Олтин асрнинг мустаҳкам қўрғони

Тарих ҳақиқати ҳар доим барҳаёт. Замонлар, салтанатлар тўлғоғида уларга муносабат ўзгариб бориши, баъзан панада қолиши, баъзан бўртиб туриши мўътадил ҳол бўлса ҳам, тарих ҳақиқатидан юз ўгириб бўлмайди. Соҳибқирон Амир Темур ва Темурийлар даврига кўз-қараш бунга ёрқин мисол: ёндашувлар неча алвон янгиланди? Ҳатто ўтган асрнинг охирларида муносабатнинг бирданига, ҳозирги даражада кескин ўзгариши кимларнидир довдиратиб қўйди: “Йўғ-э, бунчалик эмасдир. Наҳотки юз йил олдинги гап-сўзлар бутунлай ёлғон бўлса?” Бу шубҳани амалда тасдиқлайдиганлар ҳозир ҳам топиляпти: турли даражадаги воқеликларни бўрттириб кўрсатиб, ўша кунларга соя ташлашга, панада қолдиришга уринишлар урчиб кетди. Ҳатто ворислик масаласида узоқни кўра олмаганликда айблаб, тарихнинг муҳташамлигига шубҳа билан қарашлар кўзга ташланяпти.

Ҳамма гапда жон бор, дарахтнинг шохи беҳуда қимирламайди. Лекин инсоф юзасидан қараганда, ҳар қандай жўн бир далилни бошқалари билан таққослаб, қўл етмас даражада юксаклик ва тенгсизликни англаш қийин эмас. Масалан, давлатни йўқдан бор қилиш ва 35 йилда жаҳон саҳнига олиб чиқиш; ҳолбуки, кўплаб буюк шахсларга ҳокимият мерос бўлиб ўтган. Нафсиламрини айтганда эса катта ғалабалар катта қурбонликлар эвазига қўлга киритилган — тарихнинг хулосаси шундай. Натижа эса эришилган ютуқнинг салмоғи, бўй-басти билан ўлчанади. Ахир Темурийлар даври маданияти бутун бир минтақанинг обрўйини бугун ҳам кўзкўзлаб турибди-ку. Ҳали очилмаган қанча синоатлар бор? Қолаверса, у кунларнинг руҳи, шукуҳи бизни бутунлай тарк этгани йўқ. Тарих китобларини ўқиб, ўша даврда шаклланган дунёвий унсурлар ҳамон маиший ҳаётимизда, турмуш тарзимизда, қолаверса, феъл-атворимизда яшаётганига қайта-қайта ишонч ҳосил қиламиз. Гапнинг индаллоси эса Темурийлар давлатчилигининг анъаналари бизнинг ҳозирги ҳудудларимизда то чор босқинигача (аниқроғи, 1876 йилгача) устувор бўлган.

…Бобур Мирзо Буюк Туронни тарк этгач, бу ҳудудда тизгинсиз бошбошдоқликлар бошланиб кетгани ҳам ҳақиқат. Оқибат шу бўлдики, Темурийлар салтанатининг қалби учга бўлиниб кетди. Мазкур учликнинг қандай давру даврон сургани кўпчиликка маълум, аммо улар айри-айри ҳудудларда умргузаронлик қилса-да, ўтмишни, бугун Иккинчи Ренессанс деб юритилаётган тамаддуннинг сабоқлари, тажрибалари ва анъаналари унутилмаган. Гарчи пойтахт Бухорога кўчган бўлса ҳам Самарқанднинг мавқеи бир шариф шаҳар даражасида кўрилди, ундаги Соҳибқирон хилхонаси қиблагоҳ сифатида эътирофда бўлди. Хива хонлари, Бухоро амирлари, Қўқон хонлари (1709 йилдан кейин) бу табаррук гўшага ўз эҳтиромларини изҳор қилиш билан бирга салтанат тартибларида ўша шонли йилларда шаклланган мўътабар анъаналарни дастуруламал деб билдилар ва фаолиятларида қўлладилар.

