Миллатни уйғотган жадидлар ҳақидаги асар

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али Халқаро Амир Темур жамоат фондини бошқаришдек масъулиятли вазифа билан бир қаторда, бадиий ижод оламини ҳам ўз асарлари билан бойитиб бораётгани қувонарли ҳолдир. Ёзувчи қатор республика ва халқаро миқёсдаги мукофотлар билан тақдирлангани адиб ижодига берилган ҳақли эътирофлардир. Жумладан, яқинда ёзувчининг Халқаро Туркий академиянинг “Алишер Навоий” олтин медали билан мукофотлангани ҳам фикримизнинг яққол исботидир.

Профессор Муҳаммад Али қаламига мансуб Амир Темур ҳаёти ва у ҳукмронлик қилган даврга бағишланган тўрт томлик “Улуғ салтанат” роман-эпопеяси ва бошқа кўп тарихий романлари, шеър ва достонлари, драмалари, ўткир публицистик мақолалари, жаҳон адабиётидан қилган таржималари халқимиз томонидан севиб мутолаа қилинади.

Шу йил бошида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адибнинг Алишер Навоий ҳақидаги “Мангу қуёш” номли янги тарихий романи тақдимоти бўлиб ўтгани ҳам маданий ҳаётимизда алоҳида ҳодиса дея баҳоланди.

Муҳаммад Алининг ижод лабораториясига назар ташлар эканмиз, ёзувчи илк ижодини шеърият билан бошлаганлигини кўрамиз. Адибнинг тарихга бўлган қизиқиши, муҳаббати ва муносабати ўзгача эканлигини ёзилаётган асар хоҳ у шеърий бўлсин, хоҳ насрий асар бўлсин, унинг мавзу кўлами турлича, аммо уларнинг барчасида ижодий яхлитлик кўзга ташланганидан сезиш мумкин. Тарихга ва бадиий адабиётга бўлган бундай қизиқиш ва интилишни унинг болалик даврига, туғилиб ўсган макони билан боғласак тўғри бўлади. Адиб ўзининг болалиги ҳақида “Ўзим ҳақимда” номли таржимаи ҳолида “…Иккинчи-учинчи синфда ўқиган пайтларимда ёшу қари ҳаммани оғзимга қаратиб, “Кунтуғмиш”, “Ширин билан Шакар” каби достонларни шариллатиб ўқиб берардим. Биринчи машқларимни ўн ёшдалигимда ёза бошлаганман. Ўша вақтларда мен келажакда ижодкор бўлишимни аниқ тасаввур қилардим ва бунга қаттиқ ишонардим” тарзида баён қилади.

Ёш ижодкорга йигитлик ёшидаёқ омад кулиб боқиб, 1960 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Москвадаги Mаксим Горкий номидаги Адабиёт институтига ўқишга йўлланма берилиши ундаги имкониятлар эшиги очилишига сабаб бўлади. Худди шу даргоҳда ўқиш, Ватандан йироқда, ота-она дийдоридан узоқда, мусофирликда яшаш ҳам инсонда туғилиб ўсган она юртига бўлган соғинч ва муҳаббат, унинг ўтмишига бўлган қизиқиш ва ҳурмат туйғуларини юзага чиқаришга туртки бўлган дея оламиз.

Қуйидаги мулоҳазаларимиз шоирнинг “Боқий дунё” шеърий романи ҳақида бўлади.

Асар 1970-1979 йилларда ёзилган. Даставвал “Шарқ юлдузи” журналида эълон қилинган. Шуни айтиш лозимки, мазкур роман мустамлакага қарши курашган Дукчи эшон воқеасини, Андижон қўзғолони мавзусини биринчи бўлиб адабиётимизга олиб кирганини таъкидлаш жоиз. Бу энди бошқа мавзу.

Бизни муаллифнинг образларга қандай жонли руҳ бағишлагани, қандай ижодий концепция танлагани — ҳаётий факт ва воқеа-ҳодисаларни қандай англаб етгани, қай тарзда ҳиссий идрок этгани билан боғлиқ назарий қарашлар тизими ҳамда яққол кўзга ташланиб турган ижодкор таянган эстетик тамойиллар қизиқтиради. Шеърий романда халқимизнинг озодлик, эрк учун олиб борган кураши тасвирланган.

Таҳлилга киришишдан аввал “Боқий дунё” шеърий романи яратилган даврга бир назар ташлаш фойдадан холи бўлмас.

