Жаннат дарвозаси

Холиёр САФАРОВ

(ҳикоя)

Муаллиф ҳақида:

Холиёр Сафаров – 1983 йил Қашқадарё вилояти, Чироқчи туманида таваллуд топган.

2005 йилда Самарқанд давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган.

Асарлари рус, турк, озар,  қирғиз, қорақалпоқ тилларига таржима қилинган.

Ёзувчининг “Ой ботмаган кечалар” (2010), “Қанотсиз қушлар” (2015), “Номус ва ҳаёт” (2019), “Онамнинг ёлғонлари” (2024) номли китоблари чоп этилган.

Айни пайтда “Ўзбекистон тарихи” телеканали “Илмий-оммабоп телефильмлар” муҳарририяти катта муҳаррири вазифасида ишлайди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Бомдодни адо этган Ғулом муаллим икки ёнга салом бериб, энди ўрнидан тураётган эди, одатдагидек, нариги хонадан ғингшиган овоз эшитилди. Жойнамозни тахлаб, орасига тасбеҳни солди ва дераза токчасига қўйди. Ортига қаради: қизи ухлаб ётибди. У офтоба кўтарганича ўчоқ айвонга қараб кетди. Ҳалигина у бомдодга олов ёқиб, сув иситган ва қумғонни чўғ устида қолдирган эди. Офтобага илиқ сув тайёрлаб, изига қайтди ва ташқари эшик ёнига тўнкариб қўйилган мис дастшўйни олиб, ҳали овоз келган хона эшиги олдига келди-ю, тутқични ушлаганича буюк бир каломни ўқиётгандай жим туриб қолди. Сўнгра секин эшикни итарди. Димоғига гуп этиб, чирк аралаш шиптир ҳиди урилди.

— Ё, Худойим-эй…

Ғулом муаллим чироқни ёқди.

Хонада олтмишдан ошай деганда аёли вафот этган, изидан икки ой ўтмасдан инсультга чалиниб, чириган чўпдай тўзиб, қуриган қалампирдай эгилиб, гўдакдай енгил, кўзлари кўрса-да, қулоғи том битиб, тилдан қолган ва хотираси кетганлигидан ўзини билмайдиган ҳолга келган отаси ётибди. Тўрдаги деворга кашта илинган ва икки қатор тахмон кўтарилиб, ўртасига пастак шкаф қўйилган. Устида дори-дармон аралашиб ётибди. Ундан тепада чамаси эллик ёшлардаги эр-хотин сурати. Унда қошлари қалин, пешанаси кенг, қирра бурунли қорувли эркак ва озғин, касалманд, хушрўйгина аёл тасвири акс этган. Эшик томондаги қўлбола стол устига телевизор қўйилган. Каравот қаршисида ерга яна бир тўшак солинган. Унда Ғулом муаллим ўтиради ва кечалари ётиб ҳам қолади. Тун-у кун отасининг ёнида. Ҳозир ҳам уйғоқ, шифтга ҳиссиз термилиб ётган падарининг уфунат анқиган кўрпасини кўтариб, тагликни алиштирди. Эски пахта кўйлакни илиқ сувга ботириб, авратларини артиб чиқди ва каравот устига ўтирғизиб, юз-қўлини ювиб қўйди. Майин сочиқ билан авайлаб артди… Аммо ота буларнинг ҳеч қайсини англамаётган, ҳатто ҳис этмаётган эди… Унинг нигоҳлари номаълум нуқтага қадалиб қолган, бир маромда нафас олар, лабининг чети осилиб, оғзидан мажолсиз нам оқиб турарди.

— Ота!..

Жавоб йўқ, ҳис йўқ. Икки йилдан ошдики, шу аҳвол.

Ғулом муаллим қароқларини эзиб, бўғзини тўлдириб келган ғуссасини ичга ютди-да, отасини яна жойига ётқизди. Дастшўй билан офтобани олиб, ташқарига чиқди.

— Дада, чой дамлайми?

Ғулом муаллим “ҳозир” дегандай қизига бир қараб қўйди-да, ҳовли тўрига қараб кетди. Ахлатни ўрага тўкиб, офтобадаги сувдан дастшўйни чайди. Изига қайтаётиб, атрофга боқди. Тонг ёришиб келяпти. Теваракдан чумчуқлар чуғури, итлар ҳургани, қўйларнинг маъраши, болакайларнинг овози эшитилади. Унинг қалби ўртанди.