Ҳиндистондан Бобур подшоҳ ва унинг авлодлари Гўримир харажатлари учун ҳар йили катта миқдорда маблағ жўнатиб туришни одат қилганлар. Хоразмда ҳукмронлик қилган Кўчкинчихон (онаси Робиясултонбегим — Улуғбек Мирзонинг қизи) 1519 йилда Шарафиддин Али Яздий “Зафарнома”сини форс тилидан Муҳаммад Али Бухорий томонидан эски ўзбек тилига таржима қилдиришга эришган. Шунингдек, “Равзат ус-сафо” ва бошқа ўша даврга хос тарихий асарлар ҳам ўзбек тилига ўгирилганки, бу ҳол ўтмишнинг мунаввар кунлари доим амалиётда асқатганлиги, фаолиятни ёритиб турганлигини англатади. Ҳиндистонда шаҳзода Шоҳжаҳон (Хуррам) 1637 йилда Муҳаммад Ҳифз ал-Бухорийга “Темур тузуклари”ни “Зафарнома” билан солиштириб, мукаммаллаштиришни топширади. Бухоро амирлари ва хонлари муттасил Самарқандга ташриф буюриб, ўз эътиқодларини изҳор этиб турганлар, улар Оқсаройда тож кийишни ўзларига шараф деб билганлар. Аштархоний Имомқулихон ўз шажарасини Амир Темурга боғлаб ёздирган. 1835 йилда Қўқон хони Мадалихон Соҳибқироннинг таржимаи ҳолига оид “Зафар йўли” китобини форсчадан ўзбекчага таржима қилдирди.

Хуллас, бундай вобасталик юзасидан кўплаб мисоллар келтириш мумкинки, Темурийлар шуҳрати ва обрўси йиллар оша юртимизга ҳамнафас бўлган. Агар гапнинг нафсиламрини айтиш лозим бўлса, бу муҳташам кунлар шукуҳи Қўқон хонлигида, аниқроғи, Фарғона водийсида тўлароқ ва мукаммалроқ ҳамда узоқ вақт яшаб қолганини тарихий далиллар тасдиқлайди. Бу фикрни қувватлайдиган бир қанча мисоллар мавжуд. Аввало, Буюк Турондаги энг сўнгги Темурий шаҳзода Заҳириддин Муҳаммад Бобур Андижонда ҳукмронлик қилди ва у 1504-1505 йилларда Амударёдан ўтиб, Хуросонга йўл олди. Шундан кейин минтақада Шайбонийлар мавқеи кучайди, улар пойтахтни Бухорога кўчиришди. Бу сулоланинг ўз давлатчилик услуби ва тутумлари борлигини эсдан чиқармаслик лозим. Улар Темурийлардан фарқ қилиб, кўчманчилар маданиятига хос удумларни сақлаган эди ва бу ҳол жорий бўлган шаҳар тартибларига баъзи ўринларда мос келмас эди.

Қолаверса, Темурийлар хонадонида улғайган ва тарбияланган Муҳаммад Шайбонийхон бу сулоланинг заифлашганини сезгач, ҳаракатларини кучайтирган. Муҳаммад Шайбонийхон ҳам ўз хизматига яраша баҳосини олган, унинг қисматини бир қур эслаб қўйиш зарар қилмайди. Албатта, кўчманчиларнинг янги асрдаги авлодлари маърифатли зотлар сифатида салафларининг тарихига ҳурмат билан қараган, Самарқанднинг ҳам мавқеини сақлашга астойдил интилган. Хива хонлиги ҳудуди жиҳатидан ажралиб қолган бўлса-да, ўтмишга ҳурмат сақлаган, жумладан, Темурийлар тарихи шукуҳи, Самарқанд шаҳри мақомини доимо ёдида тутгани аниқ, маърифатли намояндалар туркий яхлитликни сақлаш учун курашгани ҳам бор гап.

Демак, тақдирнинг ўзи Темурийлар сулоласига тўғридан-тўғри меросхўрлик қилишни Қўқон хонлигига ҳам насиб этгани тасодиф эмас. Кейинги баъзи далиллар ҳам бу ҳол мантиқан тўғри бўлганини кўрсатади. Хусусан, мазкур ҳақиқатни Шаҳрисабз ва Китоб бекликлари кейинчалик манғитлар сулоласи бошқарган Бухоро хонлиги билан мухолифатда бўлиб келгани, Фарғона билан доимо алоқаларни мустаҳкамлашга интилгани ҳам тасдиқлаб турибди.

