Грант маблағлари эзгуликка хизмат қилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 26 августдаги “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида ижтимоий фойдали дастурлар самарадорлигини ошириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилган.
Фармонда давлат ва жамият ҳаётида фуқаролик жамияти институтлари фаоллигини янада ошириш ҳамда ижтимоий-иқтисодий, маданий-маънавий ва гуманитар соҳаларни ривожлантиришда уларнинг салоҳиятидан тўлақонли фойдаланиш, жамият манфаатлари ва аҳолининг ҳақиқий эҳтиёжларини кўзлаган, жойларда сақланиб қолаётган долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратилган ташаббусларни рўёбга чиқаришга кўмаклашиш фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналишлари сифатида белгиланган эди. Шунингдек, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида ўзаро манфаатли ижтимоий шерикликни ривожлантириш, фуқаролик жамияти институтлари томонидан давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини ривожлантиришга кўмаклашиш йўлида таъсирчан жамоатчилик назорати олиб борилишини рағбатлантириш устувор вазифалардан бири сифатида кўрсатилган. Шу боис ҳам Олий Мажлис ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинаётган грант танловларида аҳоли бандлигини таъминлаш, соғлиқни сақлаш, таълим ва тарбия, маданият, спорт, санитар-гигиена, соғлом турмуш тарзи, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, коррупцияга қарши кураш каби муҳим йўналишлар қамраб олинмоқда.
Фармон ижроси бўйича Наманган вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар қилиняпти. Вилоят бўйича Жамоат фонди томонидан эълон қилинган 7 та танловга 32 та, ҳудудий бўлим томонидан эълон қилинган 4 та танловга эса 17 та лойиҳа тақдим этилган. Жами 49 та лойиҳадан 12 таси ғолиб деб топилди.
Жорий йилдаги грант танловида битта лойиҳа 200 миллион сўмгача молиялаштирилди. Бу маҳаллий ташаббуслар учун етарли иқтисодий пойдевор яратади. Ғолиб деб топилган лойиҳаларни молиялаштириш учун жами 1 миллиард 230 миллион сўм маблағ йўналтирилган. Бу маҳаллий муаммоларни жойида ҳал этишда муҳим омилдир.
— Грант соҳибларининг лойиҳалари билан танишар эканмиз, аксарияти олис қишлоқларда тиббиёт тизимини такомиллаштириш, оғир хасталиклардан озор чекаётган эҳтиёжманд кишиларга молиявий кўмак беришга йўналтирилганини кўриб, соғлиқни сақлаш тизимида ҳал этилиши кутилаётган муаммолар тўпланиб қолганига амин бўламиз, — дейди Олий Мажлис ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди вилоят бўлими директори Дилмурод Неъматов. — Биргина Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Наманган вилояти бўлими ҳудудлардаги олти нафар, шу жумладан, Косонсой туманида истиқомат қилувчи тўрт беморнинг жарроҳлик амалиётлари ўтказилишида яқиндан кўмаклашмоқда. Хусусан, “Замондош” маҳалласи, Янги авлод кўчаси, 48-уйда яшаб келаётган Сожида Акрамовага суяк емирилиши касаллиги бўйича даволаш ва эндопротез қўйиш жарроҳлик амалиёти ўташида ёрдам бериш кўзда тутилган эди. Бемор жарроҳлик столига ётиши учун зарур бўлган маблағлар грант лойиҳаси доирасида ажратиб берилди.
— Касаллик бошланганда тушкунликка тушиб қолдим. Негаки операция харажатлари, унга керак бўладиган эндопротез, қолаверса, муолажа учун дори-дармон ва шифохона тиббий хизматини тўлашга пулимиз етмасди. Шунинг учун туман ҳокимлигига йўллаган мурожаатим бесамар кетмади, “Маҳалла” фонди ходимлари йўқлаб келишди. Тиббий кўрикдан ўтказиб, операцияга зарур барча чораларни кўришди. Вилоят шифохонаси травматология бўлимида малакали жарроҳлик амалиётини бошдан кечирдим. Жамоат фондига, лойиҳа ижрочилари ҳамда қўли енгил шифокорларга раҳмат. Ҳозир ўзимни енгил ҳис қиляпман, — дея фахр туйғуларини изҳор этади Сожида Акрамова.
Самиюсуф Қаҳҳаров ҳам Косонсойнинг “Гурмирон” маҳалласида яшайди. У вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси тавсиясига асосан тиббий кўрикдан ўтказилгач, Тошкент шаҳридаги “Medical Center Chinor” МЧЖда пластик жарроҳлик амалиёти учун ётқизилди. Ҳозирги кунда у оила бағрига қайтган.