Ўтган асрнинг 60-йиллари. Ўзбек адабиётига бир гуруҳ ёрқин иқтидорлардан иборат янги кучли тўлқин кириб келди. Ҳусниддин Шарипов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Али, Рауф Парфи, Омон Матжон, Ойдин Ҳожиева, Ҳалима Худойбердиева, Абдулла Шер ва бошқа ёшларнинг баралла овозлари эшитила бошлади. Уларнинг ижодида Инсон қалбини англаш биринчи ўринга чиқди, айни пайтда табу қўйилган миллий тарихга юз буриш, ўрганиш, қизиқиш ҳоллари кузатилди.

Тарихни англаш, ўрганиш, у билан фахрланиш туйғуси ҳар бир адабиёт вакили томирида тепиб турган қон десак янглишмаймиз. Бу тенденция тенгдошлари ичида, айниқса, Муҳаммад Али ижодида ёрқин намоён бўлди. У йигирма тўрт ёшида “Машраб” (1966), “Гумбаздаги нур” (1967) достонларини ёзди. Ҳолбуки, ўша вақтда Бобораҳим Машраб, Амир Темур мавзуларида ёзиш норасмий тақиқланган эди. Шундан кейин ижодкор жасорат кўрсатиб, халқимизнинг озодликка, эркка эришиш йўлларига бағишланган йирик жанрда “Боқий дунё” шеърий романини қоғозга туширди. Асарга дадиллик билан, замон мафкураси кўтармайдиган, номларини мутлақо айтиб бўлмайдиган Дукчи Эшон, жадидлар, маърифатпарвар бойлар образларини киритди… Бу мутлақо янги мавзулар эди, улар адабиёт уфқини кенгайтирди. Айни шу даврда Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим”, Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон” номли машҳур шеърлари дунёга келганини ҳам айтиб ўтамиз… Давр шундай эди.

“Боқий дунё” шеърий романи ёзилганига 46 йил бўлди. Асарда тарихий ҳақиқат, воқелик Муҳаммад Алининг реалистик бадиий-ижодий услубини мураккаб тарзда уйғунлаштириши негизида тасвирланган. Шоир ўз асарини шундай бошлайди:

 

Дўстим, сенга айтар гапим бор,

Эрмак учун ёзмайман асло.

Рўпарамда турар барқарор

Курашлардан боқий бу дунё.

Аср боши сокин, оҳиста

Қирмизланди кураш онлари.

Ҳақиқат деб, ёруғ нур истаб

Камол топди қаҳрамонларим…

 

Тарихдан маълумки, ўлкамизда 1916 йилнинг 25 июлида Руссиянинг босқини боис оқ пошшонинг Туркистон аҳолисидан 250 минг кишини фронтга қора ишга олиш ҳақидаги фармони эълон қилиниши, йигитларни аскарликка эмас, қора ишга — мардикорликка олиниш воқеаси миллатга бўлган ишончсизлик, таҳқир, ғурурни топташ бўлган ҳурматсизликнинг яққол ўзи эди. Устига-устак, буни суиистеъмол қилиш, порахўрлик, зўравонлик авж олиб, халқда норозилик пайдо бўлиши оқибатида, юртда қонли тўқнашувлар юз берди. Оқибатда 1916 йилнинг июлида бутун Туркистонни ғалаёнлар қоплади. Айнан шу тарихий воқелик “Боқий дунё” асарига асослардан бири бўлиб хизмат қилди.

Шаҳрихонлик Азимбойнинг фарзанди Қудрат Россияда ўқиб, билим олади, уларнинг хизматкори бўлмиш Насриддин эса узоқ Сибир ўрмонларига мардикорликка жўнатилади. Сарсон-саргардонликларни бошдан кечирган Насриддин ҳам ҳар томонлама ўйлайдиган, юрт қайғусини чекадиган, ўзининг кимлигини англашга интиладиган, халқни бой, маданиятли кўрадиган исёнчи-шоир тимсолида намоён бўлади:

 

Назар қилгин бир Туркистонга:

Халқ зиёсиз, хат билмас зарра,

Тамаддуну илму урфонда

Ортда қолур неча минг карра!

 

Ёки:

Бордир сенга шундай саволим,

Ҳавола эт тоза виждонга:

Нега анов темирчи Соли

Ялчимайди ўзи кетмонга?

Очил новвой нега уззукун

Нон ясаркан, элар экан ун,

Чеҳрасида олов ўйнайди,

Аммо, қорни нонга тўймайди?