Тарихда эса Бухоро билан Шаҳрисабз ўртасида кескин тўқнашувлар бўлгани, бир неча марта ҳужумлар уюштирилгани қайд этилган. Бу кўчманчи ва шаҳар маданиятининг, аниқроқ қилиб айтганда, Чингизий ва Темурий қадриятларнинг тўқнашуви эди, жўн қилиб айтганда, уруғлар ўртасидаги можаро эди. Шу туфайли кейинчалик Шаҳрисабз ва Китоб беклари Бобобек ва Жўрабек мухторият талаб қилиб, Қўқон билан яқинлашишга ҳаракат қилганлари аниқ далил, ҳатто бунга эришганлар ҳам. Мазкур вазифани амалга оширганлар, яъни бир неча йиллар улар мустақил сиёсат юритганлар. Шаҳрисабз аҳли орасида бир ривоят юрарди: Бухоро ҳукмдори ҳар наҳор кун чиқишга қараса, бир минора кўринар ва унинг ҳавасини қўзғар экан. Ниҳоят, уни кўришга аҳд қилибди ва йўлга тушибди. Аммо кун бўйи йўл тортсалар ҳам минорага ета олишмабди. Уларнинг сув ва озуқалари тугаб, жуда абгор бўлишибди. Кейин жаҳли чиққан хон минорани бузиб ташлашга фармон берибди. Бу Шаҳрисабздаги Оқсарой бўлиб, эрталаб офтоб нурида оппоқ бўлиб товланар, маҳобатидан Бухородан ҳам кўриниб турар экан.

Албатта, бу халқ ҳикояси, лекин унда ҳақиқат унсури бор, ҳатто буюк ва салобатли иморатнинг вайрон бўлиши ва хароб ҳолга келиши сабабларига ишора ҳам яширинганга ўхшайди. Фақат бу эмас, йиллар давомида икки ҳудуд ўртасида бир неча марта қонли тўқнашувлар ҳам юз берган. Бундай зиддиятларнинг кескинлашувини юзага келтирган кўплаб омиллар борки, уларнинг таҳлили ва шарҳи алоҳида, махсус мукаммал тадқиқотларни талаб қилади (шу ўринда Кенагасбегимнинг қисматини эслаш ўринсиз бўлмайди). Якун эса жуда даҳшатли. “Бўлинганни бўри ер” дегандек бўлди: чор истилочилари бостириб келганда кучларни бирлаштириб бўлмади…

Тоталитар тузум эса Буюк Амир Темур дунёга келган шаҳарнинг мавқеига путур етказиш учун жиддий чоралар кўрди. Ҳатто шаҳарнинг этник таркибини бузиб юбориш учун дастлаб яҳудийлар, кейинроқ қрим-татарларнинг кўплаб оилаларини кўчириб келтирди. Китоб музофотига қизиққон кавказликлар олиб келиб ўрнаштирилди. Улар маиший хизмат, транспорт, савдо, ҳунармандчилик, ҳатто соғлиқни сақлаш соҳаларига фаол аралашиб кетишди. Натижада шаҳарда ижтимоий муҳит жиддий ўзгаришларга дуч келди. Муҳташам Оқсарой эса қаровсиз ҳолга келтирилди, босқинчилар томонидан тўпга тутилди, уни бузиш учун ҳашарлар уюштирилди, кошинлари кўчирилиб, бошқа биноларни таъмирлашда ишлатилди. Шунчалик кўримсиз ҳолга келтирилдики, бесўнақай тахта деворлар билан ўраб ташланган обидани дунёнинг гўзал иморатларидан бири эканлигига ишониш ҳам қийин эди…