— Онағар, юзсизлик қилмаганида, ҳозир икки болаям уй олдида чуғурлаб юрган бўларди…

Қайнотанинг тўшакда ётиб қолиши келинга малол келди, бурни жийирилди. Маҳрам ишларни Ғулом муаллимнинг ўзи бажараётган бўлса-да, илиқ сув тайёрлаб бериш, уй йиғиштириш, овқатига қараш оғир бота бошлади. Бир ҳафта ўтмай очиқ айтди:

— Мен сизга отангизнинг кетини тозалайман деб текканим йўқ!

— Ҳей, оғзингни ёп! — шундоқ ҳам ўзи ҳиқилдоғига келиб юрган Ғулом муаллимнинг қони қайнади. — Нима, малол келяптими? Ўзимга тегишлисини ўзим қиляпман-ку!

— Барибир бажаролмаймиз! Бошқаларам қарасин!

— Нима, отамни эплолмаяпман деб шаҳардаги акамга обориб берайми ёки опамларникига ташлаб келайми?

— Нима қилсангиз қилинг! Лекин мен қарамайман!

— Шу ердан нон-туз еяпсанми, мени деб келганмисан, қарайсан!

— Мен сизни деб келганман, отангизни деб эмас! — йиғлаб юборди аёли. — Бу одам нима қилаётганимизни билмаса, сезмаса, ҳатто бизнинг кимлигимизниям билмайди-ку!

— Эй, аҳмоқ! Ахир у отам-ку!

— Бундай одамни ногиронлар уйига топшириш керак!

Бу сўз жиззаки келиннинг оғзидан қандай чиқиб кетди, Ғулом муаллим қандай қилиб унинг башарасига урди, билмайди. Дунё кўзига қоронғи бўлди. Гуноҳлар азалдан аёл сабаб вужудга келган. Ёдида қолгани — юраги кирланган, сабрсиз аёли додлаб, уларни қарғаб, болаларни: “Юр ҳамманг, отанг шиптирга ботиб ўтираверсин! Энди бу уйда тинчлик йўқ!” деб етаклаб, йўлга тушди. Бошланғичда ўқийдиган икки ўғил қўзидай бўлиб, онасига эргашди. Фақат катта қизи — Насиба қолди.

— Бормайман! Бувамга ким қарайди?! — деди ва ҳиқиллаб йиғлаб юборди.

— Юр! — бақирди аёл. — Энди бу уй чириб кетади… Мослиқхонага айланади!

Насиба ўзини отасининг панасига яшириб, белидан қучоқлаб олди. Муаллимнинг бутун вужуди қақшади ва лаблари гезариб кетган хотинига қараб бақирди:

— Йўқол, падарингга лаънат! Қайтиб қорангни кўрмай!

Аёл кетди, қиз қолди. Қаҳри қаттиқ экан. Шу кетганича қорасини кўрсатмади. Ғулом муаллим ҳам ўрлик қилиб, сўрамади. Мактабдаги ишидан ҳам бўшади.

— Бошқа иложим йўқ… — деди директорга. — Сизни тушуняпман, менга пул ҳам керак, аммо энди ишлаёлмайман. Бир кун келиб, икки кун келолмайдиган бўлсам, ҳаммаси аросатда қолади. Халқнинг боласини алдаб нима қиламан? Шунчасига чидаяпман, бир ит куним ўтар-да… Ҳозир отамнинг ёнида бўлишим керак.

Шундан бери нафақага кун кечиради. Элчилик, қўни-қўшни сўраб, ош-нон кўтариб чиқади. Шаҳардаги акаси ёрдам беради, опалари хабар олади. Нон ёпиб кетади. Икки-уч кунлаб ёнида қолишади. Аммо ҳар каллада ҳар хаёл. Акаси: “Келинни олиб кел”, дейди. Опалари эса: “Ундай дўзахининг боридан йўғи”, дейди.

— Менга шу хотиндан гап очманглар… — Ғулом муаллим ўртаниб кетади. Кўнгил бериб, бир ёстиққа бош қўйган аёлининг бу синовда шундай тескари бўлиб қолганини ҳазм қилолмайди. — Энди менинг жаннатим ҳам, дўзахим ҳам отам… Агар уйдаги вазият сизларни хижолатга қўяётган бўлса, бу ҳақида ўйламанглар. Тамом-вассалом!