 

Насриддин машҳур халқ қаҳрамони Намоз ҳузурига келади. Ундан ҳам кўнгли тўлмайди, таъқиблардан, сарсон-оворагарчиликдан чарчаб, баридан қутулиш йўли фақат “миршаб бўлиш”, душман ичида — “таъқибчилар сафида” бўлишга аҳд қилади Насриддин.

Асарда Насриддин образига муқобил равишда юрт узра кенг қулоч ёяётган жадидчилик ҳаракатлари ва уларнинг намояндалари ҳаракатлари батафсил бадиий талқин этилган. Масалан, Азимбой ўғли Қудрат ҳам дунё кўрган, зиёли, камбағалпарвар бўлишига қарамай, қўрқоқ, ўз тинчини ўйлайдиган фарзанд бўлиб ўсади. Асарда унга қарама-қарши қўйилган образ — мардикорлик қийинчиликларини кўриб, уйига эсон-омон қайтиб келган дўсти Насриддин юртда ҳали ҳам эски, йўқсил ҳаёт давом этаётганини кўриб, тенгдоши Қудратга қарата шундай дейди:

 

Нечун сенинг бахтинг зиёда,

Азимбойнинг зурёди, айт-чи?

Нечун менга камлик — омода,

Кўкка етмас фарёдим? Айт-чи?

Нечун, бундай мири кам дунё?

Нечун ахир қотмишдир бошим?

Нечун… Жавоб топмадим аммо,

Туркистоним, дардим, дарддошим!…

Шоир қалбим ўртанар ҳамон,

Ёнмоққа бир бахя қолмоқда.

Она Ватан ҳақида достон

Хаёлимда пишиб келмоқда!

Улкан тоғдай яхлит бир достон,

Нақ “Алпомиш” тахлит бир достон,

На ишқнома, на бир жангнома,

Туғилажак “Туркистоннома!”

 

Ўзини маърифатпарвар бой деб ҳисоблаган, Масков томонларда бойлар хонадонларида меҳмонда бўлганда шоирлар билан суҳбатлар қурган Азимбой ҳавас қилиб, хизматкори, шоиртабиат Насриддинга “Туркистоннома” ёзишни буюради. Лекин Насриддин ҳаёт ташвишлари билан бўлиб достонни ёзишга фурсат топмайди…

1925 йили Бухорода катта анжуманда Ўзбекистон Республикаси эълон қилинганда залда ўтирган Насриддин шуурида ўзининг битмоқчи бўлган, Азимбой орзу қилган ўша достон ёзилганини кўради. Ҳа, у худди шу “достон”ни ёзишга интилган эди! Умри зое кетмаганига гувоҳ бўлади. У достоннинг номи “Туркистоннома” эмас… “Ўзбекистон” эди…

Бу шеърий роман бундан 46 йил бурунмас, мустақиллик йилларида ёзилгандек гўё. Эрк истаган халқ орзу-армонларини, ўзи ва ўзлигини англаб етишни истаган мардикорликка кетган йигитлар тақдири ва жадидлар ҳақида ёза олган 60-70 йиллар ёзувчиларига осон бўлмаган. Бундай асар ёзгани учун уларнинг бошига қора кунлар тушиши аниқ эди. Ана шундай қўрқинч ҳисси ҳукмронлик қилиб турган вақтда Муҳаммад Алининг бу мавзуда ёзиши унинг жасорати, қаҳрамонлигидан далолат эди.

Жадидларнинг ёппасига бошланган озодлик ҳаракати миллатни юксак мақомга кўтариш, давлатни мустақил ва ҳур кўриш, халқни маърифатли қилишга илм орқалигина етадиган йўл эканлигини англайди. Ўзбек бойларининг фарзандлари ҳам Россияда, хорижда ўқиб-ўрганиб, анча илғор фикрлай бошлайдилар. Халқнинг болаларини текинга ўқитиб, савод чиқаришига бел боғлаган зиёлилар мустамлакачиларда шубҳа уйғотган ва уларнинг ҳаракатларига тўсиқ қўйишган.

 

Эл руҳидан, халқ имонидан

Ўчарми ҳеч эркнинг тимсоли?!

