Халқаро ҳамкорлик — юксалиш омили

Халқаро ҳамкорлик — бу замонавий олий таълим муассасалари учун глобал таълим ва илмий майдонда самарали рақобатлашиш, инновация ва билим алмашинувини таъминлашнинг қудратли механизми ҳисобланади. Бугунги кунда университетлар нафақат ўз миллий стандартларига амал қилади, балки жаҳон таълим стандартлари ва халқаро илмий амалиётлар билан мувофиқлашган ҳолда фаолият олиб бормоқда. Шу маънода, халқаро ҳамкорлик Олий таълим масканларининг илмий салоҳиятини ошириш, таълим сифатини юксалтириш ва талабалар учун кенг имкониятлар — халқаро стажировка, илмий лойиҳалар ва академик алмашинувлар яратишда ҳал қилувчи роль бажаради.

Халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш — ҳар қандай ОТМнинг барқарор ривожланиши, таълим сифати ва илмий салоҳиятини оширишда муҳим устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Шу маънода Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида ҳам бир қатор илғор ва самарали чора-тадбирлар мунтазам амалга ошириб келинмоқда.

Институтда халқаро шериклар билан кўплаб таълим ва илмий алоқалар ўрнатилган. Институтнинг Халқаро ҳамкорлик бўлими чет элнинг 50 дан ортиқ олий таълим муассасалари, ташкилотлар ва илмий муассасалар билан қатор меморандумлар ва келишувлар тузиб, улар орқали қўшма таълим дастурлари, илмий тадқиқотлар ва замонавий билим алмашинуви имкониятларини йўлга қўйган. Улар орасида Италия, Португалия, Япония, Туркия, Россия, Хитой, Қозоғистон Буюк Британия каби ривожланган давлатлар ҳам бор.

Ушбу ҳамкорликнинг самараси сифатида институтимиз талабаси Тулибаев Ерлан ва Нурмаханов Сайдали Япониянинг Чиба университети ва институтимиз ўртасида тузилган шартнома асосида “МЕХТ” стипендияси танловида иштирок этиб, Япониянинг Чиба шаҳрида жойлашган, дунёнинг энг кучли “ТОП-1000” университетлари рўйхатидан ўрин олган (771-ўринда) Чиба университетида магистратура босқичида 100 фоиз грант асосида таҳсил олиш бахтига муяссар бўлди.

Россия Федерациясининг Ёшкар-Ола шаҳрида жойлашган Поволжье давлат технология университетида 5 нафар талабамиз 100 фоиз грант асосида магистратура босқичида ўқиш имкониятини қўлга киритди.

Германия давлатининг “Weihenstephan-Triesdorf University of Applied Science” университетида ва Италиянинг Туча университетларида магистратура босқичида таҳсил олаётган талаба-ёшларимиз ҳам бор.

Қозоғистон Республикаси Олмаота шаҳрида жойлашган Қозоқ миллий аграр тадқиқот университетига 3 нафар талабамиз имтиҳонларсиз тўлов-контракт асосида магистратура босқичида ўқиш имкониятини қўлга киритди.

“Work and Travel” бўйича 400 нафарга яқин талабалар “JD EAST” компанияси билан тузилган шартнома асосида Германия давлатига амалиётга бориб, соҳавий билим ва амалий кўникмаларни мустаҳкамламоқда. Ушбу ҳамкорлик ишлари ва амалиёт тизими талабаларимизда қишлоқ хўжалиги ва чорвачиликда замонавий билим, чет давлатларнинг маданиятларини ўрганиш имкониятини бермоқда.

Институтда Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Ташқи беғараз ёрдам маблағларини (грантлар) жалб этиш ва донорлар билан ишлаш бўлими вакиллари, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ходимлари томонидан деградацияга учраган ерларнинг унумдор қатламини қайта тиклаш бўйича Буюк Британия тажрибасини ўрганиш ҳамда уни Қорақалпоғистон шароитида қўллаш имкониятларини муҳокама қилиш мақсадида “Олти дюйм тупроқ” номли ҳужжатли фильмнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

II Ўзбекистон-Хитой таълим форуми доирасида Қорақалпоғистон Қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ва Хитой Халқ Республикасининг Синцзян Қишлоқ хўжалиги университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Ушбу шартнома икки олий таълим муассасаси ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, таълим, фан ва инновациялар соҳасида қўшма ташаббусларни ривожлантиришга қаратилган.

