Тошкент метрополитени — мамлакатимиз фахри
Мамлакатимиз фуқаролари ва хорижлик сайёҳларнинг хавфсизлиги, ўз манзилларига тинч ва осойишта етиб олишларида Тошкент метрополитенида фаолият олиб бораётган ички ишлар органлари ходимларининг хизматлари беқиёсдир.
Тошкент метрополитени йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш йўлида кундан-кун ривожланиб, такомиллашиб бормоқда. Дунёда йўловчи ташишнинг энг қулай, унумдор ва самарали воситаларидан бўлган ер ости метрополитен бекатлари бугун бор бўй-басти билан ўзига хос, гўзал ва маҳобатли “Ер ости қасри” мақомини оқламоқда.
Ер усти ҳалқа йўли бекатлари эса сон жиҳатдан тобора кенгайиб, узайиб бормоқда. Бекатларда жаҳон ва мамлакатимиз моҳир усталарининг кўз нури, қалб қўри билан сайқал берилган, тарихимиз ва бугунги фаровон турмушимиздан далолат берувчи санъат асарлари сайёҳларни ром этмоқда, дунё ҳамжамиятида муносиб ўрнига эга бўлмоқда.
Ҳозирги кунда пойтахтимизда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари қаторида метрополитенлар тизимининг йилдан-йилга кенгайиб, янгидан-янги бекатларнинг ишга туширилиши пойтахт аҳолиси ва шаҳримизга келиб кетувчи меҳмонлар қалбида юксак фахр, ғурур ва севинч бағишламоқда. Тошкент метрополитени истиқболи ҳақида сўз юритишдан олдин унинг тарихига қисқача назар ташламоқ жоиз.
Тошкент метрополитенининг ишга туширилганига 48 йил бўлди. Манбалардан маълум бўлишича, ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари ўрталаридан бошлаб, ўша даврда республика раҳбари бўлган Шароф Рашидов Тошкент шаҳрида метрополитен қуриш кераклиги ғоясини илгари сурган. Ушбу таклиф билан москвалик амалдорларга ўн саккиз марта мурожаат қилган. Аммо бу фикрлар инобатга олинмаган. Ўша йиллари Тошкентда меҳмон бўлиб турган Ҳиндистоннинг бош вазири Лаъл Баҳодир Шастри Ўзбекистон раҳбарининг бу таклифи ғоят асосли эканлиги, пойтахт аҳолиси миллион нафардан ошганлигини керакли ўринларда ётиғи билан тушунтирган ва метро қурилишига рухсат олинган.
Пойтахтимиз фахри бўлган ушбу объектнинг қурилишида ўша йилларда яшаб фаолият юритган таниқли олимлар, рассомлар ва меъморлар, уста ва ҳунармандларнинг ҳиссаси беқиёс бўлганлигини ҳамма ҳам билавермайди. Метрополитен биринчи бўлиб ишга туширилган “Чилонзор” йўналиши бекатларида акс этган ва санъат асарлари даражасида маромига етказилган рассомчилик намуналарида халқимизнинг азалий қадриятлари, ўша даврда фан ва техника соҳасида эришилган ютуқлар, халқлар дўстлиги, таниқли аллома ва адибларимизнинг севимли қаҳрамонлари тасвирлари туширилган. Тошкент метрополитенининг мустаҳкамлигини таъминлашда таниқли академик Т.Рашидовнинг халқимизнинг синч усулида бино қуриш анъаналари ва темир-бетон қоплама конструкциялар уйғунлиги усулларидан фойдаланилган. Кейинчалик Европа ва бошқа минтақа мамлакатлари метрополитен қурувчилари бу тажрибани ўзларида кенг қўллаганлар.
Албатта, метрополитен қурилиши ўта катта сарф-харажат талаб қилувчи мураккаб ва машаққатли жараён. Шундай бўлса-да, мамлакатимизда бу соҳадаги ишлар юксак маҳорат билан шиддатли равишда кечмоқда. Янги Ўзбекистоннинг тараққий этишида бу муҳим аҳамият касб этади ва келгуси авлодларнинг олдига қўйган эзгу мақсадларини амалга оширишига хизмат қилади. Бу эса метрополитенда хавфсизликни таъминлаш соҳасида хизмат олиб бораётган ички ишлар органлари ходимлари зиммасига юксак масъулият юклайди. Тошкент метрополитенида хавфсизликни таъминлаш, йўловчиларнинг ўз манзилларига соғ-саломат етиб олишларида ҳиссадор бўлиш биз ички ишлар органлари ходимларига юксак фахр ва ғурур бағишлайди. Ўз хизматимизни адо этишда ҳамиша зийрак, ҳушёр, ватанпарвар, интеллектуал салоҳиятли бўлишимиз давр талабидир.
Аброр ҒУЛОМЖОНОВ,
Тошкент метрополитени хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходими.
