Нақшларда мужассам меҳнат

Гилам оддий рўзғор буюми эмас, унинг ҳар бир нақшида ҳунарманднинг меҳнати, сабр-тоқати, дид ва маҳорати акс этади. Қўштепа туманида гиламчилик билан шуғулланаётган юзлаб инсонлар ана шу қадимий ҳунар орқали нафақат миллий қадриятларимизни асраб келмоқда, балки оилалар фаровонлигини таъминлашга ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.

Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва оилалар даромадини оширишга қаратилган ишлар ўзининг амалий натижаларини бермоқда. Айниқса, касаначилик ва ўзини ўзи банд қилиш асосида ташкил этилган фаолият турлари кўплаб оилаларнинг фаровон ҳаёт кечиришига хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда туманда 350 дан ортиқ оила тикувчилик, тўқувчилик, косибчилик, гиламдўзлик, пайпоқ ишлаб чиқариш каби йўналишларда самарали меҳнат қилиб, ўз турмуш даражасини яхшилаб бормоқда. Мазкур фаолият турлари аҳолининг доимий даромад манбаига айланиб, хонадонларга барака ва файз олиб кирмоқда.

Айниқса, Қўштепа туманида гилам тўқиш кенг ривожланган соҳалардан бири ҳисобланади. Хусусан, Солижонобод маҳалласида тадбиркор Саидахон Файзиева раҳбарлигида фаолият юритаётган гилам тўқиш корхонаси бу борадаги ибратли масканлардан бири саналади. Корхонада нафақат маҳалла аҳолиси, балки туманнинг турли ҳудудларидан келган фуқаролар ҳам меҳнат қилиб, ўз оилалари фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиб келишмоқда.

Бугунги кунда 30 дан ортиқ хотин-қизлар меҳнат қилиб келаётган мазкур корхонада гиламнинг турли нусхалари тўқилиб, Туркия, Бразилия каби давлатларга экспорт қилинмоқда.

— Гилам тўқиш ҳам масъулиятли жараён саналиб, унинг учун машаққатли меҳнат, сабру қаноат, қунт ва маҳорат лозим. Гилам тайёр бўлиши учун ойлар, ҳатто йиллар керак бўлади, — деди корхона ишчилари. — Ҳар бир нақш, ҳар бир ранг уйғунлиги ортида ҳунарманднинг меҳнати ва ижодий изланиши мужассам.

Эътироф этиш лозимки, туманда меҳнатсевар инсонлар томонидан яратилаётган маҳсулотлар, айниқса, миллий гиламлар халқимизнинг бой маданий мероси ва ҳунармандчилик анъаналарини асраб-авайлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Энг муҳими, бу меҳнат орқали юзлаб оилалар ўз келажагини қуриб, фаровон ҳаёт сари дадил қадам ташламоқда. Зеро, меҳнат қадрланган, ҳунар эъзозланган юртда тараққиёт ва фаровонлик барқарор бўлади. Солижонободликларнинг фидокорона саъй-ҳаракатлари эса ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.

Фотима МАНСУРОВА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five + 5 =