Гендер – таъсирчан журналистика
“Хотин-қизларга нисбатан зўравонликни ОАВларда қандай ёритиш керак” мавзусида тренинг бўлиб ўтди
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституциясида ҳам хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари алоҳида ўрин эгаллайди. Хусусан, Конституциянинг 42 ва 58-моддаларида аёлларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш, улар учун муносиб турмуш ва иш шароитларини яратиш ҳамда хотин-қизларга жамиятнинг барча жабҳаларида эркаклар билан тенг ҳуқуқ ва имкониятлар таъминланиши назарда тутилган.
Жорий йилнинг 7-9 август кунлари Тошкент вилояти “Edelweiss” меҳмонхонасида USAIDнинг Ўзбекистондаги Ҳуқуқий ислоҳотлар дастури ва Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази билан ҳамкорликда “Гендер – таъсирчан журналистика. Хотин-қизларга нисбатан зўравонликни ОАВларда қандай ёритиш керак” мавзусида амалий машғулот ташкил этилди.
Республикамизнинг турли ҳудудларидан келган 20 нафар медиа соҳа вакиллари ҳамда ёш журналистларга гендер масалалари ва унга боғлиқ воқеликларни оммавий ахборот воситалари орқали ёритиш мезонлари, гендер муаммоларини ёритишда профессионаллик, этика меъёрларига риоя қилиш, жамиятда содир бўлаётган жараёнлар юзасидан гендер-сезгирлик билан материаллар яратиш, ҳуқуқий манбалар билан ишлаш ва фактчекинг бўйича назарий ва амалий тушунчалар берилди.
Икки кунлик тренинг машғулотлари малакали тренер, юристлар ҳамда соҳа экспертлари томонидан интерактив шаклда олиб борилди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад, бу иштирокчиларнинг Ўзбекистоннинг гендер-ҳуқуқий тизими ҳақида хабардорлигини ошириш, рақамли технологияларнинг ривожланиши ва ижтимоий тармоқларнинг кенгайишини ҳисобга олган ҳолда аёлларга нисбатан зўравонликнинг асосий турлари ва шаклларини аниқлаш, хотин-қизларнинг ОАВдаги қиёфаси ва стереотипларини бартараф этишда телевидениенинг ролини ўрганиш, гендер-таъсирчан ва гендер тенглик нуқтаи назаридан батафсил таҳлил қилинган материалларни тайёрлаш маҳоратини оширишдан иборат эди.
Дарҳақиқат, Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни халқаро ташкилот ва ҳамжамиятлар ҳам ўзларининг йиллик ҳисобот ва маърузаларида эътироф этмоқда. Жумладан, 2023 йилда Ўзбекистон Очиқ гендер маълумотлар индексида 69,7 балл билан жаҳондаги энг яхши 20 та давлат қаторига киритилди.
Албатта, бундай эътирофга арзигулик сабаблар бисёр. Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, 2024 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда хотин-қизлар сони 18 миллион 274 минг 800 нафар, яъни жами аҳолининг 49,7 фоизини ташкил қилмоқда. Аёлларнинг ўртача умр кўриш давомийлиги 2023 йилда 76,9 ёшга етди. Таққослаш учун, бу кўрсаткич 2020 йилда 75,5, 2021 йилда 75,8, 2022 йилда эса 76,6 ёшни ташкил қилган.
Мамлакатимизда хотин-қизларни замонавий билимларга ўргатиб, қизиқишлари асосида имкониятлар яратиш ишлари ҳам жадаллашди. Хусусан, АКТ соҳасида ҳам қизларнинг сони ортмоқда. Буни “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида таълим олган ёшларнинг 47 фоизи, яъни қарийб ярмини қизлар ташкил этганидан ҳам кўришимиз мумкин.
Бу имкониятлар ўз навбатида хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлашни таъминлайди. Бу уларнинг тўлиқ таълим олиши, замонавий билим ва касб-ҳунарларга қизиқишини орттириб, малакали мутахассислар бўлиб шаклланиши учун зарур шарт-шароитларни яратади.
Яна бир мисол. 2023 йил апрель ойида Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга оиладаги зўравонликка, хусусан, оилавий муносабатлардаги жисмоний, руҳий ва иқтисодий зўравонликка қарши курашиш бўйича ўзгартиришлар киритилди. Шунингдек, ушбу турдаги жиноятлар учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Бу каби мақсадли ишларнинг кўлами кенгайиб бормоқда.
Савол туғилиши мумкин: гендер тенглиги жамият тараққиётида қандай жиддий ўзгаришларга сабаб бўлади? Шубҳасиз, бу мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида жиддий ўзгаришларга сабаб бўлади. Биринчидан, гендер тенглиги мамлакатнинг иқтисодий ўсиш ва тараққий этишига ёрдам беради. Хотин-қизларга меҳнат ва тадбиркорлик соҳасида тенг имкониятларни таъминлаш эса миллий иқтисодиётнинг ривожланишига хизмат қилади. Шунингдек, хотин-қизларнинг иқтисодиётдаги фаоллигини ошириш камбағалликни қисқартиришнинг самарали ечимларидан бири ҳисобланади.
Шу ўринда яна бир гапни айтиб ўтиш лозим. Жорий йилнинг 13-14 май кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Осиё хотин-қизлари форуми минтақа мамлакатларининг хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб бораётган ишларини бир мақсад йўлида бирлаштириш, биргаликда янги йўл ва имкониятларни белгилаб олишда муҳим сиёсий тадбир бўлиб хизмат қилди. Эътиборли жиҳати, форумда Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш, айниқса, хотин-қизлар ҳуқуқлари муҳофазасини кучайтиришга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилаётгани эътироф этилганди. Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг ўринбосари, “БМТ – аёллар” тузилмаси ижрочи директори Сима Сами Бахус томонидан Ўзбекистонда хотин-қизларнинг мавқеини тубдан яхшилаш ва жамиятдаги мақомини оширишга қаратилган самарали ислоҳотларга юксак баҳо берилган эди.
Ҳа, уч кунлик тренинг нафақат билим олиш ва кўникмаларни ошириш, балки ўзаро фикр, тажриба ва ғоя алмашиш майдонига ҳам айланди.
Ислом АСИЛБЕКОВ,
“Hurriyat” мухбири.