 * * *

1709 йилда Бухоро амирлигидан ажралиб чиққач, Қўқон хонлиги ўз тутуми билан кун кўришга киришди. Шунгача Бобур Мирзо бу ҳудудларни тарк этгандан кейинги икки асрдан ортиқроқ вақт эса турли бўҳронлар ичида кечган. Муҳаммад Шайбонийхон иқтидорга келгач, Фарғона мулкини бошқаришни ўз қариндошларидан бўлмиш Жонибек Султон Абулхайрхон ўғлига топширади. Бу ҳол шу билан ҳаммаси измига тушиб кетди, дегани эмас, чопқинлар давом этарди. 1560 йилда қозоқларнинг катта жуз султонларидан Буйдашхон ўттизта қозоқ хони ихтиёридаги қўшинга бош бўлиб, Фарғона водийсига Талас орқали бостириб келади. Улар бартараф этилгач эса қалмоқлар суқилиб киради. “Шайбонийларнинг аксарияти ўз ҳукмдорлик фаолиятларини ҳокимият учун ўзаро кураш, Эрондаги Сафавийлар, Хуросондаги туркманлар ва Дашти Қипчоқдаги қозоқлар билан тинимсиз урушларда ўтказиб, мамлакат ривожи, ободончилиги каби муҳим ишларга эътибор қарата олмадилар” (Муҳаммад Яҳёхон Хўқандий. “Олтун бешик”. Т., 2025) Фақат Абдуллахон II (1533-1598 йиллар) даврида маданий ҳаёт жонланди, ободончилик ишлари ривожланди. Бошқарув навбати Аштархонийларга ўтгач, Фарғонада Махдуми Аъзам авлодларидан Чодак хожаларининг мавқеи ошди. Ниҳоят, Амир Темур даврида юқори мавқега эришган Минглар сулоласи майдонга тушди ва Шоҳруҳбий бошчилигида мустақил Қўқон хонлиги юзага келди.

Албатта, Қўқон хонлиги тарихи анча батафсил тадқиқ этилган. Бу ерда муддао анъаналар давомийлиги ва Буюк Туронда шаклланган давлатчилик тизимида қандай манзара бардавом бўлганига эътиборни қаратишдан иборат. Ортда қолган суронли йиллар боқий анъаналарга заха етказган бўлса-да, моҳият ўзгармай турган эди, яъни хонликда Темурийлар (Заҳириддин Муҳаммад Бобур тимсолида) устувор қилган тартиблар сақланиб қолганди. Бу ҳолга олиқ-солиқдан тортиб деҳқончилик-боғбонликкача, тижоратдан маърифатгача — барча жабҳада амал қилган тизимларни алоҳида ўрганиб ва тадқиқ қилиб, қатъий ишонч ҳосил қилиш мумкин. Бунга шубҳа йўқ. Шунингдек, хонларнинг тутумлари олдин амалда бўлган тартибларга асослангани ҳам рост (буни кўплаб аниқ мисоллар тасдиқлайди). Табиийки, тахт эгалари ўз насабларини унутмаганлар ва буни ифтихор билан қайд этганлар. “Вужудим гулбуни Темур Кўрагон гулистони шажарининг самарасидир, Хилқатим ниҳолики, Бобур султон чаманининг навбодасидур” деб ёзади Амир Умархон (Амирий) девонининг дебочасида. “Саёдат хонадони Шоҳи Бобур насли покиман, Худоё, раҳмат айла жумла аждоди изомимни” дея фахр билан қайд этади шоира Нодира (Моҳларойим). (Ёки “Олтин бешик” воқеасини эслайлик).

Саройларда қарор топган адабий муҳит, илм-фан, санъатга ҳомийлик XV аср осмонини ёритиб турган мунаввар кунлар шукуҳини ёдга солади. Ҳатто мушоираларда ўқилган “Шоир Адо сўзини Навоийдан ўтказса не тонг, Султон Ҳусайн афзалми ёки Амир Умархон?..” сингари бир оз ҳавойи сатрларда ҳам улар улгини кимдан олгани, демак, аждодларнинг хайрли амаллари бардавом эканлигини таъкидлаш кайфияти бўртиб турмаяптими?! Пўлатхон домла Қаюмий 6 дафтардан иборат тазкирасида 325 нафар шоир ва ижодкорнинг номини қайд этган эканлар. Бундай шукуҳли даврон тарихда бундан олдин фақат Темурийлар даврида бўлган эди, холос. Яна бошқа жуда кўплаб ўлчамлар борки, улар Қўқон хонлиги Темурийлар давлатининг қонуний меросхўри бўлганини сўзсиз тасдиқлайди.

Давлатчиликда ҳам томир отган ва шаклланган анъаналар бардавом бўлганини кейинчалик қайд этилган бир тарихий далил ҳам айнан ёдга туширади. 1813-1814 йилларда Қўқонда бўлган Россия элчиси Филип Назаров хоннинг қабул маросимини шундай тасвирлайди: “…саройга етишимизга уч юз қадамлар қолганда бизга отлардан тушишга буюришди. Дарвозадан чиққан икки нафар мансабдор сарой ичига олиб кирдилар. Чўкка тушиш буюрилди ва амир мактубни қабул қилиб олиб, ёнидаги вазирга узатди. Уларнинг одати бўйича унинг икки қўлини қисиб сўрашишим керак эди…” (Ўша манба, 14-бет). Бу битиклар Испания элчиси Руи Гонсалес Клавихонинг эсдаликларини ёдга туширмаяптими? “Улуғ амир қўлидан ўпишга рухсат этмади, чунки уларда бундай одат йўқ…”