Дунёнинг энг кучли “TOP-300” университети қаторидан ўрин олган Япониянинг Тоҳоку университети талабаси Юҳара Юме Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ва Тоҳоку университети ўртасида тузилган шартнома асосида “Академик мобиллик” дастури бўйича 1 йил институтимизда таҳсил олди.

Бундай ташрифлар талабалар учун янги билим манбаларини очади ва миллий таълим муҳитини халқаро тажриба билан уйғунлаштириш имконини беради.

Ҳозирги глобаллашув шароитида олий таълим муассасалари халқаро ҳамкорликни фақат илмий алоқалар деб билмасдан, талабаларни интеллектуал, маданий, психологик ва маънавий ривожлантириш учун муҳим стратегик восита сифатида кўриб чиқмоқда. Бир томондан, халқаро ҳамкорлик билим ва тажриба алмашишни ривожлантиради; бошқа томондан эса у талабаларнинг миллий-маданий ўзлигини сақлаш ва маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш учун янада катта вазифаларни юклайди.

Бунда қуйидаги хавфлар юзага келиши мумкин:

— миллий маданий ўзликни йўқотиш хавфи;

— адаптация стресс ва ижтимоий изоляция;

— аксилинтеграция ва академик қийинчиликлар.

Ушбу хавфлар натижасида, яъни халқаро тажрибалар ва таълим алоҳида муҳитда ўзлаштирилганда, талабалар ўз миллий қадриятларидан узоқлашиши ва глобал маданият таъсири остига кириб қолиши мумкин. Бу ҳолатлар маънавий иммунитетнинг заифлашиши ва миллий ўзига хосликнинг сусайишига олиб келади, шу боис ОТМларда миллий маданият ва қадриятлар асосида тарбия дастурлари интеграция қилиниши муҳимдир. Шунингдек, халқаро муҳит талабаларни янги маданиятларга мослаштиришни талаб қилади. Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, талабаларнинг ижтимоий қўллаб-қувватланиши, маданий капитали ва психологик ресурслари уларнинг интеграция стратегияларига катта таъсир кўрсатади. Бу масала самарасиз бўлганда, талабаларда ижтимоий изоляция, ўзликнинг йўқолиши ва руҳий стресс каби ҳолатлар юзага келади, уларнинг илмий фаоллигига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Юқоридаги салбий оқибатлар юз бермаслиги учун, яъни ҳар бир талабада миллий ўзликни англаш, маънавий иммунитетни барқарорлаштириш мақсадида институтимизда бир қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, жорий йил давомида талаба-ёшлар ўртасида маънавий-маърифий йўналишда 300 га яқин чора-тадбирлар ташкил этилди, ушбу тадбирларда 25 мингдан ортиқ талаба-ёшлар фаол иштирок этди.

Бунда, асосан, қорақалпоқ ва ўзбек миллатининг тарихий маданияти, миллий урф-одатлари, миллий адабиёт мавзуларини қамраб олган давра суҳбатлари, учрашувлар, талабалар учун тарихий экскурсиялар, миллий мерос музейларига ташрифлар ташкиллаштирилиб келинмоқда.

“Келажак соати” лойиҳаси асосида маърифат дарслари ҳар ҳафтада ўтилади. Халқаро ҳамкорликни миллий қадрият билан уйғунлаштириш мақсадида чет элларда бўлган вақтда талабалар ўз маданиятини танитиш ҳамда институтга ташриф буюрган чет эллик меҳмонларга миллийлигимизни, урф-одатларимизни, бой тарихимизни кўрсатиб бериш каби самарали ишлар олиб борилмоқда.

Миллий ўзликни англаш ва маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш — бу фақат таълимнинг бир қисми эмас, балки талабаларнинг шахсий, интеллектуал ва маънавий ривожи билан боғлиқ комплекс жараён. Олий таълим муассасаси даражасида тегишли чоралар олиб борилса, биринчидан, талабаларнинг миллий қадриятларга садоқати ошади ва ўзларида салбий таъсирларга қарши иммунитет шаклланади.

Иккинчидан, жаҳон майдонида ўзлигини сақлаб қолган креатив ва масъул мутахассислар камол топади. Бу эса нафақат қишлоқ хўжалигида, балки республикадаги ҳар бир соҳада муҳим аҳамият касб этадиган муҳим вазифа ҳисобланади.

Бердиёр ЖОЛЛИБЕКОВ,

Қорақалпоғистон қишлоқ

хўжалиги ва агротехнологиялар

институти ректори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five + 5 =