Касб ҳунар – инсонга зийнат

Зангиота туманининг “Боғзор” қўрғонидаги “Садоқат боғи” ҳудудидаги Маънавият ва маърифат маркази. Бу масканда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги жазони ижро этиш департаменти Марказий тергов ҳибсхонасида хизмат олиб бораётган ходимлар йиғилишган.Улар учун ҳар душанба куни маънавият ва маърифат тадбирлари ўтказиш одатга айланган. Янги йилнинг биринчи душанбасида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, “Олтин қалам” халқаро танлови совриндори, “Hurriyat” мустақил газетаси бош муҳаррири ўринбосари Дилмурод Қирғизбоев билан мазкур муассаса ходимларининг “Ёшларни замонавий касб-ҳунарга ўргатиш — давр талаби” мавзусида маърифий учрашув бўлиб ўтди.

Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатларнинг тараққиёти ёшларнинг салоҳиятига, яхши тарбиясига боғлиқ. Ёшларимиз касб-ҳунарли бўлиш билан бирга илм эгаллашлари ҳам муҳим. Шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги даврда одамларни иш билан таъминлаш, бирор фаолият турига жалб этишнинг энг самарали йўли уларни касб-ҳунарга ўқитишдир. Шу билан бир қаторда ёшларни муносиб касбга йўналтириш, иш билан таъминлаш, ҳаётда ўрнини топишига кўмаклашиш ҳам жиноятчиликнинг олдини олишга хизмат қилади.

Таниқли ижодкор йиғилганлар ҳузуридаги суҳбатини Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасидаги ёшлар хусусида билдирилган фикрларидан бошлади.

Янги Ўзбекистонимизда қўлга киритилган энг муҳим ютуқлар ҳақида сўз кетганда, азму шижоатли спортчиларимизнинг нуфузли халқаро мусобақалардаги ғалабаларини таъкидлаш ўринли. Ўзбекистон футбол миллий терма жамоамиз илк бор жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди. Навқирон гроссмейстер Жавоҳир Синдоров энг ёш жаҳон кубоги соҳиби бўлди. 9-17 ёшли шахматчилар ўртасида “рапид” ва “блиц” йўналишлари бўйича жаҳон чемпионатида юртимиз вакиллари 5 та олтин, 2 та кумуш, 5 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

Ёшлар Параосиё ўйинларида жасоратли ва матонатли спортчиларимиз 125 та олтин, 77 та кумуш, 52 та бронза медалини қўлга киритиб, иштирокчи давлатлар ўртасида энг юқори натижани қўлга киритди.

Ўқувчи ва талабаларимиз халқаро фан олимпиадаларида 51 та олтин, 101 та кумуш, 126 та бронза медалини қўлга киритиб, ўз билим ва салоҳиятини дунёга намойиш қилди.

Эртанги кунга ишонч билан дадил бораётган ёшларимизга қараб, улар эришаётган ютуқларни кўриб, кўксимиз тоғдек кўтарилади. Албатта, бугунги мураккаб замонда ёшларимизни турли синовларга чидамли, ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш муҳим вазифадир.

Касб танлаш инсон ҳаётидаги муҳим танловлардан биридир. Мутахассисларнинг фикрича, болада бирор касбга қизиқиш 7-синфдан бошланиб, қайси касбни танлаши 9-синфда тўлиқ маълум бўлади. Шу боис 9-синф битирувчиларини фанларни ўзлаштириши ва касбий қизиқишига қараб саралаб олиш тизими жорий этилиши, албатта, ўз самарасини беради. Ёшларимиз талаб юқори бўлган касблар бўйича дунёда рақобатбардош бўлса, қандай яхши!

Касбий таълимнинг энг муҳим бўғини бўлган техникумлар янги сифат босқичига олиб чиқилиши ҳам қувончлидир. 2026 йилдан бошлаб ҳар йили камида 100 тадан техникум тўлиқ таъмирланиб, технологик ва талаб юқори бўлган касбларга мос ҳолда жиҳозлаб бериш режалаштирилган. Юртимиз техникумларида ҳам ривожланган чет давлатларидаги касбий таълим дастурлари жорий қилиниши мўлжалланмоқда. Ҳатто жорий йилдан бошлаб техникумларда таълим олаётган 100 минг ўқувчига стипендия тўланади, аъло баҳоларга ўқиётган ва танлаган касбини пухта эгаллаётганларга оширилган миқдорда стипендия берилади.

— Ҳаёт имтиҳон, — деб сўзини давом эттиради нотиқ. — Бу имтиҳондан муносиб ўтиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Адашган ёшларни тўғри йўлга бошлаш, уларнинг қонун-қоидаларга амал қилишлари йўлида жонбозлик кўрсатиш, айниқса, ушбу муассаса ходимларининг ҳам вазифаларидан биридир.

Илм-ҳунарни, одоб-ахлоқни мерос қолдириш ҳар бир оила учун, ота-она учун катта бахт. “Қуш уясида кўрганини қилади” деган мақол бежизга айтилмайди. Кўзларимизнинг нури бўлган азиз фарзандларимиз фароғатда яшашлари учун уларга адабни, касб-ҳунарни ўргатайлик. Ҳалол билан ҳаромни, тўғрилик билан хатоликни англаш ҳам ёшликдан оилада шаклланади. Ҳалол ризқ ҳунардан, касбдан келади. Болаларга устоз-шогирд анъаналари тамойили асосида ҳунар ўргатиш ота-боболаримиздан қолган хайрли удум. Бу борада водий вилоятларида ривожланган ҳунармандчилик мактабларининг асосини ҳам шундай тажриба ташкил этади. Иймон ҳам ёшликдан қувватга кириб боради. Касб-ҳунарли, ахлоқ-одобли, иймонли ёшларда жиноятчиликка мойиллик бўлмайди. Ахборот технологиялари ривожланган бугунги даврда интернет орқали ёшларимиз онгига ахлоқсизлик сингиб бораётгани маълум. Бу ахлоқсизлик бизнинг менталитетимиздаги меъёрларга умуман тўғри келмайди. Тўғри, интернетнинг афзалликлари кўп. Аммо интернетдаги ёвузлик, ёмонлик, разолат акс этган маълумотлар, беҳаё лавҳалар эндигина ҳаётга кириб келаётган ўғил-қизларнинг ахлоқий тарбиясига тузатиб бўлмас даражада таъсир қилишини ҳам унутмаслик керак.

Ёшларни касб-ҳунарли қилиш билан бирга ватанпарварлик, Ватанга содиқлик руҳида, маънавий фазилатли, ўқимишли қилиб тарбиялашда мана шундай маърифат дарсларининг аҳамияти каттадир.

Муҳаммад КЕНЖА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen + five =