Улуғбек Мажидов ҳам косонсойлик. Наманган шаҳридаги “Андрология-Н” МЧЖда урология жарроҳлик амалиёти ўтказилгандан сўнг у кўп йиллардан буён озор бераётган дарддан батамом қутулган.
— Фарзандим туғма буйрак нуқсони билан туғилганлиги учун саломатлигида муаммолари бор эди. Вояга етган сари ташвишимиз ҳам ортиб борди. Тиббиёт муассасаларига мурожаат қилдик, лекин жарроҳлик амалиёти зарурлиги ва молиявий муаммолар сабабли даволанишга имконият бўлмаётган эди, — дейди унинг онаси Хосиятжон Азимова. — Соғайишига сабабчи бўлган Олий Мажлис ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондига, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Наманган шаҳридаги “Андрология-Н” МЧЖга, айниқса, грант соҳибига катта раҳмат айтаман.
Чортоқ тумани “Оқтерак” маҳалласида ижтимоий кўмакка муҳтож аҳолини соғломлаштиришга кўмаклашиш” йўналишидаги лойиҳага асосан бир қатор ишлар қилинди. Усмон Носир номли кўчанинг 44-уйида яшаб келаётган Абдумалик Собиржонов 2021 йили автоҳалокатга учраганидан буён тўшакка михланиб қолган экан. Жарроҳлик амалиётидан сўнг қайта ҳаётга қайтгандек бўлди.
Жамоат фондининг молиявий кўмаги асосида “Янгиқўрғон тумани, Қораполвон маҳалласидаги оилавий шифокорлик пункти хизмат сифатини яхшилашга кўмаклашиш” номли грант лойиҳаси ҳам муваффақиятли бажарилгани эътиборга молик. Қисқа вақт мобайнида тиббиёт пункти замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланди. Натижада хизмат кўрсатиш маданияти ва қамрови ошди.
Вилоят “Қалб меҳри” аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази “Юксалиш сари юксаламиз” номли лойиҳа устида фаол ишлади. Белгиланган давр мобайнида Давлатобод туманидаги “Юксалиш”, “Тадбиркор”, “Элобод”, “Давлатобод”, “Умид” маҳаллалари ҳудудига замонавий махсус чиқинди қутилари жойлаштирилди. “Тадбиркор” маҳалласидаги кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли эса чиқинди ташланадиган махсус контейнерлар билан таъминланди.
Ногиронлар жамиятининг Янгиқўрғон тумани бўлинмаси лойиҳасида Салмон маҳалла ёшлари учун чет тилларини ўрганиш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш имконини яратиш мақсад қилинган эди. Уни рўёбга чиқариш учун ҳудуддаги қаровсиз қолган бино таъмирланиб, замонавий кўринишга келтирилди. Ёшлар учун шинам ва замонавий билим маскани вужудга келганидан бутун маҳалла аҳли миннатдор.
Уйчи туманидаги “Ҳуррият”, “Беруний”, “Боғ” маҳаллаларининг инфратузилмасини яхшилашга кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида тунги ёритиш чироқлари, назорат камералари, чиқинди қутилари ва кўчма светофор ўрнатиш ишлари амалга оширилди. Бунинг учун 30,2 миллион сўмлик 131 та ёритиш чироғи, 47,3 миллион сўмлик 32 та чиқинди қутиси ўрнатилган. Қиймати 36,0 миллион сўмлик 30 та кузатув камераси харид қилиб олинди. Боғ маҳалласининг “Савдогар”, “Уфқ” кўчаларига 11 та ёритиш чироғи ўрнатилди.
Бояғон маҳалласи ҳам Уйчи туманида. Маҳалланинг инфратузилмасини яхшилашга кўмаклашиш бўйича лойиҳа доирасида тунги ёритиш чироқлари, назорат камералари, чиқинди қутилари ва кўчма светофор ўрнатиш ишлари амалга оширилди. 34-мактаб ҳудудида ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кўчма светофор ҳамда Амир Темур номли кўчага 2 та чиқинди қутиси, 2 дона кузатув камераси, 4 та ёритиш чироғи ўрнатилди.
Президент фармонига кўра, Олий Мажлис ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди грантлар учун ажратаётган маблағлар аҳоли турмуш фаровонлигини янада оширишга тўсиқ бўлаётган муаммоларни ҳал этишга йўналтирилмоқда. Бу эса минглаб аҳолининг оғирини енгил қилишда, уларнинг неча йиллардан буён азоблаб келаётган дардлардан халос бўлишларида муҳим омилдир.
Қосимжон АКБАРОВ,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси.
