Газета керакми? Албатта!

Йил боши – январь ойи охирларида шаҳар онкология шифохонасида нур терапияси олаётган вақтларим эди. Уйдан қўнғироқ қилиб: “Почтадан сизга газета олиб келишди, олиб бориб берайликми?” – деб қолишди. “Ростданми, қанақа газета?” – сўрадим ҳайрон бўлиб, чунки ҳеч бир газетага обуна бўлмагандим.

— “Hurriyat”.

Тушундим. Бетоб бўлганим учун мени маънан қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва “Hurriyat” таҳририяти газетага обуна қилган. Жуда хурсанд бўлдим, кўнглим кўтарилди. Тўғри, ўзим уюшмада ишлаб юрган пайтларимда ҳам ҳар йили бир қанча фахрийларни “Hurriyat”га обуна қилиб қўярдик, лекин у вақтларда мен бу ишимиз улар учун қанчалик қувонч бахш этишини билмаган ва ҳис қилмаган эканман…

Шу тарзда “Hurriyat” хонадонимизнинг азиз меҳмонига айланди, йил давомида мени миллий ва жаҳон медиа муҳити, ундаги ўзгаришлар, журналистика соҳасидаги муаммолар ва уларни бартараф этиш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар, Журналистлар уюшмаси фаолияти билан боғлаб турувчи асосий восита бўлиб қолди. Ҳар сафар газетани ўқирканман, нимадир янгилик оламан, уларни кимлар биландир ўзимча муҳокама қиламан, мунозарага бериламан. Газета келадиган кунлари нигоҳим дарвозага қадаладиган, тўп этиб ҳовлига тушган замони қўлимга олиб, босмахона ҳиди элас-элас анқиб турган саҳифаларни аввал бир-бир варақлаб, кейин эса ёруққина айвонга яхши жойлашиб олиб, батафсил, синчиклаб ўқийдиган бўлдим.

…Бир замонлар куз келдими, обуна мавсуми бошланарди. Қизиғи шундаки, ҳеч ким бизни мажбур қилмасди, айрим газеталар харидоргир бўлиб, кам миқдорда ажратилгани учун ўзимиз тезроқ обуна бўлишга шошилардик. Бунинг учун ишхонада шароит ҳам яратилиб, обуна ишлари йўлга қўйилар, жамоатчилик иши сифатида бир ходимга топшириларди. Ёдимда, бизнинг Тошкент халқаро радиосида бу иш билан, асосан, хатлар бўлими муҳаррири ва айни пайтда яна жамоатчилик асосидаги кассир Надя опа деган аёл шуғулланарди.

Ҳар йили ўндан ортиқ газета-журналларга – “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Совет Ўзбекистони” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”), “Ёш ленинчи” (ҳозирги “Ёшлар овози”), “Шарқ юлдузи”, “Фан ва турмуш”, “Саодат” дейсизми, барига обуна бўлардим… Абонементларни қўлга олгандан кейин эса янги йилни орзиқиб кутардим, 1 январь куниёқ бир талай газета олиб келишарди. Байрам сони бўлгани учун алоҳида безалган, материаллари ҳам одатдагидан қизиқарли бўларди…

Айтишингиз мумкин, у пайтларда газета-журналлар арзимаган пул, тийинлар турарди-да, деб. Тўғри, арзон эди, лекин ойлик маошларимиз ҳам кўп эмасди, шунчаки ўзимиз қаноатли, ҳою ҳавасга кўп ҳам берилмаган бўлсак керак-да, қарашларимиз бошқача эди. Ўқишга ўзимизда эҳтиёж сезардик. Масалан, оддий автобус ҳайдовчиси ҳам йўналишдан келиб дам олаётган вақтида газета ўқиб ўтирарди, таксичининг ҳам ёнида эрталабдан сотиб олган бир даста газета бўларди.

Матбуот дўкончаларини-ку, асти қўяверасиз. Ҳақиқий зиё маскани эди. Кўпроқ ёши улуғлар ишлар, қайси газетада қандай қизиқ материал чиққанигача айтиб, сизни янада қизиқтиришарди. Лекин айримларининг ўзларига яраша кибру ҳаволари ҳам бор эди. Харидоргир газеталар пештахта остидан танишларга сотиларди. Масалан, “Футбол-хоккей”, кейинроқ ўзимизнинг “Hurriyat”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газеталари ҳам ана шундай нашрлардан бўлиб қолганди.

Энди у замонлар ўтиб, у дарахтлар кесилиб кетди. Ҳаммамиз бот-бот такрорлайдиган интернет асри ҳукмрон. Мен ўтмишни қўмсаб яшамайман, лекин яхши анъаналарни бугун ҳам татбиқ қилса бўлади-ку. Интернет минг ҳукмрон бўлсин, лекин у газета ўрнини босолмайди. Газетанинг ўз ўрни бор, унда ҳақиқий фидойилар ишлайди. Таъбир жоиз бўлса, газетачи меҳнатини заргар ишига қиёс этаман. Ҳар иккиси ҳам катта эътибор, билим, сабр-матонат талаб этадиган машаққатли иш. Бежиз газетада тобланган журналист бошқа ҳар қандай ОАВда бемалол ишлаб кетади, деб айтишмайди.

Мен ҳозир газета-журналлар, таҳририятлардаги муаммолар ҳақида тўхталмоқчи эмасман, уларни ҳамма билади ва тушуниб турибди. Газеталар тарғиботи, уларни янада оммалаштириш, муштарийларни қайтариш учун ҳам тизимли чора-тадбирлар ишлаб чиқилса ва амалга оширилса, хайрли иш бўларди. Бу фақат жамият тараққиётига, халқимиз маънавиятини юксалтириш, ҳуқуқий саводхонлигини оширишга хизмат қиларди, деб ўйлайман. Тўғри, қарс икки қўлдан чиқади, газеталар ва уларнинг муассислари ҳам бу борада қўлдан келганча ҳаракат қилишлари лозим. Лекин бу борада телевидениеда “Газеталар шарҳи”ни бериш билангина кифояланиб қолмаслик керак.

Келажак ХХII, XXIII асрлар ҳақида бир нима дея олмайман, бироқ ҳозирги асримизда газетанинг ўз ўрни бор, унга эҳтиёж бор. Буни билиш ва тушуниш учун вақти-вақти билан газета саҳифаларига нигоҳ ташлаб туришнинг ўзи кифоя.

Мавжуда ЮЛДАШЕВА.

Муаллифнинг “facebook”даги саҳифасидан олинди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve + 12 =