Ўзбек журналистикаси ривожининг узвий манзараси
Маълумки, ахборот асрида журналист қалами жамият тафаккурини уйғотиш, адолат мезонини мустаҳкамлаш ва давлат сиёсатида белгиланган янгиланишлар руҳини халққа етказишда муҳим ўрин эгалламоқда. Таниқли олим, тарих фанлари доктори, профессор Карим Норматовнинг “Янги Ўзбекистон бунёдкори” китоби айни шундай вазиятда журналист шахсининг моҳиятини, унинг жамиятдаги ўрни ва масъулиятини яна бир бор теран англатиб берувчи асардир. Мазкур илмий-публицистик китобда нафақат мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мафкуравий асослари, балки миллий матбуотнинг асосий вазифаси — сўз орқали давлат ва жамият ўртасида адолат кўпригини қуриш ғояси ҳам ўз ифодасини топган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев олиб бораётган шаффофлик сиёсатининг мазмун-моҳияти, миллий кадрлар тайёрлашга қаратилган стратегия ҳамда медиа соҳасидаги замонавий ёндашувлар асарда ҳаёт ҳақиқати ва илмий-амалий таҳлиллар асосида намоён бўлади. Шу ўринда асарда Ўзбекистоннинг хорижий матбуотдаги обрўси ва медиадаги эътирофи ҳам алоҳида қайд этилган. Хусусан, “Жанубий Кореянинг “The Korea Time” журнали Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни “2018 йил одами” деб эълон қилди. Мамлакатимиз раҳбари сиёсий йўналиш бўйича ғолиб деб эътироф этилди” (33-бет).
Таъкидлаш жоизки, “Янги Ўзбекистон бунёдкори” номли мазкур сиёсий эссе мамлакатимизда матбуот ва оммавий ахборот воситалари соҳасида миллий кадрлар тайёрлаш борасида Президентнинг стратегик раҳнамолиги, шунингдек, кейинги етти йиллик тараққиёт истиқболларининг моҳиятини ёритиб берувчи муҳим адабий-илмий асар ҳисобланади. Китобда инсон тафаккуридаги янги босқич — ҳақ сўз ва адолат мезонига таянадиган миллий журналистиканинг сиёсий-ижтимоий вазифалари кенг қамровда таҳлил қилинган. Муаллиф айни жараёнда матбуот олдида турган муаммоларга ҳам тўхталиб, “бировни кўра билмаслик, биров устига мағзава ағдариш, мадҳиябозлик…”ни (31-32-бет) қоралаган ҳолда миллий журналистиканинг ҳақ сўз ва пок ниятга таянишини устувор шарт сифатида кўрсатади. Шу ўринда асарда келтирилган Абдулла Қодирийнинг матбуот ва матбуотчиларга қарата XX аср бошида айтган қуйидаги фикрлари бугунги замонавий матбуот ходимларимиз учун дастуруламал бўлмоғи жоиз:
“Яхши билиш керакки, қалам — ўқлов ва матбуот — кетмон бозори эмас. Йўсинсиз равишда хотирга келган ҳар бир сўздан жумлалар тўқимоқ фазилат эмасдир. Сўз қолип, фикр унинг ичига қўйилган ғишт бўлсин. Кўпчилик хумдонидан пишиб чиққанча, янги ҳаёт айвонига асос бўлиб ётсин!”
Демак, муаллиф юқоридаги фикрлар асосида журналистни фақат ахборот тарқатувчи эмас, балки Ватан тақдирига дахлдор, халқ дарду орзусини юрагида ҳис этадиган, сўз билан адолат ва ҳақиқат ўртасида мувозанат қарор топтирувчи маърифат посбони сифатида талқин этади. Шу боис асарда журналистика қудрати ҳақидаги фикрлар нафақат назарий, балки тарих сабоқлари ва янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар билан узвий боғлиқ тарзда баён этилган. Айни шу жиҳати билан асар давлат сиёсатининг ўзига хос мафкуравий ойнаси, миллий журналистиканинг эса келажакка йўлланмаси сифатида юксак эътирофга лойиқдир.
