Конфессиялар ишлари кенгаши фаолияти такомиллаштирилиб, унинг ваколати ва таъсир доираси кенгайтирилди. Аввал 9 нафардан иборат бўлган кенгаш таркиби 17 нафарга етказилди ва унга фақат диний соҳа вакиллари эмас, балки сиёсий арбоблар, диншунос олимлар ҳамда жамоатчилик фаоллари ҳам жалб этилди. Бу ўзгариш кенгаш фаолиятини фақат расмий мулоқот майдони эмас, балки турли конфессия вакилларини бирлаштирадиган, улар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик руҳини мустаҳкамлайдиган ҳақиқий минбарга айлантирди.
Кенгаш йилига камида икки марта йиғилишлар ўтказиб, нафақат диний масалаларни муҳокама қилади, балки спорт мусобақалари, интеллектуал ўйинлар, маданий-маърифий тадбирлар орқали конфессиялараро мулоқотни амалий мазмунда ривожлантиради. Айниқса, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Фарғона вилоятларида ташкил этилган ҳудудий кенгашлар маҳаллий даражада бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада кучайтирмоқда. Бу ташаббуслар юртимизнинг ҳар бир гўшасида “Янги Ўзбекистон — маърифат ва бағрикенглик макони” деган ғоянинг ҳаётдаги амалий ифодасига айланмоқда.
Янги Ўзбекистонда маърифат ва илм-фан ривожи жамият тараққиётининг асосий устунига айланди. Мамлакатимизда илм, маърифат ва диний билимларни илмий асосда ўрганишга қаратилган кенг кўламли ташаббуслар амалга оширилмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий ва Баҳоуддин Нақшбанд номларини ўзида мужассам этган халқаро илмий-тадқиқот марказларининг ташкил этилиши мамлакатда илму маърифатга бўлган чексиз эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир.
Ушбу марказларда ҳадис, калом, ақида, тасаввуф ва фиқҳ каби ислом илмлари замонавий илмий ёндашувлар асосида чуқур ўрганилмоқда. Бу жараён фақат диний билимни эмас, балки инсонпарварлик, бағрикенглик ва маънавий комиллик ғояларини ҳам тарғиб этмоқда. Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда Ҳадис илми мактаби ва Бухорода Мир Араб олий мадрасаси каби маърифат масканлари Ўзбекистоннинг илму маърифат маркази сифатидаги нуфузини нафақат минтақа, балки бутун ислом олами миқёсида янада оширмоқда.
Ўзбекистоннинг диний бағрикенглик ва маърифат соҳасидаги ташаббуслари нафақат ички ижтимоий барқарорликни мустаҳкамламоқда, балки жаҳон ҳамжамиятида ҳам эътироф этилмоқда. Жумладан, 2018 йилда БМТ Бош Ассамблеясида Ўзбекистоннинг ташаббуси билан қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси бу соҳадаги муҳим ютуқлардан бири ҳисобланади.
Резолюцияда барча учун таълим олиш имкониятини кенгайтириш, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам бериш, бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, шунингдек, диндорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби мақсадлар асосий вазифалар сифатида белгиланган. Бу ҳужжат жаҳонда экстремизм ва терроризмга қарши курашда маърифат, илм ва тарбиянинг муҳим аҳамиятини яна бир бор намоён этди ва Ўзбекистоннинг тинчликпарвар ва демократик давлат сифатидаги обрўсини мустаҳкамлади.
2017-2025 йиллар давомида Саудия Арабистони, Туркия, Миср, Малайзия ва Индонезия каби давлатлар билан 125 дан ортиқ ҳамкорлик меморандумлари имзоланиб, юртимизнинг диншунос ва исломшунос олимлари 400 дан зиёд халқаро тадбирларда иштирок этди. Шу даврда АЙСЕСКО, ИРСИКА ҳамда Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази каби нуфузли ташкилотлар раҳбарлари Ўзбекистонга ташриф буюрди. Улар мамлакатдаги диний эркинлик ҳамда бағрикенглик муҳитига юқори баҳо берди, бу эса маърифат, тотувлик ва инсоний қадриятларни ривожлантиришдаги саъй-ҳаракатларнинг халқаро миқёсдаги самарадорлигини намоён этади.
Ўзбекистонда ноисломий конфессиялар фаолиятига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Рус православ черкови, Арман апостоллик черкови, Баҳоийлар жамоаси ва Ўзбекистон Библия жамияти каби ташкилотларнинг юбилей тадбирлари юқори савияда ташкил этилди. Жумладан, 2021 йил ноябрь ойида Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархиясининг 150 йиллиги, Баҳоийлар жамоасининг муҳим сана тадбирлари кенг миқёсда нишонланди. Ўзбекистон Библия жамияти 20 турдан ортиқ диний адабиётларни 90 000 нусхада нашр этди, жумладан, “Муқаддас китоб” ва “Янги аҳд” китобларининг янги нашрлари чоп этилди.
Турли дин вакилларининг муқаддас масканларни зиёрат қилиши учун қулай шарт-шароит яратилмоқда. 500 мингга яқин фуқаро Ҳаж ва умра сафарига, 10 мингдан ортиқ фуқаро эса Исроил, Россия, Туркия ва бошқа давлатлардаги зиёратгоҳларга ташриф буюрди. “Ҳаж ва умра ягона портали” ва унинг мобиль иловаси орқали зиёратчиларга хизмат кўрсатиш жараёнлари соддалаштирилди.
Йиллар давомида жамиятдан узоқлаштирилган минглаб маҳкумлар афв этилиб, турли рўйхатлардан чиқарилди ҳамда мамлакат ҳаётига қайта интеграцияси таъминланди. Шунингдек, “Меҳр” операциялари доирасида можароли ҳудудлардан олиб келинган аёллар ва болаларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатилди, бу эса республикадаги инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди. Ўз навбатида диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар халқаро экспертлар томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда. Жумладан, Ўзбекистоннинг диний соҳадаги “Алоҳида ташвиш туғдирадиган давлатлар” рўйхатидан чиқарилиши эса бу саъй-ҳаракатлар ва ижобий ўзгаришларнинг амалдаги натижасини намоён этади.
Бу ислоҳотлар “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган халқчил тамойилга асосланиб, Ўзбекистоннинг тинчлик, барқарорлик ва маънавий тараққиёт бўйича глобал намунага айланишини таъминламоқда.
Шукрулло ЖЎРАЕВ,
Имом Мотуридий халқаро
илмий-тадқиқот маркази
бўлим бошлиғи.