Албатта, анъана ва тартибларнинг давомийлиги масаласида кўплаб тадқиқотлар олиб бориш лозим бўлади. Асрлар оша тарих силсиласида анъаналар узвийлиги ва давомийлигини аниқ мисолларда ёрқин кўриш мумкин. Масалан, Қўқондаги Худоёрхон ўрдаси қурилишида Темурийлар даври меъморчилиги ютуқларидан фойдаланилгани сир эмас. Тадқиқотлар бинонинг тарҳини чизишдан қурилишининг бориши, ашёлар, масалан, ғиштларнинг тайёрланиш технологиясида тайёр тизим ва намуналардан фойдаланилганини тасдиқлайди — бундан бошқача ҳам бўлиши мумкин эмас эди. Ўрда қурилиши ўн йил давом этган. 18 гектар майдонни эгаллаган, 4 ҳовлиси, 114 хонаси бўлган (айни пайтда улардан 19 тасигина сақланиб қолган). Ўрда атрофида боғлар барпо қилинган ва улар Самарқанддаги боғларга ҳамоҳанг номланган: Боғишамол, Боғидилкушо, Боғичинор, Боғинақшижаҳоноро… Албатта, бундай улкан қурилиш тарихимизнинг шонли даврларидан намуна олиб, қад ростлагани кундек равшан. Демак, анъаналарнинг яшовчанлиги, шу билан бирга уларнинг тадрижий равишда кейинги сулола ёки авлодлар томонидан бойитиб борилиши айни абадийлик муҳридир. Аввало, унча-мунча урф-одат ва удумлар анъана сифатида яшовчан бўлмайди, уларда яшовчанлик куртаги борми, демак, ҳаётий бўлиб чиқади. Кейинчалик уларга ривож берилдими, бинобарин, шу даражада салоҳият юзага келган; энди бу ҳаракатни янги уфқлар кутяпти. Шаҳрисабз ва Қўқондаги йиллар зарбини енгиб, мағрур яшаб келаётган пурвиқор бинолар ана шу ҳақиқатнинг тасдиғидир.

* * *

Булар оддий ҳақиқатлар. Шак-шубҳасиз, бундай бардавомлик умуммиллий бойликка муносиб ҳисса бўлиб қўшилади. Унинг умуминсонийлигига кафил бўлади. Шу нуқтаи назардан Темурийлар даври ва Қўқон хонлари тарихини яхлитликда, қиёсий ўрганиш фанга ҳали кўплаб янгиликлар бериши мумкин. Йиллар чиғириғидан ўтиб яшаб келаётган маиший ҳаёт тарзи (тўй ва ўзга маросимлар, халқ байрамлари, бошқа расм-русумлар), ҳунармандчилик, ошхона маданияти, либослар ва кийиниш меъёрлари, ўзаро муомала одобидаги сиполик, батартиблик, майин-мулойимлик сингари инсоний гўзалликларнинг шахс тийнатида мужассамлашиши узоқ жараённи кечирганлиги ва одатга айланганлиги, бу кўникмалар тарихнинг чуқур илдизларидан сув ичгани сир эмас. Ҳар юмушда меъёрни билиш, адабиёт ва санъатга ошуфталик, инсонни мавқеига, ҳаётда эришган даражасига қараб қадрлаш сингари кўпда идрок этилавермайдиган фазилатларнинг водий аҳлида (бошқа вилоятларни камситмаган ҳолда) нисбатан ёрқинроқ рангларда жамол очиб туриши ўтмишнинг ўша фараҳли кунларидан етарлича озиқланганлигининг самараси эмасмикан, деб ўйлаб қоламан. Не тонгки, ана шундай зеболик Шаҳрисабз ижтимоий-маънавий муҳитида, турмуш тарзида бўртиб туради…