Вазият шунчалик таранг эдики, қайси жиҳатдан ёндашганда ҳам барча тушунчалар, қарашлар буюк ғоя каби отага келиб боғланар ва ҳиссиз, хотирасиз, абгор ётган падари бузрукворнинг хизматида бўлиш фарзандлардан фидойилик ва жасорат талаб қиларди. Муаллим эса буларни ҳеч бир оғринчсиз бажарар эди…

Ҳозир ҳам отасининг ёнига қайтиши билан телевизор столида турган дастурхон билан кичик косани олди. Насиба чой дамлаб кирди. Ғулом муаллим косачага новвот солиб, чой қуйди ва устидан нон тўғради. Сўнгра падарини ўрнидан турғизди ва кўтариб олиб, дастурхон бошига ўтирғизди. Бундай пайтларда қария ғингшиб, тихирлик қилиб қолар, ўғил эса авайлаб, баъзан имо-ишоралар, баъзида пешанаси, чаккаларини уқалаш орқали тинчлантириб оларди. Ҳозир ҳам отасининг соҳибига бўйсунмас оёқларини йиғиб, белига ёстиқ қўйди. Қария ўзини хиёл орқага ташлади, боши деворга суялди. Кўзлари атрофга аланг-жаланг боқди. Ғулом муаллим унинг ёқасига сочиқ қистирди. Аввал сувга қўшиб дори ичирди. Сўнгра қошиқ билан косадаги ивиган нондан олиб, пуфлаб аввал ўзи татиб кўрди. Ҳароратини аниқлагач, отасининг оғзига тутганди, пуркаб юборди. Ивитилган нон бўлаклари дастурхонга, бир қисми бўйнидаги сочиққа тўкилди. Насиба ҳаммасини артиб олди.

— Раҳмат, қизим… — деди ва яна отасининг оғзига таом тутди. Бу гал еди, аммо тўрт-беш қошиқдан кейин яна пуркаб юборди. Яна артиб олинди. Ғулом муаллим ёш болани ўйнатгандай қошиқни аввал отасининг, кейин ўзининг, яна отасининг оғзига тутиб, косадаги нонни охиригача едирди. Кўнгли жойига тушди. Яна дорисини берди ва устидан новвот чойни ичирди. Яна илиқ нам латта билан юз-қўлларини артиб қўйди.

Қорни тўйганиданми, қариянинг юзида табассум балқиди. Бир муддат деворга тиралиб лоқайд ўтирди-ю, кейин ўзини ёнга ташлаб юборди. Ҳар лаҳзада нимадир юз беришига кўникиб қолган муаллим отасининг елкасидан тутиб қолди ва кўтариб, яна каравотига ётқизди. Шу пайт ҳаво бузилди… Насиба гўё ҳеч гап бўлмагандай дастурхонни йиғиштирди-да, чойнак-пиёлани кўтариб, хонадан чиқиб кетди.

Қария нонуштадан кейин бир муддат шифтга қараб жим ётади. Бу пайтда Ғулом муаллим ташқаридаги ишларини қилиб олади. Қизини мактабга жўнатади. Мол-ҳолга қарайди. Ҳозир ҳам чиқса, Насиба кийиниб турган экан.

— Қизим, сен мактабингга бориб кел, — деди.

— Ҳа, кетяпман.

— Ҳа, ойналай сендан. Яхши ўқигин.

Ғулом муаллим унинг бошини силаб қўйди, аммо ич-ичидан нимадир чирт узилди.

Насиба кетгач, даҳлизда турган аравачани ташқарига чиқарди ва келинчаклар коляскасини созлагандай кўрпача солди. Сув ва сочиқ қўйди. Сўнгра уйга кириб, отасини кўтариб чиқди.

Бемор илк бора ногиронлик аравачасига ўтирганида, гарчи унинг нималигини билмаган эса-да, ёш боладай қувонган, ўғли уй олдида суриб юрганида қўлларини ўйнатиб, аравача тутқичларини шапатилаб урган ва аллақандай завқланган эди.

— Ота! Аравача сизга ёқдими?

Ота жавоб ўрнига мийиғида жилмаяр, “Яна ҳайда” дегандек бутун танасини қимирлатишга уринарди. Ғулом муаллим секин аравачани итариб борар, падарининг боши қимирлаб, озғин бўйин терилари тортишиб, қўллари кўтарилиб тушар, бармоқларини енгил ўйнатарди. Бундай пайтда ўғилнинг юраги тўкилар, қизи кўрмаслиги учун бўғзини тўлдириб келаётган ғуссасини ичига ютарди. Бора-бора бунга ҳам кўникди. Аёлининг йўқлиги, қизи ва отаси ўртасида абгорлигидан баъзан қизининг сочларини тараб, ўриб қўяр, уни қучиб: “Она қизим, ойналай сендан…” деб эркалаш билан ҳам ўзининг ҳасратларини, ҳам Насибанинг соғинчларини аритарди. Қизи ҳам онасиз ҳаётга кўникиб борарди…

Ғулом муаллим авваллари отасини аравачага ўтирғизиб, фақатгина ҳовли ичида юрарди. Кейинчалик кўчага ҳам олиб чиқадиган ва маҳалла гузаригача айлантириб келадиган бўлди. Бугун отаси ногоҳ қўлини кўтариб, тўғрига ишора қилди. Фавқулодда юз берган бу ўзгаришдан муаллимнинг юраги тошди. Олдига ўтиб сўради.

