Номоддий маданий меросга эътибор кучаймоқда
Номоддий маданий мерос — халқимизнинг асрлар синовидан ўтиб, сайқалланиб, жилоланиб келган асл бойлигидир. У асрлар давомида доно халқимиз томонидан бойитилган ва кўз қорачиғидек асраб-авайланиб, бизгача етиб келган. Биз ўзлигимизни, тарихимизни боболардан мерос қолган бебаҳо қадриятимиз, моддий ва номоддий маданий меросимиз орқали англаймиз.
Сўнгги йилларда соҳага олий даражада эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2023 йил 25 декабрдаги қарори айни шу соҳа тараққиётига бағишланган. Ўзбекистон Республикасида номоддий маданий меросни асраб-авайлаш, илмий ўрганиш ва тарғиб қилишни янада ривожлантириш, унинг сақловчиларини рағбатлантириш ва шу каби бир қатор мақсадларда Маданият вазирлиги ҳузурида Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институти ташкил этилди. Институт ҳали ёш бўлишига қарамасдан, салмоқли ишларни амалга оширмоқда. Институт олимлари томонидан 2025 йилнинг ўтган даври мобайнида юздан зиёд турли мавзудаги дарсликлар, монографиялар, ўқув қўлланмалари ва мақолалар нашр этилди. Қуйида шу илмий ишлардан айримлари ҳақида қисқача маълумот берилади.
Этнофольклор лаборатория бўлими катта илмий ходими Муқаддас Каримованинг “Ўзбекистон номоддий маданий меросида фольклор-этнографик томошалар” монографиясида Ўзбекистонда фольклор-этнографик томошаларнинг илмий-назарий асослари тадқиқ ва таҳқиқ этилади ва шу билан бирга фольклор-этнографик томошаларнинг шаклланиши, тараққиёт босқичлари, ривожланиш хусусиятлари ва келажак истиқболларига оид масалалар қаламга олинган. Фольклор санъатини профессионал даражага кўтаришда режиссуранинг ўзига хос аҳамияти, ўзбек фольклор-этнографик томошалар орқали урф-одат, анъана, миллий қадриятларнинг локал хусусиятларига кўра намоён бўлиш даражаси, фольклор-этнографик томошалар режиссурасининг анъанавий ва замонавий тенденциялари таҳлил этилган.
Фольклор санъатидаги импровизация саҳнавий ва ижровий имкониятларни кенгайтиришига кўра томошабинни иштирокчига айлантирувчи интерактив хусусият эканлиги далилланган, анъанавий театр томошаларида корфармонлар ижодидаги бадиҳагўйлик, тақлид, муқаллид, масхарабоз ва қизиқчилик кабилар миллий фольклор-этнографик томошалар режиссураси генезиси ва ривожида бадиий синкретлилик ва шартлилигига кўра фундаментал манба эканлиги кўрсатиб берилган. Монография асосан фольклоршунос, санъатшунос, этнолог, социолог, тарихчи ҳамда маданиятшунос мутахассисларга мўлжалланган. Шунингдек, китобдан мавзуга қизиқувчи кенг китобхонлар оммаси фойдаланиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги қошидаги Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институти ЮНЕСКО билан ишлаш бўлими мудири Азиз Матякубовнинг “Ўзбек бадиий киносида Иккинчи жаҳон уруши” монографияси эълон қилинди.
Ушбу монографияда ўзбек бадиий киноси тараққиётида муҳим ўрин эгаллаган, миллий кинонинг жанр диапазонини кенгайтиришга бевосита хизмат қилган Иккинчи жаҳон уруши мавзусида яратилган бадиий фильмлар таҳлил этилган. Совет даври ва мустақиллик йилларида мазкур йўналишда суратга олинган фильмларнинг бадиий-ғоявий хусусиятлари турли аспектларда кўриб чиқилган. Шу билан бирга, кино санъатида уруш мавзусининг юзага келиш ва ривожланиш тенденциялари, мавзу доирасида олиб борилган хориж тадқиқотлари атрофлича ўрганилган. Монография “Pages print” нашриётида оз нусхада чоп этилди. Китоб кино мутахассислари, адабиётшунослар, филологлар ва соҳага қизиқувчи кенг оммага мўлжалланган.
Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институти Маданиятшунослик бўлими мудири Саодат Назарованинг “Ўзбек саҳна санъати тарихида трансформацион жараёнлар (1920-1930)” номли монографиясида Ўзбекистон маданияти тарихида 1920–1930 йилларда совет ҳокимиятининг ижтимоий-сиёсий ҳаётда амалга оширган сиёсати ўзбек миллий саҳна санъатига таъсири орқали очиб берилган. Унда замонавий кўринишдаги ўзбек саҳнаси совет ҳокимияти ўрнатилишидан аввалроқ ташкил этилгани, унинг илдизлари қадимга бориб тақалиши, асрлар давомида шаклланиб, ривожланиб келгани кўрсатиб берилган.
Мазкур монография архив ҳужжатлари, мемуарлар, даврий матбуот материаллари каби турли манбалар асосида ёзилган бўлиб, тарихчилар, санъатшунослар ҳамда маданият тарихига қизиққан кенг китобхонлар учун мўлжалланган.
Ориф ҲОЖИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
Маданият вазирлиги ҳузуридаги
Маданиятшунослик ва номоддий
маданий мерос илмий-тадқиқот институти
таҳририй-ноширлик бўлими мудири.
