Унутмадим чеҳрангни асло…

Холиқ ҲАКИМ

Муаллиф ҳақида:

Холиқ ҲАКИМОВ — 1949 йил Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида туғилган.

Самарқанд давлат университетининг ўзбек ва тожик филологияси факультетида таҳсил олган.

Ижодкорнинг “Даштда байрам”, “Замин саховати”, “Яхшиликдан яралган дунё”, “Далаларда қолган ҳисларим”, “Хуморим” сингари ўндан зиёд шеърий ва насрий китоблари нашр этилган.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

ЎЗИНГ ЭДИНГ

 

Осмон роса йиғлади бу тун,

Кўз ёшини тўкди челаклаб.

Нур таралиб, ёйилганда кун,

Оқ-қорани олди элаклаб.

Туни билан менда бир исён,

“Нега?!” деган сўроқ бермас куч.

Сенсиз қолган кунимдан буён,

Гўё тақдир олар мендан ўч.

Камми шунча сенсиз ёнганим,

Яна қанча дош берсин юрак?

Ўзинг эдинг бир ишонганим,

Бошқасини билмасам керак…

 

БИР СЎЗ ДЕМАЙ…

 

Ажрашдик. Рўйи рухсоринг

Яшаётир кўксимда ҳамон.

Ширин дамлар эҳтиросли, энг…

Дилдираган дилга армуғон.

Унутмадим чеҳрангни асло,

Қалбим дардга бўлса ҳам ошно.

Ташлаб кетсанг ҳамки, севгилим,

Инкор этмас юрак, эҳ, ташна!

Пешонамни деворга тираб,

Эслагайман у ширин дамни.

Бахтли онлар чоғидан умид,

Ёқармисан юракда шамни?

Кўздан ёшим томчилар юм-юм,

Ўрталиқда куйди не тилсим?!

 

КУЙГАН БОРМИКАН?

 

Бу дунёда мендайин кўйингда куйган бормикан?

Ишқнинг ҳар зарбидан фароғат туйган бормикан?

 

Қай хислатинг битайин юрак қоним сиёҳ этиб,

Ўзгани кўрмай кўзи, бир сени суйган бормикан?

 

Маржон каби ипга тизсам тақдиримнинг додини,

Тош қалбинг эриб зора, тингласа дил фарёдини.

 

Оҳ, бу оташ дилгинангни дилимга бойласа-ю,

Очун ҳеч кўрмас бўлса, мендан ортиқроқ шодини.

 

ОШИҚЛИК БАХТИ

 

Тунлари куйиб, кундузлар ёниб,

Севгига талпинди девона юрак.

Ҳижрон кемирганда ўзидан тониб,

Алам саҳросини кезди жонсарак.

Асло қайғурмагин, ўксима, эй дил,

Армонлар жамланиб, айланди шеърга.

Фақат хотиржам бўл, сўнгра шукр қил,

Сенга ишқни инъом этган тақдирга.

Севмасанг, эҳтимол, шеър ҳам битмасдинг,

Ой-у юлдуз кўкдан боқмасди, ишон.

Ғафлатдан бир қадам нари кетмасдинг,

Булутлар ортида бўларди осмон.

Асло қайғурмагин, ўксима, эй дил,

Армонлар жамланиб, айланди шеърга…

 

СЕН КАБИ…

 

Ҳеч ким сен каби кўнглимни

Батамом забт этган эмас.

Йўлларингга буриб йўлимни,

Кутаяпман – наф йўқ, абас.

Хаёлим банд сен-ла тун-кун,

Занжирбанд асирман ўзим.

Йўл қараган ғарибу тутқун,

Кўзёш тўкиб гоҳида сим-сим.

Қайдан билсин ишқсиз гумроҳ

Девона шоирнинг дардини?

Қора сочларинг олар, оҳ,

Бамисли тегирмон гардини.

Қанду бол сўрсам тилингдан,

Розиман ёки йўқ дегайсан.

Тиз чўкиб тутсам қўлингдан…

Жоним, сен бунга арзийсан!

 

 ЎТИНЧ

 

Соғинч бир олам бўлиб,

Ҳузурига бораман.

Озгина ўпкам тўлиб,

Унга дардим ёраман.

Машаққатим айтаман,

Ёлғизлик куйдирганин.

Мен ғариб бечорани

Жонидан тўйдирганин.

Умр бўйи излаб уни,

Топган-у йўқотганим.

Қалбимдаги туйғуни,

Кетказолмай қотганим.

“Бирга ўтказган онлар

Соғинтирди, – дейман, – ёр.

Адо қилди ҳижронлар,

Этгин мени бахтиёр…”

Сенинг қовоғинг солиқ,

Кел, шу карашмангдан кеч.

Афсусда эмас Холиқ,

Сени севганидан ҳеч!

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five − four =