— Қаерга олиб борай, ота?

Отаси жавоб ўрнига яна тўғрига ишора қилди. Айтганини бажарди. Тош кўчада аравачани шиқирлатиб кетаверди. Анча юрди, у ёқ-бу ёққа бурилиб кўрди, аммо отаси фақат тўғрини кўрсатарди. Охири тушунди — қабристонга боришни хоҳлаётган экан… Титраб кетди. Қабристон дарвозасига етганида аравачани тўхтатди. “Энди қайси томонга ишора қилар экан?” деган умид билан отасининг кўзларига боқди, аммо ҳиссиз нигоҳлардан ҳеч нарсани ўқий олмади. Айни дамда ота нега бу ерни кўрсатганини унутган ва бефарқ бир ҳолатда бошини хиёл эгиб, жим турарди.

— Ота, ичкарига олиб кирайми?

Отанинг нигоҳлари бир нуқтага қадалиб қолганди. Ғадир-будур йўлнинг чарчоғидан силласи қуриб тез-тез нафас оларди. Ғулом муаллим резина идишчанинг оғзини очиб, отасига сув ичирди. Ота сувни тўкиб-сачратиб ичди-да, идишни уриб юборди…

— Ё, Аллоҳим… Ўзинг сабр бер!..

Ғулом муаллим отасини кўтариб олди ва талпанглаб, қабрлар оралаб юра бошлади. Бувиси билан бобосининг ёнма-ён турган қабрини топиб борганда елкасидан туширди. Қария атрофга олазарак боқди. Онасининг қабртошини кўрганда, бехосдан “Она…” деди-ю, ҳиқиллаб йиғлаб юборди ва бошини чангаллаб ўтириб қолди. Ғулом муаллим аввалига қўрқиб кетди. Сўнгра севинди. Ахир отаси тилга кирди! У падарини қучоқлаб олди.

— Она… — қариянинг кўзларидан тинимсиз ёш оқар, аммо у бошқа сўз айтмас, фақат бир нуқтага тикилиб турарди.

Ғулом муаллим авайлабгина отасини ерга ўтирғизди ва ортидан ўзи чўккалади. Отасини ўзига суяб, пичирлаб тиловат қила бошлади.

— Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм…

Дуода кўзларидан оққан ёш отасининг бўйнига тушиб, ёқасини ҳўл қилиб юборди. Қария қўли билан бўйнини силади ва ўғлига қаради. Ғулом муаллим дуони ҳам тугатолмай отасини қучоқлаб олди ва падарининг боши узра юзига фотиҳа тортди.

Ота-бола қабристондан қайтар экан, Ғулом муаллим падарининг яна гапиришини, нимадир дейишини, буюришини истарди, аммо падаридан яна садо йўқ эди. Аравачада бошини эгганича, кўзларини юмиб, тебраниб келарди. Бу гўё тўфон олдидан юз берадиган сукунатга ўхшарди…

Уйга етай деганда мўъжиза юз берди. Ота остонада турган Насибани кўриб, қўлларини олдинга чўзди ва “Су-ув” деди. Ғулом муаллим жойида тўхтади.

— Ота?! — унинг аъзойи бадани титраб кетди. — Ё, худойим, ўзингга шукр! Отам гапирди! Отам гапирди! Икки йил деганда гапирди…

Атрофига қаради. Эшик олдида турган қизидан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Аммо руҳи енгил тортди. Кўз олдини эгаллаб олган зулмат чекинди.

— Дада! — Насиба югуриб келиб, унинг тиззасидан қучоқлаб олди. — Бувам гапирдими?

— Ҳа, болам, буванг гапирди. Чоп, сув олиб кел.

— Дада, сизга бир гап айтайми?

— Бор, қизим, биринчи сув олиб кел!

Насиба чопиб кетди. Ота-бола дарвоза олдида тин олишди. Бир маҳал эшик очилиб, аёл кишининг салом бергани эшитилди. Ғулом муаллим ялт этиб қаради. Не тонгки, остонада аёли минг истиҳола билан бир пиёла сув кўтариб турарди…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × one =