Умуман, ҳали барча соҳада тадқиқ қилинадиган мавзулар жуда кўп. Бундай юмушлар оддий тарихий далилларга ойдинлик киритишдан умуммиллий қиёфани белгилаб олишгача бўлган кенг қамровли вазифаларни ташкил этади. Негаки, турли сабаблар билан тарихимизда аниқлаштирилмаган, қиёсий ўрганилмаган ва баҳо берилмаган ўринлар етарли. Жумладан, Соҳибқирон қаноти остига кирган — сафига қўшилган 20 яшар ўғли Умаршайх Мирзони 1375 йилда Андижон ҳокими этиб тайинлайди. 18 йил ўтиб, 1393 йилда унга Форс ҳукмдорлиги топширилади. Энди саволлар туғилади. Орадан ўтган йилларда амирзода Умаршайх Мирзо Андижонда ҳоким бўлиб турдими, у қандай ишларни амалга оширди? “Бобурнома”да муаллиф уни “Улуғ Умаршайх” деб чуқур мамнуният билан эслайди, чунки бобосининг исми ҳам Умаршайх Мирзо эди (икки Умаршайх ҳаётининг мутаносиб томонлари кўп: туғилиш ва вафот этган йиллари орасида фарқ — 100 йил, иккаласи ҳам шаҳид бўлган…). Манбаларда Улуғ Умаршайхнинг Андижон ҳудудида “Гулистон” деб номланган боғ барпо қилгани ва мазкур боғ анча машҳурлиги қайд этилган. Бу ҳақда, умуман, фаолияти, бунёдкорлик ишлари юзасидан яна қандай маълумотлар бор ва уларни қаердан излаш ўринли?

Таниқли адабиётшунос олим Исматулло Абдуллаев (Аллоҳ раҳмат қилсин!) бир тадқиқотида Соҳибқироннинг опаси Қутлуғ Туркон оқа ўз канизаклари билан Қамчиқ довони орқали Биби Убайда зиёратгоҳини тавоф этишга келганини, бу воқеа анча шов-шув бўлганини қайд этган эди. Бундай ташрифлар бардавом бўлгани, улар яхшиликка хизмат қилгани бор гап, лекин олим бу далилни нимага таяниб келтирган? Ана шундай камёб маълумотлар қаерлардадир хилватларда, қўлёзмалар саҳифасида бекиниб ётибди. Демак, одамларнинг қўлида ҳали илмий жамоатчиликка маълум бўлмаган китоблар бўлиши мумкин. Уларни излаб топиш, илмий муомалага киритиш ҳам етилган масалалардандир. Қўқон давлат музей-қўриқхонаси катта илмий ходими Муҳаммад Яҳёхон Хўқандий яқинда нашр этилган “Олтун бешик. Хўқанд хонлари тазкираси” китобида ҳали жамоатчиликка маълум бўлмаган кўплаб маълумотларни келтирган. Улар жиддий изланишларга асос бўлади. Умуман, ихтиёримизда бўлган қўлёзмалар тўла тасниф қилинганми, ўрганишга киришилганми?

Ҳали маълум бўлмаган сирлар бисёр, улар тадқиқотчиларини кутмоқда.

Хуллас, саволлар етарли. Мамнун бўладиган жиҳат шундаки, бу юмушларга йўл очилган ва улар давлат даражасида қўллаб-қувватланяпти. Пойтахтимизда ҳали дунёда ўхшаши йўқ миллий Ислом цивилизацияси марказидек ноёб мажмуанинг бунёд этилиши саъй-ҳаракатлар қандай ўлчамларда олиб борилаётганига аниқ мисол бўла олади. Ёки туркий давлатларнинг ўзаро яқинлашишга жиддий кўшиш билдираётгани оламшумул воқеа. Давлатимиз раҳбарининг раҳнамолигида яратиб берилган шароит, кўрсатилаётган эътибор янада ғайрат, жидди-жаҳд билан изланишлар олиб боришга ундайди. Жумладан, боқий анъаналарнинг давомийлиги ва замонавий амалиётини инкишоф этиш келажагимизнинг яна ҳам пурвиқор бўлишини кафолатлайди. Негаки, дарахтнинг томири қанча чуқур кетса, бўй-басти шунча юксак бўлади, деган ҳақиқат мавжуд. Бу борада Темурийлар, бу силсиланинг давоми — Ҳиндистондаги Бобурийлар салтанати ва Қўқон хонлари тарихининг ҳамоҳанг жиҳатлари қиёсланиб, мукаммал ўрганилса, ана шу юмушга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.

Ҳаким САТТОРИЙ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 − ten =