Асар икки бобдан иборат бўлиб, улар ўзаро мазмунан боғланган ҳолда замонавий Ўзбекистон журналистикаси тамойиллари ва бунёдкорлик ғояларини изчил ёритган. Сиёсий эссенинг “Ҳақ сўз қудрати ҳар қандай атомдан кучли” деб номланган биринчи бобда сўзнинг ижтимоий куч сифатидаги роли, журналистнинг масъулияти ва ҳақиқатни ёритишдаги матонати ҳақида сиёсий-фалсафий қарашлар баён этилади. Муаллиф сўз эркинлигининг тарихий шаклланиши, жадидлар давридаги мафкуравий уйғониш, миллий матбуотнинг илк қадамлари ҳамда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ислоҳотлари даврида сўзнинг янги қудратини чуқур таҳлил этади. Сўзнинг атомдан кучли деб баҳоланиши — журналистнинг жамият ривожида ҳақ сўзни айта олишидаги жасорат ва матонати рамзидир. Муаллиф бу бобда миллий матбуот тараққиётининг ўтган аср бошларидан бугунги кунгача бўлган босқичларини таҳлил қилар экан, жадид алломалари, олимлар ва соҳа фидойиларининг сиёсий ва ижтимоий иллатларга қарши курашда илгари сурган ғояларнинг аҳамиятини ёритиб боради. Шунингдек, медиа соҳасидаги давлат сиёсати ҳам илмий-назарий нуқтаи назардан баҳоланиб, давлатимиз раҳбарининг миллий контент борасидаги қарашлари алоҳида таъкидланади. Зотан, Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Миллий контент — дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга миллат манфаатини асосли ҳимоя қилиш орқали муносабат билдириш, очиқ ва ҳаққоний фикрларни баён қилиш дегани” (53-бет).
Китобнинг “Журналист — Ватан ҳимоячиси, умрини бунёдкорлик ишига бағишлайди” деб номланган иккинчи бобида журналистнинг фақат ахборот тарқатувчи эмас, балки мамлакат манфаатлари, унинг истиқболлари йўлида масъулиятли фаолият юритувчи тарихий ва замонавий шахс сифатидаги қиёфаси ёритилган. Бобда ҳақиқий журналист шахсига оид чизгилар ҳам ёритилиб, “ҳақиқий журналист мукофот ёки совға кутиб ишламайди. Журналист — ёлғон ва маддоҳликдан ҳаё ва номус қилувчи, рост сўзлаши ва ёзиши шарт бўлган ботир инсондир. Матбуот ва сўз эркинлиги таъминланган юртда тафаккур мушоҳадалари тез ривожланади” (107-бет), дея мазкур касбнинг юксак масъулияти янада аниқ акс эттирилган.
Мазкур бобда журналист шахсининг ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол иштирок этиш, янгича ғоя ва инновацияларни илгари суриш ҳамда маърифат ва маънавий тарбияни кучайтириш вазифалари таҳлил қилинган. Хусусан, “Yangi O‘zbekiston” газетаси бош муҳаррири Салим Дониёровнинг қуйидаги фикрлари Янги Ўзбекистон ғояси сифатида талқин қилинади: “Журналист — бу нафақат дунё янгиликлари жарчиси, айни пайтда унинг ўзи янгилик, ҳар бир ғоя-фикри инновация!” (58-бет).
Бугунги ёш авлод учун “Янги Ўзбекистон бунёдкори” китобининг илмий-маърифий аҳамияти шундаки, асар миллий матбуот тарихи билан замонавий медиа сиёсати ўртасида мукаммал боғлиқликни намоён этади ва журналист масъулияти, маърифат, ҳақиқат ва адолат ғоялари орқали ёшларимиз қалбида фидойилик ҳиссини уйғотади. Айни маънода, жадид алломаларимизнинг мафкуравий меросини янги давр стратегик ғоялари билан уйғунлаштиради, жамият тараққиётида миллий журналистиканинг асосий вазифасини намоён қилади.
Умуман, профессор Карим Норматовнинг “Янги Ўзбекистон бунёдкори” асари миллий матбуот тарихи, сиёсий эссеистика ва замонавий коммуникацияни бирлаштирган ҳолда ўзбек журналистикаси ривожининг узвий манзарасини акс эттиради. Асар журналистлар, сиёсатшунослар, медиа тадқиқотчилари, талабалар ҳамда давлат ва жамият соҳасида юз берган ва юз бераётган ижтимоий-сиёсий жараёнларга бефарқ бўлмаган барча ўқувчилар учун муҳим илмий-амалий манбадир.
Шерзодхон ҚУДРАТХЎЖА,
Ўзбекистон журналистика ва
оммавий коммуникациялар
университети ректори,
сиёсий фанлар доктори (DSc),
профессор.