Кўҳна замин Шарқ майдонида

Эсиб қолди исён шамоли…

 

Шоир Муҳаммад Али “Боқий дунё” асарида тилга олинган ўзбек миллатининг гули ҳисобланган тошкентлик Абдулла Авлоний, Мунавварқори Абдурашидхонов, қўқонлик Ҳaмзa Ҳакимзода Ниёзий, андижонлик Абдулҳамид Чўлпон, самарқандлик Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдуқодир Шакурий ва Сиддиқий-Ажзийларнинг юрт келажаги учун олиб борган меҳнатларини дадил ёритади:

 

Илму урфон — кўнгил рўшноси,

Зимистонда чақнаган учқун.

Гарчи учқун ва лек зиёси —

Шуъласидан пораланур тун!

Равнақ тилаб учқунга охир

Келар дебон ёлқин замони,

Мактаб очди Тошкентда шоир,

Тўқувчининг ўғли Авлоний!

Aбдулла Авлоний ва у каби жадидларнинг мардикорлик мавзусида шеърлар туркуми пайдо бўлди. “Мардикор ашуласи” 1917 йил Орифжонов литографиясида босилган. Муаллиф шундай ёзади: “…Биринчи тўда мардикорларни жўнатмоқ учун чиқишга ясалган намойишда Тошкентдаги театруга махсус “Турон” тўдаси тарафидан турли латиф куйларда ўқулғон эди. Кўб кишилар илтимос қилуви сабабли жамъ қилиниб, нашр қилинди. Ва бошқа бир неча шоирларнинг ёзган шеърлари ўзларининг рухсатлари ила ушбу адабиётга илова қилинди”.

Aбдулла Авлонийнинг “Мардикор ашуласи” китобига кирган “Онанинг ўғлига айтган сўзлари” шеъри худди Муҳаммад Алининг “Боқий дунё” шеърий романида мардикорликка олинган Насридиннинг онаси “адо бўлган”, “бамисоли қуриган дарахт” Ойчучук кампир тилидан айтилгандек гўё:

 

Жон болам, жоним болам,

Оллоҳ сани ёринг бўсин,

Кеча-кундуз, йўлда-чўлда

Тангри ғамхўринг бўсин…

Чордевор ичра ётиб, йиғлаб сани ёд этаман,

Қисмати ҳақ шул экан —

ман кимға фарёд этаман?!

 

Романда тасвирланган Қудратнинг ўғли Фарҳоднинг севгилиси замон қизи Ситоранинг прототипи Абдулла Авлонийнинг жигарбанди Сора экани ҳам характерлидир.

Адиб Муҳаммад Алининг маҳорати шундаки, асар қаҳрамонлари Азимбой, унинг ўғли Қудрат ва хизматкори Насриддинларнинг ҳаёти ва фаолиятини ёритиш баробарида халқ вакили сифатида Насриддин образига кўпроқ урғу беради. Не-не қийинчиликлар ўтса-да, юртига омон қайтган Насриддин саргардонликлардан ўзга инсон бўлиб қайтди. Унинг хатти-ҳаракатлари, келажак учун тузаётган режалари Қудрат ва шунга ўхшаганларни қўрқитиб юборади. Насриддин образида янгиликка интилган ва юртнинг истиқболини ўйлайдиган янги замон кишиси тасвирланади.

Муҳаммад Алининг “Боқий дунё” шеърий романининг бошқа тарихий асарлардан фарқи шундаки, асар ўзбек халқининг босиб ўтган мураккаб ва қийин ҳаёт йўли ҳақида, мардикорликка олиниш воқеалари ҳамда ҳурлик ва озодликни орзу қилган, бу йўлда ортга чекинмаган миллатнинг жадид фарзандлари ҳақидалигидадир. Адиб катта маҳорат билан биринчилардан бўлиб, эркин нафас олиш қийин бўлган мустамлака замони эканига қарамасдан, чор зулмига қарши кўтарилган Андижон қўзғолони, Жиззах қўзғолони воқеаларини фидойи оташин жадид боболаримиз, маърифатпарвар бойларимиз фаолиятига боғлаб омухта қилган ҳолда ўша даврнинг кенг манзарасини чизиб берди, уларнинг бадиий образларини адабиётга олиб кирди.

Муҳаммад Алининг “Боқий дунё” шеърий романи шўролар даврида халқимизнинг озодлик йўлидаги курашларини ўзида ёрқин акс эттирган асар сифатида қадрли бўлиб қолишига шубҳа йўқ.

Гулчеҳра ҚЎЙЛИЕВА,

Гулистон давлат университети доценти,

филология фанлари доктори (DSc).

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 1 =